O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қодирий бир кун олдин отилганми, бир кун кейин?

Қодирий бир кун олдин отилганми, бир кун кейин?
2,092 views
12 August 2021 - 17:10

“Қатлнома” илк бора 1991 йилнинг май-июн ойларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг нашри “Шарқ юлдузи” журналининг бешинчи ва олтинчи сонларида эълон қилинди. Бу пайтда ҳали СССР парчаланмаган, КПСС тарқатиб юборилмаган эди. Шу боис айрим қисқартиришлар билан нашр эттиришга мажбур бўлганмиз. Ўша пайтлардаги журнал бош муҳаррири Ўткир Ҳошимов КГБ архивидан олинган суратларнинг эълон қилинишига рози бўлмаган (қисқартиришлар ҳам ўша киши томонидан амалга оширилган).

1992 йили Ғафур Ғулом номидаги нашриётда тўлиқ китоб ҳолида босилиб чиқди.

Орадан икки-уч йил ўтгач, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби вазифасида ишлаётган Тўра Мирзо: “Сизни Нуриддин Акрамович сўроқлаб юрибди, учрашмоқчи экан”, деб қолди. “Муҳиддиновми?” деб сўрадим. “Ҳа, ўша киши”, деди Тўра Мирзо. “Мен уни танимайман, нима иши бор экан?” дедим. “Билмадим, уч-тўрт марта телефон қилди. Сиз билан танишмоқчи, шекилли”, деб котиб менга Н. А. Муҳиддинов ишхонасининг телефон рақамини берди. Телефон рақами – 398284 экан. Кейинчалик шу рақам олдига “1” қўшилди.

Бир куни мен Н. А. Муҳиддиновга қўнғироқ қилдим, ўзимни таништирдим. Маълум бўлишича, у Ўзбекис­тон Ёдгорликларни сақлаш жамиятининг раиси экан. “Ишхонамиз Алишер Навоий кутубхонасининг ёнида, “Баҳор” ашула ва рақс ансамблига кириладиган дарвозахона тепасида жойлашган”, деди Н. А. Бўш вақтимни сўради. Учрашув вақтини келишиб олдик, белгиланган пайтда Ёдгорликларни сақлаш жамиятига бордим. Айтилган бинонинг иккинчи қаватига кўтарилиб, қабулхонага кирдим.

– Келинг, хизмат? – деди котиба қиз.

– Хизмат юзасидан эмас, ўзим шунчаки келдим, – дедим энсаб қотиб.

Деворда осиғлиқ турган соатга қараб қўйдим: ўндан йигирма беш дақиқа ўтибди. Келишилган вақтга яна беш дақиқа бор эди. қани, буёғи нима бўлар экан деб ўриндиққа ўтирдим.

Одатда идора-ташкилотларга иши тушиб борган одамларни раҳбарлар атайлаб қабулхонада сарғайтириб қўйишни яхши кўради. Шу сабабли “хизмат?” деган саволни ёмон кўрардим. Бу савол, назаримда, “тиланчи, сенга нима керак?” деган маънони англатарди.

Бир пайт қўш қанотли эшик очилиб, ичкаридан Нуриддин Акрамович нафақа ёшидаги бир кишини кузатиб чиқди. Улар қабулхонада хайр-хашлашди. Мен ўрнимдан туриб салом бердим, Н. А. бошини қимирлатиб, девордаги соатга қараб:

– Ҳозир бир киши келади, тўхтовсиз ҳузуримга киритиб юборинг, – деб тайинлади котибага ва яна бир марта менга ажабланиб қараб қўйди-да ичкарига кириб кетди.

Орадан уч-тўрт дақиқа ўтгач котиба столига ички томондан ўрнатилган қўнғироқ жиринглади. Котиба дик этиб туриб “хўжайин” ҳузурига равона бўлди. Мийи­ғимда кулиб қўйдим. Ҳамма идораларда “хўжайинлар” шунақа қўнғироқни жиринглатиб, котибаларни диконг­латиб югуртиришни яхши кўради.

Котиба дарҳол хўжайин ҳузуридан қайтиб чиқди. Индамай жойига бориб ўтирди, зимдан менга қараб қўйди. Жўрттага илжайдим. Бечора қиз дув қизарди.

Орадан уч-тўрт дақиқа ўтгач котиба яна бояги йўсинда ичкарига чақирилди. Лекин бу гал яшин тезлигида қайтиб чиқиб:

– Мабодо, сиз ёзувчи эмасмисиз? – деб сўради.

