Отам раҳматли “комсомол” сўзини айтганида унинг овозида доим чуқур бир нафрат сезилиб турар эди. Ҳатто коммунистларга нисбатан ҳам мен унда бу қадар чуқур бир нафратни сезмас эдим. Отамнинг ҳикоя қилишича, коммунистларнинг халқ ичидаги авангарди, жонбозлари комсомоллар эди.
Отам ўзи салбий муносбатда бўлган бирон бир киши ҳақида бошқалар ундан бир фикр сўраса, у: “э, юрган бир комсомол” деган гапдан нари ўтмас эди. Унинг бундай нафратига сабаб бўлган воқеалардан бири ҳақида отам шундай ҳикоя қилади:
“Тўққиз ёшларда эдим(бу 1927 йилга тўғри келади М.Б), комсомоллар энг қутурган пайт эди, қулоқлар билан бирга диндорларга қарши ҳам жуда катта босқи, зулм ўтказилаётган эди. Бир куни қўшни қишлоқда шундай бир қўрқинчли воқеа юз берди.
Комсомоллардан бири Қуръон ўқиб ўтирган қишлоқ мулласининг уйига бориб, ҳеч сабабсиз уни ҳақорат қила бошлайди ва мулланинг олдидаги китоб қўйиладаган тахтакачда саҳифалари очиқ ҳолда турган Қуръонни тепиб юборади.
Одамларнинг айтишича, мулла ҳеч нарса демаган, ҳатто ўрнидан ҳам турмаган, фақат Куръон саҳифаларини териб олар экан, ўтирган жойидан комсомолга жуда қаттиқ ўқрайиб қараган. Комсомол эса, муллани хумордан чиққунича сўкиб, ўзининг уйига равона бўлган.
Воқеага гувоҳ бўлган одамларнинг айтишича, орадан ўн дақиқача ўтиб, комсомол ўз уйи олдига етиб борганида бирдан унинг вужуди шиша бошлаган ва у уйига киришга ҳам улгурмай, ерга йиқилган ва оғриққа чидамай, додлаганича, тирноқлари билан ерни тирнаб, думалай бошлаган ва бир неча дақиқа ичида қорни ёрилиб ўлган.
Мен уша пайтда мактабда эдим, воқеани эшитиб, катталар комсомолнинг уйига югурганида биз мактаб болалари ҳам катталарнинг ортидан комсомолнинг уйига қараб югурдик: борсак, комсомол ўз уйининг остонасида ичак-чавоқлари атрофга сочилиб кетган ҳолда, қонига беланиб ўлиб ётган экан.
“Қорни бомбадай портлади”, дейишди гувоҳ бўлган одамлар, астағфруллоҳ!”
07.02.2021



ГЎЗАЛ БЕГИМ: РЎМОН ҚУТЛИ БЎЛСИН
Концептуалист рассом Вячеслав Ахунов Венецияда ўз кўргазмасини очди
Таниқли рассом Исфандиёр Ҳайдар оламдан ўтди
УРУШ — ЧАЛҒИТИШ ВОСИТАСИМИ?
Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида