O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қонунлари бузилган, фуқаролари эзилган юртим

Қонунлари бузилган, фуқаролари эзилган юртим
136 views
01 April 2013 - 9:44

Мамлакатимизда бузилмаган бирор қонун, тармоқ, соҳа йўқлигини диктатор Каримовдан тортиб, кўчадаги тиланчигача яхши билади. Давлат раҳбари  аввало атрофидагиларни, улар орқали халқини алдаш билан чорак асрнинг ва не бир инсонларнинг бошига етди.

F56A49AD-CAAE-4989-96D5-55C6A5AF1B49_w640_r1_s“Эркин, демократик жамият қурдик, фуқаролик институтларини яратдик, келажагимиз биздан бахтлироқ бўлишга ҳақлидир, ҳаммангизни бағримга босаман”, деб кўзингга қараб ёлғонлайди Президент. Эркин, демократик Конституцион тузумда яшаяпмиз, деб лоф уради  ОАВларида аҳли қалам. Ростдан ҳам шундайми? Биз ёлғонга ўрганиб қолганимиз учун гапнинг маъносига унчалик эътибор ҳам бермаймиз. Мана қаранг:

“Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”, дейилади Ўзбекистон Конституциясининг 61-моддасида.

 Афсуски, бу ёлғонга ҳар куни, ҳар қадамда дуч келамиз. Давлат бу бирлашманинг ишига нафақат аралашади, балки уни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (ДИҚ) орқали ҳар қадамини бошқаради ҳам. Жумладан, масжидлар имомлигига ҳам хукуматга ёқадиган кишилар тайинланади, имомларининг маърузалари матни аввалдан тайёрланиб, ДИҚ тасдиғидан ўтгач, фаолиятга қўйилади. Бу камлик қилганидай Давлат маҳалла орқали одамларнинг диний эътиқодига аралашади, уларнинг йиғинларига пойлоқчилар қўяди, Қуръони Карим тиловат қилувчиларни маҳкамага чақириб тергов ўтказади ва ҳакозо.

Маҳалла ҳам худди диний ташкилот каби ўзини ўзи бошқарувчи нодавлат ташкилоти экани маълум. У ерда диний маърифат маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи аҳолининг эътиқоди, динга “берилиб кетиши”, юриш-туришини “ижобий маънода ўрганиш” билан шуғулланади.

Ўзбекистон Конституциясида бир-бирига зид моддаларни ва моддага зид амалларни истаганча топиш мумкин. Жумладан диний адабиётлар,  дин ҳақида сўз айтилган ҳар қандай асарлар, китоблар барчаси ДИҚ тавсия қилмагунича чоп этилмайди. Империядан мерос ЦЕНЗУРА отли қўрқинчли тушунча айнан дин соҳасида ҳар томонлама қаттиқ ишлайди. Холбуки,  Қомусимизнинг 67-моддасида аниқ ва равшан қилиб “Цензурага йўл қўйилмайди”, деб ёзиб қўйилгандир.

Диктатор измидаги ижтимоий-сиёсий бошқарув машинаси орқали ва турли шаклдаги цензура тўрлари билан ўраб олинган халқ борки, у эркин фикрлашга қодир эмас. Шунинг учун ҳам онгли ва онгсиз равишда қариб, бола феъл бўлиб қолган кексалар: “Президентимиз юзга кирсинлар, бахтимизга омон бўлсинлар, бизга мана мустақилликни олиб берди”, деб дуо қилганидан хурсанд.

Холбуки,  бу чол ва кампирнинг неча қариндоши, яқини, қўни-қўшнисининг эркаклари ҳар қайларда пул топиш учун юртдан ташқарида тентираб юришибди.  Бўй етган қизлари кечки ишхоналарда “хизмат”да, ўғиллар мардикор, неча бирлари мусофирликда ўлиб келишяпти. Кела олмаганларининг жасади нима бўлганини ҳеч ким билмайди, балки ўтга ёқишгандир, балки ишлатиб-ишлатиб ҳақини бермаслик учун ўлдиришиб, қузғунларга ем қилишгандир. Лекин…

Лекин эркин фикрлаш нималигидан мосуво инсонлар тўтиқушдек ўргатилган гапларни такрорларкан, томошабиннинг кўнгли озади. Яна ҳам аччиқроқ ҳақиқат ҳали олдинда. Чорак асрлик диктатор сиёсатининг заҳарли меваларини татишга маҳкум келажак авлодни бу катта офатдан ким қутқаради?  Жавоб эса битта: Эй азиз ватандошлар, Ўзбекистон Ҳалқ Ҳаракати бугунги Ўзбекистон учун Яратган инояти бўлса ажаб эмас. Келинглар опа-сингиллар, Диктатор тузумига қарши бирлашайлик!

Фарзандлар келажагини золим сиёсати зулмидан қутқариш сиз билан бизнинг ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ экан, фурсатни ғанимат билайлик. Яшасин, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати!

 

Ҳуринисо МУХТОР,

Тошкентдан, маҳалла фаоли…

01.04.2013