O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Қишлоқ бойиб кетмасин!”

“Қишлоқ бойиб кетмасин!”
372 views
02 August 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(87-қисм)

Еттинчи иш. Охирги маълумотга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи шаҳарларда яшайди. Бу ерда “шаҳар” тушунчаси нисбий.

Биринчидан, кўп қишлоқ туманларининг маркази шаҳар деб эълон қилингани билан, асосан қишлоқча кун кечиради.

Иккинчидан, катта шаҳарлар аҳолисининг ҳам кўп қисми, айниқса саноат тармоғи қисқариб кетган кейинги замонларда қишлоқларга чиқиб, тирикчилигини деҳқончиликдан топяпти.

Буларни ҳисобга олсак, умумий аҳолининг тахминан 70 фоизи (худди совет давридагидек) қишлоқча турмуш кечиради, ердан нон ейди. Бундай аҳволда мамлакатнинг фаровонлиги ҳам, равнақи ҳам қишлоқ муаммолари нечоғли ҳал этилганига боғлиқ бўлади.

Иқтисодчи бошқараётган давлатнинг қишлоққа муносабати қандай?

Умумий сиёсат “Қишлоқ бойиб кетмасин!” деган мақсадга йўналтирилган.

Қишлоқда, ялпилаштириб айтганда, тирикчилик асосан икки хил усулда йўлга қўйилган: 1) фермерлик ва бошқа хил хўжаликлар кўринишида давлатга боғлиқ ҳолда; 2) шахсий томорқасидан ёки ижарага ер олиш орқали.

1.Давлат фермерга уруғликни ва бошқа керакли нарсаларни қимматга беради, ҳосилни жуда арзонга сотиб олади. Буни бир кило пахтага давлат белгилаган нарх мисолида кўрдик.

Буғдой ва бошқа тур маҳсулотни сотиб олишда ҳам тутим шу.

Бунинг устига, ёз бўйи техника ишлатиш (ёғ-мой, ёнилғи, резин нархлари, ижара ва хизмат ҳақлари) фермерга қимматга тушади. Яъни, йил давомидаги чиқими катта бўлади. Аммо ҳосил етилганида уни арзонга сотишга мажбур қилинади.

Фермер ўзига тегишли ерга нима экишда тўлиқ эркин бўлмаганидек, етиштирган ҳосилини сотишда ҳам эркин эмас: ўзи нарх белгилай олмайди, ўзи харидор топмайди. У шўрликнинг идорама-идора юришлари, кунда-кунора ўтказиладиган йиғилишларда соатлаб ўтиришга мажбурлиги, бу йиғилишларда раҳматдан кўра кўпроқ отасию онаси қолмай сўкиш эшитишдек руҳий-маънавий зарбалар…

Қийинчиликларнинг аламини чиқариш, устига озгина фойда ҳам кўриш учун фермер нима қилади? Ёлланма ишчиларига иложи борича кам ишҳақи беради. Уни ҳам маҳсулот кўринишида ёки ерининг бир бўлдагини ижарага бериш билан узади.

Қишлоқда бошқа иш йўқ, ортиқча ишчи кучи кўп ‒ қишлоқ аёли арзимас ҳаққа ҳам рози бўлаверади. Кун ўтса бўлди. Ҳеч бўлмаса қишга ғўзапоя, буғдой ёки сомон ғамлаб олади-ку.

Бу аҳволда қишлоқ бой бўладими?

2.Шахсий томорқасида ёки ижара ерда меҳнат қилиб кун кўрадиганларнинг аҳволи ҳам фермерникидан яхши эмас, айрим ҳолларда баттарроқдир: уруғлик қиммат, сув танқис, чақиб олгудек ижара ҳақи, булардан ташқари, техника, одам ёллаш…

Кузга кўз тикади, бўлғуси фойдаларини “санаб”, бутун бу қийинчиликларга рози бўлади. Ҳосил пишгач эса…

Неча йиллардан бери давлат қишлоққа ғирромлик қилиб келади. Ҳосил айни пишиб энди бозорга юра бошлаганида, айниқса, чет эл бозорларига чиқишга тайёрланиб турган бир паллада қайсидир сирли Даргоҳдан: “Ташқарига мева-чева, полиз маҳсулотлари чиқарилмасин!” деган Олий фармон таралади.

