ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
(2)
Теракка яқин юлдуз
Бошқа юлдузлардан ўзгачароқ бир
Юлдуз пайдо бўлди, теракка яқин.
Нури ҳам ўзидек, қув ва муғомбир,
У бор жойда баҳор чақмайди чақин.
Мевали боғларни суймас ҳеч замон,
Қишнинг қорларидан тиламас баҳор.
Бургани сиққанда, дарё бўлар қон,
Бағрига тўш урсанг, юқмайди ғубор.
Бу қандай юлдуздир, суймас мевани,
Кун сайин ўсади, теракка қараб.
Ҳайратга ботирди бутун маъвони,
Гужумлар бўйлайди тунларни тараб.
У ўзин қанчалар бахтли демасин,
Бахт қуши қўнмайди ўйсиз бошига.
Боғлар олиб қочар юлдуздан ўзин,
Теракдан бошқаси келмас қошига.
* * *
Нафратни тушуниш
Мен ўзгага айланмоқни истамам,
Қиёфа дегани дунёда камёб.
Ҳеч бирига юрагимда йўқ алам,
Одамлар, уч-тўртнинг такроридир тоб.
Кўланкага ҳавас этмоқлик не тонг?
Ҳавас унмас экан, алам ҳам унмас.
Соялар урмасин ҳар кун юз минг бонг,
Чақини йўқ жонлар, қиёфа эмас.
Қишдан лола сўрамайман ҳеч замон,
Саналардан тиламайман ёзда қор.
Кузакларга бўлашмайман бир хазон,
Мен нени истасам, бари қалбда бор.
Қанийди, кипригим ўқдек отилса,
Розиман киприксиз қолишга ҳатто.
Ўзин билмаганлар, тоғдек йиқилса,
Заминнинг юраги урар бехато…
* * *