O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Қиёматда ёлғиз тирилгай…”

“Қиёматда ёлғиз тирилгай…”
328 views
09 November 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 227
(давоми)

ЭЛЛИК БИРИНЧИ МЎЖИЗА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига кетаётганларида улуғ саҳобалардан Абу Зар Ғифорийнинг минган туялари чарчаб, юролмай аскардан ажраб кейин қолмиш эди. Бу тўғрида Расулуллоҳга хабар қилдилар эрса:

— Агар унинг яхшиликдан насибаси бўлар экан, ортимиздан етиб келгай, — дедилар.

Туяси юролмагач, Абу Зар юкини елкасига қўйиб аскар ортидан йўлга тушди. Кун иссиқ, йўл юриш қийин эди. Расулуллоҳ бир манзилга тушиб эдилар, йироқдин бир киши қораси кўринди:

— Абу Зар бўлғай, — дедилар.

Ҳақиқатан қарасалар Абу Зар экан.

— Абу Зарни Аллоҳ ёрлақасин, ёлғиз юриб, ёлғизликда ўлар. Қиёматда ёлғиз тирилгай, — дедилар.

Ҳазрат Усмон халифалик замонларида Абу Зар ул киши билан келиша олмаганликдан Макка билан Мадина оралиғидаги Рабза деган жойга сургун қилинди. У ерда қўшни бўлгудек ҳеч бир киши йўқ эди.

Расулуллоҳ айтганларидек Абу Зар Ғифорий шу ерда ёлғизликда яшаб вафот этди, разияллоҳу анҳу.

(давоми бор)