O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳақ олинур, берилмас

Ҳақ олинур, берилмас
20,664 views
12 April 2024 - 0:12

Рассом Туз: Бахтиёр Фозиловга қарашали Enter Engineering ишчилари сабр косаси синиб, кўзи қонга тўлди. Ширкатнинг Олмалиқ ва Қоракўлдаги ишчилари камида уч ойдан бери маошсиз қолган. Улар қўзғолон кўтарди, ойлик талаб қилиб, штабларга ёпирилишди. Қулдорлар бу оломонни кўриб қўрққанидан иштонига сийиб қўйди. Олмалиқдаги ишчиларига ўша куннинг ўзида ойликларни қуртдай санаб берди. Ҳақ олинур, асло берилмас! Қоракўлдаги ишчилар эса декабрдан бери ҳамон пулсиз, бола-чақаси оч. Enter Engineering раиси Бахтиёр Фозилов ширкатдаги Ўзбекистон фуқароларини оёқ учида кўради. Қозоқ ва россиялик ишчилар аллақачон ойликларини олган. Ўзбекистонлик ишчилар ҳайитда ҳам, рамазонда ҳам уйига уч-тўрт танга жўнатолмади.

Маччон Суқулиш: Оға, шу ширкатнинг эгаси Бухоро амиридан бой. Бир кун ҳам гўштсиз овқат емайди. Бирор икки дона иномарка мошинни сотса ойлик бўлармиди?

Рассом Туз: Eriell, Enter Engineering, Ferkenso ширкатларининг эгаси бўлган Фозилов ўзини меценат, яъни эҳсонсевар қўли очиқ бой деб атаган. Унинг ширкатлари Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Россияга тармоқлаган. Шу ўлкаларда Фозиловнинг бирор ишчиси ойлик бер деб намойишга чиқмади, бунга эҳтиёжи бўлмади. Бироқ Фозилов қўл синса енг ичида қолсин деб, Ўзбекистонлик ишчиларини пул бермай эзғилайди. Бойвачча Ўзбекистоннинг 80% нефт захираси, йирик конлар, фосфорли ўғитлар, аммиак захирасини эгаллаб олган. Самарқанд аэропорти ва катта қурилиш буюртмалари ҳам шу кимсага тегишли. Бундан ташқари Фозилов «Сурхон» клубини ўзига ўйинчоқ қилиб сотиб олди. «Сурхон» клуби Термизда яшамайди, сурхондарёликлар бу клубнинг қорасини ҳам кўрмайди. Термиз стадиони тешик кир тоғора каби бўм-бўш ётади. Бахти Фозилов сотиб олган «Сурхон» клуби Тошкентда яшаб, Тошкентда машқ қилади, Самарқандлик бойвачча Фозилов бу клубга чет элдан легионерлар сотиб олган. Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига. Enter Engineering ширкатининг Тошкент офиси ҳам 3-4 ойлаб маошсиз қуруқ ҳаво ютиб яшайди. Дом кинони бузган, биттаям китоб ўқимайдиган экс ҳоким Жоҳа брат ҳам Фозиловдан мард. Жоҳа брат ишчиларига ўз вақтида ойлик тўлайди. Қашшоқнинг ҳаққини емайди.

Маччон Суқулиш: Усти ялтироқ, ичи қалтироқ олигарх, Россиянинг ўғри чўнтаги Бахти Самарқандский бўйлади.

Рассом Туз: Фозилов Самарқандда икки чақага қиммат бутафория шаҳар қурди. Энди навбат Бухорога. Бухорони бузиб йўқ қилиб, ЮНЕСКО рўйхатидан ўчиртириб тинчийди. Ўзбекистон маданий меросини сақлаш ва ўрганиш бўйича халқаро ташкилот бошқарувида ҳам шу Фозилов ўтиради.

Маччон Суқулиш: Қўйни бўрига топширишибди. Бухорони бузиб кейин «Халқлар дўстлиги» саройи, «Ўзбекистон тарихи» музейини ҳам бузсин. Отарчи Мадвазирни қаршилик қилишга духи йўқ барибир.

Рассом Туз