O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қонсираган авлод

Қонсираган авлод
159 views
07 August 2019 - 10:13

ҚОНСИРАГАН АВЛОД

Куни кеча гувоҳи бўлганим бир воқеа мени жуда ранжитди. Фарғона йўли кўчасига қайрилишда 68-автобус тўхтаб турган “Камаз”ни бехос туртиб ўтди. (Камаз нотўғри жойда турган эди.) Шофёр автобусни тўхтатди. Бу орада “Камаз” шофёрларидан бири билак шимариб, қўли билан уятсиз ҳаракатлар қилганича отилиб келиб қолди. Муроса қилса бўладиган ҳолат. Лекин секундлар ичида сўкиниш ва муштлашув авжига чиқди. Алам қиладигани шуки, атрофдаги йигитлар, эркаклар асосан томошабин. Бири расмга туширган, бири видеога олган… Тўртта девдай йигитни ажратиш уч-тўрт (жиноятга мойил????) хотин-халажга қолди. Амаллаб, “сенларни кутиб ўтирган онанг бордир, отанг бордир” деб бақириб-чақириб, ялиниб ажратиб олдик. Лекин шу вақт ичида уришқоқлардан бирининг оғзи-бурни қонга тўлди, биттасининг кўйлаги пора-пора бўлди. Агар қўлида пичоқ бўлса, бир-бирини сўйиб ташлашдан ҳам қайтишмасди. Жанжал авжида “Хоҳласанг, пичоқлашамиз, эркакмисан” деган гаплар ҳам бўляпти-да. Даҳшатга тушасан одам. Нари борса 20-25 ёш орасидаги йигитлар… Бу қонсираган, ўлишдан, ўлдиришдан қўрқмайдиган авлод қачон етишиб улгурди?

(Автобусдан тушиб, бекатда ўтирсам, битта машинада 3та маймунзода ўтиб қолди. Иккитаси машинада, биттаси ўзини ўргимчак одам тасаввур қилиб, капотнинг устида кетяпти. Ичкаридагилар қийқириб видеога оляпти. Эй, Худо, ўзинг сабр бер!)

Гулноз Мўминова