Тўлқин Қораев
Швеция
Қулоққа чалинадиган гаплар бўлади. Бири сизга ёқади ва яна бири эса йўқ. Баъзиларига эса бефарқ қарайсиз.
Қулоққа чалинадиган гаплар бўлади, асабингизни қақшатади ва “нега шундай?” деган саволга олиб келади. Негалигини сира сира аниқлай олмайсиз. Чунки баҳона бисёр, важ кўп. Афанди айтган экан, “агар янги ковушим йиртилиб қолишидан қўрқмаганимда, уни кийиб шудгорга оралаган бўлардим”. Бу ҳам бир баҳона!
Каминани яхши одам санагувчилар ҳақида ҳам баъзида эшитиб қоламан. Булар ҳам юқорида айтганимиздек, қулоққа чалинадиган гаплар ва уларга эътибор қаратишни истамайман. Нега дерсиз? Негалиги шундаки, бу гаплар мутлоқ ёлғон! Ишонаверинг, ёлғон! Мен яхши одам эмасман ва бу мақомга даъво қилмоқчи ҳам эмасман. Ёмонлигим шундаки, муғамбирликни билмайман, қила олмайман. Масалан, камина ўғри эмасман. Бу қонунлардан, ёки шариатдан қўрққаним учун эмас, шунчаки ўғирлик қилишдек бир ҳунарни яратган Эгамиз менга раво кўрмаганлиги учун. Муғамбирлик шайтоннинг хислати дейдилар, буни қарангки, каминага шайтон ҳам ўзининг шу хислатини раво кўрмабди ва бундан ҳам мосуво қолибман.
Камина уйимдаги эски гиламимни иккига бўлиб, бошқа бировга сотиб юбора олмайман. Бундан ор қиламан эмас (пул топишнинг ори борми?), шунчаки бошқа бировни алдай олмайман. Айтайлик, кимдир бировнинг ертўлада ётган велосопедини ўғирлаб, рангини ўзгартириб, кейин уни бошқа бировга сотиб юбориш хаёлимнинг кўчасидан ўтмайди. Буни қарангки, “ўғри” деган номдан қутилиш учун мамлакатни тарк этган бошқа бир одамнинг номини келтириш мумкин экан ва бундай ишни қила олмайман. Ахир охири замон пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдилар: “Ўзига раво кўрмаган нарсасини бошқа бировга раво кўрадиганлар бизлардан (мўминлардан) эмаслар”.
Баъзи бировлар айтишар эканки, мен мусулмонман ва ҳақ йўлида курашга чиққанларданман. Бўлмаган гап! Бу ғирт ёлғон ва биров шундай деса асло ишонманг. Мусулмон бу Оллоҳ йўлида жонини ҳам қурбон қилиб юборишга тайёр зот дегани. Мен ундайлардан эмасман. Масалан, Ўзбекистон деган юртда минглаб мусулмонлар қамоқларда азоб тортишаяпти. Қайноқ сувларга ташлаб ўлдирилаяпти, тепкиланаяпти. Парвоимга ҳам келаётгани йўқ! Ундан кўра тирикчилигимни ўйласам яхши эмасми? Масалан, фалон жойдан фалон нарсани сотиб олиб, кейин уни писмадон жойда устама нархида бошқа бировга сотсам кони фойда-ку. Ахир айтадилар-ку: тома-тома кўл бўлур, томмай қолса чўл бўлур.
Масалан, мусулмонлар Оллоҳга таваккал дея курашга чиқишаркан, жонларини хатарга қўйиб бўлса ҳам, диндош биродарларини ҳимоя қиладилар. Мен ундайлардан эмасман ахир! Мусулмон бўлса бўлибди, Оллоҳдан сўрасин, мен ҳам сўрайман ва дуода бўламан. Иншоллоҳ яратганнинг ўзи у биродаримизни ҳимоя қилади, нажот беради! Агар ўлса шаҳид кетади, тирик қолса ғозий бўлади. Жаннат дарвозалари бундайлар учун ланг очиқ экан. Ўзим эса жаннатни орзу қилмайманки, фақат ўз манфаатимнигина кўзлаб яшайман. Демакки, каминани биров ҳақ йўлдаги диндорлардан дейишса асло ишонманг!
Яна шундайлар бор, мени “кофир бўлганлардан” дейишади. Албатта бу ҳам қулоққа чалинган гаплардан ва буниси ҳам ғирт туҳмат! Ахир кофир бўлган зот дини Исломга қарши курашмайдими? Йуқ! Адашасиз ҳурматли ватандош, бу унвон ҳам каминага хос эмас экан. Балки кофирликга яқинроқ юргандирман. Масалан, “Ўзбекистонда диктатура режимини ағдариш учун ҳар бир ўзбекистонлик ўзини сафарбар қилсин” дея. Кофир бунақа бемаъни, аҳмоқона даъватни қилади деб ўйлайсизми? Йўқ, асло!
