ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ – 5 (давоми)
БАЙТУЛЛОҲНИНГ ДАСТЛАБКИ БИНОСИ
Ваҳий келишидан беш йил бурун Қурайш араблари Байтуллоҳни бузиб, қайта ясамоқчи бўлдилар. Бунинг сабаби эса, Макка шаҳрида бир қаттиқ ёмғир ёғиб, Байтуллоҳни сел босиб, томлари йиқилишга бошлади. Мана шунинг учун Қурайш қабиласи Байтуллоҳни бошқатдан ясашга қарор қилдилар. Бунга сарф бўладиган чиқимга энг ҳалол моллардин беришга қаттиқ шарт қилдилар. Ўғирликдан, порадан, қимордан, фоҳишаликдан ва бошқа ҳар турлик бузуқчиликлардан топган молларни қўшмасга ваъда қилдилар.
Байтуллоҳ ер юзида пайдо бўлгандан бошлаб, ўн марта бузиб, ясалганлиги ҳақида ривоят бордур. Энг аввал, биринчи навбатда фаришталар тарафидан бино қилинган эди. Инсон насли дунёга келмасдан илгари, ер устига жинлардан Бани Жон тоифаси эга эдилар. Иблис шайтон шу тоифа наслидан эди. Бу тоифа ер устида кўп фитна-фасод ишларини қилдилар.
Аллоҳ таоло қаҳр қилиб, уларни ҳалок қилишни тўртинчи қават осмон фаришталарига буюрди.
Булар тушиб Бани Жон тоифасини ҳалок қилдилар, сўнгра ўз маконларига чиқишларига рухсат бўлмай, бирмунча вақт ер устида қолдилар. Ҳадисда айтилишича, тўртинчи қат осмонда қизил ёқутдан ясалган Байтул Маъмур деган бир бино бўлган. Ер устида ҳожилар Байтуллоҳни тавоф қилганларидек, фаришталар осмонда бу уйни зиёрат қилишур эдилар.
Шунинг учун ерда туришга буюрилган фаришталар ер устида ҳам шундоқ бир улуғ муборак бино бўлишини талаб қилдилар, Аллоҳ таоло дуоларини ижобат қилди. Байтул Маъмурнинг тўппа-тўғри тагига бир уй биносини ясаб, шуни тавоф қилишга буюрди. Мана шу Байтуллоҳнинг биринчи биноси эди. Иккинчиси, Худо билур, бу воқеадин қанча замон ўтгандин сўнгра отамиз ҳазрати Одам Сафийюллоҳ вужудга келдилар. Жаннатдин тушган жойлари — Ҳиндистондин қирқ қайта пиёда юриб, ҳаж қилганлари ҳадис китобларида ривоят қилинур. Йиғи зори билан қилган тавбалари икки юз йилдан сўнгра қабул бўлиб, онамиз Момо Ҳавво ила Арафотда кўришганлари, Муздалифада топишганлари тарих китобларида машҳурдир.
Ана шу тарихда фаришталардин кейин отамиз Одам Сафийюллоҳ Байтуллоҳни иккинчи ясаганлари ҳақида ривоят бордур. Жаннатдин тушишлари ва вафот бўлишлари Ҳиндистон тупроғидин Сарандип тоғида бўлганлиги машҳур бўлса ҳам, Мино тоғи тагида Масжиди Ҳайфда мадфундурлар (кўмилган), деган сўзни китобларда кўрдим.
Учинчи биноси Одам алайҳиссалом ўғиллари томонидин қилинган демишлардур.
Тўртинчиси, Иброҳим Халилуллоҳ тарафидин қилинганлиги Қуръони каримда очиқ айтилмишдур.
Бешинчи ва олтинчиси, Амолиқа, Журҳум араблари тарафидин ясалганлигини тарих аҳллари ривоят қилурлар.
Еттинчиси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бешинчи боболари Қусай ибн Килоб томонидин ясалмишдур.
Саккизинчисини Қурайш қабиласи ясадилар. Шу кунларда Пайғамбаримизнинг муборак ёшлари ўттиз бешда бўлиб, тўлиқ йигитлик вақтлари эди. Қурайш халқи Байтуллоҳнинг биноси учун ўз ваъдалари бўйича энг ҳалол касблардин бир мунча мол чиқардилар. Бу йўлда йиғилган мол-дунёлари ва ҳам кучлари билан ишга киришдилар. Пайғамбаримиз ҳам амакилари, уруғ-туққанлари ила тош ташишиб, ҳар турлик хизматда бўлдилар. Иброҳим алайҳиссалом ясаган вақтларидаги асосий ул (пойдевор) устидин тош қўйишиб чиқдилар.
