Ёш бола
Кеча қилган ишим – бугун хатодир,
Худди ёш боладек ўтган ҳар куним.
Бугунги ишимдан дилда хавотир –
Эртага хато деб ўйлашим мумкин.
Аммо билолмайман – недир сабаби –
Ўтган “бугун”ларим улғаймас сира.
Ўйинқароқ ҳамон ёш бола каби
Кеча кундан қолган ҳар бир хотира.
*****
Дўстимга илтимос
Менга керак эмас сенинг мол-дунёнг,
Фидо қилма, майли, асра жонингни.
Майли, сенга бўлсин, ҳар бир ёруғ тонг,
Майли, қучоқлаб ёт ўз осмонингни.
Оғирлигинг йўқдир менга, биродар,
Сенга раво кўрмам дарду ҳасратим.
Сенга юқмасин деб, ишонсанг, агар –
Ғамимни гавҳардек ичда асрадим.
Очиғини айтсам, жимгина, сассиз,
Онанг ухлаётган уйда юргандай –
Яшагим келади, ҳатто, нафассиз,
Борлигимни бирор касга билдирмай.
Гарчи эслатса-да куйиб айтганинг –
Куйини одамлар тингламас созни;
Шеъримни ўзимдан элчи сайладим –
Етказсин сен учун аталган розни.
Битта тилагим бор, биргина тилак,
Шуни айтиш эрур дилимдаги қасд –
Қандай яшасанг ҳам, яшагину лек –
Қулларга қул бўлиб яшамасанг, бас.
*****
“Дўстона” таъна
Бугунги ўзбек ёш шоирларига
Кечирингиз мени, аҳли шуаро,
Сўзларимга асло беролмам оро.
Шеърларим қўполдир, тили – тараша,
Мулойим эмасман шунга яраша.
Эҳтимол, айтажак сўзларим аччиқ –
Кечиринг, нишини олса гар санчиб.
Гапим балки ҳазил ё ўхшар чинга –
Ўхшаманг мажбуран туққан хотинга.
Шеърингизни қилманг жонсиз қўғирчоқ,
Ҳеч йўқса, бўлинг сиз бедор қўнғироқ.
*****
Гўрўғли