Жорий йилнинг 17 март куни собиқ коммунистлар партияси ўзагида ташкил қилинган Халқ Демакратик Партияси (ХДП) расмий сайтида Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган Бадриддин Насриев ХДПнинг Самарқанд вилоят кенгаши раислигига сайлангани ҳақида хабар қилинганди.
Кейинчалик бу одамнинг аслида ЎзЛиДеП депутати эканлиги ошкор бўлиб қолди. Маҳаллий нашрлар Насриевнинг Ўзбекистон либерал демократик партияси (ЎзЛиДеП) депутати эканлиги, ХДП ходимлари буни шармандалик деб баҳолашаётгани ҳақида хабар қилишди.
«Бу ҳолат аслида ХДПнинг ҳам қоидаларига зид. Ўзбекистон ХДП Уставининг 14.1 ҳамда 7.8-бандлари қўпол равишда бузилди. Уставга кўра, аслида юқоридаги йиғилишнинг ўзи қонуний бўлиши учун пленум аъзоларининг ҳеч бўлмаганда ярми иштирок этиши керак эди. Aммо анжуманда 59 нафар пленум аъзоларидан фақат 27 киши иштирок этди. Умуман, бошқа партия вакилининг бизга раҳбар этиб сайланиши нафақат партиямиз ходимлари, балки ХДПга эргашганлар учун ҳам шармандали ҳолат бўлди деб ҳисоблаймиз”, дея ХДП Самарқанд вилоят кенгаши вакилларининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz нашри.
ЎзЛиДеП партияси аъзоси Расул Кушербаев ушбу ҳолат ҳақида:
«Тўғриси партияларнинг жамият ва мамлакат ҳаётидаги сиёсий ўрни учун жуда қўпол хатолик бўлибди. Буни қабул қилиб бўлмайди. Ўзаро ғоя, сиёсий ирода ва сайловолди платформаси орқали бир биридан фарқ қилувчи сиёсий кучлар учун бунақа хатоликка йўл қўйиш жойларда партияларнинг ҳақиқий ўрни ҳақида кўплаб саволларни туғдиради», — деб ёзди.
Шундан сўнг ХДП берган баёнотга кўра, депутат партиянинг вилоят кенгаши раҳбари этиб сайланишидан олдинроқ февраль ойида ХДП аъзолигига қабул қилинган. У ЎзЛиДеП аъзолигидан чиққарилганлиги ҳам таъкидланди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, биронта фуқаронинг бир партиядан чиқиб иккинчи партияга кириши унинг сиёсий ҳуқуқидир. Аммо бу ерда гап оддий фуқаро эмас, балки бир партиядан депутатлик мандатига сайланган вакилнинг иккинчи бир партиянинг раҳбар лавозимига сайланиши ҳақида бормоқда. Бу эса очиқчасига сиёсий майнавозчилик деб баҳоланади.
Аслида ягона “мусаффо осмон” ғояси устига қурилган бу қўғирчоқ партияларнинг илдизи битта. Фақат уларга юкланган вазифа Кушербаев айтганидек “бир биридан фарқ қилувчи сиёсий кучлар” ролини ижро қилиб беришдир. Лекин сиёсий савияси ҳаминқадар бўлган бу қўғирчоқ депутатлар шуни ҳам эплай олишмаяпти.
Мирзиёев ҳукумати мамлакат тарихидаги илк мустақил партия сифатида рўйхатга олинган “Эрк Демократик Партияси” ва янги мухолиф партия бўлган “Ҳақиқат ва Тараққиёт Социяал Демократик Партияси”нинг сайловларга қатнашишига тўсқинлик қилиб уларга қарши турли фитналар уюштириш билан овора экан, мамлакатдаги қўғирчоқ партияларнинг сиёсий қараши бўлмаган депутатлари сиёсий майнавозчилик қилиб юришибди.
ЭРК партияси матбуот бўлими




Каримов журналист Паҳлавон Содиқни урганми?
Ўзбекистондаги расмий газета Муҳаммад Солиҳ ҳақида катта мақола чоп этди
Шуҳрат Бобожон: Танқид бўлмаган жойда
Мустақиллик декларацияси қабул қилинган кун
Каримберди Тўрамурод: Биз байрам қиладиган кунларга оз қолди