ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
(28)
(давоми)
Қўшни ҳаққи
Амр ибн Асдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Етти киши борки, қиёмат куни Аллоҳ улар тарафга на боқажак, на–да уларни гуноҳдан поклаяжак. Уларга, жаҳаннамликлар билан сиз ҳам у ерга кетинг” дея амр этажак. Бу кимсалар шулардир:
1.Актив ва пассив гомосексуалистлар (ливетачилар).
2.Мастурбация қилганлар.
3.Ҳайвон билан жуфтлашганлар.
4.Хотинга орқадан яқинлашганлар.
5.Ҳам хотинга, ҳам унинг қизи билан жинсий муносабатда бўлганлар.
6.Қўшнисининг хотини билан зино қилганлар.
7.Қўшнисини безовта қилганлар. Агар улар тавба этсалар, яхши”.
Абдуллоҳ бин Масъуддан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Нафсимни қудрат қўлида тутган Аллоҳга ямин этаманки, инсонлар қалбидан, тилидан ва қўлидан амин бўлмагунча, киши мусулмон бўла олмайди.
Қўшниси ҳийласидан ва зулмидан амин бўлмаган киши ҳам мўмин бўла олмайди”.
Саид бин Мусайябдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Одамнинг онаси унга қандай ҳаром бўлса, қўшни (хотин) ҳам унга шундай ҳаромдир”.
Мужоҳиднинг айтишига кўра, бир куни Абдуллоҳ бин Амр Ибн Ас (ҳар иккисидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин) ўз қулига (хизматкорига) “бир қўйни сўй ва этидан яҳудий қўшнимизга бер” деди. Бир соат ўтгандан кейин такрор “қўйни сўйганингда, этидан яҳудий қўшнимизга бер” деди.
Шунда хизматкор “шу яҳудий учун роса безовта қилдинг–да” деб жавоб берди. Абдуллоҳ бин Амр эса унга:
-Ҳайф, сенга! Пайғамбаримиз бизга қўшни ҳақида у қадар тавсиялар берди–ки, қўшнини бизга меъросчи қилмоқчи, деб ўйлагандик – деди”.
Абу Шурайа – ул – Қаобидан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Аллоҳга ва охират кунига инонган киши ёки хайирли сўз сўйласин ёки жим турсин. Аллоҳ ва охиратга инонган киши қўшнисига яхши муомала қилсин. Аллоҳ ва охират кунига инонган киши меҳмонни яхши кутиб олсин. Меҳмоннинг зиёрати бир кун–бир кеча, меҳмонлик муддати уч кундир. Бундан ошиғи садақадир”.
Ҳасан Басрийнинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтишига кўра, саҳобийлар бир куни Пайғамбаримизга “қўшнининг қўшни олдидаги вазифалари нималар?” деб сўраганларида, шундай жавоб берган:
“Қўшнинг сендан қарз сўраса берасан. Сени уйига чақирса борасан. Хасталанса, зиёрат қиласан. Сендан ёрдам истаса, чопиб ёрдам этасан. Бошига бир мусибат тушса, унга ҳамдардлик билдирасан. Агар қувончли бир воқеа бўлса, уни қутлайсан. Ўлса, жанозасига борасан. Бир ерга кетса, уйига ва оиласига кўз–қулоқ бўласан. Қайнаган қозонинг ҳиди билан уни безовта қилмайсан, пишган емагингдан унга ҳам берасан”.
Бу Ҳадиснинг бошқа бир ривоятига кўра, унда шундай илова ҳам бор: “қўшнининг розилигини олмагунча, уйингни уникидан юксакроқ қурмайсан”.
Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Жаброил менга қўшни ҳаққини шундай исрор билан таъкидлади–ки, уни (қўшнини) меъросчилар қаторига қўшмоқчи деб ўйладим” (Бухорий).
Яна Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ё Абу Ҳурайра, тақво соҳиби бўл–ки, инсонларнинг энг кўп ибодат этгани бўлгайсан. Қаноаткор бўлки, инсонларнинг энг кўп шукр этгани бўласан. Ўзинг учун нима истасанг, бошқалар учун ҳам шуни истагинки, мўмин бўласан. Қўшнингга яхши муомала қил, ки мусулмон бўласан. Яна оз кулгин. Чунки кўп кулиш қалбни қорайтиради” (Насай).
Аллоҳу Таоло шундай амр этади: “Аллоҳга ҳеч шерик қўшмасдан Унга қуллик этинг ва ота–онага яхши муомала қилинг. Қариндошга, етимларга ва йўқсилларга ёрдам этинг. Қариндош бўлган қўшнингизга яхшилик қилинг. Бегона бўлган қўшнингизга яхшилик қилинг” (“Нисо” сураси, 36).
Айтилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Уч хил қўшни бор. Булардан биринчи хили устида учта, иккинчи хили устида иккита, учинчи хили устида битта қўшни ҳаққи бўлади.
Қўшниси устида учта ҳаққи бўлган қўшни ҳам қариндош, ҳам мусулмон бўлган қўшнидир. Унинг бир ҳаққи – мусулмонлиги, иккинчиси – қариндошлиги, учинчиси – қўшнилиги ҳаққидир.
