O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қозоғистондаги намойишларда илк бор “Назарбоев, кет!” ҳайқириғи янграй бошлади

Қозоғистондаги намойишларда илк бор “Назарбоев, кет!” ҳайқириғи янграй бошлади
121 views
25 February 2012 - 16:27

Қозоғистоннинг бир неча шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Шуларнинг энг йириги собиқ пойтахт Алмати шаҳрида ўтказилган. Намойишлар Facebook ижтимоий тармоғида тузилган “Қозоғистон норозилари” гуруҳи (https://www.facebook.com/groups/nesoglasnyekz) ташаббуси билан амалга оширилган.Мухолифат партияси лидерлари ва Facebookда ушбу норозилар гуруҳини ташкиллаштирган фаоллар ҳибсда олинган бўлса-да, Алматида жамиятнинг турли қатламидаги одамлар тўпланган.

Ҳукумат ушбу митингга рухсат бермаган ва намойиш ўтказилиши керак бўлган жой темир панжара ҳамда полция махсус кучлари билан ўраб олинган.

Би-Би-Си радиосининг хабарига кўра, йиғилганлар тротуар ҳамда дарахтлар орасида туриб ўз позицияларини билдирган.
Намойишда фаол иштирок этиб нутқ сўзлаган фаолларни полиция куч билан тутиб кетган.
Шаҳар марказида рухсат этилмаган намойишда илк бор “Назарбоев, кет!” деган ҳайқириқ янгради.

Тўпланган оломон ушбу жумлани бир неча маротаба жўр бўлиб такрорлаган.
Оташин нутқ сўзлаган фаолни эса ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари куч билан полиция идорасига олиб кетишган.

Полиция томонидан қўлга олишлар намойиш бошланмасидан олдинроқ бошланган.
Ҳукумат томонидан бу каби кескин қаршиликка қарамасдан Қозоғистондаги норозилар иккинчи марта Алмати шаҳри марказида намойиш ўтказишнинг уддасидан чиқди.

Алмати шаҳри марказидаги норозилик намойиши кўп йиллардан бери иккинчи марта ўтказилган.
Бир ой олдин мухолифатдаги “Азат” умуммиллий социал демократлар партияси “Адолатли сайловлар учун” шиори остида бўлиб ўтган парламент сайловларига ўз норозилигини билдирган ва кейинги намойиш 25 феврал куни бўлишини эълон қилганди.

Бу сафарги намойиш биргина мухолифат партияси билан чекланиб қолгани йўқ.
“Ижтимоий позиция” газетаси бош муҳаррири Ермурат Бапи бошчилигида Facebook ижтимоий тармоғида очилган “Қозоғистон норозилари” гуруҳига (https://www.facebook.com/groups/nesoglasnyekz) қисқа вақтнинг ичида 4500 ошиқ фойдаланувчи аъзо бўлди.

Гуруҳ 25 феврал куни ижтимоий ва сиёсий адолатсизликдан норозиликларни Қозоғистоннинг учта Астана, Алмати ва Ўрол шаҳарларида намойишга келишга чорлади.
Мухолифат шу вақтгача ҳокимият белгилаб берган жойда, яъни кўздан пана шаҳар марказидан олисроқ манзилда турли норозиликлар ўтказиб келган.

“25 февралдаги норозиликнинг олдингиларидан фарқи шунда бўлдики, одамлар ҳокимият эмас, ўзлари истаган жойга чиқишди”, дейилади Би-Би-Си хабарида.
Намойиш илк маротаба партия лидерларисиз ва ташаббускорларсиз ўтказилди.

Олдинги намойишларда кўпроқ қарияларни кўриш мумкин эди, бугун эса намойишга чиққанларнинг орасида турли қатлам вакиллари ва ёшларни кўриш мумкин эди.

Намойишчиларнинг орасида одамлар кўриб ўрганиб қолган лидерлар бўлмаса-да, ўз фикрларини изҳор этувчи нотиқлар кўплаб топилди.

Айниқса, нотаниш оқинннинг Президент Нурсултон Назарбоевга хиргойи оҳангидаги мурожаати қўллаб-қувватловларга сабаб бўлди.

Намойишлар яна бир ойдан сўнг шу ерда йиғилишга қарор берди.
Йиғилганларнинг бир гуруҳи тарқалди, қолган гуруҳ эса намойиш муносабати билан ҳибсга олинган лидерларнинг озод этилишини талаб қилиш мақсадида Медеу туман ички ишлар бошқармаси томон юришга ҳаракат қилди.
Аммо резина тўқмоқлар билан қуролланган полиция махсус кучлари намойишчиларни ушлаб, автобусларга тиқишди.