Кейинги икки ой ичида гаплашганим юзлаб ўзбеклар “бизга эркинлик керак эмас қорнимиз тўйса бўлгани” дея бир ҳил гапни турли тарзда айтишди.
«Россия бизни босиб оладими¸байроғимизни юлиб олиб ерга ташлаб ¸бизни қул қиладими бизга барибир. Қорин тўқ чўнтак бут бўлса бўлгани» дейишди.
Улуғ шайҳ Ғаззолий одам билан ҳайвонни солиштиради: «Ҳайвон қорни очса овқат ейди. Чарчаса уҳлайди. Ҳирси қўзиса жуфтига қўшилади. Одам ҳам айни ишларни қилади. Аммо унда бир фарқ бор¸ у ҳам бўлса ақл заковатдир.»
Ғаззолий ўлчовига кўра “фақат қорним тўйсин“ деганлар шунчаки ҳашаротларми?
“Томимизда кимнинг байроғи ҳилпираса бизга барибир“ деган гапни уялмасдан айтадиган замонларга ҳам етдик.
Марҳум оғамиз Матназар Абдулҳаким ўзининг “Қўрқоқнинг қўшиғи” деган туркумида бугунги манзарани уста рассом каби чизиб кетибди.
Энг муқаддас байроғимиз пул,
Бу майдонда мен эга — сен қул.
Бу майдонда мен қул- сен эга.
Қашшоқларни эзар бойроқлар,
Кичикларни эзар катталар.
Латталардан бўлган байроқлар
Байроқлардан бўлган латталар.
1986 йилда мен Урганчдаги устахонамда “Шайтанат” деган мазмундаги сурат чизган эдим. (Тохир Малик ҳали бу мавзудаги романини ëзмаган эди.) Бу расмда битлаб кетган байроқни кўтариб кетаëтган кўр одам тасвирланган эди.
Ўшанда Матназар оға бу расмни кўриб “Манқуртлар учун тўкин дастурхон байроқ бўла олади” деган эди.
Кейин бу фикрни Матназар оға ўз шеърларида кўп марта “Бу юртнинг байроғи супрадир” дея ифода қилди.
Матназар оға одамлардаги иккиюзламачиликни севмас эди.
Хозиргина «мен Темур авлодиман¸Бобурнинг неварасиман» деб турган одамнинг¸ бирдан «ўрисга қул бўлсак қорнимиз тўяди¸ кетни қисган бой бўлади» деб турланишидан Матназар оға ошкора ҳазар қилар эди.
Матназар оғадан байт будир:
Мақтовларга берилганда эрк¸
Гарчи осмонларнинг оймиз.
Қарғасалар қарғиш теккудек¸
Йўқдир бирор ҳалол жойимиз.
Матназар оғанинг 2008 йилда ëзган бир шеъри бор.
Бу шеър Ўзбекистонда 2008 йили чоп қилинган “Жавзо ташрифи” деган китобига киритилган.
Бу шеър мамлакат чеккасида кўринмасгина бўлиб ўтирган шоир қалб кўзи билан мамлакат сиëсий вазиятини сиëсатшуносдан кўра аниқроқ кузатганига далилдир.
Агар Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага ишонилса мамлакатнинг ўғрибошиси президентнинг хотини Татяна Каримовадир.
Матназар оға ўз шеърида “Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка” дея таъкидлайди.
Бу йўғон ишорат акс этган мисраларни қайта ўқиймиз:
Булбуллар кетгандир бу гўзал ердан¸
Бўстонда дард билмай яшайди қарға.
Нолалар чекмайди фиғон тортмайди¸
Ўқрайиб ўқрайиб қағиллар гулга..
Заҳарлаб навқирон меросхўрларни¸
Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка.
Эслатиб қўяман бу мисралар 2008 йилда ëзилган.
Матназар оға “Заҳарлаб навқирон меросхўрларни¸Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка.” деб ëзяпти.
Гулнора Каримова эса 2013 йилга келиб ўзи ва ўғлининг онаси тарафидан заҳарланганини ëзади.