– Ҳа, ёзувчиман… Энасини… ёзувчиликни!

– Набижон Боқиймисиз?

– Ҳа.

Котиба майин жилмайдию:

– Ҳозир, – деб ичкарига кириб кетди. Бирпасдан сўнг эшикнинг битта қанотини очиб: – Марҳамат, киринг, – деди.

Котиба жилмайганча қабулхонада қолди. Ичкарига кирдим. Ичкарига кираётиб аниқ билдимки, эшик фақат қўш қанотли эмас, қўш қаватли экан. Бир қаватини кўчириб уйга опкетиш мумкин-ку, деб қўйдим ўзимча.

Мен кирган хона кенг-мўл эди, йирик вазирнинг расмона кабинетига ўхшарди.

Нуриддин Акрамович ўрнидан туриб хона ўртасига келган, икки қўлини олдинга чўзиб кулимсираб турарди. “Т” шаклидаги столнинг ўнг томонидан жой кўрсатди. Сўрашдик, ҳол-аҳвол сўралди. Ўтирганимиздан сўнг у киши бирданига соатига қараб:

– Ўн минутдан бери сизни кутиб ўтирибман. Ҳузуримда битта одам бор эди, уни атайлаб беш минут олдин кузатиб қўйдим. Қабулхонада ўтирганингизни кўрдим, лекин мен кутаётган одам сиз эканингизни хаёлимга келтирмадим. Чунки “Қатлнома”ни ёзган одам, назаримда, олтмишдан ошган бир киши бўлиши керак эди, – деди кулиб. Бошини силкитиб қўйди.

– Начора савлатни ҳар кимга ҳам беравермас экан.

– Э-э, қуруқ савлатдан кимга фойда! – деб кулди Нуриддин Акрамович.

Шу билан ўртамизда турган парда гўё кўтарилди.

Биз университетда ўқиб юрган кезларда Н. А. Муҳиддинов ҳақида ҳар хил афсоналар тарқалган эди: КПССнинг қайсидир қурултойида Н. А. ўзбекча нутқ сўзлаган, Н. С. Хурушчёвга гап қайтарган, сўнг “маккажўхори ижодкори”нинг ғазабига учраган, узоқ йиллар хорижий мамлакатларда (албатта, жаҳон сиёсатини белгиламайдиган “учинчи дунё” мамлакатларида) элчи бўлган, Москвада ҳам учинчи-тўртинчи даражали вазифаларда хизмат қилган, орқасидан айғоқчи қўйилган ва ҳоказо. Ҳозир у киши аллақачон нафақа ёшидан ўтиб кетган, афв этилиб Ўзбекистонга қайтарилган, энди уйида зерикиб ўтирмаслик учун Ёдгорликларни сақлаш жамиятида вақтини м а з м у н л и ўтказаётган эди.

– Китобингизни синчиклаб ғқидим, маъқул бўлди, – деди Нуриддин Акрамович. – Ўша мудҳиш воқеалар худди шундай нуқтаи назардан ёритилиши керак. Сиз тўғри йўлни танлагансиз.

– Раҳмат, – дедим.

– Китоб юзасидан кўнглимда иккита савол туғилди. Биринчиси, ҳукм ижро этилган жой масаласида. Сизга Черняевка томонда отилган бўлса керак деган гапни ким айтди? Бу ҳақда ишончли ҳужжат кўрсатилдими?

