Каримов режими қулаш учун тайёргарлик кўрмоқда. Америка ва Европа Иттифоқи 2005 йилда қабул қилган ўз санкцияларини бекор қилиб, унга ёрдам бера бошлаганига қарамай; бу ёрдамлар Каримовни юрт ичи ва ташқарисидаги мухолифларга қарши янги репрессияларга илҳомлантираётганига қарамай, мустабид режим қулаш учун тайёргарлигини бошлади.
Бугун режимнинг барқарорлигига ишонган бирорта давлат тизими йўқ. Ўз келажагига ишонган битта ҳам маъмурни тополмайсиз бу тизимларда.
Улар порахўрлик ва коррупциянинг баҳайбат машинасининг кичик мурватлари ўлароқ, фақат бугунги кун билан яшамоқдалар ва ўз чўнтакларини тезроқ, шоша-пиша байтулмолдан тўлдириш учун уннамоқдалар холос.
Яқинда 15 йиллик оғир қамоқ жазосига тортилган давлат маслаҳатчиси Равшан Муҳиддинов Каримов режимининг Каримовдан бошқа ҳеч кимга бундай жазо олмаслигига кафолат бермаяжагини яна бир марта тасдиқлади.
Айнан шу сабабли яқинда давлатнинг энг муҳим органи бўлмиш иккита ташкилот раҳбарлари ўз вазифаларидан истеъфо қилиш ҳақда аризаларини президентга тақдим этишди. Улардан биттаси Ички Ишлар Вазири генерал Матлубов бўлса, иккинчиси Миллий Хавфсизлик Хизмати Раиси Иноятовдир. Ҳар иккаласи ҳам истеъфо қарорларини касалликлари билан изоҳлашди. Бу каби баҳонанинг самимиятига ҳеч ким кафил бўлолмайди албатта. Аммо Иноятовнинг узоқ йиллардан бери шакар диабетига мубтало эканлиги маълум. Бу касаллик шу қадар хуруж олган-ки, яқинда докторлар Иноятовнıнг оёғи кесилиши кераклиги, агар кесилмаса гангрена хавфи борлигидан огоҳлантирганини биламиз.
Айтишларича, бу машъум хабар “Тошкент клани” ҳисобланган тўданинг кўзга кўринган лидерлари Шавкат Мирзиёев ва Зелимхан Хайдаровларни қаттиқ саросимага солган. Чунки бутун ўлкани ўз “қалпоғи” остида тутган ташкилот шефи Р.Иноятов сўнгги йилларда бу икки шахснинг давлатдаги асос таянчи бўлиб қолганди.
Ш. Мирзиёев ва З. Хайдаровлар, агар Иноятов кетса, “парда орқасидаги ҳокимият” ёш, ҳукмронликка ҳирсли генерал, Иноятовнинг биринчи муовини Шуҳрат Ғуломов (у ҳам Тошкент кланига мансуб) қўлига ўтишидан қурқишади. Боз устига, Ш. Ғуломов “Папа”нинг эркатойи Гулнора Каримова билан апоқ-чапоқ бир мақомдаги киши, Гулноранинг бутун майда-чуйда эҳтиёжларини дарҳол қондирадиган бир учар.
“Парда орқаси”нинг бу маълум персонажлари орасидаги курашни “Тошкент клани” ичидаги курашлар дейиш мумкин. Чунки Фарғона ва Самарқанд “клан”лари бугунги сиёсий-иқтисодий гуруҳлашувда кўзга чалинмай қолаяпти. Майдонда от сураётганларнинг аксарияти Тошкент “клан”ига оид. Бугун у кланларнинг энг каттаси. Балки катталиги учун ҳам бу клан 4 парчага бўлинган. Биринчи парча – МХХ раиси Рустам Иноятов, иккинчи парча – Рустам Азимов, учинчи парча – МХХ нинг ёш генерали Шуҳрат Ғуломов, тўртинчи парча – МХХ нинг “Хавфсизлик Бўлими” бошлиғи генерал Ҳаёт Шарофхўжаев етакчилигида фаолият кўрсатмоқда.
