O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қоп-қора ёлғон

Қоп-қора ёлғон
139 views
23 August 2017 - 11:04

Каримов режимига Қаршилик тарихидан

(Биринчи мақола)

2017 йилнинг 16 феврал куни Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов ва Ички Ишлар Вазири генерал Зокир Алиматовларнинг фитнаси Каримов режимига мухолифат ва Ўзбекистон аҳолисининг диндор қисмига нисбатан кенг миқёсдаги қатағонини бошлаши учун баҳона бўлганига 18 йил тўлди.

Ўшанда Иноятов ва Алиматовлар Тошкент марказида бер нечта портлашларни уюштиришган ва бунда сиёсий мухолифат ва диндорларни айблашган эди. Ушбу давлат террорининг кўпчилик қурбонлари ёки қийноқлар остида ўлиб кетишди ёки ҳали ҳам қамоқхоналарда қолишмоқда. Агарда янги ҳукумат ўзи тез-тез таъкидлаётганидек ҳақиқатдан ҳам адолатни тикламоқчи бўлса, у ҳолда ишни 16 феврал портлашлари бўйича маҳкамага тортилган ва айбдор деб топилган минглаб айбсиз инсонларнинг ишини қайтадан кўриб чиқиб, уларни реабилитация қилишдан бошлаши керак.

ЎХҲ таҳририяти

* * *

ҚОП-ҚОРА ЁЛҒОН

16  февралда  Тошкентда  юз  берган  портлашларга  «ЭРК» Партиясининг  муносабатини  биз  эълон  қилган  эдик.  Ҳатто  ўз халқига  террор  ўтказаётган  давлатга  қарши  ҳам  террор  билан жавоб  беришни  оқлаш  мумкин  эмаслигини  айтгандик.  «ЭРК» Партиясининг  ҳам,  менинг  ҳам,  Обидхон  қорининг  ёки  унинг қариндошларининг  ҳам,  қамоққа  олинган  ёзувчи  Мамадали Маҳмуд  ва  менинг  укам  Рашид  Бекжонларнинг  ҳам  бу портлашларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини Ўзбекистон ҳукумати яхши  билади.  Билади-ю,  фурсатни  бой  беришни  истамайди.

Ўз мухолифларини  айблаш  учун  бундан  ҳам  қулайроқ  фурсат  қачон келади яна? Ва шу қора ният билан ўзига салгина мухолиф бўлган ким  бўлса,  ҳаммасини  ёппасига,  ҳеч  бир  исботсиз,  далилсиз  ва ҳужжатсиз жиноятчига чиқарди.

28  февралда  «Халқ  сўзи»  газетасида  босилган  «Огоҳликка даъват»  мақоласи  ҳукуматнинг  ҳали  ҳам  портлашни уюштирганларни  топа  олмаганини  кўрсатмоқда.  Бу  ожизликнинг бутун  аламини  ҳукумат  сиёсий  мухолифатдан  ва  бегуноҳ инсонлардан  олишга бошлади.

«Огоҳликка даъват» мақоласига келсак, шу қадар тутуриқсиз иддаолар  қиладики,  биринчи  қарашда  портлашни  уюштирганларни ҳукумат  топгиси  келмаяпти  ёки  буни  ўзи  уюштирган,  деган  фикр туғилади.

Лекин  чуқурроқ  ўйлаб  кўрилса,  мақолани  мақсадсиз ёзилган,  деб  бўлмайди.  Мақоланинг  мақсади  16  февралда  ҳалок бўлган  бегуноҳ  одамлар  ҳақида  қайғуриш  ёки  портлаш сабабчиларини  фош  қилиш  эмас,  балки  яқинлашиб  келаётган Парламент  сайловларини  режим  учун  максимал  даражада  қулай қилиш,  унинг  муҳтамал  рақибларини  пассивлаштириш,  энг яхшиси,  уларни  сайловдан  умуман  четлаштириш.

Бунинг  синалган йўли  бор.  Буни  амалга  ошириш  учун  мухолифатни  қонун ташқарисидаги  куч,  уни  машруъ  (легитим)  бўлмаган  ташкилот сифатида  кўрсатиш  керак.  Уни  «террорист»  қилиб  кўрсатиш  энг эффектив  йўл,  бу  усул  1994  йилги  сайловларда  қўлланилди  ва режим  ўзини  қўғирчоқ  Парламентини  тузиб  олди.  «Нима  қилиб бўлса ҳам мухолифатни сайловда қатнаштирмаслик керак, нариёғи осон».  Ҳукумат  шундай  деб  ўйлайди  ва  бу  ўйларини  амалга ошириш  учун  у  бутун  Ўзбекистон  бўйлаб  ҳаракатга  кечди.

