O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қўрқув ўрнига озодлик

Қўрқув ўрнига озодлик
227 views
01 May 2017 - 6:00

Амалдаги президент бошчилигидаги бугунги Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичкарисида ҳам, халқаро майдонда ҳам ўз машруиятини тўла йўқотди. Бугун бу ҳукумат на ички ва на-да ташқи сиёсатни юргизиш қобилиятига эга.

Ҳокимиятнинг барча поғоналари коррупция ботқоғига ботгани, самарасиз ишлаб чиқариш ва ношуд аграр сиёсат мамлакат иқтисодига тузатиб бўлмас зарар етказди. Вайрон бўлган иқтисодни тузатишга ҳаракат қилар экан, ҳокимият олинган зарарни табиий бойликларни масъулиятсизларча эксплутация қилиш билан қоплашга уринмоқда.

Ишсизлик кун сайин ўсаяпти. Ва ишсизларнинг асосий қисмини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда. Ишсизликнинг бу қадар ортиши ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва демографик юксалиш орасидаги анормал номутаносибликни кўрсатмоқда. Каримов режими иқтисод либерализациясининг ҳокимият монополиясига таҳдид солувчи, давлатдан мустақил тадбиркор синфини яратишидан кўрмоқда.

Президент Каримов ўтган йили май ойида 1000 дан ошиқ тинч аҳоли вакилларини ўлдирди. Каримовнинг бу ҳаракати унинг режимининг легитимлигини йитирди. Ҳа, бу нуқтада машруият – легитимлик бош масаладир. Легитимлик йўқ жойда ҳокимият вакууми пайдо бўлади. Президент Каримов бу вакуумни кўрмасликка ҳаракат қилаяпти ва айнан шу ўжар жоҳиллик – зўравонликнинг манбаидир.

Легитимлик бўлмаганида, дунёнинг глобаллашуви, 60 йил муқаддам Гарри Труман даврида бошланган мислсиз тараққиётни кўрмаган бўлардик. Технологиянинг яшин тезлигида ўсиши туфайли инсонлар ва мамлакатлар ўртасидаги масофа қисқарди ва ҳаммамиз демократик, бозор иқтисодига эга давлатлар билан антидемократик давлатлар ўртасидаги фарқни аниқ кўра бошладик.

Ўзбекистон демократик кучлари Ғарбдаги дўстларнинг Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё минтақасидаги демократик ўзгаришлар ва бозор иқтисоди тараққиёти йўлида олиб бораётган курашларида қўллаб-қувватлашларини истайди. Глобаллашув тезлашар экан, дунё тораймоқда ва муаммолар ҳам ҳамма учун муштарак муаммоларга айланмоқда. Биз бу янги дунё раҳбарларининг Ўзбекистон халқининг бугунги муаммоларига жиддий ва самимий ёндошаётганларини кўришни истар эдик.

Андижон қатлиомидан сўнг Каримов ўз жиноятлари учун юпанч излаб, Пекинга ва сўнгра Москвага борди. Каримовнинг янги ҳамкорлари унинг диктаторлик ҳокимиятини сақлаб қолишда унга ёрдам беришга ваъда қилдилар. Бунга жавобан Каримов Русия билан ҳарбий-сиёсий “Иттифоқ битими”ни имзолабгина қолмай, Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларини тамоман Русия ва Хитой тарафга бурди. Русия аллақачон Ўзбекистоннинг нефть ва газ заҳираларини ўзлаштириш лойиҳаларини татбиқ этишга киришди. Каримов вазирларига ўзининг янги ҳомийлари учун юборилаётган пахта, метал ва энергетик ресурслар миқдорини кўпайтириш ҳақда буйруқ берди.

Айни пайтда, Каримов Шанхай Гуруҳи аъзоларини мухолифатга, “рангли инқилоблар” ва инсон ҳуқуқларига қарши курашни “терроризмга қарши кураш” статусида қабул қилишга кўндирди. Ғарбнинг демократия талабига жавобан, Каримов – мамлакат миллий манфаатларга зид равишда – Ташқи Ишлар Вазирлиги, Ташқи Иқтисодий Алоқалар, Ташқи иқтисодий фаолият Банки ва “Ўзбектуризм” компаниясига қарашли ҳорижий ваколатхоналар ходимлари сонини қисқартиришга буйруқ берди.

