O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

«Қурувчи» зиёлилар. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилингани хусусида

«Қурувчи» зиёлилар. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилингани хусусида
117 views
07 February 2013 - 13:13

Марҳум ўзбек шоири Муҳаммад Юсуф бир шеърида шундай ёзган эди:

Юртини сотмайди бирор меҳнаткаш,
Сотса зериккандан зиёли сотар.

Рейд УФМС по выявлению нелегальных мигрантовАммо ҳозир зиёлилар учун «зерикиш» у ёқда турсин, ҳатто мактаб, коллежларга бориб, ўз ўқувчиларига дарс беришга ҳам вақти йўқ…

Гап шундаки, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари қатори Сурхондарё вилоятининг Бойсун шаҳрида ҳам замонавий уй-жойлар (коттеж) қурилиши давом этаяпти. Лекин сафарим чоғида ғалати бир манзарага гувоҳ бўлдим: уй-жойни қурувчи-бинокорлар эмас, ўқитувчилар қураётган экан!

-Мен битта уйга эга бўлиш учун 116 миллион сўм тўлаганман, – дейди Б. исмли харидор. -Пулни тўламагунимча тинч қўйишмади, ҳоким,  у қолиб муовинлари телефон қилишади, уйимга милиция юборади… Хуллас, амаллаб тўладим. Яқинда қурилишдан хабар олай деб борсам, уч-тўртта ўқитувчи қинғир-қийшиқ сувоқлаётган экан. «Нима қилайлик, бизни мажбурлашаяпти», дейишди. “Бу ер молхона эмас ахир, одам яшайдиган уй”, деб жанжал кўтардим…

Тумандаги «Бибиширин» массивида бир эмас, 35 та 4 хонали уйга қурувчиликдан мутлақо хабари бўлмаган зиёлилар томонидан «сайқал» берилди. Камига уларнинг ойлик маошидан ҳам «тушлик пули» баҳонасида турли хил суммалар ушлаб қолинди. Қисқаси, Бойсун туман ҳокими Панжи Тангриевнинг «фатво»си билан сон-саноқсиз ўқитувчилар «энига ҳам, бўйига ҳам» эзилди. Норозилик ҳолатлари кучайгач, прокуратура ва МХХ ишга аралашиб, ўқитувчилар, маҳаллалар, ҳатто ободонлаштириш бўлими ишчиларини ҳам ўз ишларига қайтардилар. Лекин эртаси ҳоким буйруғи билан яна улар зўраки бепул меҳнатга жалб қилинди. Бу ёғи «отангга бор, онангга бор».

Бир мутахассиснинг фикрича, бу уй-жойлар 3 балли зилзилага ҳам дош беролмас экан. Фуқаролар ҳаётини хавф остига қўйиб, юзлаб шундай пойдевори бетайин уйлар қурилишига сабаб нима?

Айтишларича, уй-жой учун тўланган пул маблағларининг баъзи қисмлари кимлар томонидандир ўзлаштирилган. Масалан, бош пудратчилардан бири – 10 та уй қуришга масъул бўлган «Пўлат» хусусий фирмаси бошлиғи О.Жўраев қамоққа олинган. Юқоридан «пўстаги қоқилган» ҳоким эса оёғи куйган товуқдек типирчилаб, ёш авлодни кўча-кўйда бекор тентирашга мажбур қилиб, эркагу-аёл ўқитувчиларни «қурилиш майдони»га сафарбар қилди.

Умрида ғишт ушламаган зиёлилар томонидан қурилган уйлар нима «каромат»ларга сабаб бўлади – буни тахмин этиш қийин эмас.

Озода ЎЗБЕКОВА