O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қўрқиб қочмоқ билан ҳеч киши тақдирдин қутила олмас

Қўрқиб қочмоқ билан ҳеч киши тақдирдин қутила олмас
381 views
08 June 2016 - 5:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 51

(давоми)

Туғ-байроқлар боғланди. Муҳожирлар туғини Мусъаб ибн Умайрга топширдилар. Ансорлардан Ҳазражлар туғини Ҳубоб ибн Мунзирга, Авсларнинг туғини Усайд ибн Хузайрга бердилар.

Араблар одатларича, туғ кўтарган киши шу байроққа қарашлик қабилага бошлиқ бўлиб танилур эди. Шундоқ қилиб, Пайғамбаримиз мингга яқин аскар билан Мадинадан чиқдилар. Шу чоғда яна бир томондан келаётган қалин аскар қораси кўринди. Аларни кўриб Расулуллоҳ: «Булар кимдур?» деб сўрадилар. Улар эса, Абдуллоҳ ибн Убайнинг тарафдорлари, ёрдам учун чиққан яҳудийлар эди.

Мушриклар учун кофирлардан ёрдам сўрамаймиз, деб Пайғамбаримиз аларни қабул қилмадилар. Чунки аларнинг чин кўнгиллари билан ёрдам беришларига ишона олмас эдилар. Кўп жойда улардин хиёнатлар кўриб, ишонишлари йўқолган эди.

Сўнгра аскарни кўрик қилиб, кўздин ўтказдилар. Аскар ичида ёшлари ўн бешдан ўзмаган бирмунча болалар бор бўлиб, уларни қайтардилар. Улар ичида Рофеъ ибн Худайж, Самура ибн Жундуб номлик икки бола бор эди. Рофеънинг онаси келиб:

«Ё Расулуллоҳ, ўғлим Рофеъ ўқ отишга уста, унинг мерганлиги бордур. Душманга қарши иш кўрсата билур» дегандин кейин унга ижозат қилдилар. Буни онглаб, Самура ибн Жундуб отаси қошига йиғлаб келди.

— «Расулуллоҳ Рофеъга рухсат бердилар, мени эса аскарликдан қайтардилар, йўқ эрса иккимиз курашганда, мендан ул йиқилур эди», — деди.

Расулуллоҳ буни онглаб, бу иккисини курашга солдилар. Ўзи дегандек, Самура ани курашда йиқди. Сўнгра бунга ҳам ижозат бердилар. Мадина болаларидин шу икки ўғил аскарликка олиниб, қолганлари қайтарилди.

Шундоқ қилиб, Расулуллоҳ кечани шу жойда ўтказдилар. Тонг саҳари билан қўшин душманга қараб қўзғалди. Уҳуд тоғи билан Мадина оралиғида Шовт деган жойдаги хурмолик боққа келганларида бомдод намозининг вақти бўлди. Мана шу жойга келганда, мунофиқлар раиси Абдуллоҳ ибн Убай бузуқчилик қилиб, ўзига қарашлик уч юз киши билан Ислом аскарларидан айрилиб, Мадинага қайтди. Бу мунофиқнинг мақсади аскар ичига бузғунлик солиш эди. Бу ишга баҳона қилиб айтган сўзи шул эрдиким:

— «Муҳаммад ўзи чақириб биздан кенгаш сўради, сўнгра ёши улуғ, тажрибалик кишиларнинг сўзларини қолдириб, ёш-яланг, соқолсиз йигитларнинг айтганини қилди. Энди ишнинг оғирлигини кўратуриб, кучлик душман қаршисига чиқиб, ўзимизни ўлимга нечук тутқаймиз?» — дер эди.

Ўз уруғ-аймоғидан бир неча саҳобалар унга ялиниб-ёлвориб, йўлдан тўсган бўлсалар ҳам, аларнинг сўзларини қабул қилмади. Уч мингдан ортиқ душман аскарига қарши чиққан Ислом аскарининг борлиғи бир минг чамасида эди. Буларнинг уч юзи мунофиқлар бўлиб, аскар сафидан чиқиб кетдилар. Буни кўриб, қолган аскарлар ҳам бузила ёзган эди, лекин уларни Аллоҳ сақлади. Душман қаршисига келган чоғларида бу ишнинг бўлиши мусулмонларга қаттиқ таъсир қилди.

Мунофиқларга қандоқ чора қўлланиш ҳақида мусулмонлар иккига бўлиндилар. Бир бўлаклари уларга аввал уруш очмоқ, сўнгра душманлар билан чопишмоқ фикрида бўлсалар ҳам, Пайғамбаримиз бошлиқ иккинчи томонлар уларни ҳозирча ўз ҳолларига қолдириб турмоқни маслаҳат кўрдилар. Мана шу мунофиқлар ҳақида шу оят тушди:

«Валлоҳу аркасуҳум бима касабу»: маъноси: «Бу мунофиқлар қилган ёмон ишларининг сабабидан аларни Аллоҳ тескари қилиб, иймондин куфрга қайтарди», демакдур.

