O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қуйидаги хабар на гўзал хабар эди…

Қуйидаги хабар на гўзал хабар эди…
31 views
08 August 2017 - 11:47

ҚУЙИДАГИ ХАБАР НА ГЎЗАЛ ХАБАР ЭДИ. БУ ЯНГИ РАҲБАРНИНГ ЭСКИСИ КАБИ ТОҒУТ БЎЛМАЯЖАГИДАН БИР МУЖДА ЭДИ ГЎЁ.

“Шавкат Мирзиëев президент бўлиб сайланганидан кейин Оқсаройга кўчиб бормасдан, олдинги Алишер Навоий кутубхонаси ўрнида қурилган Сенат биносида фаолият юрита бошлади ва ўзининг Қорасув-2 массиви, Шамс кўчасидаги ҳовлисида яшай бошлади”…

АФСУСКИ, ХАЛҚ КУТГАН НАРСА БЎЛМАДИ…

“Озодлик” радиоси муҳбирининг хабар беришича, янги раҳбар Шавкат Мирзиёевнинг қароргоҳи Тошкент вилоятининг энг сўлим гўшаларидан бирида, Чирчиқ дарёсининг икки қирғоғида жойлашган Байтқўрғон қишлоғининг Кангли кўчасидаги “Оқ қовоқ” темир йўл бекатига яқин жойда қурилди.

Ҳозирда тўлиқ баланд девор билан ўраб олинган қароргоҳ, тақрибан бир неча гектарни эгаллаган.

Қибрай туман ҳокимлиги расмийсига кўра¸ қароргоҳ буюртмачиси Ўзбекистон Президенти маъмуриятидир.

Унинг яна айтишича, қурилиш ишларига президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Ойбек Турсунов бош-қошдир.

Ойбек Турсунов – Ўзбекистон президентининг катта куëви.

Президент туғилган кунига совға

Резиденция ичидаги мармар ишларини бажарган муҳандис исми сир қолиш шарти билан Озодлик мухбирига айтишича¸ қароргоҳнинг асосий битган қисми 24 июл – Шавкат Мирзиëевнинг туғилган кунида тантанали тадбир билан очилган.

Қароргоҳ яқинида яшайдиган байтқўрғонлик йигит ўша куни мушакбозлик бўлганини билдирди.

Озодлик суҳбатлашишга муваффақ бўлган резиденция ходимларидан бирига кўра, президентнинг туғилган куниида ўтказилган тадбирга Россия шоу-бизнеси юлдузларидан бир неча нафари иштирок этган.

Байтқўрғон қишлоғидаги маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашган Озодлик мобил мухбири президент қароргоҳи қурилаëтган ҳудуд баландлиги 4 метрлик девор билан ўраб олинганига гувоҳ бўлди.

Мухбиримизнинг аниқлашича¸ Байтқўрғондаги президент қароргоҳи қурилиши боис, ўнлаб уйлар бузилган ва кўчалар кенгайтирилиб, арчалар экилган.

Ушбу ҳудуднинг қароргоҳ қурилишидан олдинги ҳолатини Google харитаси ёрдамида кўриш мумкин ва бу бузилган уйлар кўламини тахмин қилишга имкон беради.

Google харитасида аввал қароргоҳ ўрнида боғ-роғли, ҳовузга эга ҳашаматли уйлар борлиги кўринади.

Янги қароргоҳ Мирзиёевнинг Мустақиллик майдонидаги иш жойидан 26,5 километр узоқликда жойлашган:

Сарой мовий мармар ва Swarovski​ кристаллари билан безатилди

Президент қароргоҳи пардоз ишларида қатнашган муҳандиснинг айтишича, бино қурилишига қиммат ва эксклюзив қурилиш материаллари ишлатилган:

“Аргентинадан келтирилган ва квадрат метри 500 доллар турадиган мовий мармар ва Swarovski кристаллари ишлатилди. Бино меъморий дизайннинг энг сўнгги тренди бўйича пардозланди”¸ деди муҳандис.

Озодлик суҳбатдошларига кўра, қурилиш учун ишлатилган катта мармар бўлаклари вертолёт билан ташилган.

Мирзиëев туғилган кунида янги қароргоҳга кўчиб ўтди.

ЎХҲ хабарлар бўлими