O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қувғиндаги журналистика: Ҳамид Исмоиловнинг Ўзбекистонга келишига ҳамон тақиқ бор

Қувғиндаги журналистика: Ҳамид Исмоиловнинг Ўзбекистонга келишига ҳамон тақиқ бор
135 views
03 April 2018 - 13:08

Ўзбек журналисти ва ёзувчиси Ҳамид Исмоилов давлат уни «демократик тенденцияларга мос келмайди» деб топганидан сўнг, 1992 йилда Ўзбекистондан қочишга мажбур бўлган эди.

Ҳамид Исмоилов узр сўралишига ёки камида тушунтириш берилишига лойиқ шахс.

Ўзбек журналисти Ҳамид Исмоиловни ватани бўлмиш Ўзбекистонни тарк этиш ва Буюк Британияга қочишга мажбур қилган воқеалардан буён 26 йил ўтди. 1990-йилларда Исмоилов ББСнинг телевизион гуруҳи билан Ўзбекистон ҳақида фильм олиш устида ишлаган. Ислом Каримов раҳбарлигидаги репрессив режим вакиллари Исмоиловга қарши жиноят иши қўзғади. Улар Исмоилов ҳукуматни ағдаришга урингани ҳақида баёнот берди.

Оиласига таҳдидлар бўлгани ва уйига ҳужум уюштирилганидан кейин дўстлари Исмоиловга Ўзбекистондан кетишни маслаҳат беришди. У шундай қилди ҳам. Шунча йиллардан кейин ҳам, у ҳамон юртига қайтгани йўқ.

Унинг қайтмагани, бунга ҳаракат қилмагани учун эмас. 2016 йилда Каримов ўлганидан сўнг, ўтган йили Исмоилов ватанга қайтишга уриниб кўрди. Аммо унинг мамлакатга киришига рухсат этилмади.

Дунёда энг кўп нашр этилган ўзбек ёзувчиларидан бири бўлган Исмоиловнинг китоблари унинг она ватанида тақиқланган. Исмоиловдан иқтибослар келтирилишига йўл қўйилмайди. Унинг мавжудлиги моҳиятан ватанининг кундалик маданий ҳаётидан ўчириб ташланган.

Аммо интернет замонида Исмоилов ўзбек муштарийларининг эътиборини Facebook сингари ижтимоий тармоқлар орқали ўзига қаратиш йўлини топди. У ўзбеклар унинг романларини ўқиши учун уларни Facebook да эълон қилади.

“Чегарасиз мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида 169-ўринни эгаллаб турибди. Зеро, анъанавий ОАВ қаттиқ назоратда туриши сабабли давлат ўз эътиборини мустақил сайтлар ва тезкор хабар алмашиш тармоқлари фаолиятини чеклашга қаратганди.

Каримовнинг ўлимидан сўнг, ҳокимият бошқарувига бош вазир Шавкат Мирзиёев келди. 2018 йилнинг 2 мартда Ўзбекистонда бундан 19 йилдан ортиқ вақт муқаддам турмага ташланган журналист Юсуф Рўзимуродов озодликка чиқарилди. Рўзимуродовнинг озод этилгани тўғрисидаги хабардан Исмоилов ҳам хурсандлигини яширмаса-да, у ҳамон шубҳалар қуршовида қолмоқда: “Менда қанча умид бўлса, шунча ишончсизлик бор”.

Муҳожиратга кетганидан буён Исмоилов Буюк Британияда Би-Би-Си жаҳон хизматида ишлайди. 2010 йил майда Исмоилов Би-Би-Си жаҳон хизмати қошидаги ёзувчи фахрий лавозимига (BBC World Service Writer-in-Residence) сайланди. У 2014 йил охиригача шу лавозимда хизмат қилди. Айни пайтда Исмоилов Би-Би-Сининг Марказий Осиё хизмати муҳаррири ҳисобланади.

Ҳамид Исмоилов Index on Censorship (Цензура индекси) халқаро ташкилотига интервью берди ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳолати, ўзининг қувғин қилиниши ва яқинда таржима қилинган “Жинлар базми” (The Devil’s Dance) китоби ҳақида гапирди. Қуйида мана шу интервьюни ўқинг:

Индекс: Сиз Ўзбекистонни тарк этгунингизга қадар у ерда инсон ҳуқуқларига муносабат қандай эди ва у сўнгги 26 йил давомида қанчалик ўзгарди?