– КГБ матбуот гуруҳининг бошлиғи А. Н. Благородов архивдаги тушунарсиз ёки ноаниқ ўринлар ҳақида имкон қадар менга изоҳ берган. Лекин на у, на мен ишонч­ли ҳужжатга асосланганмиз. Аниқроғи, у киши ихтиёрида расмий ҳужжат бўлиши мумкин, лекин ўша ҳужжатни менга бермаган, ошкор этишни истамаган. Қолаверса, Благородовни ҳам тўғри тушуниш керак, унинг ихтиёри ҳам ўзида эмас, у фақат буйруқни ёки КГБ раисининг кўрсатмасини бажарган, холос. Бир гал мен ундан: “Наҳотки Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Боту, Усмон Носир ва бошқа зотларни тергов қилган, ҳукмни ижро этган НКВД ходимларидан бирортаси тирик қолмаган бўлса? Ҳаммаси қирилиб кетганми? Агар улар ёппасига отилиб кетмаган бўлса, бирортаси 70-80 ёшлар орасида бўлиши керак”, деб сўрадим. “30-йиллар НКВД марказий идорасида хизмат қилган фахрий ходимлар ҳозир республика, Иттифоқ миқёсидаги нафақахўр. Уларга максимал даражада пенсия берилади. Ўзингиз кўриб турибсиз, ҳозир ошкоралик, Москва матбуотида, Марказий ТВда бевосита репрессияда иштирок этган махсус идора ходимлари шарманда қилиняпти, барча имтиёзлардан маҳрум этиляпти. Бизнинг фахрийларимиз аҳмоқ эмас, улар вақтли матбуотни, ижтимоий ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб боради. Ноҳақ репрессияга учраган шахсларни оқлаш тўғрисида қарор эълон қилингач, биз фахрийларимизга хотираларингизни гапириб беринг, қатли ом манзарасини тиклайлик, деб мурожаат этдик. “Йўқ, энди КГБ билан ҳамкорлик қилмайман, агар жиноят қилган бўлсам, қилмишимга яраша жазо олганман. Қолаверса, азизим, мен фақат ижрочи бўлганман, буйруқни бажарганман, холос. Ваҳоланки, буйруқ берган айрим раҳбарлар ҳали тирик: мен бирортасининг номини айтсам, улар ҳам жим ўтирмайди, дарҳол ғайриқонуний буйруқни бажаргансан деб каминани бадном қилади. Ҳозир тўримдан кўра гўрим яқин. Мен энди ўлимдан қўрқмайман, лекин бола-чақаларим, авлодларим нима бўлади?! Улар бир умр “қотилнинг, жаллоднинг авлоди” деган тавқи лаънатни кўтариб юриши керакми?! Ташаккур, сизларга ҳеч нарсани айтмайман. Мен гуноҳкор бўлсам, болаларимнинг нима айби бор”, деб жавоб бердилар”, деди А. Н. Блогородов. Шундан сўнг мен “Қатлнома”да ҳукм ижро этилган жой аниқ эмас, фақат тахмин қилинади, деб ёздим. Айрим одамлар улар Ажинакўприк ёнида отилган деган тахминни илгари суради. Ўша жойда шаҳидлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилади, шекилли…

– Тушунарли, – деди Нуриддин Акрамович ўйга толиб. – Бундан ташқари, китобингизда ҳукм 1938 йилнинг 5 октябр куни ўқилади, отув ҳукми эса 4 октябр куни ижро этилади, деб ёзасиз. Сизнингча, улар бир кун олдин отиб юборилиши мумкинми?

– Мумкин, – дедим.

– Ҳа-а, тушунарли, – деди Нуриддин Акрамович жиддий тортиб. – Қодирийлар бир кун олдин отиб юборилса ҳам Совет ҳукумати ҳеч нарса йўқотмасди.

– Худди шундай.

– Лекин, биласизми, мен 50-йилларда Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби эдим. У пайтлари биринчи котиб республиканинг амалдаги раҳбари ҳисоб­ланарди.

– Ҳа, тўғри. Сўнг КПСС марказий қўмитасининг биринчи котиби, Сиёсий бюронинг аъзоси ҳам бўлгансиз. Сиздан кейин Ўрта Осиёдан ҳеч ким Сиёсий бюронинг аъзоси бўлмаган…

