Яқинда ЎХҲ сайти саҳифаларида Саид Аскар тахаллуси остида мақолалар бераётган янги бир муаллифнинг ёзишмалари пайдо бўла бошлади. Албатта бу ҳол ЎХҲ нинг ҳар бир аъзосини шодлантирса ҳам керак. Ахир фикрлар хилма хил бўлган тақдирда ҳам, мақсад бир бўлмоғи лозим эмасми? Айни шу ақидадан келиб чиқадиган бўлсак, ватандаги диктатура режимига қарши олиб борилган сиёсий курашнинг ҳар қандай усулини ҳам ҳалол деб қараш мумкин.
Бу муаллиф Ўзбекистондаги аҳволга ҳам назар ташлар экан, мамлакатнинг фуқролари ҳукумат олдида дир-дир титраб туришларини ажойиб бир мисол билан келтириб ўтибди ва мана шу зайлда фақат ва фақат қўрқиб яшайдиганларни “шукронистлар” деб атабди. Бир калладан бир фикр, минг калладан минг фикр деганларидек, Саид Аскарнинг бу ёзган жумлалари бутун Ўзбекистонни унда мавжуд бўлган расмий сиёсий кучлари билан, кейин сиёсатдан узоқдаги партиясизлар билан бирга қўшиб бир фуқаролик жамиятига бирлаштириш мумкин эмасмикан деган янги бир фикрга туртки берди. Уларни русчасига “шукранисты”, ёки ўзбекчасига эса “шукроначилар” ҳаракатими, партиясими деб аталса кўп ва хўб яхши бўларди. Чунончи, Ўзбекистонимизда халқ ёппасига шунақа “шукроначи” бўлиб қолган десак ҳам кўп муболаға бўлмайди. Албатта бунда ҳар вилоятда учраб туриши мумкин бўлган бир неча кишининг сиёсий фаоллигини назардан қочирсак.
Хўш, бу шукроначилар аслида кимлар? Улар ватаннинг муттасил қўрқиб яшайдиган фуқаролари бўлиб, на динининг ва на сиёсий кўз қарашининг фарқи ҳам кузатилинмайди. Шукроначилар Анархистлар деб номланадиган ҳаракатнинг том тескарисидир. Уларнинг Анархистлардан фарқи, курашиш ўрнига фақат бўйин эгишнинг, кўпроқ таъзим қилишни, ҳаттоки қандайдир “каттакон” бўлсин, унинг оёғи остида поёандоз бўлишлик ғоясини илгари сурадиган ҳаракат бўларди. Ишонтириб айтадиган бўлсак, шукроначиларга бутун дунёда бирор ҳукумат қаршлик ҳам кўрсатмасди. “Нега энди?” – деган савол туғилади. Жавоб эса бу: чунки шукроначилар ҳар қандай ҳукуматга бўлсин, шукроналар, саловотлар айтиб кетавериш каби ғояни қадрлайдилар.
Камина ҳам кўп ҳолларда мана шунақа шукроначиларнинг ҳақоратларига нишон бўлиб қоламан. Улар одатда ўзимизнинг ўзбекистонлик ва уларнинг баъзилари ватанда бўлишса, бошқалари хориж мамлакатларида яшайдилар. Ўзбекона таълим ва тарбиядан келиб чиқиб, бирор юртда бўлсин ўз ҳуқуқлари учун курашиш ўрнига, шукроналар келтириб маҳаллий ҳукуматлар билан ҳам келишиб яшаш йўлини танлашади.
Нега биз шукроначилармиз? Миллат узоқ йиллар мобайнида турли ҳукмдорларга бўйин эгиб, қуллуқ қилиб яшашга одатланиб келди ва таасуфки, бу одатини тарк этмоқчи ҳам эмас. Балки шунинг учун ҳам шукроначилик бутун ўзбек халқининг қон қонигача сингиб кетган иллат бўлса керак.
