Ўзбекистон ҳукумати тез кунларда ипотека кредитларини қайтариш муддатини чўзиш тўғрисида қарор қабул қилади, деб ёзади 12news.uz.
Агентликнинг республика ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар беришича, имтиёзли ипотека кредитларини қайтариш муддати ҳозирги 15 йилдан 17 йилгача чўзилади.
Маълумки, қишлоқ жойларида уй-жой қурилишини ривожлантириш давлат дастури 2009 йили бошланган бўлиб олти йилга мўлжалланган эди. 2014 йилга келиб 33557 та уй қурилган, 2014 йилда яна 11 мингта уй топширилиши режалаштирилмоқда.
Уйлар фақатгина “Қишлоққурилишлойиҳа” институти лойиҳаси асосида қурилмоқда ва 22 турдаги 3-4-5 хонадан иборат бўлган бир қаватли уйлар қурилишини назарда тутади. Мазкур қурилишни молиялаштириш бўйияа монопол ташкилот эса “Қишлоқ қурилиш банки” ОАТБ ҳисобланади. 2011 йили қишлоқ жойларида уй-жой қурилиш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Осиё тараққиёт банки билан қиймати $500 млн.га тенг узоқ муддатли кредит ажратиш тўғрисидаги битим имзоланган.
Бир қарашда қишлоқ жойдан намунавий уй сотиб олаётган харидорга жуда фойдалидек кўринади: ипотека кредитининг йиллик фоиз ставкаси 7%ни ташкил қилади, бу эса 10%га тенг бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ҳам пастроқдир. Айни пайтда қишлоқ аҳолиси намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйни танлаб, банк ҳисобига уйнинг умумий қийматининг 25% миқдордаги маблағини биринчи бадал тўлови сифатида тўлайди. Шунингдек, уй эгаларининг даромадлари солиққа тортилмайди. Бундан ташқари, уйнинг янги эгалари уй учун ипотека кредитларини тўлиқ тўлагунга қадар мол-мулк солиғидан озод қилинадилар.
Фарғона ахборот агентлигининг ёзишича, уйларнинг нархи ҳам йил сайин ошиб бормоқда: 2009 йилда уйнинг баҳоси 60 млн. сўм миқдорида бўлган бўлса, 2013 йилга келиб 140 млн. сўмга чиқди. Ўзбекистоннинг қишлоқ ва шаҳар аҳолиси учун бу оз пул эмас. Шунинг учун ҳам намунавий уйларни олиш истагида бўлганлар деярли йўқ.
2013 йилнинг апрель ойида Фарғона агентлиги муҳбирига Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги қишлоқлардан бирида яшовчи фуқаро : “Хўжалик иморатларисиз ва ишлов берилмаган ерга эга янги уй ҳозирда 108 млн. сўм туради. Ғазалкент ёки Чирчиқда эса шароитларга эга бўлган уйни ери билан бирга ундан арзонроқ олиш мумкин”, – дея таъкидлаганди.
“Одамлар бу уйларни сотиб олишни исташмайди, чунки улар жуда сифатсиз қурилган, деворлари тўкилиб кетмоқда. Ташқариси тинмасдан бўялиб туради, ичкарисида эса ҳеч қандай ишлов йўқ. Кўпгина уйларда сув ва канализация йўқ. Кўпгина ҳолларда бундай уйларга куч ишлатар тизим ходимлари, солиқчилар ва бошқалар кўчиб келишади. Қишлоқ аҳолиси бу уйларда яшашмайди. Ўнлаб ва юзлаб бундай уйлар бўш ётибди, уларни бир илож қилиб сотиш керакку ахир”, – дея Тошкентлик фермерлардан бирининг сўзларидан иқтибос келтирганди Фарғона агентлиги.
ЎХҲ ахборот бўлими