Бу оят энгандин сўнгра у мунофиқлар ўз ҳолларича қолдирилди. Сўнгра Ислом аскари душманга қарши юриб, Уҳуд тоғига етдилар. Душман ўрамасидан сақланиш учун, Расулуллоҳнинг амирлари билан Уҳуд тоғига орқаларини бериб, душманга қарши саф боғладилар. Аммо Қурайш кофирлари бўлса, бу тоғ қаршисидаги кенг сойга келиб қўндилар. Сўнгра ҳар икки томон ўз аскарининг ясоғига киришди. Душман аскарининг ўнг томонида Холид ибн Валид турди. Жовонғар (сўл қўлида) Икрима ибн Абу Жаҳл турди.

Абу Суфён ҳам туғ байроғи билан сўлда турган эди. Пиёда аскарларга Сафвон ибн Умайя бошлиқ бўлиб белгиланди. Аскар қочмасин деб, қўшиқчи хотунларни ташвиқ қилиш учун саф ортига қўйдилар. Расулуллоҳ буларга қарши аскар ясоғин тузиб, Холид ибн Валидга қарши Зубайр ибн Аввомни қўйдилар. Ислом аскари ичида ўқ отар мерганлардан эллик киши бор эди. Аларга Абдуллоҳ ибн Жубайрни бошчи сайлаб, аскар ортини сақламоқ вазифасини унга топширдилар. Бу эллик мерган аскар орқасидаги тоғнинг этаги, белининг устига жойлашган эдилар. Бу ишларнинг барчаси Расулуллоҳнинг кўрсатганларича бажарилди. Расулуллоҳ мерганларга айтдиларким:

«Агар биз душманни енгар бўлсак, ёки улар бизни енгсалар, ҳар ҳолда бу тутмиш ўрнингизни қўлдан бермагайсиз». Чунки бу ўрин бўш қолган чоғда, бир фирқа душман аскари шу томондин келиб чопул этмак имконияти туғулур эди. Ул чоғда аскарнинг орқаси ўралиб, чамбар ичида қолиш мумкин бўлганликдан, Расулуллоҳ бу ерни бўш қолдирмасликка қаттиқ топшириқ бердилар.

Агар отлиқ душманлар шул ёқдин чопул қилур бўлсалар, аларга қарши ўқ ёғдиришга буюрдилар ва: «От устида келаётган ҳужумчи аскарлар қаршиларида отилган ўқларга чидаб туролмас», дедилар. Сўнгра аскар устига келиб, аларнинг сафларини тузиб, тўғирладилар. Чунки мўминларнинг намозда тўғри саф боғламоқлари, аскарлар урушда сафларини тўғри тузмаклари — Расулуллоҳ суннатларидур. Бундин кейин Пайғамбаримиз аскарларга қараб айтдиларким:

— Эй мўминлар, биродарим Жаброил кўнглимга шул сўзларни солди. Шундоқким, ҳеч кимса энг сўнги ризқини еб тугатмагунча дунёдан кетмас, ризқи тугамаган банданинг ўлиши мумкин эмас, унинг ризқини озайтириш ёки кўпайтириш ҳеч кимнинг қўлидан келмас. Бандага ризқ келиши ҳар қанча кечикиб қолса ҳам, яна унга ўлчанган ризқи етмай қолмас. Энди шундоқ бўлса, эй мўминлар, ризқингларни ҳалол касб билан талаб қилинглар, бунинг кечикканлигига шошилиб, ўзингларни ҳаром-хариш нарсаларга урманглар. Ҳалоллик билан касб қилсанглар, Ҳалол ризқ етказишликка Аллоҳ кафилдур. Бош танга, тан бошга қандоқ бўлса, мўминлар ҳам бир-бирларига шундоқдур. Бирларига етган зиён бирларига етгандек бўлур. Қайси қўшинда бирлик, чидамлик бўлса, бошқаларни албатта ғалаба қилур, — дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ қўлларига бир қилич олдилар, ул қиличда арабча шул шеър ёзилмиш эди:

«Фил жубуни орун ва фил иқдоми макриматун
Вал маръу бил жубуни ло янжу минал қадари».

Маъноси:

«Қўрқоқлик номус келтирур, ботирлик давлатга еткарур.
Қўрқиб қочмоқ билан ҳеч киши тақдирдин қутила олмас» демакдур.

Яна аскарларга қараб: «Бу қилични ким олгай, бунинг ҳаққини ким адо қилгай?» дедилар. Анда аскарлардан бир тўп киши: «Биз олгаймиз, ё Расулаллоҳ», деб қиличга қўл узатдилар. Булар ичида Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом, шу тўртовлари ҳам бор эдилар. Аларга қилични беришдан тўхталиб, бошқа бир кишини кутгандек бўлиб тўхтаб турдилар. Буни кўриб ансорлардин Абу Дужона деган бир саҳоба югуриб келди ва: «Буни ҳаққи на бўлғай, ё Расулаллоҳ?» деб сўради. Анда Расулуллоҳ айтдилар:

«Эгилиб кетгунча душман юзига чопар бўлсанг, бу қилич ҳаққи шулдур».