Шундоғ бўлиб, Байтуллоҳ томлари кўкрак бўйи кўтарилди.
ҲАЖАРУЛ АСВАД ТАРИХИ
Энди Ҳажарул асвад тошини ўз жойига ўрнатиб қўйиш вақти эди. Шу ўринда Ҳажарул асвад тоши тарихидин бир оз маълумот бериб ўтайлик: «Маълум бўлгайки, ҳадисларнинг мазмунларича, Байтуллоҳ ер устига бино бўлган чоғида Аллоҳ таолонинг амри ила «Ҳажарул асъад» тоши жаннатдин келтирилди. Байтуллоҳни тавоф қилишда бошлаш ўрни белгиланиши учун уни кун чиқиш дўқмишига қўйдилар. Жаннатдин янги чиққан чоғида ўз нури билан бутун Ҳарам ҳудудини, яъни Макка шаҳри атрофини ёритур эди.
Фатарот замонларида, яъни икки пайғамбар ораси узоқлашиб, дин йўлидин халқлар адашган даврларида ҳам Байтуллоҳни тавоф қилиш одатлари ташланмаган эди. Лекин уларга Байтуллоҳнинг хурмат-одобларини ўргатишга дин олимлари қолмаганликдан, араблар ўз сўйганларича тавоф қилур эдилар. Ғусл, таҳорат, сатри-аврат каби диний ишларни халқ унутган эди. Шу сифатлик араб мушриклари, таҳоратсиз эр-хотунлар тавоф қилганларида, одатлари бўйича Ҳажарул асъадга юз-кўз, қўлларини суртишур эди. Мана шу беодобчилик касофатига қолиб кетиб, бу муборак тошдин илгариги ёруғлик нури кўтарилди. Аввалда шам чироғидек оқ нурлик бўлиши билан «Ҳажарул асъад», яъни «муборак тош» деб аталган бўлса ҳам, у инсонлар касофатидин нурлари сўниб, «Ҳажарул асвад», яъни «қора тош» номини кўтарди. Энди бу муборак тош шу сифат билан зоҳирий ҳуснидин ажраган бўлса ҳам, маънавий файзи-илоҳийси абадий ўзида боқийдур. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қиёмат кунида Аллоҳ таоло Ҳажарул асвадни кўрар кўзлик, сўзлар тиллик қилиб, бурунги ҳусни-жамолига қайтаргай, ихлос ила уни зиёрат қилувчиларнинг иймонига Худо олдида гувоҳлик бергай» дедилар. Алмийсоқ кунида ҳамма арвоҳлардин олинган аҳднома Ҳажарул асвадда сақланмишдур, деган ривоят бордур. Яна онамиз Оишадин ривоят ҳам бордур.
Пайғамбаримиз: «Эй мўминлар, Ҳажарул асвадни кўп зиёрат қилинглар, ани ғанимат билинглар, бир кун бўлурки, одамлар Байтуллоҳни кечалаб тавоф қилурлар, эрталаб турганларида Ҳажарул асвадни топа олмаслар. Чунки жаннатдин чиққан барча нарсаларни Аллоҳ таоло қиёмат олдида яна жаннатга қайтарур», дедилар.
Яна ўз сўзимизга келайлик. Ҳажарул асвадни ҳазрати Иброҳим Халилуллоҳ қўйган жойларига ўрнатиш керак эди. Ҳажарул асвадни ўз жойига ўрнатиш учун кўтаришни талашиб, Қурайш халқи ўртада жанжал чиқардилар. Ҳар уруғ бу ишда ўзларини бошқалардин ҳақлироқ кўришар эди. Бу тўғрида сўзлари бир жойга тўхтаёлмасдин, келиша олмай охири қилич, найзаларига югуришиб, урушмоқчи бўлдилар. Иш шу жойга етганда, оқил одамлардин ўртага ярашчилар тушди. Ундоғ улуғ иш устида Байтуллоҳ олдида ноҳақ қон тўкишдин сақланайлик, деб ўзлари инсофга келдилар. Оқил орачиларнинг кўрсатишлари ила Бани Шайба дарвозасидин ким илгари кирса, шунинг ҳукмига ҳаммамиз рози бўлайлик, деб қарор чиқардилар.
