2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.
Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.
Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.
Таҳририят
* * *
Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН
ҚОР
Кажрафтордир чиндан ҳам дунё,
Азал-абад телбадир қисмат.
Салом, муштоқ бўлиб кутганим,
Салом, эй қор, салом, эй исмат.
Поксану ҳам оёқостисан,
Оппоққинам, юмшоғим, эркам.
Нечун ердан осмонга учмай,
Ёғмоқдасан осмондан ерга?..
* * *
Жимжит оқиб ётар ариқларда сув
Саодат бахш этиб ўтга, ўланга.
Нақадар ғаройиб ёз фасли бу боғ
Сирлар ўлкасидир ҳар бир кўланка.
Толе таъмасида толлар тўлғанар,
Қушлар қий-чувлашар бахт илинжида.
Барқ уриб ям-яшил ором олади,
Гужумлар бир-бирин пинжида.
Овлоқ-овлоқларда ошиқлар сархуш,
Бўсалар жимгина ҳайқирар.
Фаррош кампир ёлғиз… кузда хазонларни
Қандай супуришни қайғурар.
(давоми бор)