O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қозоғистонда Хаж зиёратига қизиқиш сусайиб бормоқда

Қозоғистонда Хаж зиёратига қизиқиш сусайиб бормоқда
196 views
09 July 2014 - 11:39

hajМуқаддас Рамазон ойи тугаганидан сўнг бир неча ой ўтиб “Хаж мавсуми” бошланади. Бу йил 5 мингта қозоғистонлик мусулмонлар Хаж ибодати учун отланиши кутилмоқда. Бироқ, йил сайин қозоғистонликлар орасида Хаж зиёратига бўлган қизиқиш сусайиб бормоқда, деб ёзади “Мегаполис” газетаси.

Бу йил қозоғистонлик мусулмонлар сентябрнинг учинчи чорагида Хаж сафарига отланишади. Ўтган йили 11 мингта қозоғистонлик Хаж зиёратига борган бўлса, бу йили 8 мингта фуқарога боришга рухсат берилган. Аммо Хаж зиёратига бориш истагида бўлганлар сони бунча чиқмаган ва қозоғистон диний идоралари 5 минг та одам учун квота ажратишни сўрашга мажбур бўлишган.

“Умуман олганда, Саудия Арабистони қоидаларига биноан ҳар бир мамлакатда яшовчи мусулмонлар умумий сонининг 0,1% миқдорида квота ажратилади. Масалан бизда тахминан 10 миллион одам ўзини мусулмон деб ҳисоблайди. Бу дегани қозоғистонликлар учун 10 минг кишигача квотага рухсат берилган. Бироқ, Хажга бориш учун талабнинг йўқлиги туфайли Қозоғистон диний ишлар бошқармаси фақат 5 мингта одам учун квота сўрашга мажбур бўлди”, – дея вазиятга изоҳ берди Диний ишлар бўйича Агентликнинг исломий бирлашмалар билан алоқалар бўйича раҳбари Балғамбек Мирзаев.

Унинг сўзларига кўра қўшни давлатлар бўлган Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда эса бунинг тамоман акси кузатилади. Ушбу давлатларда Хаж ибодатини адо қилишга бўлган талабгорлар сонининг кўплиги сабаб танлов қура ташлаш орқали амалга оширилади.

ЎХҲ ахборот бўлими