Шул куни Пайғамбаримиз келмаган бўлиб, бу воқеадин хабарлари йўқ эди. Шу орада у киши дарвозадин кириб келдилар. Буни кўрган Қурайш халқи ҳаммалари бир оғиздан ажаб яхши иш бўлди, чин сўзлик, ишончлик кишимиз Муҳаммад Амин келди, бунинг ҳукмига барчамиз розимиз, дейишдилар. Пайғамбаримиз бу ишнинг тубига тушунгандин кейин елкаларидаги ридоларини ерга ёзиб, Ҳажарул асвадни ридога солдилар, ўн бир уруғ Қурайшдин бир кишидин келсин, Бани Ҳошим уруғидин мана мен бўлдим, Ҳажарул асвадни ҳаммамиз баробар кўтариб, ўрнига қўяйлик, деб ўн бирлари баробар кўтардилар. Ўз жойига етказганларида Пайғамбаримиз қўллари билан ўрнаштириб қўйдилар. Шунинг билан ўтга сув сепгандек фитна босилди. Пайғамбаримизнинг бу қилган тадбирларига, мундоқ ақл топганларига барчалари рози бўлишиб, офарин қилишдилар. Бу тадбирлари билан қанча одамларни ноҳақ қонлари тўкилишидин сақланди. Шундоқ бўлиб, бу воқеа ҳам зиёнсиз ўтди.
Энди Пайғамбаримизнинг ёшлари қирққа яқинлашди, ваҳий келишига олти ой чамаси қолганда ҳар турли яхши тушларни кўрар эдилар. Қандоқ туш кўрсалар, ҳеч ўзгармай, шундоқ келур эди.
Энди бу жойда тушнинг ҳақиқати нима эканлигини ўқувчиларга тушунтиришни лозим топдим. Чунки туш кўришнинг кўп чуқур ҳақиқати бордур. Агар буни яхши тушуниб билса, бу бизга кўриниб турган табиат оламининг устида яна бир ҳақиқат оламининг борлигини билдирадур. Бунинг билан Худонинг борлиқ бирлиги, пайғамбарлар сўзларининг ҳақ ростлигига йўл очиладур. Энди билмак керакким, инсоннинг ҳақиқий руҳи (жони) фан олимлари, табиат олимларининг деганларидек қондин чиққан бир қувват эмас, балки дин олимларининг улуғ раҳбарлари, пайғамбарлар айтганларидек, табиат усти — ҳақиқат оламидин Худо амри билан инсон вужудига вақтлик қўйилган омонат бир гавҳардур. Мана бу руҳ қондин пайдо бўлган руҳ билан бек қаттиқ алоқалик бўлиб, Худо ҳикмати билан шу парда остига яширинганликдин, инсонлар аҳли парда остидаги асрорга етишолмайди. Чунки табиат оламининг ичидаги сирларни текширишда фикр майдони ҳар қанча кенг бўлса ҳам, аммо табиат оламидан устунги диний масалаларда пайғамбарларнинг раҳбарлиги остидагина йўл топилмаса, ёлғиз ақл билан ҳақиқатни топиш имкондин ташқаридур. Шунинг учун бу ҳақда раҳбарлик қилиш учун пайғамбарларни юборди. Мана, инсон ҳақиқати шу гавҳардур. Бу гавҳар азалий эмас, абадийдур. Яъни, бу руҳ илгари йўқ эди, кейин яратилди, демакдур. Энди у йўқолмай мангу яшайди. Ҳар инсон ўлгандин кейин, унинг руҳи дунёдаги қилмишига қараб, қилган амалига лойиқлаб белгиланган жойда, яхши бўлса роҳатда, ёмон бўлса меҳнатда (машаққатда) турадур. Пайғамбаримизнинг: «Инсон қабри жаннат бўстонларидин бир бўстон ёки дўзах чуқурларидин бир чуқурдур», деган сўзларининг асли ҳақиқати шулдур. Қиёмат куни Аллоҳ таоло инсонларни шу руҳ билан тиргизур. Қуръони каримдаги: «Ва ясъалунака анир-руҳи, қулир руҳу мин амри роббий» оятининг маъноси: «Эй Муҳаммад, руҳнинг ҳақиқатини сендин сўрайдилар, сен айтгин, руҳ Аллоҳнинг амридин пайдо бўлгандур». Мана шундин ҳам инсоннинг шу руҳи муроддур. Бу руҳнинг эса арвоҳ олами ила алоқаси бордур. Арвоҳ олами деб, фаришталар оламини айтурлар. У руҳнинг асли ватани табиат олами устидаги фаришталар оламидур. Бошқа ҳайвонлардин инсонларнинг фарқи шу руҳ орқали бўлур. Илмий тараққиётлар, ижодий фикрлар ҳаммаси шу руҳ натижасидур. Энди инсоннинг туш кўриши шуки, ухлаган чоғида шу руҳ тан хизматидин бўшаниб, юқориги ўз оламига сайр қилиб чиққай. Дунёда бўладиган ҳодисаларнинг маълумоти тамоми ила ул жойда бордур. Инсон руҳи шу дунёда бўладурган баъзи воқеаларни ул жойда кўргай.
