“Дода” ўлгани ҳақида расмий хабар тарқатилган куни эрталабдан учта, иккитаси немис, биттаси турк қўшниларим эшикни тақиллатиб, кириб келишди…
Бири олиб, бири қўйиб, астойдил мени табриклай бошлашди:
– Каримов ўлибди! Президентларинг тўнғиз қўпибди…
Мен нима дейишимни билмай, аввал индамай турдим. Бироз эҳтирослари босилгандай бўлганидан кейин:
– Ҳа…афсус…дунёдан ўтибди… Оллоҳдан озгина бўлса ҳам гуноҳларини енгиллатишини сўрайман… -дедим.
Ҳаммаларини дастурхонга таклиф қилдим.
Қўшниларим, немислари ҳам, турк ҳам ҳайрон бўлиб, туриб қолишди.
– Қизиқ, у сенинг ашаддий душманинг эканини билганимиз учун, ҳурсанд бўларсан деб ўйлагандик…Бошингга не – не кунларни солган!…
Билишади.
Кўп ўқишган.
Адабий кечаларимда бўлишган…
– У фақат менинг ашаддий душманим эмас, ҳалқимизнинг, ватанимизнинг ҳам ашаддий душмани эди. Менинг бошимга ҳам, юртимиз аҳолиси бошига ҳам кўп кулфатлар ёғдирди. Лекин ҳечқачон мен унга ўлим тилаган эмасман…Барча қилмишлари учун у дунёдагина эмас, бу дунёда, одил суд олдида жавоб бериши, жазосини тортиши керак эди!
Мен қисқагина қилиб, диктатура, демократия, система ва унинг давоми, ҳалқимизнинг бугунги аҳволи ҳақида гапириб бердим…
– Биз бу томонларини ўйламаган эканмиз. Сенга раҳмат. Анча нарсаларга кўзимизни очдинг…- деди қўшниларимдан бири ўрнидан қўзғолатуриб…
Ёдгор Обид
Манба: Facebook.com