Интернет тармоғини кузатаркансиз, Ўзбекистон ҳақидаги хабарлар одатда кишининг этини жунжиктирмай қолмайди. Кимдир қамоқда ўлган бўлса, бошқа биров ноҳақдан қамалган. Яна кимдир Россияда, Қозоғистонда ҳақоратланган. Миллатни ҳозир ҳар ким ўз билганича тепкиласада, лекин миллат ҳаммасига ўзининг шукронаси билан жавоб беради: “ахир бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эдику” – дея ўзини овутади. Аммо энди бундан ҳам баттарроқ бўлмаса керак. Чунки биз энг чуқур қудуқнинг энг тубидаги миллатмиз.
Интернет тармоғида ўзбек аёлларининг мажбурий стерилизация қилинаётгани ва бундан хориж мамлакатларидаги фуқаролик жамиятлари даҳшатга тушаётганликлари ҳақидаги хабарлар кўзга ташланади. Шундай тадбирлардан бири куни кеча, аниқроғи 2014 йилнинг 29 январь кунида Швеция пойтахти Стокгольмда бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик қочқин журналист, ҳозирда Швециянинг Ҳелсинберг шаҳрида яшаётган Матлуба Азаматова ўз нутқи билан иштирок этиб, мажбурий стерилизация муаммоларини кўтарди. Эътибор қилинг – аёл қилаяпти бу ишни. Эркаклар номард бўлган жойда эса, аёллар уларнинг ўрнига марду майдон бўлишаркан. Ўзбекистондаги ўзбек эркакларига аёлини стерилизацияга олиб бормаса қамалиб кетишини айтинг, юраклари товонигача тушиб кетади ва ўз аёлларини ўзлари генекологлар ҳузурига олиб борадилар. Ҳозирда бунақа тадбир текинга амалга оширилмоқда экан. Бу ҳам президентимизнинг халққа нисбатан меҳрибонлигидан бўлса керак ҳой на ҳой(?). Агар шу ишни пуллик қилиб қўйишганида борми, эркаклар Россияда гастертербайтерлик қилиб топган пуллари билан ўз аёлларини бичтириб қўйишган бўлишарди. Ишонаверинг, бу миллат бунга ҳам боради.
Ўзбекларнинг бошида нафақат калтаклар синмоқда, балки уларни ҳар кўйга солиб кўришларнинг ҳам поёни йўққа ўхшайди. Қизиқ, агарда президентимиз эркакларни ҳам бичиш тадбирини бошлаб юборса миллат нима қиларкин? Нима ҳам қилишарди дейсиз. Нариси билан “Озодлик” ва “Би-Би-Си” радиоларига, инсон ҳуқуқлари ташкилотларига бирор тахаллус остида шикоят қилишади холос. Бошқасига кучлари етмайди.
XIX асрнинг 70 йилларида Россия империяси Марказий Осиёни забт этаркан, унда ҳали қулдорлик тузими мавжуд эди. Туркистон ерларида эса эндигина феодализм формацияси шаклланиб келаётганди. Ғарб дунёси ва Россияда аллақачон капиталистик муносабатларга ўтган ва оз бўлсада, саноати тараққий этган ҳам бўлсада, бизнинг халқлар ўша Қўқон аравани судраб юраверишган. Русларнинг қилган энг улуғ иши Марказий Осиёда қулдорликни буткул тугатиши бўлди, аммо бу улкан ҳудудни улар ўз империяларига ҳам қўшиб олишди.
Россия Империяси бизга нима берганди? Деярлик ҳеч нарса! Улар асосан Туркистон ерларининг бойликларини ташиб кетиш билан машғул бўлишди. Туркистон йигитларини эса Россиянинг ноқоратупроқларида, Сибир ўлкаларида мардикор қилиб ишлатишди. Тўғри, жадидлар ҳаракати ҳам бўлганди, қайсики улар биринчи жаҳон уриши йилларида туркистонликлар ҳам окопларда туриб жанг қилишини талаб этишарди. Аммо уларга биров қулоқ ҳам осмади. Туркистонликлар русларнинг мардикори бўлиб қолаверди ва бу мардикорлик ҳозир ҳам тўхтагани йўқ!
