O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Қишлоқ туманлари”даги коллежларда нима гап?

“Қишлоқ туманлари”даги коллежларда нима гап?
127 views
05 July 2012 - 8:01

  “Қишлоқ туманлари” деган атама кимгадир ғализ туюлиши мумкин. Илтимос, ҳукм чиқаришга шошилманг. Биз бу атама билан пойтахт ва вилоятлар марказларидан ташқарида жойлашган ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудларни назарда тутяпмиз. Чунки, республика Президентининг шахсан ташаббуси билан қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурига биноан энг чекка қишлоқларда ҳам барча қулайликларга эга замонавий коллежлар қурилди.

Тўғри, Миллий дастур ва Таълим тўғрисидаги Қонун қабул қилинганига 15 йил бўлди. Бу оз муддат эмас. Лекин, натижалар ҳамма жойда бир хил, яъни кўнгилдагидек эмас. Пойтахт ва вилоят марказларидаги коллежлардаги таълим-тарбия ва ўқитиш даражаси бугунги кун талабларига ҳар ҳолда жавоб беради. Аммо, қишлоқ туманларидаги аянчли аҳволдан умуман кўз юмиб бўлмайди. Улардаги энг оғир, 15 йилдан бери ҳам ечимини тополмаётган энг мураккаб ва катта муаммо бу – давомат масаласидир. Очиғини айтиш керак, ҳатто биз ижобий баҳолаётган пойтахт ва вилоятлар марказларидаги касб ҳунар коллежларининг ҳаммасида ҳам бу масала юз фоиз ўз ечимини топгани йўқ. Қишлоқ жойларида эса вазият ниҳоятда оғир. Сабаби,қишлоқ туманларидаги коллежлар ўқувчилари албатта ғалла ва ва ғўза паваришига ҳамда пахта йиғим – теримига жалб этилади. Бусиз ҳечам иложи йўқ.Шунинг учун уларда давомат бор йўғи 20 – 30 фоизни ташкил қилади. Буни ҳамма раҳбарлар билади, лекин ҳеч ким тан олмайди.
Айни кунларда республика бўйлаб касб – ҳунар коллежларига ҳужжат қабул қилиш авж олган. Ота – оналарни битта савол қизиқтиради ва улар бу саволларини коллеж раҳбариятига бемалол беради: “Ўғлим ёки қизим сизнинг коллежингизгаўқишга киради. Лекин битта шарти бор, ўқиш бошланар-бошланмас Россияга, қариндошларнинг олдига ишлагани кетади. Шунга рози бўлсангиз, сизнинг коллежингизга киради, бўлмаса, бошқасига борамиз“, дейишади. Деҳқончасига айтганда, масалани кўндалангига қўйишади. Минг афсуски, таклифига рад жавобини олган ота-она ўша коллеж уйининг ёнида жойлашганига қарамай, ундан воз кечади. Чунки, уларнинг таклифига кўнадиган раҳбарлар кўпчиликни ташкил қилади. Шунинг учун, қайси коллежга ҳужжат топширувчилар кўп бўлса, (бу ерда қишлоқларда жойлашган касб-ҳунар коллежлари назарда тутиляпти), билингки, у ерда ҳеч қаерда ёзилмаган ва расмийлаштирилмаган “ички шартнома имзоланган”.
Коллеж директорлари орасида тадбиркорлари кўп. . Улар ўқувчилар давоматини кўтаришнинг турли йўлларини ўйлаб топишган. Энг осонларидан биттаси, коллеж директори мактаб директори билан юқорида тилга олинган “шартномалар”дан яна биттасини имзолайди, яъни “комиссия келяпти” деган хушхабар қанот қоқиши билан коллежнинг ёнгинасида жойлашган мактаб ўқувчилари “гурр” этиб ўз ошёнларини ўзгартиришади, яъни эртаклардаги паҳлавонларга ўхшаб , “бир юмалаб” коллеж талабаларига айланиб ўтирибди-да. Пойтахтдан келган комиссия қайси бири мактаб ўқувчиси-ю, қайси коллеж талабаси эканлигини минг уринмасин, минг синчилик қилмасин, ҳеч қачон ажрата олмайди. Бу синалган усул кўпчилик касб-ҳунар коллежлари директорлари учун бугунги кунда асосий ҳимоя қуроли вазифасини ўтамоқда.

Зулхумор