Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(69-қисм)
“Қори Ака”
Эски замонларда худосиз совет давлати динни тизгинида ушлаб туриш учун икки йўлдан фойдаланган:
1) диний “арбоблар”нинг деярли ҳаммасини алоҳида-алоҳида “хизмат”га ёллаган ҳамда
2) Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ – КГБ)дан махсус бир ходимни сингдириб қўйган.
“Мустақил” Ўзбекистон давлати советнинг вориси ўлароқ айни шу анъанани тўла сақлаб қолди. Сақлаб қолдигина эмас, янги-янги усуллар чиқариб ўзиб ҳам кетди.
Масалан, совет ДХҚси ўз жосусини диний идорага бўлим бошлиғи қилиб ташлаган бўлса, “мустақил” Ўзбекистон МХХси биратўла муфти ўринбосари этиб қўйди.
2006 йил баҳоридан бери бу вазифада Айдарбек Тулепов исмли шахс ишлайди. Идоранинг ходимлар, молия, халқаро алоқалар, ҳаж, умра каби барча нозик ва асосий ишларини шу киши бошқаради. Лекин бу дегани бошқа ишларига аралашмайди дегани эмас. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг деярли барча иши усиз, унинг “маслаҳат”исиз юритилмайди.
Идорада сўзи ўтадиган, ҳукми кесадиган асосий бошлиқ ‒ “бош қўмондон” ким эканини ҳамма билади ва ходимлар муфти теварагида эмас, кўпроқ “ўринбосар” теварагида уюшган. Ташкилот ўлароқ диний идора ҳам, бошлиқ ўлароқ муфти ҳам эркини, ҳақ-ҳуқуқини шу йигитга тўла ва узил-кесил бой бериб бўлди. Шу учун бўлса керак, идора теварагида ўралашиб юрадиганлар бу йигитга ишора қилиб бир-бирига муштумини қаттиқ сиқиб кўрсатади: “Идорани тўла қўлига олди!” демоқчи бўлади.
Албатта, гап Айдарбек Тулепов шахси устида эмас.
Эътибор берилган бўлса, умуман, ушбу китобда асосий диққат шахсларга эмас, тузумга, хато бошқарув услубига қаратилган.
Бугун Ўзбекистонда юзага келган шароитда ҳар ким “муфти”, ҳар ким “Айдарбек Тулепов” бўлиши мумкин. Истаса ҳам, истамаса ҳам. Агар тузум инсонийроқ ва демократикроқ бўлганида, бу йигит ҳам давлат манфаатини ўнг англаган ва, демак, тўғри услубда ишлаган бўлар эди. Ҳозирги тузум тоталитар, авторитар бўлгани ҳамда диктаторликка асослангани учун МХХнинг ЎМИга ташланган десанти ҳам ўзини шу мақомга мос тутади.
Яъни, унинг бутун бу мавқеи ва иш услуби диктаторликка асосланган давлатнинг динга муносабат услубидан сув ичади.
У – аскар, ташкилоти уни қаерга ташласа, бориб ишлаб беришга мажбур. Кеча туман МХХсида ишлар эди, бугун бошига салла қўндириб, эгнига жубба илиб, муфти ноиби бўлиб ишлаяпти, эртага биронта ароқ зовути бошлиғига ўринбосар қилиб юборилса, боради.
Зотан, аскарнинг тақдири шунақа – муҳокама қилишга ҳаққи йўқ, қўлига автомат тутқазиб қаерга йўлланса, тариллатиб отиб кетаверади.
Давлат динни кимлар ёрдамида ва қандай услубда кузатиб-бошқаришини англаш учун бу шахсни алоҳида танитишимизга тўғри келади.
Хўш, бу одам ким ва унинг иш услуби қандай?
Кўплар уни орқасидан “Ака” дейди. Ияк қоқиб, бош ҳарф билан айтади. Ҳамкасабалари ‒ Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари орасида лақаби “Қори ака”дир.
Буни билганлар айрича ҳурматини билдириб иккала сўзни ҳам бош ҳарфда айтади: “Қори Ака”!
