Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 230
(давоми)
Баъзиларнинг сўзларича, шул арафа куни ушбу оят Худодан келди: «Ал-явма акмалту лакум динаку ва атмамту алайкум неъматий ва розийту лакумул ислома динан». Яъни: «Шу кунда динларингни камолига етказдим, диний неъматларимни тамом бердим, сизлар учун Ислом динини хоҳлаб, уни ато қилдим», демакдур.
Жума куни аср намозидан сўнгра Арафот тоғида Қасво номли туяларини миниб турганларида юқориги оят нозил бўлди. Ваҳий оғирлигини кўтаролмай оёғи синаёзганликдан туя дарҳол чўкди.
Ибн Аббос ривоят қилади: «Шу Арафотда тўрт тоифа дин аҳлларининг байрамлари бир кунда бўлди. Жума куни Арафот бўлиши мусулмонлар учун улуғ байрам эди».
Яҳудийлар, насоролар, мажусийларнинг байрамлари ҳам шу кунга тўғри келиб қолди. Илгари бундай иш кўрилмаган экан. Бу оят тушгандан сўнгра буни ўқиб, Ҳазрати Умар йиғлади.
— Нега шундай йиғлайсан? — деб Расулуллоҳ Ҳазрати Умардан сўрадилар.
— Ё Расулаллоҳ, ҳар куни ўсмоқда эдик. Энди ўсиш камолига етди эрса, анинг сўнгида эксилиш бошланғусидур, — деди ҳазрати Умар.
— Тўғри айтадурсан, — дедилар Расулуллоҳ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда қуёш ботгунча тўхтаб, сўнгра Муздалифага қараб қайтдилар. Усома ибн Зайд Расулуллоҳнинг орқаларига мингашган эди. Муздалифа эса Арафот билан Мино орасидаги бир машҳур жойдур. Қуръонда уни Машъарул ҳаром деб айтилур. Арафотдан қайтганда ҳожилар шу жойда Худони ёд қилиб, бир кеча ётишлари вожибдур.
Минога келганда шайтонга отадирган тошларни шу жойдан олиш суннатдур. Арафотда пешин намозига аср намозини қўшиб ўқилгандек, Муздалифага келганда шом намозини хуфтон намозига қўшиб ўқилади. Расулуллоҳ Арафотда турганларида шу ерда ҳозир бўлган умматларининг гуноҳларини Худодан сўрадилар.
— Киши ҳаққидан бошқасини кечдим, — даб ваҳий келди.
Арафотдан Муздалифага келганларида қолган гуноҳларини ҳам кечишликка яна талаб қилдилар эрса, шу Арафотда ўзлари билан бирга ҳаж қилган умматларидан киши ҳаққи ҳам кечирилди. Иблис малъун бунга чидаёлмай бошига тупроқ сочиб йиғлагани турди. Буни кўриб Расулуллоҳ Тангрига шукр қилиб кулдилар.
Сўнгра у жойдан Минога келиб, шайтонга тош отдилар. Расулуллоҳнинг туяларини ҳазрати Билол етаклаб, ҳазрати Усома бошларига соябон кўтарган эди. Расулуллоҳ Минога келганларидан кейин биринчи ва иккинчи кунларида туя устида туриб халққа ваъз айтдилар.
Бу ваъзларида зинонинг зиёнларию, унинг энг қаттиқ ҳаромлигини баён қилгандан сўнгра:
— Инсоннинг қонини тўкиш қандай ҳаром бўлса, анинг молига зўрлик қилиш, обрўйини тушириш ҳам ўшандай ҳаромдур, — дедилар.
Сўнгра бошларини юқори кўтариб:
— Эй бор Худоё, буйруғингни бандаларингга етказдим, — деб уч марта айтдилар.
Сўнгра уларга қараб:
— Ҳаж қилишнинг одобларини мендан ўрганиб қолинглар. Бу йилдан кейин ҳаж қилиш қилмаслигимни Худо биладур. Яна мендан кейин ҳақ йўлдан адашиб ўзаро уруш қилиб, бир-бирингларни ўлдирманглар. Бу сўзларимни ҳозирлар ғойибларга, уққанлар уқмаганларга етказсин, — дедилар.
Сўнгра қурбонлик қиладиган жойга келдилар. Мадинадан чиқишларида юз туя қурбонликка атаб ҳайдаган эдилар. Шулардан олтмиштасини ўз қўллари билан бўғизладилар. Қолганларига Ҳазрати Алини ўз томонларидан вакил қилиб сўйишга буюрдилар. Минода икки кун туриб, учинчи куни тушдан кейин Маккага қайтдилар. Расулуллоҳнинг чодирлари эрса Мино тоғида Муҳассаб деган жойга тикланган эди.
Хуфтон намози ўқилгунча шу ерда туриб, бир озгина ухлагандан кейин кечалаб Маккага кирдилар. Саҳар вақтида видо тавофини қилгандан сўнг Мадинага қараб йўлга тушдилар.
Энди ҳар бир мусулмон кишига шуни билмак керакким, ҳаж қилишнинг уч фарзи бордур.