Қўшниси устида икки ҳаққи бўлган қўшни – мусулмон қўшнидир. Бу унинг мусулмонлик ва қўшнилик ҳаққидир.
Қўшниси устида бир ҳаққи бўлган қўшни – ғайри муслим қўшнидир. Унинг ўз қўшниси устида битта – қўшнилик ҳаққи бордир”.
Демак, қўшнингиз ғайримуслим бўлса ҳам унинг ҳаққини унутмаслик керак.
Абу Зарр Гифорий (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейдики: “Дўстим Муҳаммад (алайҳиссалом) менга шу учта нарсани тавсия этди: Бошлиғинг бурни кесик қул бўлса ҳам, сўзини тингла, унга итоат эт. Шўрвага сувни кўп сол, пишганда, ундан қўшниларга бер. Намозни вақтида қил” (Термизий).
Айтишларига кўра, бир одам ўлса ва унинг қўшниларидан уч киши ундан рози бўлса, марҳумнинг гуноҳлари кечирилар экан.
Яна ривоятга кўра, бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига бир одам келиб, қўшнисидан шикоят этди. Пайғамбаримиз унга шундай деди: “Сен уни безовта қилма. Унинг безовта қиладиган ҳаракатларига сабр эт, у ўлмагунча, ундан узоқлашишга уринма”.
Ҳасан Басрийга кўра, яхши қўшни бўлиш демак, фақат қўшнини безовта қилмасликдан иборат эмас. Айни пайтда қўшнининг безовта қилишига (азиятига) сабр этмак ҳам демакдир.
Амр Ибн–ил–Ас дейдики, “ўзидан хабар олгандан хабар олиб, хабар олмаганнинг аҳволини сўрамаган киши ҳақшунос эмасдир. Бундай киши фақатгина инсофли кишидур. Ҳақиқий ҳақшунос ундан хабар олмагандан ҳам хабар олган, ўзига азият берганга ширин муомала қилган одамдир”. Олий жаноб киши – мулойим кишиларга мулойим муомала қилиб, қўпол кишиларга қўпол қиладиган кишилар эмасдир. Булар фақат инсофли кишилардир.
Асл олийжаноблик – мулойим кишиларга каби, қўполларга ҳам мулойим жавоб берган кишидадир.
Ибн Аббос (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Шу уч одат жоҳилия даврида ҳам бор эди. Аммо бу одатлар мусулмонларга кўпроқ ярашади.
1.Жоҳилия даврида уйига меҳмон келган киши, меҳмонни яхши кутиб олиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қиларди.
2.Эркак ўз никоҳида кексайган хотинни қўйиб юбормасди, қаровсиз қолмасин, деб ёнида тутарди.
3.Биттаси қарзга ботса, бошига бир бало келса, қўшнилари унинг қарзини тўлаш учун, унга ёрдам бериш учун шошар эдилар”.
Анас бин Моликдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Қиёмат куни қўшни қўшнисининг ёқасига ёпишиб, шундай деяжак: Ё, Робби, бу ошнамни бой, мени эса йўқсил яратдинг. Бу сабабли мен оч ётар экан, бу тўқ ҳолда ётарди. Ундан сўра, нега эшигини юзимга ёпиб, унга берган неъматингдан мени маҳрум қолдирди?” деяжак.
Ривоят этилишига кўра, Сўфиён Саврий “шу ўнта хусус жафодир, ҳақсизликдир” деб шуларни санаган:
1.Бир хотиннинг ёки эркакнинг дуо этаркан, фақат ўзи учун дуо этиши, ота–онаси билан бошқа мўминларни бу дуога қўшмаслиги.
2.Қуръон ўқий олган бир кишининг ҳар кун юз оят ўқимаслиги.
3.Масжидга кирган одамнинг у ердан икки ракат намоз қилмасдан чиқиши.
4.Қабристон ёнидан ўтаётиб, у ердаги ўликларга салом бермаслик, уларга дуо қилмаслик.
5.Жума куни шаҳарга борган кишининг Жума намози қилмасдан, уйига қайтиши.
6.Маҳаллага бир олим келсаю, унинг ёнига бориб, ундан бир нарса сўрамаслик.
7.Танишган кишиларнинг бир–биридан исмларини сўрамаслиги.
8.Меҳмонга чақирилган кишининг бу даъватга ижобат этмаслиги.
9.Бир ёшнинг ўз ёшлигини беҳуда сарфлаши, вақти бўлган ҳолда, илм ва адаб ўрганмаслиги.
10Қўшниси оч бўлиб, ўзи тўқ бўлган ҳолда, қўшнисига егулигидан бир қисмини бермаслиги.
Яхши қўшнилик шу тўртта нарса билан амалга ошади:
1.Бор нарсадан қўшнига бермоқ.
2.Қўшнида бўлганга кўз тикмаслик.
3.Қўшнини безовта қилмаслик.
4.Қўшнининг берган азиятига сабр этмоқ.
(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси