ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(47)
ҚОЧИШ ОРЗУСИ
«Бирлик» Программасининг матбуотда босилиш эҳтимоли турли хил кучларни турли йўналишларда ҳаракатга келтирди. Чунки, бундай бир ҳужжатнинг жумҳуриятда эълон қилиниши Коммунистик Партия каби ягона, гегемон қувват қаршисига бир алтернатив, майли, зайиф бўлсин, аммо бир муқобил қувват чиқди, деган гап эди. Янада муҳими, Праграмманинг газетада чоп қилиниши бу янги қувватнинг жумҳурият жамоатчилиги тарафидан тан олинганини кўрсатган бўларди. Бундан қаттиқ безовта бўлган КГБ ўз айғоқчиларини ишга солиб, «Бирлик» ичида иғвонинг илк уруғларини соча бошлади.
Программани бостириш учун матндаги жузий нарсалардан воз кечишга ундаган гуруҳ дарров ҳукумат билан «келишганлик»да айбланди. У пайтларда шундай бир иқлим мавжуд эди-ки, бировни кўрсатиб «шу одам ҳукумат билан келишди» дейилса, бас, ким бўлса бўлсин, у дарров миллий даъвонинг душманига айланарди. Август ойининг ўртаси эди, янглишмасам. Пргорамма муноқашаси давом этаётганди.
Яширмайман, бу сафсатабозликдан асабийлашгандим. «Бирлик»даги дўстлардан, мени бу ғавғога аралаштирманглар, ўзларингиз бир қарорга келинглар, дея илтимос қилгандим. Барибир, аралаштиришди. «Бирлик» раҳбариятидан ёзувчилар Аҳмад Аъзам ва Зоҳир Аълам келиб, ташкилот раҳбарини вақтинча алмаштириб туриш керак, Программа босилиб, ҳаракат оёққа тургандан кейин яна ўз вазифасини давом эттиради, акс ҳолда, Программа ҳам босилмайди, ташкилот ҳам тарқалиб кетиши хавфи бор, кўпчилик олимлар ҳаракатни тарк этаяпти бу одам (Пўлатов) сабабли, вақтинча «Бирлик»ка Эркин Воҳидов раҳбарлик қилсин, деган фикрни айтишди.
Уларнинг фикри менга мантиқли кўринди. Пўлатов ватанпарвар зиёлиларимиздан, умум иш зиён кўрмаслиги учун раҳбарликдан бир муддат воз кечиб туришига ҳеч шубҳам йўқ эди. Пўлатов билан гаплашдим. Агар сизлар шунга қарор қилган бўлсанглар, майли, деди. Ҳеч эътироз билдирмади. Мен бошланаётган ғавғонинг бундай осон бартараф қилинганидан жуда севиндим. Аммо эртароқ севинган эканман. Пўлатов менинг кабинетимдан тушиб кетганидан ярим соат ўтар-ўтмас, шоира Гулчеҳра Нуруллаева кириб келди. Самимий, сертуйғу инсон Гулчеҳра Нуруллаева мени кинояли сўзлар воситасида ҳукумат билан келишиб, Пўлатовни «Бирлик»дан узоқлаштиришга урунаётганликда айблади. Бу мени ҳайратлантирди. Гулчеҳра Нуруллаева менинг ҳукумат билан, наинки, қайта қуриш даврида, энг оғир замонларда ҳам келишмаганимни биларди.
Гулчеҳра Нуруллаевадан кейин шоир Жамол Камол отилиб кирди. У ҳам мени муросасозликда айблади. Унинг бу воқеадан икки йил ўтар-ўтмас режим маддоҳига айланишини у пайт тасаввур қилмагандим. Кейин шоир Шукрулло ташриф буюрди. У ҳам сертуйғу одам, кўзларида ёш, Каримов каби одамлар билан муроса қилиш яхши эмаслигини айтди. Ўшанда бу шоирнинг бир неча йил сўнгра Каримов қўлидан «Қаҳрамон» ордени олиши мумкинлигини ўйламагандим. Мен бу дўстларга ўзимни оқлаб ўтирмадим. Агар мен хиёнат қилган бўлсам, демак «Бирлик» деган ташкилот тугабди, дея ғижиндим.
