Баходирлар фақат эртакда бўлмайди. Улар баъзи нодир холатда ҳаëтда ҳам учрайди. Буни мен 1980 йили Тошкентда тушунган эдим.
Институтда ўқишни бошлаган илк кун танишган дўстимнинг исми Баҳодир эди.
Манғитлик Баҳодир Қутлимуродов. Ҳайкалтарошликдан дарс берадиган устоз Абдимўмин ака Баходирни “Қуттимуродов” деб чақирарди.
Нукуслик улуғ қозоқ ҳайкалтарошнинг исми Қуттимуродов эди. Баҳодир ҳайкалтарош бўлишни орзу қилгани боис бу адаштириш унга ëқарди. Баҳодир чизмачилик ва чизма геометрия даҳоси эди. Баҳодир билан олис саксонларда бошланган дўстлигимиз тўқсонларда ҳам давом этди.
Баҳодир 1989 йил баҳорида тузилган “Бирлик” қурултойида қатнашиб бу ҳаракат таъсисчиси бўлди. Кейин “Эрк” партияси сафида илғор бўлди. 1991 йил 19 августида СССРда юз берган путч вақтида Тошкентга келиб Муҳаммад Солиҳ ëнида мардона турган 10 одамнинг бири Баҳодир эди. Баҳодирлар ўз ўзидан дунëга келмайди. Улар худди бир замонлар оққан дарë ўзанида қайта долғаланган тўлқинларга менгзайди.
Баҳодирнинг ота боболари Элтузархон авлодига бориб тақалади. Яъни элтузар шуурнинг давомчилари.
Баҳодир онасини ҳажга обориб розилигини олган инонч соҳиби.
Баҳодирларга на корона ва на сиëсий шамоллар таъсир қилади.
Улар қоя устида илдиз отган оғоч каби собит тураверади.
Бугун 4 июль АҚШ мустақиллиги байрам қилинадиган кунда дўсдимни эслаганим боиси сиëсат эмас. Шунчаки Манғитда гурвак пишибди.
Гурвак эса менинг ҳам дўстим Баҳодирнинг ҳам севиб ейдиган қовун тури.
Ëзда галсанг семирасан¸гурвакларни гамирасан¸ дея қўшиқ айтарди мен ўқитувчи бўлиб ишлаган Оëқдўрмондаги болалар.
Умринг узоқ бўлсин дўстим.
Шуҳрат Бобожон