Кофир деган зот яратган эгасига ширк келтириб қуйидаги гапларни ҳам айтаркан: “Подшоҳимиз Оллоҳнинг ердаги сояси ва унга итоатда бўлмоқ ҳар бир мусулмон учун учун вожибдир”. Бир мусулмон дўстим айтганига кўра, яратгувчи яралмишнинг бир гуноҳини сира-сира кечирмас эмиш ва қиёматда ҳар қанча савоби бўлса-да, ўша гуноҳ туфайли уни дўзахнинг қаърига ташлар эмиш. Бу қандай гуноҳ дерсиз? Бу гуноҳи кабира яратганга кимдир бировни, ёки бирор бут-санамни тенглаштиришдир! Ҳаттоки кўзмунчоқу, туморларга ишониш ҳам айни мана шу гуноҳлардан саналаркан. Йўқ азизлар, адашасиз! Камина кофир эмас эканман.
Яна биров айтадики, камина ёлғончи эканман. Бўлмаган гап! Қаерда ёлғон айтдим, ёинки қайси ҳақ сўзни тасдиқлаб, ёки инкор қилиб бериш керак бўлганида ундан тондим? Масалан, шундайлар бор, одамларнинг қулоқларига лағмон осишга уста. “Мен жуда машҳур инсон эдим ва мени ўлдирмоқчи бўлдилар. Каллам учун мукофот эълон қилдилар…” ва ҳоказо, ҳоказо. Қачон камина ёлғон сўзладим экан? Ёлғончиликни ўзига касб қилиб олганлар ундан қандайдир бир мақсадда фойдаланадилар ахир. Ёлғон ҳам гоҳида ҳалол дейилади. Масалан, эр-хотинини муросага келтиришда ишлатадиган ёлғони ва урушда қўлланиладиган ҳийла, ёлғонлар ҳалол экан. Бу мусулмон динида!
Аммо яҳудийлар динида ҳар қандай яҳудий бўлмаганни алдаш, уни ёлғон ваъдаларга ишонтириш, муғомбирлик билан ўз фойдасига ишлатиш каби амаллар ҳалол ҳисобланаркан. Камина на яҳудий динидаман ва на урушни кўрдим, на аёлимни ёлғон айтиб тинчлантирдим. Чунки бунинг ҳам иложи йўқ. Атрофда ғийбатчилар ва улар оилангизга ҳам суқулиб кириб ғийбатингизни қилишаркан. Демак камина ёлғончи эмасман.
Буни қарангки, мен ҳақимда сўзлайдиганлар орасида “бу одам ростгўй” дегувчилар ҳам топилади. Бўлмаган гап! Қани ростгўйлигим? Ростгўйлик дегани юз-хотирликни ҳам унутиб нима бўлса ҳамма гапни шартта-шартта айтиб юборадиганларга нисбатан ишлатиладиган сифат эмасми? Қачон ростгўйлик қилдим? Масалан, фалон одам нотўғри амал қилаётганини кўра-била туриб унга айтмадим-ку: “ҳей биродар, бу амалинг нотўғри”! Масалан юрт хароба бўлиб ётган кезда аҳли Ўзбекистон турли динлар, турли ғоялар ва гуруҳларга бўлиниб қолган бўлса-да, уларнинг қай бирига қараб “йўқ, сенинг сўзинг нотўғри” дедим. Ҳар бирига айтаман: “сеники тўғри, кам бўлма”. Акс ҳолда бугунги дўст душманга айланиб қолиши мумкин.
А, лаббай, “бу амалларинг мунофиқлик” дейсизми? Ҳаёт дарсини олаяпман ахир! Мунофиқлик тирикчиликнинг безаги бўлганига неча ўн йил, ёки юз йил, балки неча аср тўлганлигини ким аниқ билади ахир?! Ҳаммага бирдай ёқиш керак ва бу мақом фақат энг қадимги “ҳунар” эгаларига, ҳамда мунофиқларгагина насиб этаркан. Шундай экан, мунофиқликда ҳам айб йўқ! Балки “қадимий ҳунар”да ҳам айб йўқдир(?). Мунофиқликдай хислат бугунги даврнинг талаби эмасми ахир!
Қулоққа чалинадиган гаплар кўп ва хўп. Уларга аҳамият қартиш керак эмас. Мен умуман аҳамият бермайман бунақа ўзидан қулоғи узун гапларга. Буниси ҳам ёлғон бўлди шекиллик, унда ахир нега бу сатрларни ёзаяпман. Айтдимку ростгўй эмасман деб.
Э-воҳ, мен билмаган сир синоатлар бунчалар кўп бўлмаса!