Чегаралар тақа-тақ ёпилади. Юклаб қўйилган улкан мошиналар карвони чегараларда кунлаб-ҳафталаб қолиб кетади. Ҳосил чирийди, шалтағи ерга оқади…

“Олий фармон”дан фойдаланиб божхонадагилар ҳар мошина юкни чегарадан ўтказиш таксасини йилдан-йилга ошириб боришяпти (2012 йили пора миқдори 20000 /йигирма минг/ дўлларга чиқди).

Ҳосил чиримасин, шалтағи ерга оқмасин десангиз, берасиз-да! Лекин: “Ўн-ўн беш минг дўллар бўлиб турганида ҳам чидаган эдик, манзилга етказволсак ҳарҳолда фойда бор эди, бундан ортиғи бизни синдиради”, дейишди тадбиркорлар…

Давлат деҳқончилик маҳсулотларига чегараларни ёпаркан: “Ички бозорни арзонлаштириш учун қиляпман, меҳнаткашларнинг фойдасини кўзлаяпман”, деган эртак билан содда халқнинг қулоғини аллалайди. Тумшуғидан нарини кўрмайдиган айрим ватандош ҳам ўзича хурсанд: “Бозор тўкин-сочин бўляпти. Мевалар роса арзон. Бу йил шафтоли билан узум сувтекин бўлди! Қовун-тарвуз тўлиб кетди!” қабилида суюняпти.

Нимага суюнамиз? “Отнинг ўлими – итнинг байрами” деганларидек, деҳқон куйяпти ‒ биз куляпмиз! Бу “ясама арзончилик” деҳқоннинг шўри-ку! Қишлоқни хонавайрон қиладиган “арзончилик”-ку бу!

Деҳқон не-не умидларда, бола-чақаси билан бирга, йил бўйи меҳнат қилди. Ҳамма оғирчилик, хўрлик, ҳақоратларга чидади. Ҳосилини сотсам, бир йиллик тирикчилигимни чиқарсам, озгина сармоя ҳам орттирсам, деб ширин орзулар қилди. Ва хирмон уюлиб, орзиқиб кутилган кунлар келиб, энди бозорга йўл олганида ярим йўлда қаршисидан давлат кўндаланг чиқса-да: “Ташқарига мева-чева, полиз маҳсулотлари чиқарилмасин!” деса!..

Деҳқон (ёки тадбиркор) мажбур мошинасининг тумшуғини ички бозорга буряпти. Ичкарида бирдан “тўкин-сочинлик” бўлиб кетяпти, нарх тушганидан-тушиб, фойда кўриш тугул, зарарга кирмай эсон-омон уйимга етиб олсам бўлди эди, деб қоляпти шўрлик деҳқон.

Икки-уч йил ҳолат такрорланавергач, охири қишлоқликнинг ҳам мияси ишлаб кетади: бир туп дарахтимни арралаб сотсам, ҳосилидан кўра кўп фойда оларканман, дейди-да, қиш чилласи кирмасидан мевали дарахтини ўтинга айлантириб, бозорга опчиқиб пуллаворади.

Қишлоқларда неча йиллик боғлар шу тариқа кесилиб, ўчоқларда ёниб кетди! Мевалари пулга айлангунча дарахтлари кулга айланди!

Қишлоқ аҳли ҳам одамга ўхшаб яшасам дейди. Уй қурсам, тўй қилсам, болаларимга кийим-кечак олсам, дейди. Яна бошқа чиқимлари ҳам бошидан ошиб-тошиб ётибди. Пулни қаердан топади? Деҳқончилигидан умид қилган эди, у ҳам давлат қароқчилигига учраган бўлса?!

