O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳадис заифми ёки Каримовчи муллаларнинг ақли заифми?

Ҳадис заифми ёки Каримовчи муллаларнинг ақли заифми?
38 views
09 May 2016 - 17:33

59AB20B2-6F8C-45F2-AA20-BB875BCA5FD9_w640_r1_cx0_cy9_cw0_s“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Масжидлардан бирининг дарвозасига осиб қўйилган эълонда “норасида болалар”ни Ислом пайғамбаридан қолган ҳадис асосида “масжиддан йироқ қилинг” дейилган. Масжидга кириш ва ибодат қилишга оид 14 қоиданинг сўнггисига асос қилиб келтирилган ушбу ҳадис матни эса, “Озодлик” радиосига мурожаат қилган муштарий ва бу борада шарҳ берган аҳли-илмга кўра, заифдир.

Фотонусха йўлланган эълон матнида шундай дейилади:

“Расулоллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: масжидларингиздан ёш болалар мажнунлар (ақли заиф кишилар)ни йироқ қилинглар!”

Ушбу эълон акс этган суратни йўллаган ўзбекистонлик муштарий мана бу жумлаларни илова қилган:

“Ўзбек масжидларидан ёшлар заиф ва тўқима ҳадислар билан қайтарилмоқда. Ибн Жовзий ва бошқа уламолар бундай ҳадислар саҳиҳ эмаслигига фатво беришган”. 

Муштарийга кўра, бундай эълонлар шу кунларда аксар масжидлар дарвозларига илинган ва ана шу ҳадис асосида масжид ходимлари намозга келаётган болалар – кичик гўдаклардан тортиб 16-18 ёшгача бўлган ўсмир болаларни ортга қайтармоқда.

Тошкентлик аҳли-илмлардан бири исмини айтмаслик шарти билан масжидлар пештоқига илинган ҳадис тарихи ва унинг масжид масъуллари томонидан қўлланишига ўз муносабатини билдирар экан, “масжиддагилар динни суистеъмол қилишмоқда”, деб фикр билдирди.

– Бу ҳадис заиф ҳадис. Ибн Можада ривоят қилинган. Бу ривоятни Ибн Жавзий: “Саҳиҳ ҳолда ривоят қилинмаган ҳадис”, деган. Бу киши Ибн Таймиянинг шогирди бўладилар. Яна Ҳофиз ибн Ҳажар деган машҳур муҳаддис бор: “Бу ҳадиснинг барча санадлари заиф”, деганлар. Яна бир Ажлуний, деган машҳур муҳаддис бор, у киши ҳам ҳадиснинг санадини заиф, деган. Лекин, бу ҳадисни қувватловчи туруқлари бор, деган. Яъни, уламолар бу ҳадисни шарҳлаганида айтишганки, ёш болаларни масжидга пайғамбаримиз чақиргани ҳақида ҳадис йўқ, қайтаргани ҳақида ҳам йўқ. Бу каби ҳадисларда масжидда кириб, намозни қадрини билмай ўйинқароқлик қиладиган, тушунмайдиган болалар назарда тутилган. Лекин, яна қаттиқ таъкидланганки, ёш болаларнинг қалбига масжиднинг ҳурматини ёшлигидан сингдириш керак. Шунингдек, буни тушуниб, намозни қадрлайдиган савияга етган бўлса, масжиддан тўсмаслик керак, – дейди исмини ошкор қилмаётган ўзбекистонлик аҳли илм.

У Ўзбекистонда бундай ҳадислар асосида 15-18 яшаргача болаларнинг масжидга қўйилмаслигини “шаръий жиҳатдан оқлаб бўлмайди” деб баҳолади:

Бунақа нарса шариатда йўқ. Буни ёзаётган одамлар эртага қандай жавоб берадилар – мен буни билмайман. Аммо, буни оқлаб бўлмайди. Ҳадисни заиф, деб ташлаб юбориш ҳам нотўғри ва айнан шу ҳадис масжидга зарар берадиган, намозга халақит қиладиган гўдакларга тегишли. Мактаб ёшидаги болалар эса масжиддан қайтарилмаслиги керак. Ўзбекистондаги бу ҳолат – ҳадисни суистеъмол қилиш, дейилади, – дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонда масжидларга 17 ёшга тўлмаганларни киритмасликҳолатлари йиллардан буён кузатиб келинмоқда. “Озодлик” радиоси билан суҳбатлашган диндорлар бу кампанияга масжид ва таълим муассасалари ҳамда ИИВ ходимлари жалб қилинганини айтмоқда.

Аксар таълим масканлари ходимлари болаларни дарсдан қолмаслиги важи билан уларни жума намозига юбормаслик талаб қилинаётганини айтишган. Аммо, шу пайтгача 18 ёшга тўлмаганларни масжидга киритмасликка диний асос кўрсатилмаган эди.

Шунингдек, Рамазон ойларида Тошкент шаҳрида ўқувчиларнинг жума намозларига бормасликлари учун дарс соатлари узайтирилгани, айрим мактаб ўқитувчилари масжидлар олдида навбатчилик ҳам қилгани кузатилган.

Тошкентдаги мактаблардан бирининг ўқув ишлари бўйича мудири“Ўқитувчилар, маънавиятчилар масжидга бориб, кузатади. Жума кунлари жуда қаттиқ давоматни оламиз. Ота-оналари масжидга борадиганлар бизда ҳаммаси учётда” деган эди.

Ўзбекистонда нафақат мактаблар, балки олий ўқув юрти ва махсус таълим муассасалари талабаларининг ҳам масжидларга боришлари қаттиқ назорат қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати расмийлари бу чекловларини билвосита тан оладилар ва буни ёшларнинг турли диний оқимларга берилиб кетишини олдини олиш мақсади билан изоҳлайдилар.

ЎХҲ хабарлар бўлими