– Шундай, аммо ҳозир гап унда эмас. Гап шундаки, Никита Сергеевич Хрушчёв ўша пайтларда Кагакович, Молотов, Маленков каби ашаддий сталинчилардан, Сталин тарафдорларидан қутулиши лозим эди. Шунинг учун атрофига янги кучларни тўплайди. Мени ҳам ёнига олади. Сталинчиларни сиёсий саҳнадан итқитиб юбориш учун “шахсга сиғиниш” оқибатлари фош этилиб, нафақат Сталин, балки унинг сафдошлари ҳам қораланиши керак эди. Бу ҳаёт-мамот масаласи эди, уни партия қурултойи муҳокамасига олиб чиқишдан аввал синовдан ўтказиш, кучлар нисбатини аниқлаб олиш зарур бўлади. Шунда Никита Сергеевич: “Биз учун Ўзбекистон синов майдончаси бўлади. 1938 йилда Ўзбекистон ҳукуматини бошқарган Файзулла Хўжаев билан компартия котиби Акмал Икромов ҳам отилиб кетган. Мен КГБ раиси Семичастнийга айтаман, у Хўжаев билан Икромовнинг суд ишларини сенга беради. Дело билан батафсил танишиб, Сиёсий бюрога уларни оқлаш тўғрисида таклиф киритасан”, дейди. Мен рози бўлдим. КГБ раисидан керакли жилд-тахламларни олиб Тошкентга қайтдим. Мутахассилар билан ҳамкорликда жилд-тахламлар ўрганилди. Бухарин, Руков гуруҳидан икки кишининг иши ажратиб олинди. Сиёсий бюрога Хўжаев билан Икромовни оқлаш тўғрисида таклиф киритилди. Кейин ноҳақ реп­рессияга учраган ёзувчи-шоирларни оқлаш тўғрисида ҳам Н. С. Хрушчёвнинг розилигини олдим. Хуллас, ўшанда Абдулла Қодирий, Боту, Усмон Носир, Элбек каби адиблар оқланди. Фитрат, Чўлпон каби шоирлар шахс сифатида оқланди-ю, лекин уларнинг ижоди оқланмади. Чунки уларнинг асарларида миллатчилик ғоялари яққол сезилиб турарди… Ўша пайтда давлат сиёсати нуқтаи назаридан Чўлпон, Фитрат асарлари зарарли ҳисобланарди. Яна бир нарсани очиқ айтиб қўймоқчиманки, Қодирий ва унинг тақдирдошлари ҳеч қандай жиноятчи эмасди, улар ҳар хил туҳмат туфайли жазоланади. Ҳа, яна қайтариб айтаман, улар жиноятчи эмасди. Бироқ давлат уларни ўзларининг душмани ҳисобларди. Сталин “Агар душман таслим бўлмаса, маҳв этилади, жисмонан йўқотиб юборилади”, деган шиорни ўртага ташлайди. Мана шу шиор, аслида, миллатпарвар ёзувчи-шоирлар устидан чиқарилган ҳукм эди. Бу ҳукм қатъий эди, ундан бировга шикоят қилиб бўлмасди. Нега бундай бўлди? Қодирийлар гўё ҳақиқат, ростлик, тўғрилик тимсоли эди. Ёлғон ғояларни омма онгига сингдириш учун ёлғон тимсол яратиш лозим. Ёлғон тимсол бўладиган, ёлғончиликка рози бўладиган мунофиқ кимсалар исталганча топилади. Доим шундай бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Фақат бу ўринда мувозанат тўғри ушланиши лозим. Яъни, тарози палласини ёлғончилар, мунофиқлар ўз томонига оғдириб олмаслиги керак. Мунофиқ кимсалардан сиёсий майдонда фойдаланиш мумкин, аммо тизгинни батамом уларнинг ихтиёрига бериб бғлмайди. Одамлар, омма, оломон ўрнак оладиган ёлғон ғоя тимсоли яратилган пайтда бир четда Ҳақиқат тимсоли ҳам мунғайибгина турса, нима бғлади?.. Равшанки, мунофиқ кимсалар беихтиёр бебурд бўлади, сиёсат ҳам чок-чокидан сўтилиб кетади. 30-йилларда Шўро ҳокимияти мус­таҳкамланган эди, энди бемалол шу пайтгача ҳамкорлик қилиб келган “ёт унсурлар”дан қутилиши, уларни бемалол йўқотиб юбориши мумкин эди. Охир-оқибат шундай қилади. Қодирийлар давлатнинг душмани сифатида маҳв этилади…

– Тўғри, – дедим. – Шундай бўлган.

– Энди Абдулла Қодирийнинг қаерда ва қачон отилгани масаласига келсак, менимча, воқеа бошқачароқ рўй беради.

– Хўш-хўш…

– Сиз КГБнинг подвалига тушганмисиз?

– Йўқ, мен подвалда нима қиламан! – дедим ажабланиб.

– Архив хонаси подвалда эмасмикан?

– Подвалда бўлиши мумкин, аммо менга иккинчи қаватда махсус хона ажратилиб берилди. Сўраган жилд-тахламларни, делоларни ўша хонага киритиб беришади. Бир йил давомида шу хонада ўтириб жиноятномалар билан танишганман.