Матназар оға “Югургани сомонхонагача” бўлган бу халқнинг оғзини лағмонни ипи билан боғлаш мумкинлигини ëзар экан¸ Каримовлар салтанатининг ўғрилиги боис мамлакат путурдан кетганини “Натижа” деган шеърида таъкидлайди.
Натижа
Боғлар чўл¸ тоғларинг талқона чиқди
Рост деб айтганларинг ëлғона чиқди
Қаср деб қурганинг молхона чиқди.
Дарҳақиқат ўзбекистон матбуоти мустақиллик қасри дея атайдиган ошиëн молхона¸ унинг сокинлари эса мол бўлиб чиқди.
Ғаззолий айтгандек¸ қорни очса овқат ейдиган¸ чарчаса уҳлайдиган¸ ҳирси қўзиса жуфтига қўшиладиган ҳайвон. Россиядаги кампирларни зўрлаган ўзбек мардикорлар ҳикоясининг эса матбуотда сийқаси чиқиб бўлди.
Бугун мархум шоир оғамиз Матназар Абдулҳаким шеърияти призмаси орқали кўринган манзара шундай.
Комил Яшиннинг “Инқилоб тонги” спектаклидаги мазлум ролини ўйнаган Амин Турдиев “Ахволимиз томошабопми” дейди.
Спектаклдаги бу жумла айтилганидан кейин руслар Бухорони ишғол қилади.
Бухоро бир олма каби узилиб русларнинг қўлига тушади.
Чунки амир баччабозлик¸овқат ейиш ва ўғирликдан бошқа нарсани ўйламаган.
Чунки муллалар давлатчилик ва миллий манфаатни куфр деб билишган.
Чунки оддий халқ авом¸бойлар жоҳил¸аскарлар эса оч бўлган.
Бу давр ҳақида Аваз Ўтар ëзади:
Сипоҳи пора истар¸
Мулло ижора истар¸
Бечора чора истар¸
Бир чора замон борму.
Бу чора “миллатпарварлик” деган сийқа калимага жой бўлганига Матназар оға чин дилдан ишонар эди.
Матназар оғанинг энг севган ҳикояси улуғ ислом олими Нажмиддин Кубронинг Мўғулларга қарши қўлида қурол олиб курашгани ҳақида.
Дин аҳллари ва айниқса сўфийларнинг ўз ичига ëшуруниб миллат учун курашмагани айтилади.
Боз устига муллалар Чор аскарларига Тошкент дарвозасини очиб бергани таъна дашном билан эсланади.
Аммо сўфий Нажмиддин Кубро қўлига қилич олиб босқинчилар билан курашиб ўз давлати ва миллатини ҳимоя қилади.
Тенгсиз курашда Нажимддин Кубро¸ мўғуллар санчган ўнлаб найзалар заҳмидан йиқилар экан сўнг дамда панжалари билан душман байроғин ғижимлайди.
Миллат қахрамони Нажмиддин Кубро ерга йиқилар экан ўзи билан бирга душман туғини ҳам ер парчин қилди.
Матназар оға учун¸қолаверса мен каби у кишининг укалари учун бу ватанпарварликнинг гўзал ҳикояси эди.
Гарчи Чингизхон Нажмиддин Куброга кўп пул ҳамда лавозимлар ваъда бериб¸ эвазига фақат бир нарса¸ қаршилик қилмасликни сўраган эди.
Аммо Шайх Нажмиддин Кубро ўз давлатини босқинчилардан ҳимоя қилишни душман қўлидан эҳсон олиб тирик яшашдан афзал деб билди.
Бобом Шайх Нажмиддин Кубро қўлида ¸
Ғижимланиб қолган манфур туғларинг .
Чириб чириб ëтар Урганч йўлида¸ деб ëзган эди марҳум шоир оғамиз.
Бугун душман қўлидаги байроқни юлиб олишга жасорати етадиган эл оғаси борми орамизда?
Шуҳрат Бобожон
“Озодлик” радиоси ходими