O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қўрқув исканжасидаги ўйлар…

Қўрқув исканжасидаги ўйлар…
194 views
24 April 2013 - 8:16

KURKUVМел Гибсоннинг “Апокалипсис” фильмидаги бир қахрамонннинг шундай сўзи бор: “Қўрқув жуда хам юқумли хасталик. У сендан осонликча бошқаларга юқади. Мен сенинг кўзларингда ўша хасталикни кўраяпман, шунинг учун сени қишлоққа киритмайман”..

Ўзбекистондан чиқиб кетганимга 7 йил бўлди. Тақдирнинг шиддатли шамоллари мени Канаданинг Ванкувер шахрига улоқтирди. Ўзбекистондан 12 соат орқада юрамиз. Биз бугун Ванкуверда 23 апрелнинг кечки овқатига ўтирганимизда, Андижондаги қариндошларим 24 апрелнинг эрталабки дастурхонига чой қўйишаётган бўлади. Қисқаси, ёмғирли, мўътадил оби хаволи Ванкувер ахли дунё вақтини Тинч океани қаърига кузатиб қолади…

Ўтган вақт оралиғида бир нарсага амин бўлдимки, ўзбекман деганимиз борки, хорижда бир дақиқа бўлсада Ўзбекистондаги вазиятни унутмадик, доимо юртимиздаги воқеа ва ходисаларнинг ичида, яқинлар ва дўст биродарларнинг ташвиши, қувончи билан яшадик. Кайси биримиз Фейсбук ва твиттерда, яна биримиз Мой мир, В контакте ва Одноклассник ижтимоий тармоқларида ўтириб олиб, Ўзбекистон билан бирга яшаб келаяпмиз. Қаердаки, Ўзбекистон хақида гап кетаяптими, ўша ерда хар доим виртуал тарзда хозиру нозирмиз…

Яшаб турган жойимиз Ванкувернинг ОАВ Ўзбекистон хақида хеч нарса айтишмайди. Бир неча йил аввал шахардаги кино залларининг бирида кинорежиссер Али Хамроев фильмларининг ретпроспектив намоиши бўлганида махаллий газеталарнинг бири бу хақда берган хабарида машхур “Еттинчи ўқ” фильмининг режисерини “россиялик режиссер” деб атаган эди… Чунки, ушбу ретпроспектив намоишни Россия киноакадемияси уюштирганди. Бу ерда хар йили бўлиб ўтадиган Ванкувер Халқаро кинофестивалида хам Ўзбекистонлик киночилар қатнашмайдилар. Қозоқ, туркман, тожик ва қирғиз фильмлари келади бу фестивальга. Ўзбек фильмлари эса – йўқ.

Журналист бўлганим учун, махаллий ахолига Ўзбекистон хақида маълумот бериб бориш йўли хақида ўйладим. Шу ниятда, рус тилида чиқадиган ва кенг аудиторияга эга бўлган “Ванкувер Экспресс” газетасининг икки сахифасини сотиб олдим. Сахифани “Регистон” деб номладим ва у ерда Ўзбекистонга оид янгиликларни чоп эта бошладим. Диктатор Каримов ва унинг жиноятлари хақида ёзилган мақола ва хабарлар борки, хаммасини жойлаштира бошладим.

Натижаси дарров билинди. Сахифада қолдирилган телефон рақамлари орқали менга чиқанларнинг баъзилари рахмат айтишар, яна баъзилари эса “Ватанимиз хақида иғво мақолаларни чиқарманг!” деганга ўхшаган талабларни қўйишарди. Бир куни газета бош мухаррири Александр Кулешов айтиб қолди:

“Кеча бир аёл телефон қилди. Ёши катта. “Сиздаги “Регистон”ни ким чоп этаяпти? У ерда ёзилган гаплар хаммаси ёлғон! Мен Ислам Абдуганиевичнинг оиласини яхши биламан” деб қолди. Мен “Сиз Ванквердамисиз? Уларни қаердан танийсиз?” дедим. У аёл эса, анча йиллар аввал Канадага Ўзбекистондан кўчиб келганлигини, Ислом Каримовнинг хотини Татяна билан яқин дугона эканлигини айтди. Мен “Унда келинг, Сиздан интервью олайлик, Сиз бу гапларни очиқ айтинг” дедим. Аёл хайр хушсиз гўшакни қўйиб қўйди”

Ўзим кинони севаман. Шунинг учун Ванкуверликларга Ўзбекистон хақида кенгроқ маълумот беришда ака ука Люмерларнинг бебахо ихтиросидан фойдаланиш керак деган тўхтамга келдим.

Хозирда Тошкентда яшаётган (унинг илтимосига кўра  исмини ёзмадим) энди танилиб келаётган кинорежиссер дўстимиз билан гаплашдим ва у менга ўзининг битта хужжатли ва битта қисқа метражли бадиий фильмини почта орқали жўнатди.