– Тушунарли, – деди Нуриддин Акрамович. – Мен 50-йилларда КГБ ходимларидан ҳукм ижро этиладиган жойларни кўрсатинглар, деб талаб қилганман. Улар мени подвалга олиб тушган, каттагина битта хонани кўрсатишган. Цемент сувоқ қилинган, бетон хонага фақат эшикдан кирилади. Отув ҳукми шу ерда ижро этилар экан. Соқчи маҳбусни ўша хонага киритади, ҳукм ўқиб эшиттирилади, махсус рота солдатлари эса ҳукмни ижро этади. Отиб ўлдирилган маҳбус цементланган полга йиқилади, жон беради. Қонга беланган уст-бошлари ечиб олинади. Жасад эса замбилда подвалдаги бошқа бир хонада жойлашган крематорий ўчоғига тиқиб юборилади. Минг даражадан юқори иссиқлик тғпланган, қип-қизил чўғдек қиздирилган пўлат ғчоқда жасад бирпасда бир ҳовуч кулга айланади-қолади.

– Наҳотки, Қодирий ҳам куйдириб юборилган бўлса!

– Нафақат Қодирий, отиб ўлдирилган ҳамма маҳбус­лар куйдириб юборилган.

– Улар Ажинакўл ёнидаги қабристонга дафн этилган дейишади-ку?!

– Бундай миш-мишни ўша пайтларда ГПУ идорасининг ўзи тарқатган.

– Нима учун?

– Одамларни чалғитиш учун миш-миш тарқатилади. Агар Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби миллат фидойилари куйдириб юборилди деган маълумот халқ орасига тарқалиб кетса, нима бўларди! Ғазабланган оломон ГПУ идорасининг таг-туги билан қўпориб ташламасмиди?! Эсингиздами, Париждаги Бастилия қамоқхонасини ҳам ғазабланган оломон-инқилобчилар ер билан яксон қилган.

– Тўғри, – дедим.

– Бор ҳақиқатни сиз билиб қўйинг. Эҳтимол, вақти-соати келса, ҳақиқатни одамларга айтиш мумкин бўлар…

– Демак, Қодирий қаерда отиб ўлдирилди деган масала аниқ бўлди.

– Шундай. Хўш, Қодирий бир кун олдин отилганми, бир кун кейинми?

– Бир кун олдин отилган бўлса керак, – дедим. – Чунки одамнинг ҳаёти у пайтларда жуда қадрсизланган.

– Шундай-ку, лекин Шўро ҳукумати ўз душманидан батамом қутилиш йўлларини яхши биларди… Сиз мантиқ бўйича фикр юритяпсиз. Бу соғлом мантиқ, оддий мантиқ. Лекин ҳукуматнинг мантиғи бошқача бўлган. Ҳукумат ўз душманини фақат жисмонан маҳв этиш билан чекланмайди, душманни маънавий жиҳатдан ҳам янчиб ташлашни истайди. Хўп, душманнинг жисми жони куйдириб юборилади, аммо унинг ғояси озодликда қолиши мумкин-ку! Масалан, бирорта маслакдоши озодликда қолса нима бўлади? Маслакдош маълум муддат жим юради, қулай фурсат келган заҳоти устозининг ғоясини одамлар орасида тарқатиши ва шу йўсинда ҳукуматга қарши бўлган яширин мухолифатни шакллантириши мумкинми? Албатта мумкин. Шунинг учун ГПУ озодликда қолган ғоя уруғини ўсиб-униб чиқмасдан олдин юлиб олиши, уни ҳам йўқотиб юбориши лозим. Бунинг учун эса отувга ҳукм қилинган маҳбусдан максимал даражада қўшимча маълумот, информация олиши даркор. Қодирийни бир кун олдин эмас, аксинча, бир кун кейин отилишидан ҳукумат манфаатдор эди. Қодирий қамоқда бир-икки кун ортиқроқ сақлаб турилса, ҳукумат деярли ҳеч нарса йўқотмасди. Тўғрими?

– Билмадим.

– Битта мисол келтираман. 80-йилларда Бухорода обкомнинг биринчи котиби бўлган Абдувоҳид Каримов дастлаб отувга ҳукм қилинади. Сўнгра тўплаган ноқонуний бойлигини давлатга топширишга рози бўлгач, отув ҳукми ўн йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Маҳбусга ҳаёт инъом этилаётган пайтда: “Биз билан сид­қидилдан ҳамкорлик қиласиз, барча тиллоларингизни топширасиз, ҳеч нарсани яшириб қолмайсиз”, деб оғзаки шартнома тузилади. Икки томон шартга рози бўлади. Бир томон молни, нариги томон жонни беради. Савдо пишади, маҳбусга ҳаёти қайтарилади. “Яна бирор жойда яшириб қўйган тиллоларингиз йўқми?” деб сўралади. “Йўқ”, дейди маҳбус. “Лекин зинҳор ёлғон гапирманг, биз қидирувни давом эттирамиз”, деб огоҳлантиришади. Маҳбус қасам ичади: “Йўқ”, дейди қатъиян… Шундан кейин Каримов жазони ўташ зонасига юборилади. Иш ёпилади-ю, лекин тиллоларни қидирув давом этаверади. Тўққиз йилдан сўнг яна катта миқдордаги тилло тангалар топилади. Булар бошқа бир амалдордан мусодара қилинади. Ўша амалдорга омонатни айнан Каримов сақлаб қўйиш учун топширгани ҳам изқуварлар томонидан исботланади. КГБ ходимлари зонага боради. Каримов махсус хонага таклиф этилади. “Хўш, биз нимага келишган эдик?” деб сўрайдилар. “Сидқидилдан ҳамкорлик қилишга келишганмиз”, дейди А. Каримов. “Демак, келишув аҳдини ким бузди?” Каримов КГБ ходимларининг далилларини эшитгач, ер чизиб қолади. “Демак, айбингизга иқрорсиз. Шу боис энди миқ этолмайсиз. Лекин биз сирни фош этиш учун тўққиз йил овора бўлдик…” “Кечиринглар”, дейди Каримов ялиниб. “Айб қилган одам кечирилиши мумкин, аммо аҳдни бузган одам кечирилмайди”, деб КГБ ходимлари майин жилмайиб хонани тарк этади. Орадан маълум вақт ўтгач, Каримов қамоқдан чиқиш арафасида тўсатдан вафот этади. Чунки бошида ўлим жазоси ўн йиллик қамоқ муддатига ўзгарган, шу муддат давомида аҳдлашув бир томонлама бузилган ва бу нарса исботланган, энди ҳаёт учун ҳеч қандай кафолат қолмаган эди… Нима дейсиз, ана шу воқеадан воқиф бўлгач, Абдулла Қодирий бир кун кейин отилган, десам ишонасизми?

– Нима, КГБ ходимлари А. Каримовни заҳарлаб ўлдирганми? – деб сўрадим.

– Нима бўлганини ҳеч ким, ҳеч қачон исботлай олмайди.

– Тушунарли, – дедим тақлидан.

– Ана шунақа гаплар… Мен бу ташкилотнинг иш усулини яхши биламан…

Кейин у киши Москва архивларидан “босмачилик ҳаракати”га алоқадор анча-мунча маълумотлар тўплаб қўйганини, агар хоҳласам, улар билан таништириши мумкинлигини айтди.

Суҳбат янги мавзуга кўчди.

Ҳозир Нуриддин Акрамович Муҳиддинов саксон ёшларни қоралаб қолган, Тошкент шаҳрида яшайди. Вақт топиб у кишини бир йўқлаб қўйсам, савоб бўларди.

КГБ ва партия архивларини қунт билан ўрганиб амин бўлдимки, ҳокимиятни эгаллаб олган ёвуз ниятли кимсалар инсоний қиёфасини паққос сидириб олиб, ахлатхонага элтиб ташлар экан. Шу боис уларнинг қилмишларига одамгарчилик ёки гуманизм нуқтаи назаридан баҳо бераман деб овора бўлмаслик керак. Зеро, улар ҳокимиятни сақлаб қолиш учун ҳар қандай жирканч жиноятдан ҳам қайтмайди.