Буни онглаб Абу Дужона: «Шу шартни мен бажо келтирурман», деб қилични олди. Ҳеч кимга бермаган қилични Расулуллоҳ бу кишига бердилар. Чунки ул киши ансор саҳобалар ичида атоғлик баҳодирлардин эди. Қилични олгандин кейин, икки тарафга солланиб (мақтаниб), уруш майдонига қараб юриш қилди. Унинг бу юришини кўриб Расулуллоҳ:

«Аллоҳ таоло бундоқ юришни бу ўриндан бошқа жойда бўлса, яхши кўрмагай. Аммо уруш майдонида, душман қаршисида шу янглиқ юришни Тангри дўст тутгай» дедилар.

Сўнгра уруш мубораза билан бошланди. Шундоқки, кофирлардин туя минган бир киши майдонга тушиб, ўзига баҳодир талаб қилди. Расулуллоҳнинг рухсатлари билан саҳобалардин Зубайр ибн Аввом бунга қарши чиқди. Ҳар икковлари туя устидан бир-бирларига ҳамла қилдилар. Қучоқлашиб, бўғишиб, майдон ўртасида бу икки баҳодир кўп олишди. Ҳар икки ёқдаги қўшиннинг кўзлари буларга тикилган эди. Булар олишиб турган ерлари тоғ тагидаги қия жой эди. Мусулмон баҳодири уст тарафида, кофир баҳодири ости тарафида турди. Бу икковлон шу чоғда бир-бирларини туядан ағдаришиб, ерга тушдилар. Кофир баҳодири остга тушган эди. Ҳазрати Зубайр устига тушиши билан ханжар суғуриб, уни бўғизлаб ташлади.

Буни кўриб Расулуллоҳ суюнганларидан барча баробар такбир айтдилар. Бундан кейин, яна кофирлар томонидан Талҳа деган баҳодир майдонга чиқди. Бул эрса аларнинг бош туғчиси эди. Ўртада туриб — «Эр киши бўлса, қани чиқсин», — деб бир неча маротаба қичқирди. Мусулмонлар томонидан илдамлик ила чиққувчи киши бўлмади.

Чунки бундоқ ўринда баҳодир сайлаб чиқармоқ ҳаққига аскар бошлиғи эгалик қилур. Душман баҳодирига тенг келгувдек киши топиб чиқармоқ лозим эди. Шунинг учун баҳодир чиқариш кенгаши бир оз кечиктирилган эди. Буни баҳона қилиб, кофирлар баҳодири таънага тил очиб: — «Эй Муҳаммад, мўминлардан кимарса ўлдирилса, жаннатга киргай, кофирлардан ўлдирилганлар дўзах сари боргай, дер эмишсан. Агар бу сўзинг чин эрса, сенинг йўлдошларинг жаннатга киришдан нечук қочгайлар, мени ўлдириб дўзахга юборишдан нега тортингайлар?», — деди.

Буни англаб, дарҳол Ҳазрати Али Расулуллоҳдин рухсат олиб, анинг олдига келиши билан бирбирларига ҳамла қилишиб, қилич солишдилар. Талҳанинг оёқлари кесилди. Йиқилгандин сўнгра Ҳазрати Али уни чопиб ташлади.

Бу йиқилиши билан унинг укаси Усмон туғни кўтарди, уни Ҳазрати Ҳамза чопиб юборди. Иниси Абу Саъд ўрнига келиб туғ тутди. Ҳазрати Саъд ибн Аби Ваққос отган ўқ анинг бўғзига тегиб, шул замон жон берди.

Шундоқ қилиб, қатори билан туғ тутганлардин тўрт киши ўлдирилди. Уларнинг бариси бир қабиладан эди. Шу орада Абу Бакр Сиддиқнинг ўғли Абдураҳмон майдонга тушиб баҳодир талаб қилди. Отаси Абу Бакр Сиддиқ қарши чиқмоққа тилаган бўлсалар ҳам, Расулуллоҳ рухсат бермадилар.

Мушриклар қўшинларининг ичида икки юздан ортиқ отлиқ аскарлари бор эди. Мусулмонларнинг орқа томонидан улар ҳам уч қайта ҳужум қилдилар. Барча ҳужумлар тепа устида ўрнашган эллик нафар мерганлар томонидан ёғдирилган ўқлар ила қайтарилди.

Ҳужумчи душман аскари от қўйиб келаётганларида қаршиларидан отилган садоқ ўқларига чидаб туролмай орқаларига қочдилар. Шундоқ бўлса ҳам сонлари уч-тўрт баробар ортиқ бўлган душман аскари қизғинлик билан урушга киришдилар. Ислом ва куфр, ҳақ ва ботил қўшинлари бир-бирларига яқинлашди, ҳар икки ёқнинг баҳодирлари сурон солиб қичқиришдилар.

(давоми бор)