Шундай қилиб, Туркистон халқлари Оқ подшога ҳам хизмат қилишга мажбур бўлишган. Ўша даврда ҳам унинг Туркистондаги вакилари, генерал губернаторлик ходимларининг кўнглини овлашлар ҳам бўлган. 1917 йилги большевиклар инқилобидан сўнг таърихда “босмачилик ҳаракати” деб номланган ҳаракатлар ҳам бўлиб ўтди ва ўша босмачиларни “озодлик ҳаракати курашчилари” деб ҳам аташади. Аслида эса улар ўша давр зодагонлари, ҳам уламоларининг хоҳиш-иродаси билан қизилларга қарши курашга чиққан оломон эдилар. Мақсадлари озодлик бўлмаган, шунчаки Худосизларнинг янги ҳукуматини қайтаришга уринишган холос.
Совет даврида эса Марказий Осиё анчайин гуллаб-яшнади. Саводсизлик тугатилинди. Халқларга эрк берилди ва айниқса аёлларни паранжидан чиқарилиб, уларнинг ҳам ҳуқуқлари тўла-тўкис қилиб берилди. Совет даврида кўплаб ўзбек аёлларнинг илм-фанга ҳисса қўшганликлари ҳам оз эмас. Бироқ Совет даври ҳам халқимизнинг минталитетини ўзгартира олмаган. Доимо бошлиқларга, ҳукмдорларга хуш ёқишга интилиб яшаган миллат бўлиб қолаверганмиз.
Кимдир айтар: биз дунёга Абу Райхон Бериний, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Синодек даҳоларни берган миллатмиз! Албатта ҳа! Бироқ у ўрта асрларда эди, энди эса XXI аср ва биз бугун ўз йўлимизни ҳам тополмай сарсонмиз.
Ҳозирги кунда ўзбекларни ўзбек ҳукумати ўзи истаганидай талаяпти. Порахўрликлар билан, мажбуран ишлатиш билан, ҳаттоки уйидаги темир-терсагини ҳам тортиб олиш билан. Ким “ғиқ” деб садо чиқарди? Ҳеч ким! Озодлик радиоси тарқатаётган хабарларга кўра, Ўзбекистонда боғча болаларига ҳам металлолом солиғи солинибди. Ота-оналар уйидаги темир қозонию, ўчоқларини олиб бориб берса, шу билан ҳукуматимизнинг нафси қонармикан? Келгуси йилда, ёки келгуси ойда тағин металлалом сўраб қолмайдими? Албатта сўрайди!
Ўзбекистонни озодликка олиб чиқиш ҳаракатлари халқ орасида қўлланмаяпти. Зотан, ўтмишида ҳам бу халқни бошқалар бир даврдан янги даврга олиб ўтган эди. Ўзи эса бир формациядан янгисига ўта олмаган. Бу сафар эса ҳукуматимизнинг томири узун ва чуқур кетган ва энди уни кимдир биров келиб ўзгартирмайди ҳам. Уни фақат ўзимиз ўзгартиришимиз керак, лекин юқорида таъкидлаганимиздек, миллатнинг юраги товонига тушиб бўлган. Уни қўрқувда ушлаб туриш албатта ҳукуматга зарур, лекин унинг бу қўрқувдан чиқиши эса миллатнинг ўзи учун зарурдир. Бу қўрқув исканжасини тарк эта олармиканмиз?
Шукроначилар яхши кунига ҳам, ёмон кунига шукрона қилиб яшайверади. “Худога шукр, шунчалик бўлди, энди яна ҳам яхши бўлар”. Бошқа бир ҳолатда эса, “Худога шукр, шунча бўлди, бундан ҳам баттар бўлса нима бўларди?”. Биз учун бу сўнги нуқта азизлар ва энди бундан ҳам баттар бўлмайди!
Тўлқин Қораев
Швеция