Пўлатовнинг кимлигини биринчи марта кўраётгандим. Бу шахс самимий одам эмасди, икки юзли эди. Энг қўрқинчлиси, ёлғончи эди. Ўша куни уйга изтиробичида қайтдим. Изтироб ҳали ҳам ўлмаган кибрдан келаётган эди. Ўлиш қаёқда, сўнгги йилларнинг жўшқинлиги билан янада кучайган кибрдан.
Биз саксон бешнинг январида йиқилаётган масжидлар ва хўрланаётган она тилимиз ҳимояси учун эшикма-эшик юриб, имзо тиланаётган пайтда мени хиёнатда айблаган бу одамлар қаерда эди, дерди кибрим.
Имзо қўймаслик учун, қўрқоқларча турли баҳоналар ўйлаб чиқармаганмидилар, дерди яна нафсим.
Мен, албатта, туҳматга қолгандим. Аммо сиёсатга кирган одамнинг туҳматга доим тайёр туриши кераклигини у пайтда билмасдим. Сен ўз ватанингни севасан, наҳотки буни одамлар кўрмаяпти, дердим ўз ўзимга. Наҳотки, сенинг йиллар давомида ардоқлаганинг ҳуррият ғояси бир кунда ўз дини ва худосини ўзгартирган коммунист шаллақиларнинг ҳаёсиз сафсатасига айланса? Бир неча йил аввал энг яқин дўстларинггагина айта олган қимматли фикрларингни бу коммунист зурёди бугун очиқ, баралла ҳаммага айтаяпти-ку, сенинг ундан нима фарқинг бор, сенинг ҳурриятпарварлигинг, ватанпарварлигинг ўша коммунистникидан нимаси билан фарқ қилади? Бу шўртак саволлар, балки, қизғанчлик оқибати эди.
Ҳа, бу бир қизғанчлик эди. Ғоя қизғанчлиги, қудсият қизғанчлиги. Бир одам қалб кучи, фикр нурини харж қилиб, тирикчилигини таҳликага қўйиб, бир нарса орқасидан қувса-ю унга, ниҳоят, етишса, иккинчиси бу нарсани, – ҳеч бир харажатсиз, боз устига, унга ҳеч эҳтиёжи бўлмаган ҳолда, – қўлга киритса, биринчи одамда пайдо бўладиган қизғанчлик.
Бу мен учун яхши ҳолат эмасди. Бу ҳолатда ўзимни жуда ҳузурсиз сезардим. Бу ҳолатда ўзимга бўлган ишонч мўртлашиб, руҳий дармонсизлик ҳис этардим. Аммо бу хатонинг ўша қизғанчлик ва кибрдан келаётганини у пайтлар мушоҳада этмасдим. Буни кейинроқ англай бошладим. Бу билим туҳмат, иғво, ғийбат ва ифтиро тўрт тарафдан устимга ёғила бошлаган сургунлик йилларимда пайдо бўлди. Бу билим худди лазер нури каби узоқ йиллар яллиғланиб, битавермаган изтироб ярасини бир онда куйдириб битирди. Ва қалбга ҳузур инди, фароғат инди.
Аммо саксон тўққизнинг ёзида бу ҳузур, у фароғат тушимга ҳам кирмасди. Мен ишнинг осон томонини ўйлай бошлагандим. Ишнинг осон томони бу сассиқ сиёсатдан тезроқ узоқлашиб, шеъриятнинг сокин гўшасига чекинмак эди. Қўполроқ айтганда, бу бир қочиш орзуси эди. Бундай орзу мен учун янги эмас эди. Саксон биринчи йилда шундай орзу қилган эканман:
Аёлу эркак куй измида,
Ҳаммаси тушмоқда зикр,
Мени-чи кузатар зимдан
«Қочиш керак» деган фикр.
Расадхонага ўхшар айвон,
Чиқаман, юлдузлар ўткир.
Бошимда айланар ҳамон
«Қочиш керак» деган фикр.
Уйқу дори бўлса, косани
Бўшатаман, сўнар тафаккур,
Ёнимда тўлғонар нозанин,
Бошимда яна ўша фикр!
На қилай, бир фикр кечди,
Бир фикр «ялт» этди, на ҳайрат,
Менинг имконимдай кичик,
Қочишнинг ўзидай баҳайбат!
1981 («Олис табассум сояси,» 1986)
Аммо шеърдаги орзу турғунлик ҳавосидан зерикиб, ҳуррият диёрига саёҳат қилиш орзуси эди. Бугунги орзу эса, ҳуррият келиб, унинг ҳимояси учунмужодала бошланаркан, пайдо бўлган машаққатлардан қочиш орзуси эди. Бу ҳақиқатни менинг нафсониятим қабул қилишни истамасди.
