Жорий йилнинг 26 январь куни Facebook.com ижтимоий тармоғида тузилган “Туркистон Интиқом Гуруҳи” Ўзбекистоннинг баъзи собиқ ва амалдаги кучишлатарларини хавотирга солиб қўйди, – дея хабар қилади Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг (ЎХҲнинг) Тошкентдаги манбалари.
Уларнинг айтишича, шу йил феврал ойининг бошларида МХХ ва ИИВ раҳбарияти ўз ходимларига ёзма мурожаат қилиб, унда “Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида ҳаракат қилаётган радикал гуруҳлар МХХ ва ИИВ ходимларидан куч ишлатиш йўли билан қасос олишни режалаштираётгани” ҳақида огоҳлантиришган. “Мазкур хатар тўғрисидаги огоҳлантиришлар ИИВ ва МХХнинг жойлардаги барча бўлинмаларига юборилган”, – дея хабар беради манбалар.
Уларнинг маълумотларига кўра, янги тузилган виртуал гуруҳнинг вазифа ва мақсадлари истеъфодаги баъзи кучишлатарларни ҳам қўрқитиб қўйган. “Ўзбекистоннинг собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматов яқинда ИИВ раҳбариятига мурожаат қилиб, собиқ вазирнинг уйини қўриқлаш учун қўшимча ходимлар ажратишни илтимос қилган.
Ўз илтимосномасида З. Алматов “қўшимча қўриқчилар республика ичкариси ва ташқарисида ҳаракат қилаётган радикал гуруҳлар томонидан оширилиши мумкин бўлган хужумларни бартараф қилиш учун” зарурлиги ҳақида ёзган. Алматовнинг илтимосномасидаги баъзи сатрлар МХХ ва ИИВ томонидан “Туркистон Интиқом Гуруҳи” ҳақида яқинда юборилган огоҳлантиришнинг баъзи сатрларини ҳарфма ҳарф такрорлайди. Афтидан, Ўзбекистоннинг собиқ Ички ишлар вазири ҳатто виртуал қасос гуруҳларидан ҳам ўлгудек қўрқиб қолган”, – дейишмоқда ЎХҲнинг Тошкентдаги манбалари.
“Туркистон Интиқом Гуруҳи” жорий йилнинг 26 январь куни Facebook.Com ижтимоий тармоғида тузилган эди. Гуруҳ таъсисчиларининг сўзларига кўра, уларнинг асосий вазифа ва мақсадлари бегуноҳ одамларни қийнаш ва ўлдиришда иштирок қилган кучишлатарлар, асосан МХХ ва ИИВ ходимлари ҳақида маълумотлар тўплаш ҳамда бундай кимсалардан амалий қасос олишдан иборатдир.
Хусусан, “Туркистон Интиқом Гуруҳи”нинг Facebook.Com ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 2014 йил 10 декабрь куни Стамбул шаҳрида отиб ўлдирилган ўзбек имоми Абдуллоҳ Бухорийга (Мирзағолиб Ҳамидовга) нисбатан суиқасд ташкиллаштиришда гумонланиб, Туркия махсус хизматлари томонидан ҳибсга олинган Собир Шукуров (Ўзбекистон МХХ ходими) ҳақида айрим маълумотлар келтирилган.
ЎХҲ ахборот бўлими