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби “халқ душманлари”нинг жасадлари 1938 йилнинг 4 октябр куни НКВД ертўласида крематорий ўчоқларида ёқиб юборилганига ақли расо одам ишонмаслиги мумкин. Ўзим ҳам Н. А. Муҳиддинов ҳикоясини эшитиб анча пайтгача “унчалик эмасдир-ов!” деб ишонқирамай юрдим. Кўнглимда пайдо бўлган иштибоҳни тасдиқлайдиган далил-дастак қидирдим; мантиқан ўйлаб кўрилса, жасадни ёқиб юборгандан кўра дафн этган осонроқ эмасми? Мен крематорий ўчоқларининг иш тартибини билмайман. Эҳтимол, минг даража иссиқлик ҳосил қилинган ўчоқда ҳар қандай жасад саноқли сониядан сўнг куйиб кулга айланиб кетар…

Соломон Волков “Шостакович и Сталин: Художник и царь” (Москва, “ЭКСМО”, 2006) номли китобида эътироф этишича: “Исаак Бабел ҳам, Всеволод Мейерхолд ҳам 1940 йилнинг бошида Ежов билан биргаликда отиб ташланади. Уларнинг жасадлари кечаси ёқиб юборилади (кремированы), қонхўр жандарм билан ижодкор даҳоларнинг хоклари эса умумий мозорга биргаликда сепиб юборилади” (378-бет).

Исаак Бебел – ўз даврининг беназир ёзувчиси, Всеволод Мейерхолд – буюк режиссёр, Ежов – 1937-1938 йилларда рўй берган мисли кўрилмаган қатли омни бевосита ижро этган, амалга оширган жаллод (НКВД раҳбари) эди. Уларнинг биргаликда олий жазога ҳукм этилиб, бирга отилиб, жасадлари крематорий ўчоқларида куйдирилиб, хокларининг битта умумий мозорга сепиб юборилиши, албатта, мисли кўрилмаган ҳақорат ҳисобланарди.

Демак, “халқ душманлари”нинг жасадларини крематорий ўчоқларида ёқиб юбориш биз учун янгиликдек туюлса-да, лекин қатли ом йилларида анъанавий тус олган эди. Насроний динига мансуб қавм учун жасадни куйдириш ғайритабиий ҳодиса ҳисобланмайди. Мусулмонлар учун эса бундай ҳодиса кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликдан бошқа нарса эмас.

Қодирийлар жасадининг куйдириб юборилишидан кўзланган мақсад фақат марҳумларнинг диний эътиқодини хўрлашдан иборат эмас, айни чоғда келажак авлод зиёрат қиладиган мозорлардан ном-нишон қолдирмаслик лозим эди. Тожикистон ССР Компартия архивида (Фонд №1, Опись №1, Дело №361, 6-7-бетлар) сақланаётган ҳужжатда айтилишича, “Анвар пошо мозори – унинг ёнига Болжувон беки Давлатмандбий ва Анвар пошо қароргоҳининг бошлиғи Фаррух афандилар дафн этилганлар – зиёратгоҳга айланиб қолган. Зиёратчиларга мулло Халифа раҳнамолик қилади. Шубҳасиз, бундай ҳодисалар аҳолига таъсир кўрсатади – аҳоли Художўй бўлгани туфайли Шўро ҳокимиятининг тадбирларини ҳаётга татбиқ этиш мушкуллашоқда…”

Бу ҳужжат 1925 йилнинг 14 июн куни ОГПУ ходимлари Аукон ва Медведов томонидан махсус ўрганилиб, тегишли чора-тадбир кўрилади.

Эътиқодли зотлар, шак-шубҳасиз, эътиқод тимсоли эди. Биз унисидан ҳам, бунисидан ҳам маҳрум этилганмиз.

Айтиб ўтилганидек, “Қатлнома” 1991 йилнинг май-июн ойлари “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган. 1992 йилда эса алоҳида китоб ҳолида нашр этилган эди. Мана, орадан салкам йигирма йил вақт ўтди. Китоб нашрга тайёрланган пайтлари мен Ҳабибулла Қодирийнинг хотиралари билан тўлиқ танишиш имкониятига эга бўлмаган эдим (у кишининг хотиралари матбуотда эълон қилинганда Душанбе шаҳрида Партия архивида ишлаётгандим, китобим эса нашрга топширилган эди). Ҳ. Қодирийнинг “Отамдан хотира” китобини ўқиб ўзим илгари сурган фикр-мулоҳазалар ҳақиқатга яқин эканига ишонч ҳосил қилиш билан бирга айрим ўринларни кўчирмалар олиб тўлдиришни лозим кўрдим. Чунки бу китобни ўқиган одам унисини, унисини ўқиган одам бунисини ўқимаган бғлиши мумкин. Азбаройи ўқувчиларга қулайлик туғдириш ниятида “Қатлнома”ни тўлдирдим, холос.

Ҳакам ўзингиз, китобхон!

Набижон Боқий,

1995 йил 13 сентябр,

2003 йил 13 март