O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…
164 views
03 September 2014 - 8:45

2Ҳа, ҳар лаҳзаси ҳар қандай бойликдан қиммат турадиган йигирма уч йиллик халқнинг умрини президент Каримов ҳаволарга совурди. Ўзбек қон йиғлаб, йиринг қусган бу йилларда, пишқириб оққан дарёларнинг боши саҳроларга бурилиб, қанчадан-қанча гўзал фасллар беҳуда келиб кетди. Дунёда ўз ўрни, турфа кўчлари бор ўзбекнинг соҳир карвонлари гузардан-гузарга юксиз қатнагани етмагандек, очликдан тиш қайраб, ҳар ерда изғиб юрган қашқирларга ем бўлдилар.

Ўтган йигирма уч йил мобайнида юрт таланиб, Ўзбекистоннинг мислсиз бойликлари жорий ҳукумат тарафидан талон-тарож этилди. Нафақат иқтисодиётда, ижтимоий ҳаётда, маънавият ва маданиятда ҳам Совет йилларида эришилган ютуқлар сувга оқиздирилиб, илм-фан дарахтининг илдизига болта урилди.

Шўролар замонида ишлаб чиқилган ўзбек адабий тили чиқитга чиқарилиб, Ҳазрат Навоийнинг оламда бебаҳо ижодиётини аралашган-қуралашган шеваларнинг оқавалари босиб олди. Бир замонлар ҳумрон бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, қадр-қимматини ушлаб турган ўзбек тили пойтахт кўчаларидан қувғин қилиниб, унинг ўрнини ўзбекнинг руҳиятига тамоман ёт бошқа тиллар эгаллади. Давлат ишларидан, иқтисодиёт ва маданий ҳаётдан ўзбек тили деярли, сиқиб чиқарилди. Ўзбек тилидан бошқа тилни эгаллай олмаган оддий ўзбек, ўзининг она тилида арзи-додини айта олмайдиган бўлди.

Бу миллатни хор, Каримовга оёқ ости қилиш билан бир пайтда, гунгу лол қилиб қўйди. Ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмайдиган ҳиссиз ва тош бир ҳайкалга айлантирди. Бу ишлардан биргина Каримов ва унинг атрофидаги тўрт-беш “ҳай, баракалла”чилар фойда кўрдилар. Ўзини-ўзи манқуртга айлантирган Каримов эса, ҳалигача ҳам ўзи тўқиб чиқарган эртакларга ўзи ишониб, бундан йигирма уч йил бурун куйлаган сийқаси чиққан қўшиқларини хиргойи қилиб юрибди.

У аллақачонлар “Ўзбек модели”нинг сариқ чақага арзимаслигини англаган бўлса ҳам, ундан мўъжизалар содир этишни талаб қилади. Қўни-қўшниларнинг тараққиёт кўчларини ортмоқлаган карвонларнинг нурли чўққиларга етганидан, у бехабар. Хабари бўлса ҳам, у ўзини билмаганга олади. Вайсақи кампир сингари у қўшнилар хусусида ҳам, ҳў-ў, ўша йигирма уч йил аввалги тутриқсиз иддаоларини рўкач қилади. Уларнинг шаҳарсозликда, маданият ва маънавиятда, иқтисодиёт ва сиёсатда, ижтимоий соҳаларда илгарилаб кетганини билганини билдирмаслик учун, у ўзини жинниликка солади. Ҳасаддан юрак-бағри куйиб, аламдан олов каби ёниб кетаётганини сиртига чиқармасликка тиришади. Касални яширсанг, иситмаси ошкор этади, деганларидек, барча-барчаси унинг ҳиссиз овози билан нурсиз кўзларидан кўриниб туради. Ўзининг кўролмаслик балосига айланиб, ҳасад алангасида ёниб тугаётган шам сингари эриб адо бўлаётгани билан эса, унинг иши йўқ. Чунки, у шунинг учун яратилган. У буни яхши билади…

Бутун ер юзи кафдек келадиган ахборот маконига жой бўлган бизнинг кунларимизда, Ўзбекистон Мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган байрам тантаналари масхарабозликларини ичкаридан туриб кузатиш шарт эмас. Уни дунёнинг хоҳлаган бурчагидан туриб, кузатса бўлади. Баробарида, яширин олинаётган хабар ва лавҳаларга таяниб, уларни таҳлил қилиш ва хулосалар ясаш ҳам унчалик қийин иш эмас. Иштиёқ ва салоҳият билан юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ичкаридан боқилса, Каримов пайдо қилган саробнинг бўй-басти ва талофатлари, янаям ёрқинроқ намоён бўлади.

“Ўзбек модели” орқасидан миллатнинг ҳаётига кириб келган йўқлик ичида, кимнингдир ўзини мавжуд деб билиши, Ўзбекистоннинг ҳаётий жон томирларидан қай бирининг ҳалиям, узилмаганини билдиради. Аксар зиёлиларнинг қатор йиллар асносида, Каримов жодуси сеҳрига доғланиб, ўзига ва баробарида ўзи мансуб миллатга ўлим тилаб, шон-шуҳрат талвасасида жазавага тушиши эса, соғлом ақлга сиғмайдиган бир ҳолат.

Бутун бошли санъат аҳлининг Ўзбекистоннинг инқирозини ширин хонишлар билан мадҳ этиб келиши эса, ақли-ҳуши жойида одамни жинни қилади. Шу каби манзаралар ичида, президент Каримовнинг байрам олди ва байрамда кўрсатган бачкана томошаларини баҳоли қудрат қаламга олсак, миллат ва тарих олдида тирноқдек бўлса ҳам, касб-коримизга ҳурматимизни бажо келтирган бўламиз. Зотан, Каримов гапиришга арзимаган бир кимса бўлса ҳам, халқнинг бахтиқаро бир от каби урниққан арқон билан шу чирик қозиққа боғлангани, бизни шунга мажбур қилади.