Ўтган йил октябр ойида Ташқи Ишлар Вазирлиги АҚШ, Ғарб давлатлари ва Европа Тараққиёт ва қайта тиклаш Банки ҳамда БМТ сингари халқаро ташкилотлар ва уларнинг ваколатхоналари билан алоқани чеклаш ҳақда фармон чиқарганди. Ташқи Ишлар Вазирлиги ходимлари раҳбарият рухсатисиз Ғарб давлатлари дипломатлари билан учрашмаслик, улар билан телефон орқали гаплашмаслик, уларнинг сўровларига жавоб бермаслик, музокара мавзусини олдиндан раҳбариятдан тасдиқлатиб олиш, Ғарб давлатлари ташкил килган анжуманларга бормаслик талаблари ёзилган ҳужжатга имзо қўйдилар.

Каримов мамлакатни узил-кесил айғоқчилар уясига айлантиришга қарор қилди. У дипломатик ваколатхоналарда ходимларини маҳфий хизмат органлари ходимлари билан алмаштиришга буйруқ берди. Оврупа Иттифоқи давлатларидаги дипломатик ваколатхоналар ходимларининг ҳаммаси Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Мудофаа Вазирлигининг Бош Истиҳбарот (Разведка) Бошқармаси ходимлари билан алмаштирилди. Шу зайлда Ўзбекистон Русия билан Оврупада изчил истиҳбарот (разведка) фаолиятига киришмоқда. Бу – “совуқ уруш”нинг бошланиши, десак муболаға булмайди.

Ғарб Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг демократлашув жараёнида нима қила олиши мумкин?

– БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Овропарламент, Мустақил ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари орқали режимга қарши босимни кучайтириши;

– АҚШ ва Оврупа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматининг ғайридемократик моҳияти борасида ўз нуқтаи назарини очиқ ифода этиши ва ҳукуматдан демократик мухолифат партияларини легаллашувини талаб қилиши;

– Мавжуд режимга қарши сиёсий санкциялар жорий этиши (халқаро ташкилотларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этиш, халқаро ташкилотлар томонидан ташкил этилган анжуманларда ҳукумат расмийлари иштирокини чеклаш ва ҳоказо);

– Ўзбекистон демократик кучларининг тикланиши ва тараққий этишига ёрдам бериш, Каримовдан демократик мухолифат билан музокаралар олиб боришни талаб қилиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг ўлкада демократлашув ва инсон ҳақларини ҳимоя қилиш борасидаги БМТнинг тараққиёт Дастурини татбиқ этиш, Демократик институтлар ва инсон ҳақлари бўйича Бюро очиш, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилоти ва Хьюман Райтс Вотч сингари бошқа ташкилотлар фаолиятига шароит яратиши лозим.

– Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатлар ва Русия билан биргаликда Ўзбекистондаги ва Марказий Осиёдаги бозор иқтисоди ва демократия истиқболларига доир масалалар муҳокама қилинадиган форумлар ўтказиши;

– Ўзбекистоннинг давлат лойиҳаларига бериладиган молиявий ёрдам миқдорини қисқартириб, хусусий секторга кўрсатиладиган ёрдам миқдорини ошириши мумкин. Биз мавжуд режимга муқобил нима таклиф қиламиз? Бизнинг мақсадимиз қисқа муддатда мамлакатимиз аҳолисининг яшаш стандартини Русия ва Қозоғистон аҳолисининг турмуши савиясига эриштирмакдир. Бунинг учун биз бир-бирига боғлиқ қатор масалаларни ҳал қилишимиз лозим. Булардан энг муҳимлари шулардир:

1. Иқтисодий модернизация

Бозор иқтисодига ўтказиш зарурати бўлган барча соҳаларда бозор иқтисоди принципларини жорий қилиш;

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш, советлар давридан қолган колхоз тизимини бекор қилиш, ерни хусусийлаштириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлайдиган инвестиция Маркази барпо этиш;