“Озодлик” радиосининг хабарига кўра, Равшан Муҳиддиновни Иноятов гуруҳи қаматтирган. Бизнинг тадқиқларимида бу хабар ўз тасдиғини топмади. Муҳиддиновга қарши “компромат”ни генерал Шуҳрат Ғуломов тайёрлагани ҳақда жиддий далиллар бор. Бу ёш генерал Муҳиддиновни қаматиш билан Ш.Мирзиёевни клани ичидаги муҳим таянчларининг биттасидан мосуво қилгани энди сир бўлмай қолди.
Ҳа, Каримов МХХ раиси Иноятовнинг истеъфо аризасини қабул қилмади ва у Каримов ва ўз касаллиги исканжасида болға ва босқон орасида каби вазифасини давом эттираяпти.
Ички Ишлар Вазири Матлубовга келсак, у ҳар ҳолда чўкаётган кемадан вақт борида қочиш пайига тушган. ИИВ ташкилот сифатида МХХ билан рақобатда енгилди, унинг бутун ҳарбий тизимлари ММХ га олиб берилди, яъни мавжуд сиёсий коньюнктурада ИИВ нинг келажаги у қадар ҳам порлоқ кўринаётгани йўқ.
Шунга қарамай, Каримов ИИВ вазирининг истеъфо талабини қондирмади. Ўзбек диктатори вазирга айнан шундай деди: ” Мен ҳали ўлганим йўқ, сен ҳам ўлмайсан. бир оз сабр қил, оз қолди”.
Ҳақиқатан ҳам, бироз сабр қилиш керак. Оз қолди. Фақат Каримов ва унинг вазирлари учун эмас, халқ учун ҳам кутиш муддати озаймоқда.
Гарчанд, Тошкент мустабиди ўз ҳокимиятини юмшоқ бир услубда топшириш учун у ўлганда тобутига тепмайдиган, орқасидан тупурмайдиган бир ворис ахтараётибди.
Сўнгги хабарларга кўра, Каримов ўз ворисни танлаган, бу ворис – Рустам Азимов эмиш. Бош Вазирнинг биринчи муовини Рустам Азимов. Бу киши Ислом Абдуғаниевичнинг фикрига кўра, қизи Гулнорага энг тоқатли ёндоша оладиган тип. Гулнора учун эса бўлажак хукуматда Бош вазир мақоми кўзда тутиляпти. Жорий Бош Вазир Мирзиёев учун эса Тошкент вилояти ҳокимлиги мўлжалланмоқда экан. Бу хабар биринчи қўлдан, ишонарли хабардир.
Аммо Каримов бугун шундай қарор қабул қилган бўлса ҳам, унинг бу қарорни бир йил сўнгра ёки ҳатто ярим йил, ҳатто бир ой сўнгра ўзгартирмаслигига ҳеч кафолат йўқ. Каримов ўз сўзини камдан-кам тутадиган шахс.
Нима бўлганда ҳам, Каримов у ёки бу шаклда яқинда иқтидордан кетади. Муҳими унинг бу кетиши қандай шаклда бўлишидадир. Қонли шаклдами, қонсизми – бу муҳим.
Мухолифат ўзбек диктаторининг қонсиз, уруш-жанжалсиз кетиши тарафдоридир.
Диктаторларни ағдаришнинг “араб варианти” бу жараённинг тинч йул билан амалга ошишининг анча маҳол эканини намойиш этди. Бошқа тарафдан, бу “вариант” диктаторларга қарши қуролли кураш жиноят эмаслигини кўрсатди, бундай курашни дунёда машруъ қилди. Бу муҳим, тарихий бир машруъиятдир.
Муҳаммад Солиҳ
muhammadsalih.com