«Огоҳликка  даъват»  мақоласи  чиққанидан  кейин,  мақола Президентнинг  шахсан  буйруғи  билан  бутун  жумҳурият  бўйлаб муҳокама  қилина  бошлади.  Президентнинг  буйруғи  билан  ғазабга келган  қариялар,  хотин-қиз  ва  ёш-яланг  сиёсий  мухолифатга  ва ислом  фундаменталистларига  лаънат  ёғдирмоқда.  Балки  биз  бу одамларни ноҳақ айблаётгандирмиз, деб ҳеч ким ўйламайди. Балки ҳукумат  пропагандаси  бизни  яна  алдаётгандир,  деб  ҳеч  ким мушоҳада қилмайди. Бу одамлар Совет даврида ўзлари отини ҳам эшитиб  кўрмаган  ёзувчи  ва  олимлар  (масалан,  машҳур  рус ёзувчиси  А.  Солженицин  ва  машҳур  олим  А.  Сахаров  кабилар)га ҳукумат  буйруғи  билан  қандай  лаънат  ёғдиришган  бўлса,  бугун  бизга  қарши  худди  ўшандай  лаънат  ёғдирмоқдалар.  Бу  жазава пардаси орқасида нима бор, ҳукумат нега бирдан талвасага тушиб қолди?

Маълумки,  Ўрта  Осиёда  ва  унинг  маркази  саналган Ўзбекистонда  озми-кўпми  манфаати  бўлган  Ғарб  давлатлари  бу ўлкадаги  воқеаларни  диққат  билан  кузатмоқдалар.  Ишонинг, Ғарбда  ҳам  худди  биз  каби  Ўзбекистондаги бу таранг ижтимоий-сиёсий вазиятни қандай қилиб юмшатиш, бу мустабид бошқарувни қандай  қилиб  демократик  чизиғига  яқинлаштириш  мумкинлиги ҳақида  бош  қотираётган  инсонлар  бор.  Албатта,  Ўзбекистондаги режим  лаганбардорлари  мени  «ғарбдан  умид  қилаяпти»,  дея айблашлари  мумкин.  Аммо  улар  шуни  билишлари  керакки,  Ғарб давлатлари  ўзи  билан  алоқа  қилаётган  ўлкаларнинг  ҳам  иложи борича ўзи каби демократик бўлишини истайди. Буни биз ўзбеклар учун  эмас,  ўзлари  учун  истайдилар.  Чунки  фақат  демократик ўлкадагина  эркин  ахборот  олиш,  эркин  борди-келди  қилиш мумкин.  Ва  шундай  ўлкадагина  истиқрорли  сиёсат,  демак истиқрорли  иқтисод  бўлиши  мумкин.  Шундай  истиқрорли иқтисодга  соҳиб  ўлкагина  ўз  сармоячиларига  кафолат  берса, сармоячилар  бу  кафолатга  ишонишлари  мумкин.  Фақат  шундай ўлка билан ҳамкорлик қилиш  хавфсиз ва фойдали улар учун.

Шу  боис  йил  охирида  ўтиши  керак  бўлган  Парламент сайловлари  фақат  Ўзбекистон  ҳукумати  ва  Ўзбекистон мухолифатини  эмас,  балки  бу  ўлкада  манфаати  бор  бошқа давлатларни  ҳам  ўйлантираётгани  табиий  бир  ҳолдир.  Масалан, феврал  ойининг  бошида  Американинг  Миллий  Демократия Институти  вакиллари  ўзбек  мухолифати  билан  учрашиб,  бўлажак сайловлар  ҳақида  фикр  алмашдилар.  Феврал  ойининг  ўртасида Ўзбекистон  мухолифати  Оврупо  Хавфсизлик  ва  Ҳамкорлик Ташкилоти  масъуллари  билан  учрашди.  Бу  учрашувнинг  мавзуси ҳам  келаётган  Парламент  сайловлари  бўлди.  Қизиғи  шундаки,  бу учрашувда  мухолифат  вакиллари  ҳукуматнинг  бу  сафар  ҳам сайловни  мухолифатсиз  ўтказиш  учун  ҳаракат  қилаётганини айтганди.  Айнан  шундай  бўлаяпти.  «Халқ  сўзи»да  босилган «Огоҳликка  даъват»  мақоласи  Ғарб  давлатларининг  мухолифатни сайловларга  қатнаштириш  тўғрисидаги  келадиган  таклифларини рад  қилиш  учун  шоша-пиша,  талваса  ичида  ҳозирланаётган ташвиқот дебочасидир.