Исмоилов: Афсуски, 2016 йилда вафот этгунига қадар ҳокимият тепасида қолган президент Каримовнинг авторитар бошқаруви сабабли вазият кўп йиллар давомида ёмонлашди. Хуллас, шу давр мобайнида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият анча оғир эди. Ўзбекистон дунёда инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича ҳар доим энг қуйи поғоналарда эди. Ҳозирги вақтда янги президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланишига умид пайдо бўлди. Чунки бир қанча сиёсий маҳкумлар қамоқдан озодликка чиқарилди. Айрим тадбирлар фаол ва очиқроқ ўтказилмоқда. Матбуот эркинлашди. Буларнинг барчаси мамлакатдаги вазият яхшиланишига умид учқунларини пайдо қилмоқда. Шу билан бирга, бошқа давлатларда янги раҳбарлар аввалига ўзини ислоҳотчидек кўрсатиб, кейин аввалги ҳукмдорларнинг сиёсатига қайтганини эсласам, бу масалада шубҳаларга ҳам бораман. Менда қанча умид бўлса, шунча ишончсизлик бор.

Индекс: Ўтган йили Ўзбекистонга қайтишга уриниб кўрдингиз ва орқага қайтариб юборилдингиз. Нима деб ўйлайсиз, яна мамлакатингизга қайта оласизми?

Исмоилов: Ҳа, бу уриниш анча омадсиз чиқди. Чунки ҳатто аввалги ҳокимият даврида ҳам 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг икки марта Ўзбекистонда бўлган эдим. Аммо янги маъмурият менга мамлакатга киришга рухсат бермади. Бу ҳақиқий шок ҳолати бўлди. Улар мамлакатга киришимга рухсат бермагани учун мендан узр сўраши керак, деб ўйлайман. Мен ўзбек адабиётини балки бошқалардан кўра кўпроқ дунёга тарғиб қилаётган таниқли ёзувчилардан бириман. Мени нега мамлакатга киритишмади? Бундан кейин нима қилишим тўғрисида бирор қарорга келишимдан олдин, менга буни тушунтириб беришлари, ҳеч бўлмаса, кечирим сўрашлари керак.

Индекс: Мамлакатга киришингизга ҳар сафар рухсат беришмаганда сиздан кечирим сўрашлари кераклигини ҳис қилардингизми?

Исмоилов: Мен шундай деб ҳисоблайман. Ўзбекистонга қарши ҳеч қандай жиноят содир этмаганман. Ўзбекистонга ҳеч қандай зарар етказмаганман. Барча қилаётган ишим – бу Ўзбекистон адабиётини ва маданиятини бутун дунёга тарғиб қилишдир. Шунинг учун сал эсанкираганман ва нима сабабдан Ўзбекистонга киритилмаганимни тушунмаяпман. Барча қариндошларим шу юртда яшайди, онамнинг хотирасига ҳурмат келтириш учун унинг қабрига бормоқчи эдим. Мени аэропортдан қайтариб юборишгани барча режаларимни барбод қилди.

Индекс: 1992 йилдан бери ўз ватанингизда яшамайсиз, аммо ҳамон ўзбек тилида ижод қиласиз. Бу сизнинг ғарб эмас, балки ҳамон ўзбек аудиторияси учун ёзишингизни англатадими?

Исмоилов: Мен турли тилларда ёзаман. Ўзбекча ёзаман, русча ёзаман, инглизчада ҳам ижод қиламан. Хуллас, турли тилларда турли аудиториялар учун ёзаман. Агар мен ўзбек тилида ёзсам, демак бу ўзбеклар учун. Зеро, ўзбек тилида ўқийдиган инглиз ёки руслар кам. Китобларим Ўзбекистонда тақиқлангани учун таржималар менга яхшигина ёрдам беради. Лекин интернет замонида тақиқлар катта аҳамиятга эга эмас, чунки мен ёзганларимни тармоқ орқали ҳам тарқата оламан. Кишилар оқибатларини билган ҳолда менинг номимни айтиш ёки мени муҳокама қилишдан чўчиши эса бошқа масала. Шунга қарамай, интернет ҳаётимни анча енгиллаштиради.

Индекс: “Жинлар базми” янги китобингиз тез орада инглиз тилида Буюк Британияда сотувга чиқади. У нима ҳақида?

Исмоилов: Аслида “Жинлар базми” янги китоб эмас. Мен уни 2012 йилда ёзиб тугагандим ва кейин ўзбек тилида фейсбукда эълон қилгандим. Ўз вақтида роман анча оммабоп эди. У яқинда инглиз тилига таржима қилингани учун янги асар бўлиб туюляпти. Ундан сўнг учта роман ёзганман, яқинда инглиз тилидаги яна бир романни ёзиб тугатдим. “Жинлар базми” 20-асрдаги энг ҳурматли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг ҳикоясидир. У аввал ёзган барча асарларидан устун бўлган роман ёзишни хоҳлаган. Биз бу роман нима ҳақида бўлиши режалаштирилганини биламиз. Аммо у романни ёзишни бошлаганидан сўнг ҳибсга олинган. Ўн ойдан сўнг, 1938 йилда Қодирий Сталин турмасида отиб ташланган. Романим Қодирий турмада ўзининг ёзилмаган машҳур романи ҳақида ўйлаган кунлари тўғрисидадир. Бу икки романнинг бир асарга жамланганидир. Мен унинг учун ҳам роман ёзишга журъат этдим. Воқелар унинг миясида кечади, шунинг учун у тўлиқ ёзилмаган, лекин қораламалар бор, тарих бор, мақсад ва ғоялар бор. Бу ёзилган, айни пайтда ёзилмаган романдир.

