O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қозонга яқин борсак, қораси юқади

Қозонга яқин борсак, қораси юқади
164 views
12 November 2019 - 18:27

“Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) таркибига кириш борасидаги позицияси қатъий эмаслигини билдириб қўйди.

Бундан аввалроқ, аниқроғи, 10 октябрь куни А.Қодиров бу мавзуда гапириб, “ЕОИИ номи билан иқтисодий бўлган, аммо ортида яширин сиёсий мақсадларни ҳам кўзда тутган ташкилот”, дея баёнот берган эди.

Энди эса у яна шу мавзудаги саволга: “Миллий тикланиш” партияси Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлайди”, дея жавоб қайтармоқда.

Таъкидлаш керакки, октябрь ойида Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши мавзуси атрофида баҳс-мунозаралар кучайган пайтда бу тузилмага қўшилиш мамлакат учун номақбул экани ҳақида фақатгина “Миллий тикланиш” очиқчасига ўз позициясини билдирганди.

Аммо ҳукумат расмийлари, биринчи навбатда, Сенатда туриб Ўзбекистоннинг расмий позициясини баён қилиш билан шуғулланувчи Содиқ Сафоев бу тузилмага аъзолик ҳақида илиқ фикрларни билдириши ортидан “Миллий тикланиш”нинг шашти қайтган кўринади.

Шу боис, А.Қодировнинг бу борадаги сўнгги қатъиятсиз баёнотини “миллий турланиш”нинг ёрқин шакли ўлароқ баҳолаш тўғрироқ бўлади.

Бошқа партияларчи? Ҳозирча улар “сиёсий ҳушёрлик” тамойилларига таянган ҳолда “ўзаро ҳамкорлик яхши”, “бу масалани миллий манфаатлар нуқтаи назаридан ҳал этиш керак” қабилидаги умумий гаплардан нари ўтаётгани йўқ.

Ҳамма ҳозирча президент Шавкат Мирзиёевнинг ЕОИИга аъзоликка оид очиқ баёнотини кутаётгани шубҳасиз.

Айни шундай баёнотдан сўнг мамлакатдаги сиёсий кучларнинг бу масаладаги позицияси “қатъийлашади”.

Ҳозирча эса ҳукумат ҳам, сиёсий партиялар ҳам Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолик масаласида аниқ фикрни очиқ айтаётгани йўқ. Улар икки ўт орасида қолган.

Бир томондан, 2017 йилнинг баҳорида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги асосий позицияси турли тузилмаларга, жумладан, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирмаслик экани ҳақида баёнот бериб қўйган.

Иккинчи томондан, Россия Ўзбекистонни ўз таъсир доирасига тобора чуқурроқ киритишга қаратилган сиёсат юритмоқда. Бу йўлда ҳар қандай жиддий иқтисодий-сиёсий босим ўтказишга тайёр эканига ишора қилмоқда.

Агар Россиянинг айтганига юрсак, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойилларида ўзгариш юз бердими, деган савол юзага чиқиши турган гап. Бу эса мамлакат ташқи сиёсатининг қатъийлигига нисбатан шубҳа уйғотади.

Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши масаласидаги кескин баҳс-мунозаралар ҳали узоқ давом этадиганга ўхшайди.

Расмийлар бу масалада Россия позициясига ёндашадиган фикр билдираётган бир пайтда мустақил таҳлилчилар ва норасмий мухолифатнинг, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги аксарият фойдаланувчиларнинг қарашлари бир-бирига зидлигича қолмоқда.

Манба: Eltuz.com