Мақоланинг  ёзилиш  маҳорати  унинг  мақсадига  лойиқ  эмас. Мақсад қанчалик сиёсий ва режим учун қанчалик муҳим бўлмасин, мақола  ўз  муаллифининг  фикрлаш  миқёси  торлигидан,  примитив савияда  қолиб  кетган.  Президент  Каримовни  кўкларга  кўтариб, унинг  рақибини  кўча  сўзлари  билан  ҳақорат  қилиш  на  муаллифга, на Президентга обрў келтиради. Ва энг муҳими, ёлғон сўзни қандай оҳангда  айтсанг  айт,  унинг  ёлғонлиги  билиниб  тураверади.

Ёлғонни  нимага  ўрасанг  ўра,  у  худди  қора  сиёҳ  каби  ўртага чиқаверади.  “Огоҳликка  даъват” мақоласи  шундай  қоп-қора ёлғондир.

Ёлғон  мақола  муаллифнинг  исмидан  бошланади.  Асадулло Ҳақназар  деган  бир  журналист  йўқ.  Бу  бир  ёлғон,  унинг  орқасида ўз туҳматлари учун бир кун жавоб беришдан қўрқиб қалтираётган бир  шўрлик  турибди.  Бу  одам  мени  қўрқоқликда  айблайди.  Мен ҳеч қачон «жасурман» деб кўкрагимга урганим йўқ.

Аммо, Оллоҳга шукурлар  бўлсинки,  у  менга  ватанда ҳам, ватан ташқарисида ҳам золимга, «золимсан», деб айтишни насиб қилди. Яна Унга шукрлар бўлсинки,  у  мени  сўзимни  айтмоқ  учун  исмимни  яшириш даражасига тушишдан қутқарди.

Каминага  ниқоб  кийган  муаллифларнинг  хуружлари  янгилик эмас.  Ўтган  йил  «Нарзулло  Қосимов»  деган  ниқоб  остида  чиққан бир  шахс  «Мустақиллик курашлар даври» деб аталган китоб ёзиб, унда  худди  Асадулло  услубида  менга  ҳақоратлар  ёғдирганди.

Айтишларича,  бу  ниқоб  ўз  хизматлари  учун  Президент  саройига ишга  олинганмиш.  Балки «Асадулло» ўша «Нарзулло»дир, балки у эмасдир,  мен  ҳозир буни ўйлаётганим йўқ. Мен зулмнинг табиати, зулмнинг  анатомияси  ҳақида  ўйлаяпман.  Унинг  шу  қадар примитив,  калтабин  зеҳниятларга  таянган  ҳолда,  шу  қадар  кучли бўлиши  мумкинлигининг  сири  нимада  эканлигини  ўйлаяпман.

Бунда  мутлақо  Оллоҳнинг  ҳикмати,  мантиғи  бор.  Зулм,  албатта, калтабин  зеҳниятларга  таянади  ва  албатта,  примитив ақллардангина  озиқланади.  Чунки  юксак  ақл  зулмни  қабул  қила олмайди,  тоза  зеҳният  Оллоҳдан  қўрқади  ва  ҳар  қандай  зулмдан ҳазар  қилади.  Табиийки,  «Огоҳликка  даъват»  мақоласини ёзган ва ёздирганларнинг  ташвиши  бу  эмас.  Уларнинг  битта  ташвиши бор: зулмни  машруъ  қилиш,  уни  қонуний  қилиш.  Бу  йўлда  ҳар  қандай ёлғонни  тўқишга тайёрлар. «Огоҳликка даъват» мақоласи мени ўша портлашларга  алоқадор  кўрсатар  экан,  бирорта  далил,  бирорта исбот  келтирмайди,  фақат  «ҳали  вақти  келади  –  ҳамма  кирдикорларини  фош  қиламиз»,  дейди.  Унга  «Ҳай  жонивор,  ахир ўша  вақт  келсин  ва  унинг  кирдикорларини  фош  қил, кейин айбла», дейдиган бир мард ҳам йўқ.