Қўпол феълини демаганда, “Қори Ака” ўзи ёмон болага ўхшамайди. Бундай қарасангиз, юрган одамлардай бир одам. Аммо орқасида қудратли давлат ва унинг қудратли МХХси тургани учун у ҳам ЎМИда қудратли шахсга айланган.
Айрим билағонлар унга ижобий баҳо ҳам беришади. Айтишларича, мамлакатда диний вазият оғир бўлишига ва идоранинг камчилиги кўплигига қарамай, расмий диний соҳа одамларини давлатнинг қаҳру ғазабидан шу “Қори Ака” омон-эсон сақлаб келаётган эмиш.
Бўлса бордир. Яна қайтариб айтаман: ўзи ёмон болага ўхшамайди.
Лекин атрофидагиларнинг унга ялтоқиларча муомала-муносабати уни ҳам бузмай қўймади – керилиб кетди. Тўғрироғи, келишидан керикроқ эди, бу кунларда янада керилди.
Диний идора ходимининг обрў-мартабаси “Қори Ака”га яқин-йироқлиги билан ўлчанади. Хос суҳбатдоши бўлиш ҳар кимнинг орзуйи. Айниқса, овқат ўртоқлари (“аҳли ошхона”) билан чекиш ўртоқлари (“аҳли курилка”) бошқаларнинг ва ўзларининг назарларида энг бахтли инсонлардир.
Айтганча, илгари идора ходимлари чекиш-чекмаслигини биров билмас эди, “Қори Ака” шарофати билан чекувчи ходимлар очиқликка чиқди ва бир чиройли “чекувчилар жамоати” шаклланди. Сони аста-секин ортиб боряпти.
Айримлари қайсидир мачитларда имомлик ҳам қилади. Шу дамгача яшириб чекиб юрган бўлса, бундан бу ёғига, “Қори Ака”ни ёлғизлатиб қўймаслик учун, улар ҳам юзини сидириб кўчада чека бошлади.
Шу тариқа идора ҳовлисида махсус “курилка”, ходимлар орасида эса “аҳли курилка” пайдо бўлди.
Инсоф билан айтиш керак, “аҳли курилка”нинг ҳаммаси ҳам чекавермайди, айримлари “Қори Ака” (давлат)га ёқиш учунгина ёнида туради. У (давлат) қайтарган тутундан заҳарланишга ҳам рози, ёнида турса бўлди ‒ шундан шод, шундан хуррам.
Тўғри, идора ходими чекаётганини қавмидан биронтаси кўриб қолса, гап чиқиши тайин, обрў ҳам кетади. Лекин қавм олдидаги обрў қаёқдаю давлат (“Қори Ака”) билан бирга туташтириб, унга “аҳли курилка” бўлишдек обрў қаёқда!
“Аҳли курилка” қаторига қўшилган ҳар қандай ходим ҳам ўша кундан бошлаб шиша бошлайди ва ўзини бошқалардан бир поғона баланд тутиб юрадиган бўлиб қолади. Бунинг завқига нима етсин! Қавм нима деса, десин!
Айрим онларда: “Курилка балки кўзни чалғитишга курилкадир, аслида, ўзига хос қабул бурчагимикан”, деган хаёлларга ҳам бориб қолади одам. Анча-мунча масала шу ерда ҳал бўлиб кетса керак. Кунига хилма-хил одам турган бўлади-да.
Биз узоқдан кўрганимизни айтяпмиз, яна ҳам тўғрисини Оллоҳ билади…
“Қори Ака”га яқин бўлиш қанча мартаба бўлса, унинг назаридан қолиш, аксинча, улкан фожиадир. Ўртага одам суқиб бўлса-да қайтадан ишончига кириб олмаса, “назардан қолган ходим” кечалари ухламай чиқади. “Қори Ака”нинг кетидан қатнай-қатнай, яна орага таниш-билишларни ҳам қўйиб, то совуган муносабатларни илиқлаштириб олмагунича шўрлик ходим сочига оқ тушади.
