O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қирғиз депутати: “Ўзбекистонга тиз чўкиш керак!”

Қирғиз депутати: “Ўзбекистонга тиз чўкиш керак!”
33 views
06 June 2014 - 10:47

kurmanbek osmonov6 июнь куни Қирғизистон парламентида “Ата-Журт” партияси фракциясининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисдаги асосий мавзу мамлакат жанубига газ етказиб бериш муаммосидан иборат бўлди. Бу ҳақда 24kg.org хабар берди.

“Ўзбекистон Қирғизистонга нисбатан дипломатик алоқа қилмаяпти”, – дея таъкидлайди Қирғизистон бош вазири ўринбосари Валерий Диль.

Унинг сўзларига кўра, республика жанубини газ билан таъминлаш масаласини ҳукумат давомли равишда ечишга ҳаракат қилмоқда. “Ўзбек томони билан учрашув ташкил қилиш мақсадида уч маротаба ишчи йиғилиши ўтказилди. Афсуски ҳеч қандай натижа йўқ. Мен бир неча маротаба элчига мурожаат қилдим ва фақат менинг ўзим қабул қилишлари учун механизм ишлаб чиқишларини сўрадим. Бироқ бу ишлар элчи даражасида ҳал бўлмайди. Ўзбек томони қўллаётган ушбу чоралар – бу бизга нисбатан дипломатик муомала эмас.

Бундан ташқари бир қанча ён беришларга боришга тўғри келади. Балки, ҳатто камситилиш аломатлари орқали бўлар, бироқ, асосийси масалани ҳал қилиш. Яхшиси уларнинг бизга нисбатан қилаётган аҳмоқлиги ва андишасизлигига жавоб қайтармасдан ўзимизнинг маданийлигимизни кўрсатайлик”, – дейди Валерий Диль.

Депутат Қурмонбек Ўсмонов Ўзбекистон билан “Қирғизгаз” ОАЖ шартномавий муносабатда бўлганини таъкидлайди.

“Ҳозир эса “ҚирғизгазПром” МЧЖ деб номланади. Ҳуқуқий жиҳатдан ўзбеклар ҳақдир. Томонлар ўртасида ҳозирда шартнома йўқ экан улар ким билан алоқа қилишади? Барчасини россиянинг “Газпром”ига ўтказишдан олдин “Қирғизгаз” ўзининг ҳуқуқий вориси ҳақида ўйлаши, олдинги шартномани тугатиб янгисини тузиши керак эди. Шартномавий тартиби мана шундай бўлиши керак. Энди эса бош вазир бошчилигида ҳаммангиз чиқиб олиб – “улар қўнғироқларимизга жавоб беришмайди, биз билан гаплашишмайди”, – деб нолийсизлар. Аслида улар тўғри қилишади. Шартномавий муносабатлардаги томонлар бўлмаса ким билан гаплашишади? Нима сабабдан мамлакатнинг жанубий қисми икки ойдир қийналмоқда. Энди сиз зудлик билан чора кўришга мажбурсиз, боринг ва Ўзбекистонга тиз чўкинг. Жавобгарликни ўзингизга олиш вақти келди”, – дея жаҳл қилди халқ депутати.

“Қирғизгаз” бош директори Турғунбек Қулмурзаевнинг сўзларига кўра “Қирғизгаз” ҳозирда мавжуд ва “Газпром”нинг шўъба корхонаси сифатида қайтадан ташкил қилинган. Биз шартнома асосида ушбу шўъба корхонани ва унинг барча мулкини ҳам “Газпром”га сотиб юборсаккина “Қирғизгаз” бутунлай йўқ бўлади. “Ўзтрансгаз” ҳам буни жуда яхши билади” – дейди у.

Маълумки, “Узтрансгаз” АК томонидан 14 апрелдан бошлаб Қирғизистон жанубига табиий газ етказиб бериш тўхтатилган. Қирғизистон томони шартномани узайтиришни таклиф қилган ва 11 апрел куни “Қирғизгаз” ОАЖ шартнома муддатини II чорак охирига қадар узайтиришни сўраб “Узтрансгаз”га мурожаат қилган. Бироқ, ўзбек томонидан жавоб келмаган.

ЎХҲ ахборот бўлими