Нима  эмиш,  Муҳаммад  Солиҳ  беш  вақт  намоз  қилармиш. Мен ниқоббойдан сўрамоқчиман, намозни неча вақт қилса, сизнинг қонунларга  тўғри келади? Неча вақт намоз қилса, одамларга туҳмат қилишдан тўхтайсизлар? Неча вақт намоз қилса, диндорларга азоб беришни  бас  қиласизлар.  Албатта,  одамлар  бир  вақт  ҳам  намоз қилмаса, сиз учун яхши бўларди. Улар намоз ўрнига юртбошининг китобини  ўқиб  ўтирса,  кўнглингиз  жойига  тушган  бўларди.  Улар Яратганга  эмас,  юртбошига  сажда  қилса, яна ҳам хурсанд бўлган бўлардингиз.  Лекин  ундай  бўлмайди,  сизлар  қилаётган  зулм қанчалик  кучли  бўлмасин,  инсонлар  ўз  эътиқодидан  воз кечмайдилар.  Улар  сизнинг  сохта  конституциянгизга  қараб  эмас, Яратганнинг  иродасига  қараб  турмада  бўлса  турмада,  сургунда бўлса сургунда ўзининг беш вақт намозини қилаверадилар.

Ниқоббой  яна  Муҳаммад  Солиҳ  уч  марта  уйланган,  деб ёзади.  Мен  икки  марта  уйланганман  ва  буни  китобимда  очиқ ёзганман,  ҳеч  қачон  яширмаганман.  Биринчи  оилам  ва фарзандларим  билан  орамизда  ҳеч қачон ихтилоф бўлмаган. Хўш, бунинг  ва  менинг  намоз  қилишимнинг  16  февралдаги портлашларга нима алоқаси бор?

Умуман,  бировнинг  шахсий  ҳаётини  ковлаштириш  қайси аҳлоққа тўғри келади?

Ниқоббой  яна  «Муҳаммад  Солиҳ  намоз  қилиб,  гуноҳларини ювишга интилаяптими?» дея хитоб қилади. Албатта, гуноҳларимни ювишга  интилаяпман.  Ва  сиз ҳам шунга интилинг, ниқоббой ошна.

Чунки  сиз  ҳам  бир  гуноҳкор  қулсиз.  Бировга  туҳмат  қилиш гуноҳларнинг энг ёмонидир. Сиз менга туҳмат қилмоқдасиз. Сиз бу туҳматни  буйруқ  билан  қилаяпсиз,  аммо  бу  сиздан  масъулиятни соқит  қилмайди.

Оллоҳга  ямин  қиламан,  менинг  қўлим  қонга ботгани  йўқ,  қонга  сизнинг  ҳомийларингизнинг  қўллари ботгандир. Ўзбекистонда дом-дараксиз йўқолиб кетаётган ва қамоқхоналарда уриб  ўлдирилаётган  инсонлар  сон-саноқсиздир.  Улар  учун сизнинг ҳомийларингиз  жавоб  беражак.  Менинг  ва  менинг қариндошларим ҳақида  уйдираётган  ифтиро  ва  туҳматлар  менинг  миллатимга ўтказилаётган зулм олдида ҳечдир. Сиз менга йўналтирган ҳар бир ҳақорат  ва  ҳар  бир туҳмат учун жавоб бериб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим.

Сизларни  Оллоҳга  ҳавола  қилдим.  Фақат  сўзимни  бир эски шеър билан битирмоқчиман, маъзур тутасизлар.

Бир ёнда ожизу бир ёнда кучли, 
Кураш бошланаркан тарафма-тараф. 
Ожизнинг ёнини олганинг учун, 
«Хоин» деб ном олмоқ нақадар шараф! 
На шараф, ўз халқин қул этган подшоҳ  
«Ашаддий душман» деб сени атаса,  
Жазавага тушса номинг эшитган чоғ 
Китобингни ёқса, йиртса, топтаса. 
Нақадар шарафдир зулмга зулм десанг, 
Синса ҳам бошингда ҳар куни тўқмоқ. 
Шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал, 
На гўзал, фақат бир Оллоҳдан қўрқмоқ!
(1994)

1999

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” номли китобидан. (185-190-саҳифалар)