Бундай одатусти мавқеини “Қори Ака” ўзи ҳам юрак-юрагидан ҳис этади. Юрганида шунга яраша виқор билан юради. Кўчада ҳам, хонасида ҳам қовоғини солиб, юзида бирон илиқлик аломатини кўрсатмай муомала қилади, бировга илтифотини сездирмасликка интилади, ҳаммага бирдай паст назар билан қарайди. Бунга сари ҳаммани ўзига талпинтираверади. Йўлида учраганларга саломига алик олганини кўзининг қирини ташлаш билан билдиради. Мабодо эриб кетиб қўл узатиб қолса, бир сўз демай, бошини бир силкиб қўяди.
“Қори Ака” намоз ўқийдими, ўқимайдими ‒ билмаймиз. Лекин мачитга қатнамаслиги тирик гувоҳлар шоҳидлиги билан аниқ. Масалан, пешинга азон айтилаётган пайти… салмоқлани-иб… ошхонага – мачитга том тескари томонга юриб кела бошлайди.
Йигирма етти баравар савоб худди намозни жамоат бўлиб ўқиганга эмас, “Қори Ака”га жамоат бўлиб овқатланганларга бериладигандай, “аҳли ошхона” ҳам бу пайтда “Қори Ака”га эргашади ‒ кимидир ҳамқадам бўлиб, кимидир ярим одим орқада идора ошхонаси сари йўрғалашади.
Пешинга азон авом учун, “аҳли ошхона” учун эмас. Булар олиму уламо, фозилу фузало, Уламолар кенгаши аъзоси, камига яна имом, муфти ноиби! Ёлғиз овқатлангандан кўра “Қори Ака”га шерик бўлиб овқатланишда савоб кўплигини булар билмай, ким билсин!
“Қори Ака”нинг диний маълумоти нечоғли эканини бир кимса билмайди. Суриштиришга юрак қаёқда! Лекин ундан-бундан эшитиб олгани учунми, баъзан оғзидан динга тўғри келадиган фикрлар чиқиб кетиб қолади.
Масалан, Тожикистон томонларда ўлган қадрдони таъзиясига бориш учун рухсат сўраб кирган ходим (камина)га: “У ёққа бориш шарт эмас, қаерда дуо қилинса ҳам ўликнинг руҳига етиб бораверади, ишонмасангиз, ана, тепада мупти ўтирибди, ундан сўранг”, деган гапи машҳур.
Яна: Тошкент Ислом институти (Олий маъҳад) нимадир муносабат билан ҳовлисида консерт берганида ёнида ўтирган киши (камина) қулоғига: “Шундай улуғ жойда – Ҳазрати Имом қабри ёнида ашула айтиш қанақа бўларкин?” деган гапни муфти ёки идора шайхи айтмади, ўзимизнинг “Қори Ака” айтди!
Шу киши бирдан “уламо-ёзувчи” бўлиб қолди.
2011 – 2012 йиллари “диний”-“илмий”-сиёсий мақолалари мамлакатдаги ва чет эл (Ўрусия)даги диний газетларда потирлаб чиқа бошлади. 2012 йил охирларида ҳатто катта бир китоб ҳам “ёзди”!
Диний идора зудлик билан тақдимот ўтказди. Биттасига қаноатланмай, икки марта ўтказди. Кейинги тақдимотни олдингисидан катта ва дабдаба билан уюштирди!
Қуръони карим маъноларининг таржимаси чиққанида ҳам бунақа тақдимот қилинмаган! Тафсирлар, ҳадис китоблари, ҳатто муфтининг “Тафсири ирфон” китоби чоп этилганида ҳам бунақа тақдимот ўтказилмаган! Бунақа тугул, умуман тақдимот қилинмаган!
Аммо негадир бирдан “Қори Ака”нинг китоби машҳур бўлиб кетди. Тақдимотга келмаган ташкилот ва одамнинг ўзи йўқ. Орқама-кетин унга тақриз-мақолалар ҳам чиқа бошлади.