Очиқ, шаффоф энергетика сиёсати юргизиш, энг муҳим нефть ва газ тармоқларини ривожлантириш;

Бевосита Ҳорижий Инвестициялар (FDI) миқдорини купайтириб, сармоя технологиялари оқимини кенгайтириш, минтақада эркин савдо алоқалари ўрнатиш, чегараларни савдо-сотиққа очиш;

Қора бозор яратган бўшлиқни тўлдириш учун ўзбек сўми конвертизациясини тезлаштириш;

Хусусий тармоқлар ва савдо-сотиқ устидан давлат назоратини олиб ташлаш;

Кучли ижтимоий таъминот тизимини барпо этиш, Дунё Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш;

Тараққиёт ва стабилизация (истиқрор) Фондини ислоҳ этиш;

Солиқ ислоҳоти ўтказиш;

Хусусий тижоратни ва ҳорижий сармояларни рағбатлантириш;

Бюжетдаги тирқишларни бекитиш ва қора бозорга шароит яратувчи сиёсатдан воз кечиш;

Коррупцияга қарши кенг миқёсда кураш олиб бориш ва бу муаммога давлатнинг барча поғоналарида барҳам бериш, бу соҳага оид янги қонунлар жорий этиш.

2. Ижтимоий модернизация

Бозор иқтисоди қонунларига асосланган янги ижтимоий сиёсат жорий қилиш; муҳтож қатламларни ижтимоий таъминлаш учун самарали пенсия ислоҳоти ўтказиш (бунда Қозоғистоннинг уч поғонали пенсия жамғармалари тизими шаклидан фойдаланиш мумкин);

3. Демократия ривожи ва сиёсий тизимни модернизация этиш

Мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этишлари учун барча дунёвий, демократик, сиёсий гуруҳларни реабилитация этиш;

Тамал инсон ҳуқуқларини жорий этиш: сўз ва виждон эркинлиги, тўпланиш ва митинглар ўтказиш эркинлиги билан таъминлаш, оммавий ахборот воситалари устидан ўрнатилган цензурани бекор этиш;

Маҳкама тизимларини қайта қуриш; хусусий, ҳорижий сармоялар – ҳаммаси халқаро адлия мезонларига мос адлия тизимига боғлиқ бўлиши лозим.

4. Миллий хавфсизлик

Терроризм, диний экстремизм, гиёҳ савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш учун Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш;

НАТО ва бошқа Ғарб давлатлари мудофаа тизимлари билан ҳамкорликни давом эттириш; Ўзбекистон армиясини модернизация этиш; Русия ва Хитой билан ҳамкорлик қилишнинг самаралироқ йўлларини излаш.

5. Ташқи сиёсат йўналиши

Минтақадаги барча жараёнларда Марказий Осиё жумҳуриятлари билан яқин ҳамкорлик этиш; АҚШ, Оврупа Иттифоқи, Русия ва Хитой билан ҳамкорлик боғларини мустаҳкамлаш;

Қўшни давлатлар билан икки томонлама яқинроқ ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, савдо, транспорт алоқалари, энергия маршрутлари, электр энергияси етказиб бериш, коммуникация воситалари кўламини кенгайтириш; Терроризмга, диний экстремизмга, наркотик савдосига қарши курашда бу давлатлар билан яқинроқ ҳамкорлик ўрнатилмоғи лозим.

Жамиятда давлат тизимларига бўлган ишончнинг емирилиб бораётгани – минтақамиз юзма-юз турган энг катта хатарлардан биридир. Бу хатарга ёрқин мисол сифатида – Толибон режими ағдарилганидан сўнгги ижобий ўзгаришларни ҳисобга олмаганда – Афғонистондаги вазиятни келтириш мумкин.

Биз мутараққий ва ҳур дунё жамоатчилигини минтақа инсонлари қалбларидаги қўрқув ўрнига озодлик ва ойдин келажак туйғуларини уйғотишга восита бўлишга чақирамиз.

2005

(129)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (379-384-саҳифалар.)

(давоми бор)