O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қочқинлар қачон ўз набирасини қучади?

Қочқинлар қачон ўз набирасини қучади?
338 views
14 September 2021 - 20:33

Бу расмда Ўзбекистонни 27 йил бошқарган марҳум президент Ислом Каримов ўз набираси Марям билан. Марям Тиллаева бутун ҳаёти давомида ер куррасининг мутлақо қарама қарши қисмида – АҚШнинг Лос Анжелос шаҳрида яшаганига қарамай Ўзбекистондаги бобоси билан учрашишида муаммо бўлмаган.

Мана бу эса Ислом Каримовнинг шогирди Шавкат Мирзиёевнинг ўз набираси билан тушган расми. Мирзиёев Бош вазир бўлиб ишлаган пайти унинг набиралари Жанубий Корея, Бирлашган Араб амирлиги худудида яшашларига қарамай доимо бобоси билан учрашиш имкониятига эга бўлишган.

«Ота-она билан бирга нонушта қилиш, неваралар қуршовида бўлиш, бир пиёла чой устида суҳбатлар… Сиз-чи, бугун ота-онангиз, бува-бувингизга қучоқ очдингизми?», — деб ёзди 12 сентябр куни бу расмни инстаграм саҳифасига қўйган Саида Мирзиёева.

Мирзиёвнинг набираси билан тушган расми тезгина тармоқда тарқалди. Унга олқишлар ёғдирилди. Айни пайтда Мирзиёеванинг сўзлари сиёсий сабабларга кўра мамлакатни тарк этган, ота онаси, фарзандлари, набираларини бориб кўриш имкониятидан маҳрум ватандошлар учун саволлар уйғотмоқда.

Бугун Канадада яшаётгансобиқ “Эрк” Демократик партияси фаоли, Олий мажлиснинг собиқ депутати, 63 яшар Насрулло Саййид 2019 йилнинг апрелида, икки мамлакат ўртасида визасиз режим жорий қилинганига қарамай уни аэропортдан ортга кайтаришгани, кейинчалик 2020 нинг февралида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига борганида, яна чегарадан Ўзбекистонга киритилмаганини айтади.

“Ҳа, неварани қучоққа олиб ўтириш, боболар учун энг лаззатли ва ширин ҳиссиёт… Ўзбекистонда уч қизим ва улардан 6 неварам бор. Мана 15 йилки шу золимлар мени ўз Ватанимга киритмайди, невараларим билан кўришишимга йўл қўймайди”, дея изох ёзди президентнинг набираси билан тушган сурати остига канадалик ўзбек диссиденти.

Айни холатни АҚШ ватандошлигини олган 65 яшар Исоқжон Зокиров ҳам кечирмоқда. 2019 йилнинг июлидан бошлаб АҚШ ватандошлари учун Ўзбекистонга енгиллаштирилган электрон виза тизими жорий қилинганига қарамай, Исоқжон Зокировнинг ватанига саёҳат қилиш учун барча ҳаракатлари бесамар кетган.

У бир неча бор электрон виза олиш учун сайёҳлик агентлигига мурожаат қилган. Бироқ атиги 20 доллар эвазига барча АҚШ ватандошлари учун очиқ Ўзбекистонга виза олиш имконияти унинг учун ёпиқлигича қолган.

“Виза бермаслигига сабаб, албатта, менинг мухолиф қарашга эгалигим. Мен советлар даврида «Бирлик» халқ ҳаракатининг Андижон вилоятидаги фаол аъзоларидан эдим. 2001-йили Инсон ҳуқуқлари федерацияси Хелсинки жамияти аъзоси бўлганман, Андижон вилояти бўйича”, – дейди Зокиров.

Гарчи, Ўзбекистоннинг Нью Йоркдаги консуллиги маълумотига кўра, 2019 йилнинг уч ойи давомида 3,5 мингга яқин америкалик электрон виза олиб Ўзбекистонга борган. Бу ўтган 2018 йил давомидаги статистикага нисбатан ҳам 145 фоизга кўпдир.

Йилдан йилга Ўзбекистонга кўплаб собиқ муҳожирлар қайтмоқда, бироқ бу имтиёз айримлар учун ҳамон истиснолигича қолмоқда.

Манба: Eltuz.com