Адабиёт узоқ йиллар давомида кўпчилик қатори мен учун ҳам ҳерметик бир қўрғон вазифасини ўтаганди. Адабиёт Совет тузумидаги энг «чекланган масъулиятли ширкат» эди. Ва унинг раҳбари ҳам, ишчиси ҳам ўзим эдим. Сиёсат бу шинам системани парча-парча қилиб, мени янги ҳаёт бошлашга мажбурлаётганди. Саксон тўққизнинг ёзида бу шинам система деярли парчаланиб бўлган бўлса-да, мен уни таъмирлаш мумкин, деган хомхаёл билан яшаётгандим. Шу боис, «Бирлик»да чиққан жанжал мени бир тарафдан қийнаса, иккинчи тарафдан шинамлик қўмсаган нафс учун айни муддао бўлганди. Сен қўлингдан келганини қилдинг, у ёғини бошқалар қилсин, дерди у. Ташкилот тузилди, халқ келаяпти, бориб шеърингни ёз. Эрталабдан кечгача жағингни чарчатиб, коммунистлар билан тенг бўлиб ўтирма, абадият учун ишла, ўлганингдан сўнг одамлар ўқийдиган беш-олти шеър ёз, дерди ақлли нафсим.
Мен «Бирлик»дан чиқишга қарор қилдим ва буни дўстларга билдирдим. Улар буни ижобий қабул қилишмади. Ташкилотнинг ўзаги саналмиш ёзувчилар Пўлатовнинг провакатив ҳаракатидан қаттиқ ғазаблангандилар, уни ташкилотдан узоқлаштириш керак, деган фикр уларда кун сайин собитлашиб борарди. Пўлатовнинг «Бирлик»ни миллатчилар эгаллаб олаяпти, деган янги иғвоси жараённи янада тузлаштирди.
У пайтда «булар миллатчи бўлса, миллатчиларнинг душмани Каримов билан қандай тил бириктирдилар,» деган савол ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Сентябр ойида «Бирлик»нинг Марказий Кенгаши чақирилди. Мен мажлис бошланишида қатнашиб, Пўлатовни ташкилотдан узоқлаштириш керак бўлса, бу беш дақиқалик иш, буни катта воқеага айлантирманглар, деган мазмунда гапирдим. Биттаси чиқиб, Пўлатовнинг нега зарарли эканини исбот қилишга мўлжалланган нутқни ўқиб берди. Нутқ шу қадар савиясиз ёзилганди-ки, буни тинглаган Кенгаш кўзида Пўлатов фасодчи эмас, балки, адолатсизликка учраган шўрлик бўлиб кўринди.
«Бирлик» ҳаракатининг Самарқанд вилояти бўлими раиси Алибой Йўляхшиев ўзининг «Бирлик» ҳақида мен билган ҳақиқатлар» деган китобида шундай деб хотирлайди: «МК йиғилишини истаган биродарлар мажлисга А. Пўлатов ҳақида бир хат тайёрлаган эканлар. Энг аввал у хат мажлисга ўқиб эшиттирилди. Хатни Тошкент Политехника институти доценти Каримов (унинг исми ёдимда йўқ) ўқиб берди. Аммо хат, уни тузганларга тўла зарар келтирди. Оқибат шу бўлди-ки, хатда ёлғонлар, туҳматлар жуда кўп бўлганидан, унда келтирилган А. Пўлатовнинг ҳақиқий салбий хусусиятлари эътибордан четда қолиб кетди. Мажлис аҳли «жабрдийда»ни ҳимоя қилишга ўтиб кетди. Улар хатни М. Солиҳ ва унинг тарафдорлари таёрлаган, улар ҳукумат тарафига ўтиб кетишмоқда», деган фикрни олға суриб, А. Пўлатовни жиддий қўллай бошлашди. Биз, Самарқанддан келишган МК аъзолари ҳам хатни тўла маъқулламадик, яъни, А. Пўлатовни қўлладик. Дарҳақиқат, хат ниҳоятда бемаза тузилганди. Ҳатто М. Солиҳ ўшанда мажлис минбарига чиқиб, бу «мазмунсиз» хатдан хабари йўқлигини тан олишга мажбур бўлганди».