Фильм хақида “Ванкувер Экспресс” газетасида маълумот бердим ва намоиш хақида эълон бериб бордим. Ўша куни катта мехмонхона зали тўлиб тошди. Ўзбекча дастурхон ёзилиб, миллий мехмоннавозлик билан ўтган кино намоишига йиғилганлар орасида руслар, татарлар, немис ва французлар, хаттоки махаллий туб ахолилардан бўлган хинду хам бор эди. Лекин ўзбекларимизнинг 2, 3 нафари келди холос. Уларнинг баъзилари бундай йиғилишларга боришдан кўрқишини очиқ айтди, баъзилари айнан ўша куни иши борлигини бахона қилди…

Фильм намоиши тугагач, ўша ерда бўлган 2, 3 нафар Ўзбекистонликлар менинг олдимга келишиб “Ака, олинган видео ва расмлардан бизни учириб ташланг, илтимос” дейишди. Хўп, дедим ва ўзларининг кўз олдиларида, уларнинг қўркув акс этиб турган юзларини камера хотирасидан ўчириб ташладим.

Тез кунларда эса, Ўзбекистон Халқ Харакати ташкилотининг фаоллари билан биргаликда яна бир фильмни Ванкуверликларга кўрсатамиз. Андижон воқеалари хақидаги “Ўзбекистондаги қирғин” хужжатли фильми 12 май куни Ванкувер Экспресс газетасининг мехмонхонасида намоиш этилиши хақидаги эълон мана икки хафтадирки газеталарда тарқаяпти. У ерда айтилган телефонларга қўнғироқ қилишаяпти ва жой учун буюртма беришаяпти.

Ванкуверда яшаётган ўзбекистонликлар хам қўнғироқ қилишаяпти. Лекин уларнинг кўпчилиги негадир фильм хақида эмас, уни кимлар ва нима учун Ванкуверда намоиш қилинаётгани билан қизиқишаяпти.

“Одамлар Андижон қирғини хақида хақиқатни билиши учун” дейман гўшакка.

“Ахир хақиқат маълумку, у ерда диний эктремистлар бош кўтаришган, хокимиятни гаровга олишиб, қамоқхонадан бандитларни чиқариб олишган!” дейди гўшак.

“Унда ука, хеч ким келмаса хам сиз келинг ва фильмни кўринг. Ишонинг, Сизни бу ерда хеч ким расмга олмайди ва видеога тасвирга туширмайди” дейман яна.

“Тут, тут, тут, тут”………

Утган куни эса бир аёл телефон қилди.

Рус тилида равон гапираётган ўктам овоз, салом аликдан сўнг қатъийлашди:

“Сиз бу фильни кўрсатиш учун кимдан рухсат олдингиз?”

“Шахсан фильм режиссерининг ўзидан” дедим.

“Режиссер хам келяптими?”

“Хозирча бу хақда у индамади. Сиз хам келинг. Исмингиз нима?”

“Борсам сизга телефон қиламан. Хайр”…

Мана шунақа гаплар… Дунёга тариқдек сочилдик, хаттоки бошқа мамлакат фуқароси хам бўлдик, фарзандларимиз хорижда катта бўлишяпти, лекин юрагимизда барибир ўша тузумдан қўркув ва хавотир бор. “Эй, лаънати диктатор Каримов, эркин фикри туфайли қамалганларни озод қил! Болаларимизни саводсиз қилма! Аёлларимизни нега бичишга буйруқ бердинг? Нега ёшларимизни мардикор бозорига солаяпсан?” каби саволларни хозиргача очиқ ойдин, қўрқмасдан айта олмайди ўзбекларимиз. Дунёнинг турли мамлакатларида ўзбек мухолифати фаоллари томонидан каримов диктатурасига қарши ўтказилаётган намоишларда хам, юзларини кўрсатмаслик, овозларини эшиттирмаслик, исмларини очиқламаслик шарти билан базўр қатнашишади ўзбекларимиз. Шунда хам, қочқинлик мақоми олишга умидвор бўлишиб…

Нима учун бундай холатга тушдик?

Энди ўзгарамизми ёки шундай қоламизми?…

Ўқиётганингизнинг бошланишида Мел Гибсон фильмининг қахрамони хақида эслагандим. Ўша фильмда бутун бошли бир қабилани қўркув пароканда қилади. Улар ўз маконларини тарк этишади. Фильм сўнгида бегона юрт кемалари уларнинг қирғоқларига келиб лангар ташлаётгани кўрсатилади… Юртни аввал қўрқув ишғол қилди. Кейин эса бегоналар келди…

Бизларга нима бўляпти, Aллоҳим?…

Улуғбек Хайдаров
Ванкувер