Баъзи бирлар каби Каримовнинг иқтисодий ва бошқа соҳалардаги кўрсатгичларига баҳо беришни, у билан баҳсга киришишга ҳаракат қилишни биз ўзимизга эп кўрмаймиз. У нафақат ўзи учун муаммога айланган. У миллат ва давлат, унинг иқтисоди ва тараққиёти учун ҳам катта бир муаммо. У миядаги ўсимта сингари миллатнинг руҳиятидан, мамлакатнинг танасидан кесиб олиб ташланмаса, охир-оқибат ўзига қўшиб, ҳаммани ўлимга маҳкум этади. Шундай экан у билан музокарага киришиб, ундан умидвор бўлиб ўтириш, тадбирсизликдан бошқа нарса эмас. У маърифатпарварликнинг кўчасига ўлиб қолса, киришни истамагани каби танасини қийма-қийма қилсалар ҳам жаҳолатдан қўл узмайди. Чунки, унинг лойи ҳаромдан олиниб, зуваласи жаҳолатнинг тандиридан узилган. Туркистон тарихида, на Муқанна, на Махмуд Ялавоч, на Йўлдош Охунбобоев билан Инъомжон Усмонхўжаевлар у амалга оширган хиёнатлар ва бедодликларнинг юздан бирини амалга ошира олмаганлар…

Унга яқин манбаларнинг айтишларича, у Мустаққиллик арафасидаги салб юришини Амир Темур хиёбонида қад ростлаган Анжуманлар Саройидан бошламоқчи бўлибди. Юқорига кўтарилиб қўлига гардун олиб, юмшоқ курсига Ойша холасининг ғунажинидек ястаниб ўтирибдида, ўзи кестирган юз-юз эллик йиллик юзлаган норғул чинорларнинг ўрнида пайдо бўлган ночор манзарадан бойқуш каби завқ олмоқчи бўлибди.

Ўнг томонга боқиб, “Ўзбекистон” меҳмонхонасига тикилгач, назарини чапроққа бурибди. Шунда, кўзларига Ёзувчилар уюшмасининг эски биноси кўриниб, бир замонлар шу бинода қўним топган “Бирлик” ва кейинроқ “Эрк, деб аталган миллий озодлик ҳаракатининг ёди, унинг таъбини тирриқ қилиб юборибди. Кўзларининг олдига Муҳаммад Солиҳнинг қиёфаси келиб, оёқлари қалтираб, нафаси сиқилибди. Кўзлари хира тортиб, бир неча дақиқа ўзини йўқотиб қўйибди. Озодлик ҳаракати аъзоларининг бошларига не-не қора кунларни солганларини, “айрилганни айиқ, бўлинганни бўри ейди” дея, СССРни сақлаб қолиш учун тиши-тирноғи билан курашган дамларини эслабди.

Аввалроқ, Гдлян билан Ивановнинг тегирмонига сув қуйиб, колхоз раислари ва кимқанча деҳқонларни қон қақшатгач, Ошкоралик шарофати билан оқ-оққа, қора-қорага ажрала бошлаганда, озодлик ҳаракати томонига ўтиб, ўзининг жиноий шерикларига қарши курашиб, халқ назарида ўзини оқлаб олганларини эслабди. Сўнгра, гардунни қўйиб, қўлларининг панжаларини ёзганча, уларга термула бошлабди. Аввалида, кўзларига қўллари пес очгандай, ола-қуржоқ бўлиб кўринибди. Кейин эса, улар қизил қонга ботган жаллоднинг қўлларини эслатибди. У шошиб, қўлларини кўксига артган экан, эгнидаги оппоқ кўйлаги билан галустуги қизил қонга бўялибди. Кунида бир неча бора такроланадиган бу ҳолат, у учун янгилик эмас эди. У гардуни қўлига олиши билан барчаси рисоладагидек бўлиб, унинг қўллари ҳам, қизил қонга бўялган кўйлаги билан галустуги ҳам асл ҳолатига қайтибди.

Унинг заҳарли илон сингари гардундан боқаётган кўзлари бу гал, Темурийлар музейига ўқталибди. Шунда, хаёли лаънатланган шайтон каби уни яна олис-олисларга олиб қочибди. Президентлигининг биринчи йилларида, “Амир Темур” номини тилига олган одамни кўрса, тишлари қарич-қарич бўлган кезларни, унинг номини тикламоқчи бўлганларнинг она сутини оғзидан келтирган йилларини хаёлида гавдалантирибди. Кейинроқ, халқни чалғитиш учун кимнидир байроқ қилиш эҳтиёжи туғилганини сезиб, Амир Темур номини шунчаки, ўзининг мавқейини мустаҳкамлаш учун рўёбга чиқарганини, аслида у ҳақда ҳеч нимани билмаслигини эслабди. Темурийларга қурилган музей томидан чакки ўтиб, полини зах босиб кетаётгани хусусида эшитганида, ҳар сафар тишини қисавериб, тишлари тўкилиб адо бўлаётганига гўё Амир Темур сабабчидек, шунда гардунни атрофида гирди-капалак бўлиб юриган аллакимнинг бошига уриб, муштларини дўллайтирибди.

Давоми бор

Эргаш Сулаймон