O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қонун инсон қадридан шунчалик устунми?! Унда қонун ким учун?!

Қонун инсон қадридан шунчалик устунми?! Унда қонун ким учун?!
149 views
15 February 2019 - 10:00

Яқинда пискентлик Б. исмли бир одам ёлланма ишчи бўлиб Қозоғистонга, Чимкентга боради. Унинг ўзбек шериги бир қозоқ билан келишиб, паспортини олиб қўйиб, уни хўрлаб тазйиқ ва таҳдид билан ишлата бошлайди. Кейин шу одам ишлаган ҳақини олиш тугул паспортини ҳам қайтариб ололмасликка ақли етгач қочишга мажбур бўлади. У жон ховучлаб қочиб чегара постига яқинлашгач, бу ерда ҳам “паспортинг қани деб қамаб қўйишади энди” деб ўйлаб айланма йўл орқали сув ва балчиқларни кечиб абгор ҳолда чегарани “бузиб” ўтади.

Бундан хабар топган чегарчилар уни ушлаб ИИБ ходимларига топширади. Улар эса уни Пискент ИИБсига топширади. Пискент ИИБси эса унинг ишини судга топширади. Суд эса бу фуқарони суд қилиб, масалани юзаки ўрганувчи Ёшлар иттифоқини кафиллиги остида гўёки ундан кечирим сўраттириб, қўрқитиб-қўрқитиб, бир сўми қолмаган бечорага отнинг калласидай жарима солиб озодликни чеклаш ҳукмини чиқарган. Буни галварс журналист “Чегарани бузган саёқ – ейди таёқ” сарлавҳали мақола ёзиб менга олиб келди.

Нима аҳволга тушиб қолдик?! Аслида руҳий –маънавий жиҳатдан синган юртдошимизни бадтар синдириб нимага эришмоқчимиз?! У чегарани “бузиб” бу билан Ватанини сотгани йўқ эди-ку?! Аслида унга шу аҳволига руҳий мадад ва шифохона ёрдами керак эди-ку!!!

Бизнинг ўрнимизда чеченлар ёки кавказликлар бўлганда нима қиларди айтайми? Бу фуқаронинг ўша ярамас ўзбек шеригини топиб келиб бошига итнинг кунини соларди. Нариги қозоқни эса керак бўлса Назарбоевгача чиқиб кечирим сўраттириб, моддий ва маънавий зарарни ундирарди.

Мен қонунларимизни ҳурмат қиламан. Лекин фаросатни ишлатадиган жойда қонунга кўр-кўрона амал қилиш бизни қандай аҳволга солиб қўйишини мулоҳаза қилиб кўрайлик. Шундан кейин ҳам кўкрагимизга уриб “Ўзбекман” дея оламизми?! Мен Ватанни қонун ҳимоячиларидан кам севмайман. Балки “айбдор” бўлган – аслида жабрдийда ўша фуқаро ҳам Ватанни биздан кам севмаса керак. Бўлмаса бола-чақасини ҳалол улғайтираман, ҳалол топиб, ҳалол луқма едираман, деб четга боришга мажбур бўлмасди. Бизнинг ўз миллатимизга ўзимизнинг ғалати муносабатимизни яхши билгани учун ҳам паспортсиз қўрқмай постга яқинлашолмаган бечора. Бўлмаса чегарани бузишга мажбур бўлмасди.

Хуллас, Ватанни бир-бировимиздан кам севмаймиз. Кучук қўрғонни гир айланиб тинмай югуриб, тинмай вовиллаб хуриб Ватанни севади, беш тонналик фил ҳам индамай Ватанни севади…

Шукур Жаббор

facebook.com