Бундан илҳомланган Пўлатов битта рус ишчисини минбарга чиқариб, унинг тили билан «Бирлик»ни миллатчилар эгаллаб олаяпти, деган коммунистчасига огоҳлантиришини қилди. Бу жуда вақтида қилинган мудоҳала эди. Ғала-ғовур бошланди, жараён назоратдан чиқди. Замон қайта қуриш замони эди. Одамларда жанжал иштиёқи барқ уриб турган замон. Баҳс, мунозара қиладиган, муштлашадиган замон. Душман кўринавермаса, душманни яратадиган замон эди замон.
Мен мажлисни эрта тарк этдим. Назаримда, шеъриятнинг сокин гўшасига қайтишнинг айни пайти эди. Ғала-ғовурдан фойдаланиб, бу асабий инсонлар сафидан сирғалиб чиқиш имкони пайдо бўлганди. Аммо бундан фойдаланиш осон эмасди. Бу асабий оломон мендан чинакамига шубҳалана бошлаганди. Йўляхшиев ўз китобида бу шубҳани шундай тасвирлайди: «Демак, хат тайёрланаётганидан М. Солиҳ хабарсиз бўлиши мумкин эмасди. Тўғри, М. Солиҳ хатни кўрмаган, ўқимаган бўлиши мумкин. Унга фақат оғзаки ёки телефонда хат ҳақида хабар қилишган бўлишлари мумкин. Солиҳ ва унинг тарафдорлари А. Пўлатов ҳақида ўз фақтида тўғри хулосага келишган ва бирор сиёсий ўйин йўли билан А. Пўлатовни «Бирлик»дан четлаштириш учун хатни ташкил этишни ўйлаб топган бўлишлари мумкин. Аммо бу иш, бу яхши ўйламай ташланган қадам Ҳаракатга ўрни тўлмас зарар, А. Пўлатов шахсига
эса «шуҳрат» келтирди. А. Пўлатовнинг шахсий камчиликлари узоқ вақт ниқобда қолишига сабаб бўлди.»
Йўляхшиев менинг «хат тайёрлаб бировни чиқаришга» муҳтож бўлмаганимни билмайди. Агар муҳтож бўлганда ҳам, бундай аҳмоқона хатни ҳеч қачон ўқитмаган бўлардим. Йўляхшиев айтган «М. Солиҳ тарафдорлари» ҳам у пайтда (89-йил октябрида) йўқ эди. У пайтда «Бирлик» аъзоларининг ҳаммаси «менинг тарафдорим» эди. Кейин Йўляхшиев бу воқеани «ўрни тўлмас зарар» деб баҳолайди. Бу воқеа сиёсий жараённинг янги фазаси эди, холос. Бу ҳақда ҳали мухсус айтаман. Йўляхшиев яна шундай дейди:
«Биз вилоят ташкилотлари Ҳаракатнинг МК ва унинг ҳайъати таркибида чиққан ихтилофни чуқур таҳлил қилолмадик. «Пўлатовчи»лар ҳам «Солиҳчи»лар ҳам у икки шахснинг шахсий муносабатларига мос ҳаракат қилишга интилдик, холос. Уларнинг орасида кўпроқ шахсий манфаатлар ётгани ёки ётиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмадик,» деб ёзади Йўляхшиев.
Йўляхшиев ўша мажлисга қатнашган кўпчилик каби жанжални Муҳаммад Солиҳ бошлаб берди, деб ўйлайди. Ваҳоланки, «Бирлик»нинг Низоми газетада босилиб, Программаси ҳақида тортишув чиққанга қадар мен Пўлатовнинг энг самимий ҳимоячиси эдим. Унинг ҳаракатга кириб, раҳбарликка сайланишида ҳам асосий сабабчилардан эдим. Ва табиийки бу жанжални бошлаган ҳам мен эмасдим. Фақат жанжал давомида Пўлатов хусусида менинг фикрим кескин ўзгарганди, у Ҳаракатдан қанча тез узоқлаштирилса шунча яхши бўлади, деб ўйлай бошлагандим.
Бу одамнинг «узоқлаштириш»га ўша пайтда қарши бўлган Йўляхшиев йиллар ўтиб, шундай хулосага келди:
«Қурултойдан кейин ҳам ҳаракатда бошланган бўлиниш хасталиги сусаймади. Ҳукумат эса, бундан усталик билан фойдаланди. У замондаги тушунча ва хулосаларга биноан, биз, самарқандликлар ҳам кўпроқ М. Солиҳ тарафдорларини қораладик. Шу билан бир қаторда биз А. Пўлатов ва унинг Тошкент гуруҳини яхши тушунмасдан, кўпроқ уларнинг сўзларига қараб иш тутдик. Биз советкишилари «уч юзли» (сўзда, амалда, кўнгилда) эканлигимиз у юзларнинг қайси бири қаерда кўринишини «Бирлик» шафағида яхши ажрата олмасдик…. Сўнгги тарих, айниқса муҳожирлик даври жуда яхши исбот этди-ки, А. Пўлатов ва унинг атрофида ўралашиб юрган бир гуруҳ сиёсатдон миллий шуур ва миллий қадриятдан узоқ, фақат шахсий манфаат учун алғов-далғовлардан фойдаланиб, моддий аҳволни ўнглаб олишни кўзда тутган пасткаш кишилар экан. Улар «Бирлик»ни сиёсий ташкилот сифатида камолатга етказиш учун эмас, балки, унинг ичида доим ихтилофлар келиб чиқадиган вазият пайдо қилиб, у вазиятда ўзини «Бирлик» ҳимоячилари қилиб кўрсатишга уста эканлигини кеч тушундик. Аммо бундан ўн йил бурун А. Пўлатов ва унинг гуруҳи ўз шахсий фойдалари учун Ҳаракат ичида атайлаб ғовғолар яратишиб, ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатишнинг уддасидан чиқабилишди.»
Бу жанжалли мажлис ва унинг атрофидаги гаплар устида бу қадар узоқ тўхталганимнинг боиси шу-ки, «Бирлик»даги манфаатдор бир гуруҳ мени ҳаракатнинг парчаланишига асосий сабабчи, дея узоқ йиллар давомида айблади, ёлғонлар тўқиди. Мен бунга махсус ўлароқ ҳеч қачон жавоб бермадим, халқимизнинг фаҳму-фарасотига ишондим, оқу қорани ўзи ажратиб олади, дедим.
Аммо бу китобни ёзар экан, мени «Бирлик»дан чиқиб, бошқа бир сиёсий партия қуришга олиб келган можоролар силсиласида бу жанжалли босқични ҳатлаб ўтиб кетиш мумкин эмасди. Бу жанжалли воқеа ҳақида узил-кесил фикр айтиш мажбуриятидайдим. Фақат бунда холис бўлиш учун узил-кесил жавобни воқеаларда бевосита иштирок этган ва у даврда менга қарши позитсияда турган шахс сўзлари билан беришни таржиҳ этдим.»Бирлик»даги бўлиниш сабабчиси ва жанжал қайноғи ўлароқ бизни кўрсатганларга биродаримиз Йўляхшиев эътирофларининг давоми шундай:
“Ҳаракатнинг 2-Қурултойидан сўнг кўп ўтмай унинг навбатдаги Қурултойи вақти ҳам етишиб қолди. Чунки, «Бирлик» Низомига мувофиқ ҳар йили унинг Қурултойи ўтказилиши лозим эди. Аммо 1989 йил ноябридан 1990 йил май ойига қадар «Бирлик»да бўлиниш орқага қайтмас шакл олди. М. Солиҳ ва унинг тарафдорлари Ҳаракат фаолиятида қатнашишдан тўла бош тортдилар. Улар А. Пўлатов билан алоқани узиш шаклини ўзларини «Бирлик»дан четга олиш, деб ҳисобладилар. Натижада, 1990 йил 26-27 майда «Бирлик»нинг 3-Қурултойи М. Солиҳ ва унинг гуруҳи иштирокисиз чақирилди. Қурултой Ҳаракат МКнинг ҳисоботини тинглади, Низомга баъзи ўзгартиришлар киритди, Дастурнинг янги таҳрири қабул қилинди. Энди «Бирлик» халқ ҳаракати МКни тўртта раисдош эмас, учта раисдош бошқарадиган бўлди”.
