Қирғизистон бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни билан танишиш мақсадида икки кунлик хизмат сафари билан Ўш ва Жалолобод вилоятларига борди, деб ёзади gezitter.org.
Маълумки Ўшликлар тўрт ойдирки Ўзбекистондан газ кутишмоқда. Ушбу муаммо ҳал бўлмагани туфайли ҳукумат раҳбари келаётган қишнинг оғир бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон жанубига газ беришидан умидини узган бош вазир газга муқобил сифатида минтақанинг электр энергетикаси салоҳиятини ошириш лозимлигини таъкидлади.
“Газ етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар сабаб биз жанубий минтақанинг энергетика салоҳиятини максимал даражада кучайтиришимиз керак. Мавжуд вазиятда муқобил энергия турларига ўтиш масаласи жуда муҳим. Шу сабабли ҳам “Ўшэлектро” ОАЖ нинг энергетика салоҳиятини ошириш учун 100 млн. сўм ажратилиши мўлжалланган”, – дейди бош вазир.
Ҳозирда вилоятни учта корхона газ баллонлари билан таъминламоқда. Бироқ мутахассисларнинг фикрича, бир вақтнинг ўзида объектларни кўмир билан иситишга ўтказиш керак.
Ўз навбатида Қирғизистон ҳукумати мамлакат жануби аҳолисининг газга бўлган эҳтиёжини муқобил сифатида тожик электро энергияси ҳисобига қондиришга умид қилмоқда.
Хусусан, бу йил Тожикистонда сув сероб бўлганлиги туфайли Қирғизистон тожик электроэнергиясини 1 кВт/с учун 2 центдан сотиб олишни ва ўз фуқароларига 1,5 центдан сотишни мўлжаллаган. Қолган сумма эса давлат субсидияси асосида қопланади. Бу бошқа давлатларнинг экспорт нархига нисбатан анча арзон саналади. Чунки Қозоғистон 1 кВт/с электр энергиясини 5-6 центдан сотади, Қирғизистон ҳукумати эса бундай катта фарқни субсидия қила олмайди.
Жўўмарт Ўтўрбаев қирғиз ҳукумати Россиядан олинадиган 30 млн. доллар атрофидаги грант маблағини Ўшга сарфланишини маълум қилди. Бош вазирнинг сўзларига кўра, шундан 393 млн. сўм (тахминан 7,6 млн АҚШ доллари) Барак эксклавидан фуқароларнинг кўчиб келиши ва Ўш шаҳридаги Ке-Сой массивидаги инфратузилма қурилишига ажратилади.
ЎХҲ ахборот бўлими