Индекс: Би-Би-Си жаҳон хизмати қошидаги ёзувчи лавозими журналист сифатида сизга қандай таъсир қилди?

Исмоилов: Бу ажойиб эди, айни пайтда улкан масъулиятни ҳис қилгандим. Чунки мен Жорж Оруэл, Видиадхар Найпол каби бошқа улкан ёзувчилар гуруҳини тамсил қилардим. Гўёки ўзимни бу инсонларнинг мужассамлашган кўриниши каби сездим. Ёзувчи ташкилот учун нимани англатишини, ижод бу ташкилот учун нима эканини кўрсатишга ҳаракат қилдим.

Индекс: Муҳожиратдаги журналист учун энг катта қийинчилик нимада деб ўйлайсиз?

Исмоилов: Энг қийини – ўз халқингиз билан ҳар доим бирга бўла олмаслик. Гарчи деярли ҳар куни улар билан ишлайсиз, аммо улар билан юзма юз учрашмайсиз. Бу энг катта қийинчилик. Бироқ муҳожиратда эканингизнинг ҳам афзалликлари бор. Сиз дунёнинг сизга тегишли қисмига ёки ўз мамлакатингизга юксакликдан қарай бошлайсиз. Сиз ўз мамлакатингизнинг дунёдаги истиқболини кўришингиз мумкин. Сиз мамлакатингиз тажрибасини дунёнинг бошқа минтақалари билан қиёслай оласиз, бошқа мамлакатларнинг шундай тажрибасини ўз дунёнгизга киритишингиз мумкин. Ана шундай ижобий ва салбий жиҳатлари бор.

Индекс: Муҳожирлик йилларида ижодингизда ўзгаришлар бўлди, деб ўйлайсизми?

Исмоилов:
Собиқ Совет Иттифоқида журналистика жуда концептаул эди, деб ўйлайман. Унда гап концепциялар ва катта схемалар ҳақида борарди, аммо асло одамлар ҳақида эмас. Би-Би-Си журналистикаси – бу кўпроқ инсонлар тарихи ҳақидадир, воқеликка инсонлар тарихи ва инсонлар тажрибаси орқали ёндашувдир. Бу мен учун энг ҳайратланарли фарқ ва энг ҳайратланарли тажриба эди. Ёзувчи сифатида ўз тарихимга қаҳрамонларимнинг тажрибалари орқали муносабатда бўламан, бу эса ғарб журналистикасига жуда ўхшашдир. Шунинг учун журналистикадаги фаолиятим – бу гармониядир. Ёзувчи сифатида сиз тарихга қаҳрамонлар орқали яқинлашасиз, бу ерда журналист сифатида ҳам шундай иш қиласиз.

Индекс: Сиз бир вақтлар айрим кишилар ўзини ватанининг маданияти билан кўпроқ боғлангандек ҳис қилади ва ўз маданияти билан фахрланади, деб таъкидлаган эдингиз. Юртингиздан кетганингиздан кейин ўзингиз ҳам Ўзбекистон маданиятига нисбатан худди шу туйғуни ҳис қилганмисиз?

Исмоилов: Ҳа, ўз маданиятимга нисбатан масъулиятни ҳис қиламан, чунки ижодимга улкан ҳисса қўшган аждодларим, бувиларим ва холаларим, барча инсонлар ҳақида ўйлаганда бугун ким бўлганимга сабабчи бўлган бу маданиятга ниманидир қайтариб беришим шартлигини англайман. Шу билан бирга, сўнгги 24 йил давомида Лондонда яшаётганим учун ўзимни турли маданиятлар, ҳам рус, ҳам инглиз маданиятларининг бир қисмидек ҳис қиламан. Бир жойда ҳеч қачон бунчалик кўп яшамаганман. Шунинг учун бу мамлакатни ҳурмат қиламан, бу мамлакат олдида қарздорман. Шунингдек, бу мамлакатга, унинг маданиятига ҳурматимни изҳор этиш учун инглиз тилида бир неча романлар ёзяпман.

Балки Ўзбекистон Исмоиловга раҳмат айтиши керакдир.

Мақоланинг инглиз тилидаги оригинали 2018 йил 29 мартда қуйидаги манзилда эълон қилинган: https://www.indexoncensorship.org/2018/03/journalism-in-exile-uzbekistan-continues-its-bar-on-hamid-ismailov/?utm_source=twitter&utm_medium=social&utm_campaign=social-pug

Манба: eltuz.com