Биз гўзал сўзлардан шеър, ғазал йиғиб,
Оқибат орттирган оғир хасталик.
Ҳаққа таваккал деб инидан чиққан
Наҳот бўлолмасмиз жажжи қушчалик?
Кўча-кўйда тинмай насиҳат айтиб
Донолар ҳикматин тутиб мўтабар,
Энг оғир дамларда дўстимиз ёки
Онамиз ҳолидан олмаймиз хабар.
Отамиз кексайган холида ҳамки
Далада юрганда кўтариб кетмон,
Ёниб кетай дейди бизнинг сўзлардан
Ажиб маърузамиз тинглаган инсон.
Боламиз юрганда тентираб, санғиб
Ўзгалар фарзандин койиган маҳал,
Наҳот бир инсофли айтмас: «Эй дўстим, Тарбиянгиз уйдан бошлангиз аввал!».
Биз ўзи ғалатмиз: ўзгалар дарди,
Ўзгалар ташвиши туюлар даҳшат.
Аслида ҳар бир жон ўзин ўйласа,
Гуллаган бўларди бугун жамият.
Агар авваламбор ўзимиздаги
Қусурларни кўра олсак, ёронлар,
Ёмонлар ортидан асли биз эмас,
Эргашиб келарди бизга ёмонлар!.
Хайрулло Ҳамидов