Биринчиси, эҳром боғлаган чоғда «Лаббайка»ни охиригача айтиб туриб, «Ҳажни адо қилурман» деб кўнглида ният қилиш керакдур.
Иккинчиси, Арафотда энг ози бирор соат бўлса ҳам туриш фарздур.
Учинчиси, Арафотдан қайтгандан кейин Байтуллоҳни тавоф қилишдур.
Агар шу учовидан бирортаси бўлмай қолса, қилган ҳажи ҳисобга ўтмайди. Булардан бошқа ҳаж ибодатлари бўлса, ё вожиб, ё суннат бўлур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча кун йўл юриб денгиз қирғоғидаги Рубуғ қишлоғи яқинидаги Ғадирхом деган жойга етдилар. Шу ерда саҳобаларга қарата ушбу ваъзни айтдилар:
— Эй одамлар! Мен ҳам инсондан туғилган, сизларга ўхшаш бир инсондурман. Мундан кейин кўп узоқламай Аллоҳдан элчи келиб, мени чақириб қолурму, деб ўйлайман. Агар чақирилсам, бормасга чора йўқдур, албатта, шундай бўлгач, бир куни Худо олдига борамиз. Мен ҳам сўралурман, сизлардан ҳам бу ишни сўрайдилар. Анда нима жавоб бергайсиз? — дедилар.
Саҳобалар:
— Ё Расулуллоҳ, биз гувоҳлик берурмизким, сиз Аллоҳнинг амрини бизларга еткуздингиз, бу тўғрида кўп меҳнатлар кўриб, (бу ерда меҳнат — араб тилидан қийинчилик машаққат маъносидадир) машаққатлар чекдингиз. Ҳар (қандай) ҳолда бизга яхшилик қилдингиз, Аллоҳ ажрини берсин. Бу улуғ хизматингиз шукрини адо қилишдан ожиздурмиз, — дедилар.
Анда Расулуллоҳ:
— Барча оламни яратган бир Аллоҳдур, Муҳаммад унинг ҳақ пайғамбаридур. Қиёмат бўлиши ҳақдур, жаннат ҳақ, дўзах ҳақдур. Ўлим ҳақ, яна тирилиш ҳақдур. Энди шу нарсаларга иймонингиз бордур! — дедилар.
Саҳобалар:
— Ё Расулаллоҳ, бу нарсаларга иймонимиз комил,— деб гувоҳлик бердилар.
Мен сизларга икки улуғ нарсани қолдирдим. Биринчиси, Худонинг китоби Қуръондур. Иккинчиси, менинг авлодларимдур. Қуръон билан авлодларим қиёматгача бир-биридан ажрашмайди, — деб марҳамат қилдилар.
Яна шу йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Алини Яман вилоятига юбориб, у ердаги араб қабилаларини Исломга даъват қилишга буюрган эдилар. Бутун халққа қарата ёзган номалари ҳам бор эди. Расулуллоҳнинг номаларини кўришиб, бир қанча қабилалар урушсиз динга кирмиш эдилар.
Шундоғ бўлса ҳам, инсончилик, Ҳазрати Алининг адолат билан қилган ишлари баъзи бир кишиларга ёқмасдан Расулуллоҳга шикоят тушган эди. Иш текширилиб кўрилгандан сўнг шикоят ноҳақ бўлиб чиқди. Ҳақиқатда эса, Ҳазрати Али карамаллоҳу важҳа Расулуллоҳ нимани буюрган бўлсалар, шуни бажарган эдилар.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шикоят қилувчиларнинг сўзини халқ ичида рад қилиб, Ҳазрати Алининг фазлларини баён қилдилар. Сўнг ҳазрат Алининг қўлини ушлаб туриб:
— Ҳар ким мени яхши кўрса, Алини ҳам яхши кўрсин. Эй бор Худоё, ким муни дўст тутса, сен ҳам уни дўст тутгил. Уни душман кўрганларни сен ҳам душман кўргил.
Мунга ёрдам берганларга ёрдам бер, уни ёрдамсиз ташлаганларни ёрдамсиз қолдир, ундан ҳақликни ажратма, — дедилар.
Бу сўзларни эшитгандан сўнгра Расулуллоҳ олдида Ҳазрати Алининг қанчалик улуғ мартабага эга экани ҳаммага маълум бўлди.
Шунинг билан бир неча кунлаб йўл юриб, Мадинага ярим кунлик йўл қолганда, Зулҳулайфа деган манзилга келиб тушдилар. Кечаси шу ерда ётиб, эртаси Мадинага қараб юрдилар. Расулуллоҳ сафардан қайтсалар шаҳарга кундузи кириш одатлари эди.
Тоғ ичидан чиқиб келиб, йироқдан Мадина кўринганда уч марта такбир айтдилар. Сўнгра Аллоҳга ҳамду сано айтиб, Мадинага кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнги сафарлари шул эди. Шу билан уч ойдин сўнгра умрлари ҳам охирига етди.
(давоми бор)