O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Қўғирчоқ парламент” сайлови қaндай саҳналаштирилади?…

“Қўғирчоқ парламент” сайлови қaндай саҳналаштирилади?…
128 views
18 December 2014 - 17:17

Олдиндан тайёрланган сценарий асосидаги “қўғирчоқ парламент” сайлови келаётган якшанба куни саҳналаштирилиши режалаштирилган. Ўзбекистонга етиб келган халқаро кузатувчиларнинг қайд этишича ҳеч қандай сиёсий кураш белгилари кўринмаса ҳам сайловга тайёргарлик қонунбузарликларсиз кечмоқда. Бу ҳам табиий ҳол албатта. Чунки сайловларга тайёргарлик жараёнида қонунбузарлик содир қилиниши учун ҳам партиялар ўртасида қандайдир рақобат бўлиши лозим бўлади. Мана шундагина ўртадаги ғирром рақобат қонунбузарликка олиб келиши мумкин. Бироқ, Ўзбекистондаги саҳналаштирилган қўғирчоқлар сайлови ўзига ҳос ҳусусиятга эга, зеро қайси қўғирчоқнинг сайланиши (тайинланиши) олдиндан маълум эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Сайлов участкаларда яратилган шароитлар ва қулайликларни инкор қилишнинг иложи йўқ. Ҳаттоки кўпгина ривожланган Оврўпа давлатларида кузатилмайдиган шароитлар, жумладан ёши улуғ сайловчиларнинг сайлов жараёнида толиқиб қолмасликлари учун олиб келинган юмшоқ ўриндиқлардан тортиб ёш болали сайловчиларга қулайлик сифатида ўйинчоқлар билан тўлдирилган болалар хонасигача ҳаммаси муҳайё қилинган. Аҳолидан талаб қилингани эса биргина нарса – кимни сайлашидан қатъий назар саҳналаштирилган сайлов ўйинида фаол иштирок этишсин, гўёки халқаро ҳамжамият нигоҳида тўлақонли демократик сайлов манзарасини намоён қилишсин. Сайлов натижасининг қай тарзда эълон қилиниши эса ҳукуматнинг ўзига ҳавола, зеро берилган овозлар сонини санаш жараёнига халқаро кузатувчилар четроқ турсин биронта маҳаллий мустақил кузатувчи ҳам яқин йўлатилмайди. Чунки берилган овозлар сонини санашга ҳожат ҳам йўқ, натижа эса тайин.

Сайловларга расмиятчилик сифатида 20 та вакилдан иборат чекланган миссиясини юборган Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ОХҲК) ўзининг дастлабки хисоботида сайлов жараёнига оддий халқнинг унчалик қизиқиш билдирмаётгани ва ҳеч қандай фаоллик кўрсатмаётгани ҳақида ёзади. Бу ҳам табиий ҳолдир. Чунки аслида томошабин бўлган оддий халқ ҳам ушбу сайловнинг саҳналаштирувчилари каби натижаларни олдиндан билади ёки камида ўз овозининг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини билади. Саҳналаштирувчи ҳукумат эса қўғирчоқ сайловининг янада табиий чиқиши учун фуқаролардан “сайловчилар” ролини ўйнаб беришларини талаб қилмоқда. Шу мақсадда ҳаттоки маҳалла қўмитаси вакиллари ҳар битта хонадонга алоҳида ташриф буюриб “сайловчи” ўйинчиларни рўйхатга олган ҳолда улардан сайлов куни ҳамма ишларини йиғиштириб қўйиб сайлов участкасида ҳозир бўлишларини талаб қилишмоқда.

Саҳналаштирилган сайловларни ташкиллаштиришда тенгсиз тажрибага эга бўлган Марказий сайлов комиссияси раиси Мирозоулуғбек Абдусаломовнинг маълумот беришича, сайловда 20,79 миллион киши қатнашади. Сайлов участкалари ҳар доимгидек эрталабки соат 06:00 да очилади ва кечки 20:00 да ёпилади. Сайлов саҳнасининг қизғин ўтиши учун 135 та сайлов округи ташкил қилинган бўлиб уларнинг ҳар бирига ўртача 154 мингтадан сайловчи тўғри келади. Энди асосий масала ушбу рўйхатдаги 154 мингта сайловчи роли учун ўйинчиларни топишдан иборат. Улар учун умумий сони 9035 тадан иборат барча шароитларга эга сайлов участкалари ҳам тайёрлаб қўйилган. Сайлов жараёнида бевосита иштирок этаётган гувоҳларнинг сўзларига кўра, одамларни жалб қилиш мақсадида айрим сайлов участкалари атрофида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ҳам ташкил қилиниши режалаштирилган.

