Куни кеча шахсий ишларим билан бозор ораладим. Таниш савдогарлардан бирини учратиб қолдим. Мени кўрган заҳоти у дардихол қила бошлади.
“Савдогарларга кун йўқ, солиқ инспекицяси ходимларининг қилаётган ишларидан жазавамиз тутиб ётибди.” – дейди танишим.
“Нега?”- савол бердим.
“Нимасини айтасиз, ҳали савдо қилмай туриб, бир ой олдин, солиқчилар касса аппаратни олиб, бир миллион саккиз юз минг сўм уриб, чекни чиқариб беришмоқда. Солиқ тўловини уриб эртага бориб тўламасанг ўзингдан кўр дейшаяпти. Биз қандай қилиб ҳали савдо қилмай туриб солиқ тўлаймиз? Бирданига икки ойликни тўлаб беролмаймиз-ку!”-таажубланади у.
“Бунинг сабабини суриштира олдингизларми?”- вазиятга аниқлик киритмоқчи бўлдим.
“Ҳа, пенсионерларга пенсия беришолмаётган экан, шу сабабли олдиндан тўловларни амалга ошириш керак экан.”- дейди чуқур хўрсинган таниш савдогар.
Шаҳримизда кишини ҳайрон қолдирадиган ажойиб ва ғаройиб ишлар бўлади-да. Одамларни ҳали емаган, ҳаттоки хамири ҳам қорилмаган сомса учун пул тўлашгача мажбур қилишади.
“Нега бунга қаршилик кўрсатмадингизлар? Олиндан солиқ тўламаймиз деб туриб олмадинглар?”- қизиқдим мен.
“Буларнинг қўлидан ҳамма нарса келади, агар биз тўламаймиз десак бирон бир баҳона излаб топишади.”- аниқлик киритади савдогар.
Кўпчилик савдогарлар солиқ инспекциясининг бу каби ҳатта-ҳаракатидан норози бўлмоқда, бироқ бу норозилик уларнинг ўзаро суҳбатларида сезилади холос. Бу ташвишлар асло сиртга сизиб чиқа олмайди. Қарши шаҳридаги кўпчилик нафақахўрлар апрель ойининг нафақасини ҳали олганлари йўқ. Балки савдогар айтган сабаб ҳақиқатдир, лекин айни шундай эканлигининг тасдиғига ҳам эга эмасмиз.
Бироқ нафақа пуллари учун навбат пойлайдиганларни ҳар тонгданоқ кўра оласиз. Масалан, шаҳар почта бўлинмалари олдига борсангиз, тонги соат 5.00 дан нафахўрлар навбат олиб туришганини кузатишингиз мумкин.
“Кам-кам пул келаяпти, навбат етган олаяпти.”- дейди бу ҳолни ўз с ўзи билан ифодалаган қариялардан бири. Нафақахўрларнинг тирикчилиги мана шу шу нафақага бориб тақалган, шу сабабли ҳар куни улар эринмай почта бўлинмаларига қатнайдилар.
Қарши шаҳрининг шу йилнинг февраль ойида ёпиб қўйилган “Орзу” бозори, 1 май кунидан кунидан ишга тушди. Энди аҳвол яхшиланиб қолар балки(?). Нима бўлган тақдирда ҳам, “Орзу” бозори савдогарлари орзуларига етишди. Бозорнинг ёпилиши ортида қанчадан қанча тадбиркорлар азият чекишди. “Орзу” бозорининг ёпилиши нафақахўларлар учун ҳам муаммо туғдирган кўринади. Шундай қилиб нафақахўрлар нафақаларини қачон олишар экан, ёки турнақатор тизилиб тураверишсинларми почта биноси олдида? Бунга ҳокимият жавоб бериши керак, ёки улар ҳокимият биноси олдида тизилиб турганлари мақулмикин?
Агар ҳокимлик савдогарларни ҳали қилмаган савдоси учун солиқ тўловини амалга оширишга мажбур қилаётган бўлса, бу албатта ноқонуний ҳаракат, лекин қарияларнинг нафақа пулларини ўз вақтида бермаслик ҳам қонунга хилоф. Афтидан, ҳокимлик қуйнимдан тўкилса, қўнжимга киради қабилида иш тутаётган кўринади.
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси