Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(86-қисм)
Кейинги йиллар тадбиркорлик соҳасида давлат ва ҳукумат миқёсида кўрилаётган чора-тадбир, чиқарилаётган қарор, қилинаётган хатти-ҳаракатларни кузатсангиз, давлат бозорда мана шу “хавф”нинг олдини олиш учун ўралашиб юрганини кўрасиз. Бозор аста-секин ва тўла-тўкис сиёсатга бўйин сундирилди. Бозордан намозни сиқиб чиқариш, намозхон савдогарларни хавфли табақа деб билиш, уларнинг ишхоналарига, дўконларига тез-тез солиқчиларни, хавфсизлик хизмати ходимларини юбориб чарчатиш, бозорда ҳижоб соттирмаслик, ўранган бозорчи аёлларнинг рўмолини зўрлаб ечтириш, ечмаганларининг молларини тортиб олиш… – булар ҳаммаси бозор эмас, сиёсатдир. Сиёсат бўлганида ҳам, қўпол, ғирром сиёсатдир.
Давлат диндор бозорчи-тадбиркорларни доим назорат этиб туришига мисолни олдинги бобда келтирган эдик, бу ерда яна бир карра такрорлаймиз:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида 2011 йил 28 феврал куни ўтган “Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий муҳофаза, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар комплекси мажлиси” (Сарлавҳасида дин мавзуи тилга олинмаган бўлса-да, мажлис деярли тўласича динга, диндорларга алоқали гаплар билан кечган. ‒ Н.М.Р.) БАЁНида кўнгилдагидай олиб борилмаётган ишлар қаторида, жумладан, бундай “афсус” ҳам бор:
“- аҳолининг специфик хусусиятларга эга ижтимоий қатламлари, яъни, кичик ва ўрта бизнесга мансуб диндор тадбиркорлар (савдогарлар)… билан тушунтириш ва умумпрофилактик тадбирлар суст ўтказилган;”
Биз бу парчадан, давлат “кичик ва ўрта бизнесга мансуб диндор тадбиркорлар (савдогарлар)”ни ўзига хос тоифа (“специфик хусусиятларга эга ижтимоий қатлам”) деб қарашини ҳамда мутасадди ташкилотларга бу қатламни орқадан доим кузатиб туриш вазифасини топширганини билиб олдик.
Уларга нима тушунтирилади, “умумпрофилактик тадбирлар” деганда нима ишлар назарда тутилган – буларни биз унча англамаганимиз билан бу иш топширилган мутасадди ташкилотлар жуда яхши тушунади ва ортиғи билан бажарган, албатта.
Олтинчи иш. “Ўзбекистон дон мустақиллигига эришди!” деган суюнчи хабар мамлакат бўйлаб ёйилган (лекин ишлатишга яроқли ун нимагадир ўшанда ҳам, ҳозиргача ҳам четдан келтирилади) кунлари республика телевидениеси (албатта, юқорининг “добро”си билан) шармандали туркум кўрсатувларни экранга чиқарди. Нима эмиш, бизда нон тақчиллиги ва нархининг кўтарилиб кетаётганига… қўшни қозоқлар айбли эмиш. Ўзларининг мамлакатларида “оч-наҳор юрган” қозоқ аёллари “тўкин-сочин” Ўзбекистонга ёпирилиб келиб, нонларимизни қоплаб-қоплаб юртига ташиб кетаётган эмиш…
“Контрабанда!”
“Улкан жиноят илдизи очилди!”
“Нон тўла қопларни ортмоқлаган “уюшган жиноятчилар”ни ҳушёр божхоначилар чегарада ушлашди!”
“Мамлакатнинг нон мустақиллиги асраб қолинди!”
Аслида, бу кўрсатувлар қозоқларни эмас, Ўзбекистонимизни шарманда қилди. Иқтисоднинг энг содда қоидасини ҳам билмаслигимизни кўрсатдик!
Биринчидан, Ўзбекистон ўзи унни Қозоғистондан сотиб олади. Қардош қўшниларимиздан ун оқиб келаётгани учун ҳам мамлакатимиз дўконлари ун маҳсулотларига тўла. Қозоқ уни орқасидан қанчадан-қанча тадбиркорнинг иши юриб турибди, қанча одам иш билан таъминланган ҳамда бу ишлаб чиқаришлардан давлатнинг чўнтагига солиқ келиб тушяпти. Ўнта хотин халтада олиб чиқиб кетаётган нон Ўзбекистон иқтисодини ўтирғизиб қўярмиди?!
Иккинчидан, ун ярим хомашё ҳисобланади. Нон эса, тайёр маҳсулот ‒ товар. Ҳар қандай давлат четдан хомашё ёки ярим хомашё олиб келиб, уни тайёр маҳсулотга айлантириб, қайтадан четга чиқариш пайида бўлади. Шунда мамлакатда: а) пул қолади; б) кўплар иш билан таъминланади; в) чет давлатлар билан алоқа яхшиланади. Иқтисод асосида мана шу айланма ҳаракат ётади ва у ҳартомонлама рағбатлантирилади.