Энди руҳнинг шу кўришини туш, деб айтилур. Руҳ ҳар қанча ёруғ, мусаффо бўлса, кўрган тушлари шунча ёруғ, тўғри чиқар. Мисоли бир кўзгудирким, аксни тўғри кўрсатиш учун унинг сайқали сафолик, доғсиз, юзи силлиқ, текис бўлиши шартдир. Кўрилган тушлар раҳмоний ва шайтоний бўлиб, иккига ажрайди. Раҳмоний тушларнинг ҳақиқатлигида ҳеч шак йўқдур. Чунки Пайғамбаримиз айтдилар: «Мендин кейин ваҳий келиши тўхтатилиб, илми ғойиб эшиги ёпилур. Лекин тақволик, пок кишиларнинг кўрган тушлари ваҳий намунаси бўлиб, тўғри келур». Яъни, раҳмоний тушлар эса ғойибий ҳодисаларга ишорат бўлур, дедилар. Шунинг учун пайғамбарлар, авлиёлар, тақволик олимлар, солиҳ, мўмин бандаларнинг кўрган тушлари албатта ҳақдур. Қуръони каримда ҳазрати Юсуф алайҳиссаломнинг ёшлигида кўрган тушларининг тўғри чиқиши бунга очиқ далилдур. Ҳар одам ўз умри ичида бир неча тўғри тушлар кўриши маълумдир. Бу ҳақиқатга ҳеч ким инкор қилолмас. Демак, Пайғамбаримиз деганларидек, ваҳий узилгандин сўнг, ғойибни билишга солиҳ кишилар кўрган тушлардин бошқа йўл йўқдур.
Мана шу ғойибдин хабар берувчи руҳ, Алмийсоқ кунида «Аласту бироббикум» саволига «Қолув бало» жавобини берган шу руҳдур. Аллоҳ таоло алмийсоқдаги аҳдини шу руҳлардин олмишдур. Охират кунида ҳисоб-китоб бергувчи, жаннат-дўзахга тушгувчи ана шу руҳлик инсондур. Ҳаммага маълумки, киши тушида ҳар хил нарсаларни, ўлик-тирикларни кўргай. Ўйлаб кўрайлик, кўргувчи, кўринувчи кимдур? Албатта, шулар арвоҳлардур.
Буни ҳам билмак керакким, дин ишларида, табиат усти масалаларида ёлғизгина ақлга суянмай, бу ҳақда пайғамбарлар сўзларини асос қилиб тутишлик ҳар бир мусулмон одамга фарздур. Бу оламнинг сирларига ҳеч ким пайғамбарлардек воқиф эмасдур. Инсон оламининг билган нарсалари билмаганлари олдида улуғ денгиздин бир томчи сув мисолидадур.
Мўминларга қандоғ улуғ неъматдурким, дин ишларида, ғойибий имонларида аларнинг йўлбошчилари бир юз йигирма тўрт минг пайғамбарлардур. Бу сўзларни ёзгувчи фақир, бошдин ўтган меҳнат кунларимда бир неча кўрган тушларим бордурким, ул тушларим эса энг оғир аҳволда ётган кунларимда Аллоҳ таоло тарафидин бу осий қулига қилган илтифотларидин улуғ бир ишорат эди. Яна асли сўзимизга келайлик. Пайғамбаримизга бу туш кўриш даври олти ой миқдори давом этди.