Қанийди меҳрибон давлати қишлоқ маҳсулотларини шаҳарга “арзонлаштириб” берганидек, шаҳар маҳсулотларини қишлоққа ҳам арзонлаштириб берса! Деҳқон бола-чақасига кийим-кечакни, китоб-дафтар, қалам-ручкани арзонга олса экан! Ёғни, шакарни, унни, тузни, гугуртни арзонга олиб, оиласини тўйдириб-тўйдириб едирса экан! Арзон-арзонга уй қурса, арзон-арзонга мошина олиб минса экан! Печкасида арзон газ, бошида текин чироқ бўлса экан! Йўлкиралар арзон бўлса экан! Қанийди… Ўшанда у ҳам молини йўлда қароқчи-давлат тунаб кетганига унча ачинмас эди…

Деҳқоннинг пахтаси арзонга “тортиб” олиниб, шу пахтадан ишлаб чиқарилган газмол, чигитидан олинган ёғ бир неча баравар қимматига ўзига қайтариб сотиляпти. Бир кило буғдой учун деҳқон қўлига чақа ташланяпти-да, ун ва нон маҳсулотларини деҳқоннинг ўзига отнинг калласидай нархда пуллаяпти.

Бунақада қишлоқ бой бўладими? Бозор муомаласида қишлоқ билан шаҳарни тенг кўрмасдан, қишлоқ оёғига тинимсиз болта уриб туриш иқтисод илмининг қайси назариясига тўғри келади?!

Ҳаётда бу янглиғ аянчли мисоллар кўп. Саккизинчиси… тўққизинчиси… йигирманчиси… деб яна анча давом эттирсак ҳам бўлаверади, лекин шу санаганларимиз ҳам бу бобда айтмоқчи бўлган фикрларимизни изоҳлашга етади, деб ўйлаймиз.

Хуллас, президентнинг касби қанақа бўлиши керак? Иқтисодчи бўлиши шарт эмаслиги ойдинлашгандир?

Президент қайси соҳа кишиси бўлса ҳам, энг муҳими, бизнингча, ақлли, адолатли, доно, тарих билан сабоқланган, ватанини ва миллатини севадиган, ҳалол, бағрикенг, қинғирликка қаттиққўл, тўғриликка муҳаббатли, адашганга шафқатли, одам танийдиган, ҳар соҳанинг мутахассис кадрларини топиб ўз ўрнига қўя оладиган, ўзи билмайдиган соҳа ишига аралашмайдиган, ҳар нарсадан халқининг ва ватанининг манфаатини устун қўядиган, мамлакат равнақи учун ҳормай-толмай ишлайдиган… олижаноб бир ИНСОН бўлиши керак.

Тамом вассалом!

Кичик хулоса

СССРда “бозор иқтисодиёти”га ҳали сўсиалистик ғоялар тўла-тўкис ўлиб бўлмасидан, сўсиализмнинг таянчи бўлмиш бу улкан давлат тарқаб кетмасидан олдинроқ ўтилди. Тўғрироғи – қайтила бошлади.

Бозор иқтисодиётига биринчи бўлиб қайси соҳа қайтганини бугун ким эслайди?

Ҳеч ким эсламаса керак. Чилла ўтириб бош қотирсангиз ҳам тополмайсиз. Чунки эсингиздан чиққан. Ёки вақтида парво қилмагансиз.

Бозор муомаласига СССРда энг биринчи… ҳожатхоналар ўтган!

1917 йилги инқилоб Питернинг Смолнийида бошланган эди, капитализмга қайтиш совет ҳожатхоналаридан бошланди!

Кулманг, чиндан шундай бўлди. Яъни, маиший хизмат.

Бу нозик муассасанинг, бунақа нозик ишнинг бирдан пулли бўлиб қолиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Ҳозир-ку кўникиб кетилди ‒ кичигига ҳам, каттасига ҳам, у “корхона” ичи тоза бўлса ҳам, ифлос бўлса ҳам, бир хил пул талаб этиляпти.

Бир кун келиб ҳожатхонанинг обрўйи бунақа ошиб кетишини илгари биров тасаввур ҳам қилмасди. Ҳожат текинга чиқариларди-да олдин. Қизиқ бўларкан.

Хуллас, бозор иқтисодига ҳожатхона эшигидан кириб бормаганимизда эди, “Ўзбекистон капитализми” бугун бунчалик сасиб ётмаган бўларди! Олдиндан билмадик-да…

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com