“Қурултой” ташқарисида қолган гаплар (эски битиклар)
Самарқандда ҳоким алмаштиришга бағишланган давра суҳбатининг чорчўпига сиғмай қолган гапларни кундалигимга ëзиб қўйишга ихтиëр қилдим. Алишер Навоий спектаклида Олим Хўжаевнинг “Мавлоно Хондамир ¸ бу воқеаларни олтин қаламингиз ила тарих зарварақларига рақам қилингиз”¸ деб хитоб қилгани ëдимда муҳрланган.
Гарчи қалам билан эмас¸ балки компютер тугмаларига зарб уриш билан ëзсак-да¸ мазмун ўзгармайди.
Хуллас “Қурултойда” Каримов танқид қилиб ер билан яксон қилган ҳокимларнинг “иззат-нафси” ҳақида гапирилмади.
Жоҳилият давридаги араблар тирик туя ўркачини ëриб ëғини олиб ейишган. Бу ҳолатда туя оғриққа чидамай бўкирган. Тўрт бадавий араб бу туяни зўрға ушлаб туришган.
Шу ўринда савол.
Хўш¸ нега 20 йил давомида ҳокимликдан тепилиб¸ мол-мулки мусодара бўлиб¸ беш –олти йил қамоқ жазоси олган ўзбек мулозимлари миқ этиб товуш чиқаришмайди?
Ахир улар тирик одамларку! Нега улар жим?
Масалан, туркман мухолифати ичида собиқ вазирлар¸ ҳокиму элчилар бор.
Ташқарига чиққан Ўзбекистоннинг собиқ Адлия вазири ва Фарғона прокурорини ҳисобга олмаганда¸ Каримовга қаршилик қилаëтганлар қатламида собиқ мулозимлар деярли йўқ.
Бу савол жавоби оддий¸ деди “Қурултой”да қатнашишни истамаган собиқ мулозим микрофонсиз суҳбатда.
Ишдан олинган мулозим оила мафияси деб аталган улкан ўргимчак тўрининг бир катаги¸ холос. Қолган минг одам бор. Ука вазир¸ ака нозир¸ куëв СНБда¸ жиян прокурор¸ қуда Вазирлар маҳкамасида. Почча эса Ливерпулда пахта сотади…
Хуллас ишдан олинган ҳоким ҳақоратларни жимгина ютиб қамоқхонанинг “люкс” ҳужрасида “маслократ”мақомида аччиқ “чефир”ни босиб-босиб ичиб амнистияни кутиб ўтираверади. Положенец”ларга доля бериб турилса бас.
Қолаверса¸ “папа” “ҳаммани қамамаймиз” деб¸ ваъдани каттасини берган..
У ëғи сокин ҳаëт. Тошкентнинг Медгородок маҳалласида собиқ вазиру ҳокимларнинг виллалари бор. Бу ўзига хос лепрозория муқимлари мусодара қилинганидан қолган мол-мулкни майда тишлаааб ўтиришибди.
Улар кечаги кун хотиралари билан яшашашди. Кечагина қамчисидан қон томган (собиқ) ҳоким бугун пижама кийиб уйи олдидаги уруғи Канададан келтирилган ажриқ (тўнғиз ўти)ни ўриб жимгина ФМ радиосидан тарқалаëтган қўшиққа қўшилиб хиргойи қилмоқда.
Сал нарида собиқ вице-премер ит етаклаб юрибди¸ ундан нарида собиқ Қишлоқ хўжалик вазири қўлида гулқайчи билан дарахтларни бутамоқда…
Улар бир-бирлари билан салом-аликдан нарига ўтишмайди. Ортиқча гап қилишса¸ юқорига етишини ва бу ҳаловатдан мосуво бўлишларини яхши билишади улар.
Аммо “собиқ”лар орасида “тили бир қаричлар”и ҳам бор.
Масалан¸ собиқ мулозим Мурод Муҳаммад Дўст¸ Хоразмнинг собиқ ҳокими Маркс Жуманиëзов билан очиқ гаплашаверади. Олдин ҳам уларнинг оғзининг ўлчови йўқ эди¸ деб ўзини овутишади “тилсиз” “собиқлар”. Юпитер ўзига эп кўрган нарсадан ҳўкиз мосуво….
Аммо лепрозориядаги ҳамма “собиқлар”ни бирлаштирадиган муштарак жиҳат бор – улар “юқоридан” телефон қўнғироғини кутишади.
Президент девонидан Крайнов ëки Зелимхон қўнғироқ қилиб¸ “Ака бир кеп кетинг¸ папа сиз билан гаплашмоқчи” деган гапга маҳтал улар.
Ҳатто бир “собиқ”нинг пастки қаватда жиринглаëтган телефонга югураман деб¸ зинапоядан йиқилиб оëғини синдиргани ҳақида ҳикоя бор.
Улар яна қайтиб Ички ишлар вазири¸ ҳоким¸ қамоқхона бошлиғи ëки прокурор курсисига ўтириб сиëсат қилишни¸ одамларнинг фикру ўйи¸ иродаси устидан ҳокимлик қилишни исташади. Аммо уларнинг аҳволи кимсасиз оролдаги Робинзонникидан ҳам чатоқ. Робинзон ўз оролида ўзини губернатор деб эълон қилиб байроқ тиккан ва ҳукмини Жумабойга ўтказган эди.
Бу”собиқлар” яшаëтган кимсасиз орол “папа”нинг қаттиқ назоратида. Ғинг деб кўришсинчи. Ғинг демайди улар.
Туя олис саҳродаги сувсизлик ва емсизлик машаққатига ҳозирланиб ўркачига ëғ тўплайди. Бу ўркачни ëриб ëғ олишар экан¸ туя даҳшат билан ўкиради.
Ўзбек мулозимларининг эса ўркачи кўп. Биттасини ëриб ëғини олсангиз¸ яна қирқтаси бор.
Бу мулозимлар ҳеч қачон режимга қарши исëн қилмайди¸ ҳар ҳолда “папа” нинг кўзи тириклигида…..
Шуҳрат Бобожон
“Озодлик” радиоси ходими