«Бирлик»нинг 3-Қурултойи А. Пўлатовни уч раисдошдан бири қилиб сайлади. Аммо уни сайлаш тортишувларга сабаб бўлди. ҳатто Қурултойда А. Пўлатов сайланмай қоладиган вазият майдонга келди. Қурултойнинг ташкилий масала қисми жанжалга айланиб кетадиган бўлди. Мажлисда ташкилий масала кўрилаётганда уни деярли бошқариш мумкин бўлмай қолди. Натижада, мажлисни бошқариш бир мунча вақт қўлдан-қўлга ўтиб турди. Чунки, мажлисда тўла тартибсизлик бошланганди. Ана шундай – минут сайин мажлис раиси алмашиб турган бир вақтда самарқандлик делегат Б. Намозов ҳам мажлисни бошқаришга уруниб кўрди. Чунки, истаган журъатли киши ўзи минбарга чиқиб мажлисга раислик қила бошлаши мумкин бўлиб қолганди. Б. Намозов минбарда мажлис раислигини олиб бораётган бир замонда залдан А. Пўлатов ва унинг ёнида ўтирганлар ўзаро суҳбатларида Б. Намозовни КГБ одами, деб шивир-шивир бошлашди. Чунки, Б. Намозов мажлисда А. Пўлатовчиларга қарши тарафга бироз ён босмоқда эди. Пўлатов ва унинг ёнида ўтирганлар шивир-шивири ҳаммага эшитилгани йўқ, албатта. Чунки, залда шов-шув баланд эди. Аммо А. Пўлатовга яқин ўтирган Олим Каримов уни жуда яхши эшитди. Олим ака Каримов у сўз айнан кимнинг оғзидан чиққанини аниқ билади. Шивир-шивирни сезган мажлис раиси Б. Намозов, мажлисни тарк этиб, залдан чиқиб кета бошлади. Мен дарҳол минбарга чиқиб Самарқанд делегацияси Қурултойни ташлаб кетади, деб эълон қилдим. Шу замон Олим Каримов югуриб бориб Баротни шартта қучоқлаб олди ва унга ялиниб, ундан залга қайтишни илтимос қилди. Минбарга чиқиб мажлис номидан Б. Намозов ва самарқандлик делегатлардан содир бўлган ноқулайлик ва қўполлик учун узр сўради. Олим Каримов узрини қабул қилдик, унга кўра биз залда қолишни лозим топдик. Ана шу воқеадан сўнгра мен Дадахон Ҳасановдан мажлисни бошқаришни илтимос қилдим. Дадахон ака зўрма-зўраки минбарга чиқиб, мажлисни бошқаришга ҳаракат қилиб кўрди, бўлмади. Шундан кейин мажлисни бошқаришни ўзим қўлга олдим ва бир неча кескин сўзлар сўзладим, ундан сўнг танаффус эълон этдим. Танаффусда тортишаётган тарафлар билан бир қатор фикрлар алмашдим.
Хуллас, танаффусдан сўнг мажлис аҳлини бир мунча тартибга келтириш мумкин бўлди. Ташкилий масалани натижага етказишга эриша олдим. Оқибат, А. Пўлатов раисдошлардан бири бўлиб сайланди. Ҳозир, ўша воқеалардан қарийб ўн йил сўнгра, мазкур сатрлар ёзилаётган замон, 1999 йилнинг феврал ойида энг авал ўзимни ўзим сўкаман. Бошқа бир қатор «Бирлик»чи дўстлар ҳам менинг ўша фаолиятимни кейинги вақтларда тез-тез юзимга солишадилар. А. Пўлатовнинг раисдошликка қайта келишида мени бош гуноҳкор ҳисоблайдилар… Ниҳоят Ҳаракатнинг 5-Қурултойи 1992 йилнинг 23-24 май кунлари Тошкентда ўтказилди. Қурултойда доимий, ҳамиша кўриладиган масалалар қараб чиқилди, яъни, йиллик ҳисобот, Низомга ўзгартиришлар ва Дастурнинг янги таҳрири кўриб чиқилди ва шуларга мос қарорлар қабул этилди. Ниҳоят, яна ташкилий масала, бу сафар ҳам тортишув билан ўтди. Қурултойда қатнашаётган қўқонлик делегатлар ва тошкентлик делегатларнинг бир қисми «Бирлик» МК раисдошлигига А. Пўлатов номзоди қўйилишига қаттиқ қарши чиқишдилар. Оқибатда, ўз вақтида «Бирлик» ташкил этган митингларни, Фарғона, Қўқон, Ўш воқеаларини кинога туширган кино операторимиз Абдулазиз Махмудов Ҳаракат ичида Марказчилар фракциясини тузганини эълон этди. А. Махмудов гуруҳи, Қўқонлик делегатлар ва яна бошқа бир қатор делегатлар А. Пўлатов номзодига қарши овоз бердилар. Натижада, А. Пўлатов озгина фарқ билан сайланди.»