Яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни қабул қилинди. Мақсад халқаро туризм оламида Ўзбекистоннинг миллий брендини яратиш, аждодларимиз бой меросига сайёҳларнинг ҳайратини ошириш, даромадни йўлга қўйишдир.
Аммо кези келганда сайёҳларни аждодларимиз бой мероси билан эмас, биз авлодларнинг бой меросимизга бўлган лоқайдлигимиз ва бефарқлигимиз билан ҳайратга солиб қўймаяпмизми?
МИРЗО ЧОРБОҒ ХАРОБАЛАРИ
Маълумки, Кармана беклиги Бухоро амирлигининг иккинчи пойтахти ҳисобланган. Шу мақсадда Бухоро амири Абдулаҳадхон даврида Кармана беклигида кўплаб чорбоғ ва саройлар бунёд этилган.
Айнан Мирзо Чорбоғ меъморчилиги, нафис ганчкорлиги билан ажралиб турган. Ушбу боғ Амир топшириғи билан Зарафшон дарёси соҳилида 1900-1905-йилларда бунёд этилган. Сарой лойиҳаси Амирнинг шахсий архитектори Хўжа Абдураҳим томонидан тайёрланган. Қурилишга машҳур ганчкор уста Ширин раҳбарлик қилган.
“Уста Ширин сарбоз сифатида олиб келиниб, сарой тикланишига сафарбар этилди. У Карманада 15 йил мобайнида сарой ва боғлар барпо этди. Айниқса, Мирзо Чорбоғни қуришга қийналди. Қаҳратон қишда, қўли лой билан музлаган пайтда бу бинони тиклади, ҳатто бир умрга бармоқларини совуққа олдирди”. (Л.И.Ремпил. “Бухоро ёзувлари” китоби, Т.,1981., 280-бет)
Афсуски, бугунги кунларда мутасаддиларнинг бепарволиги оқибатида мазкур тарихий обида қулаб бормоқда. Саройнинг муҳофаза деворлари ўрнатилмаган. Сарой ўртасидаги ҳовуз ахлат ва ҳайвон суяклари билан тўлдирилган. Қудуқ эса кўмиб ташланган.
Сарой асосан ёғоч ва ғиштдан тикланган. 2019 йил апрель ойида тўрт ой давомида қийшайиб турган ёғоч синчли саройнинг кутиш зали пойдевори қулаган. Қулаган жойда фақатгина миллий нақш бўлаклари қолган. Мустаҳкам ёғочлар маҳаллий аҳоли томонидан талон-торож қилинган.
АМИРНИНГ ТАХТИ ЎРНАТИЛГАН ЖОЙ
Маълумки, бу ердаги тахт олтин васвасасида ўғирлаб кетилган. Бу ҳам етмагандек, тахт турган жой кавланган.
Сарой 6×20 метр узунликда бўлиб, ўймакорлик ва нақшкорликнинг ноёб усуллари билан безатилган. Энг қизиғи, саройда ғарбона дизайндан ҳам фойдаланилган.
Бинодаги 8 та деразасининг тепа қисми қалқонсимон (ғарбона) усулда ишланган. Бу каби миллий меъморчилик Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса саройида ҳам учрайди.
Сарой безаклари учун ранглар табиий усулда тайёрланган. Орадан 115 йил ўтган бўлса-да, ранглар жозибасини йўқотмаган.
Бино қурилишида Кармананинг иқлим шароити эътиборга олинган бўлиб, чўпкори усулда зах ва шўрланмаслиги учун, деворлари эса 4 қаватли қилиб қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши учун бунёд этилган.
Сарой 15 болорли бинодан иборат. Болорлар ўта нозик дид билан тахланган. Ҳар бир болор алоҳида шарқона наққошлик усулида безалган.
Қимматбаҳо ёнғоқ ва кедр дарахтидан ишлаган Сарой эшиклари ўғирлаб кетилган. Ҳозирда фақат 1900 йилларни эслатиб турган эшикнинг ошиқ-мошиқлари ва халқ тилида айтганда мусулмон ғиштлар қолган, холос.
Сарой пойдевори япалоқ пишиқ ғиштдан, энига эса ўша ғиштдан 1 метрли қилиб 25 қатор ётқизилган, 26 қатори эса тиккасига терилган. Чунки бу усул бинонинг зилзилабардошлигини таъминлаган.
Синч ва заваравларнинг кўп бурчак шаклда қўйилиши, унда ховаларнинг кўринмаслиги эса аждодларимиз заковатидан яна бир дарак.
Саройнинг ғарбий томонида 10 хонали меҳмонхона бўлган. Бу хоналарнинг ичи ҳам шарқона усулда камтарона безатилган.
Сарой деразадан ташқарига қарасангиз, пахта даласини кўрасиз, Самарқанддан Бухоро, Хивага ошиқаётган сайёҳлар карвони кетаётган халқаро М-37 автомагистрал шовқинини эшитасиз.
Омонат осилиб турган ёғоч эътиборимизни тортади. Гўё у нола қилаётгандек, атрофдан нажот сўрагандек, туюлаверади. Қани қачон йиқилади бу бино? Бақувват ёғочларидан умидвор кўзлар, ер майдони ҳасадида энса қотириб турган баъзи чаққонлардан қўрқиб нола қилаётгандек.
Манба: uza.uz