Хуллас, ҳалигача бу китобнинг шов-шуви тинмади.
Бу оламшумул асар қанақа ва уни чиндан “Қори Ака”нинг ўзи ёзганми?
Ўттиз босма тобоқдан ортиқ салмоқли бу китоб “Ислом ва ақидапараст оқимлар” деб аталади ва, номидан кўринаётганидек, ҳозирда Ўзбекистон учун долзарб мавзуда. “Машҳур” бўлиб кетгани сабабларидан бири шу бўлса керак.
Иккинчи ва асосий сабаби, бизнингча, китобнинг муқовасида “Қори Ака”нинг ‒ МХХ ходимининг оти турганидир!
Ризқи идора теварагига сочилган айримлар бу китобни “Қори Ака” ўзи ёзмаганини шивир-шивир қилишади. “Қори Аканинг на Ислом тарихидан, на диндан тузукли билими бор, қаёқдан бунақа фундаментал бир китоб ёзсин!” дейишади.
Ўзи бошлиқлар мустақил китоб ёзиши қийин, илм, хафсала, вақт қайда дейсиз. Асосан институт домлалари ёки талабалар у ёқ-бу ёқлардан таржима қилиб беришади, бошлиқлар уни “устидан бир кўриб” қўл қўйиб юборишади.
Бир жумла билан айтганда, шу “Қори Ака”миз диний идорага “хизмат сафари билан йўлланган” давлатдир. Давлат бўлганида ҳам, табиий, диндан кучли давлатдир.
Теварагига тўплаб олган, бошини силаётган кимсаларга қараб, агар давлат бутун ишларини шунақа кимсаларга суяниб, шунақа усуллар билан амалга ошираётган бўлса, демак, давлатнинг ўзи пачава бир ташкилот экан, деб юборасиз ихтиёрсиз равишда.
Давлат чинакам ғайрат билан ва ҳалол ишлаётганларга эмас, “аҳли курилка”ю “аҳли ошхона”ларга суяниб сиёсат юритаркан-да, деган таассурот қолади одамда.
Бир ҳисобда у бечорага ҳам осон эмас: тўғри, ҳалол кишилар ишини билиб қилиб юрибди, бекордан-бекор унинг теварагида ўралашавермайди, доим бирон манфаат ва имтиёз илинжида юрадиганлар унинг қўлтиғига кириб олган ‒ шундай бўлганидан кейин адашади-да одам!
Ҳа, одам осонгина адашиши мумкин, аммо Давлат иложи борича адашмаслиги керак! Давлат тўғри билан ўғрини ажрата билиши, тўғриларга суяниб, тўғриларни рағбатлантириб сиёсат юритиши лозим.
Ҳаётда кўпинча бунинг тескарисини кўрамиз: Миллий хавфсизлик хизмати тимсолида давлат кўпинча пасткаш кимсаларнинг чақувига суянади, биқинига шунақа кимсаларни яқин олади, ҳалол киши бир чеккада қолиб манфаат қулининг бошини силайди ва бу иши билан бориб-бориб умуман давлатнинг обрўйини тўкади. “Давлат агар шу бўлса… бор-э!” дегиздириб юборади.
Советнинг охирги даврларида ҳам диний идорада бир “давлат” ишлаган. Аъзам ака дейишарди уни. Айтишларича, Аъзам ака идора ходимларига аралашиб кетган – намоз ўқиган, ҳатто чакмон кийиб олиб, тўй-маъракалар тўрида юрган. Дилкаш киши эди, дейишади.
Бу “Қори Ака”миз эса, аксинча, идорага унча элакишиб кетмади, намозга ҳам кирмади, руҳан ўзини етти ёт бегона каби тутиб юради.
Лекин, тан олиш керак, мардлиги бор. Имом домлалар яхши гапларни гапиришади, намоз ҳам ўқишади, аммо айримларининг ишларига боқсангиз, улар олдида намозсиз “Қори Ака” анча тоза одамга ўхшайди (айниқса, ҳар йили ҳаж ибодатини ихлос билан қилади деб эшитганман)…