Сайловчилар рўйхатида 13280 та одам мамлакат ташқарисида доимий яшовчи сайловчилар сифатида қайд қилинган. Уларнинг ҳам сайлов ўйинида фаол иштирокини таъминлаш мақсадида республиканинг 36 та мамлакатдаги дипломатик ваколатхоналари ҳудудида 44 та сайлов участкаси ташкил қилинган. Бироқ, мамлакат ташқарисида бўлган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалга оширишлари учун шароит яратиб бериш, бошқа сўз билан айтганда уларни ҳам ушбу саҳналаштирилган ўйинга жалб қилиш ҳақида ўйлаган мутассаддилар тирикчилик илинжида Ўзбекистондан “қочиб чиққан” миллионлаб меҳнат муҳожирларининг сайлов ҳуқуқи ҳақида сукут сақлашмоқда. Норасмий маълумотларга кўра, қарийб 31 миллионга тенг бўлган мамлакат аҳолисининг тахминан 5-7 миллиони меҳнат муҳожири сифатида ҳорижга чиқиб кетишган. Каримов таъбири билан айтганда ушбу “дангаса”ларнинг аксарияти Россия ва Қозоғистонда кўча супуриш ва мардикорлик билан шуғулланишади. Сайлов ёшига етган аҳолининг деярли 3/1 қисмининг меҳнат муҳожирлари сифатида ҳорижга чиқиб кетгани ва уларнинг сайлов жараёнида назардан четда қолаётгани ушбу сайлов ўйинига ишонч билдирган ҳар қандай кузатувчи онгида ҳам сайловнинг легитимлигига нисбатан шубҳа уйғотиши тайин.

Ноябрь ойининг бошидаёқ амалдаги тўртта чўнтак партиялар сайлов округлари сонига мос равишда 135 тадан номзодни илгари суришди. Ўз-ўзидан маълумки, хавфсизлик хизмати тарафидан Марказий сайлов комиссиясига олдиндан рўйхати берилган қўғирчоқ номзодларнинг барчаси бирданига рўйхатга олинди. Ушбу қўғирчоқ номзодларни танлаб олишда сайлов учун масъул бўлган ҳукумат мутассаддилари ва хавфсизлик хизмати уларнинг касби, фаолият соҳаси бўйича тақсимотига ҳам алоҳида эътибор қаратишган. Хусусан, номзодлардан таълим соҳаси вакиллари 26,5%ни, ишлаб чиқарувчи соҳа вакиллари – 20,2%ни, иқтисодчилар – 20,8%ни, ҳуқуқшунослар – 14,2%ни ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари эса 10,1%ни ташкил қилади. Номзодлар орасида аёлларнинг улуши 31,8% га тенг. Чунки сайлов қонунчилиги партиялардан кўрсатилаётган номзодлар орасида аёллар сонининг 30%дан кам бўлмаслигини талаб қилади. Демак ҳаммаси режа асосида бормоқда.

Фақат муаммо шундаки, номзод мақомига сазовор бўлган “омадли”ларнинг кўпчилиги ҳалигача сайлов кампаниясининг қандай ўтказилиши ҳақида ҳатто маълумотга ҳам эга эмас. Депутатнинг сайлов дастури ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Баъзи бир мутахассисларнинг фикрича, ўтказилаётган парламент сайловлари гўёки олдинда турган муҳим ҳодиса бўлган президент сайловлари учун йўл очиб бериши мумкин. Бу сайлов эса асосий сайлов олдидан тайёргарлик жараёни ҳисобланади. Бироқ, назаримизда бу фикрга қўшилишга бироз эртароқ. Ҳаттоки президент сайловининг бўлиш бўлмаслиги ҳақида ҳам гапиришга эрта.

Фақат бир нарса аниқкки, шу йилнинг 16 май куни Самарқандда бўлиб ўтган халқаро конференциянинг очилиш маросимида сўзга чиққан Каримов ўзининг осонлик билан лавозимдан кетмаслигини барчага ошкор қилганди. Буёғини эса вақт кўрсатади.

Замир Малик