Ўзбекистон эса, халққа (давлатга) катта даромад келтирувчи “Хомашё – маҳсулот – бозор” (“Чет эл ‒ ўзимиз ‒ чет эл”) айланма ҳаракатининг йўлини кесяпти! Ташиб кетмасин, деяпти! Буни иқтисод тилида “ташиб кетиш” дейилмайди, балки “ташқарига товар сотиш” (экспорт) дейилади!
Чегарадаги нон можароси нимага керак бўлиб қолди? Телевизорда кўрсатиб элга ёйишдан мақсад нима эди?
Ўзбекистон бу ерда ҳам иқтисодий муомалаларга сиёсатни аралаштиргани бўртиб кўриниб турибди. Одамлар орасида “Орадан шунча август ўтди, аҳволимиз яхшиланиш ўрнига тобора орқага кетяпти…” деб юриб қолган висир-висирларга давлат ўзича гўё: “Кунда шунча нонимизни қозоқ аёллари овулига ташиб кетовурса, шунақа бўлади-да”, деб ишонтирмоқчи бўлди.
Қош қўяман деб кўз чиқариш дейилади бу шов-шув! Биринчидан, халқ содда бўлса ҳам, бу эртакка ишонмади. Иккинчидан, ўзимизни тўқ, уларни оч кўрсатиш билан қўшниларимизнинг ҳамиятига, орига тегдик. Хафа қилдик. Тағин ҳам бағри кенг экан, озгина ўксинди-ю, кейин кечириб-унутиб юборди. “Биз ҳам ун бермаймиз Ўзбекистонга!” деб туриб олганида нима қила олардик?! Йўқ, ундай қилмади. Ўша кўнгилсиз кўрсатувлардан кейин ҳам Қозоғистондан Ўзбекистонга мошина-мошина, арава-арава ун тинимсиз ўтиб турди. Тўхтамади. Ҳозир ҳам Тошкентнинг ун бозорларини бир айланинг ‒ нуқул қозоқ унлари! Ўзбекистон унини деярли кўрмайсиз.
Айтгандай, ўзимизнинг “Ўзбекистон” навли унга агар қозоқи 1-нав ун қўшмасангиз, тандирга нон ёполмайсиз. Узоққа бормайлик: уйимизда тандир бор, нонни ўзимиз ёпамиз. “Ўзбекистон” унидан нон қиламиз деб неча марта уриндик, чиқмади: ё оқиб кетади, ё гуллаб юборади. Ҳам ачқимтил. Сотувчилар ҳам: “Нонга ярамайди”, деб огоҳлантиришади.
Яъни, Қозоғистоннинг унисиз Ўзбекистоннинг тандири нурайди. Бунинг нимаси уят?
Биринчидан, ўзбек билан қозоқ бир-бирига бегона эмас, буюк турк уруғининг икки шохи. Олсак, қардошимиздан олибмиз. Ўзбекистон буғдой мустақиллигига эришмабди деб биров бизни айбламайди.
Иккинчидан, ёнгинамизда турган унни қўйиб, Ўрусиядан ё Канададан олганимизда, иқтисод илмини билмас экан деб кулгига қолардик. Бозор сифатни, осонни, арзонни, ранг-барангликни суяди. Қозоқ уни бу талабларга жавоб беради. Тамом, ўзимиз экишимиз шарт эмас, қўшнилардан олақоламиз.
Ҳар бир мамлакат ўзининг иқлим шароитидан чиқиб келиб экин экади, товар ишлаб чиқаради. Бир юрт халқига керакли ҳамма нарсани барибир шу юртнинг ўзи етказиб беролмайди.
Тўқимачилик ва тикувчилик саноати анъанавий юксалган мамлакатлар ўз олдига ҳеч қачон “Пахта мустақиллигига эришишимиз керак!” дегандек бўлмағур мақсадни қўймайди. Нега? Дунёда пахта экадиган мамлакатлар бор ва етарли. Уларга уларда йўқ товарни сотади, пулига пахта сотиб олади.
Шу маънода бирон-бир мамлакатнинг дон мустақиллигига эришиши иқтисод нуқтаи назаридан катта қийматга эга эмас. Чунки бирида йўқ нарсани иккинчисидан олиш бозорнинг оддий қонуни. Дунё бозорига ҳар ким ўзининг товари билан киради: қозоқ – уни билан, ўзбек – пахтаси билан, ўрис – қуроли билан, туркман – гази билан, араб – нефти билан, украин – шакари билан, немис – мошинасию хитой… ҳамма нарсаси билан.