Аҳмад Лутфий Қозончи
* * *
Кейин Истаҳр, Фасо ва Доро Бижард фатҳ қилинди.
Сария ибн Зунайм қўл остидаги мусулмон аскари душман билан жанг қиларкан, қуршовга қандай тушиб қолганини билмай қолди. Шу онда Мадинада, минбарда нутқ сўзлаётган Ҳазрати Умарнинг кўзлари муҳораба майдонига йўналди. Буюк Мавлонинг қудрати билан у кишига шундай икром кўрсатилиб, жангнинг бориши ойнаи жахондаги каби намоён бўлди. Мўминларнинг сиқилиб қолганини кўрган Ҳазрати Умар гапларини бўлдилар:
— Сария! Тоққа юр! Тоғ тарафга юр! — дедилар-да, яна маърузаларини давом эттирдилар.
Лашкарбоши Сария ва жанг қилаётган аскарлар Ҳазрати Умарнинг гапларини эшитиб, дарҳол тоққа чекинди ва йўналишини ўзгартирди. Бу билан улар муқаррар мағлубиятдан қутулиб, ҳатто ғалабага эришишди.
Ҳазрати Умарга жанг майдонини кўрсатган, шубҳасиз, Аллоҳ эди. Овозларини ўша ергача эшиттирган ҳам ўша Буюк Қудрат Эгасидир. Бу ҳар нарсага қодир Аллоҳнинг севимли бандасига кўрсатган икроми бўлиб, Ҳазрати Умарнинг кароматлари эди.
Ҳазрати Умар гапларини тугатиб бўлиб, нега бундай деганларини тушунтириб берар эканлар: “Мен каромат соҳибиман”, деган эмаслар. Буни Аллоҳнинг икроми деб қабул қилиб, ҳамду сано ва шукр айтдилар.
* * *
Ушбу ғалаба Аллоҳнинг мусулмонларга туҳфаси эди. Лекин унда Ҳазрати Умарнинг ҳиссалари бор. Шу сабаб лашкарбоши Сария ғанимат моли орасидаги жавоҳирларга тўла иккита халтани қўшинга кўрсатиб:
— Рози бўлсангизлар, мана шу икки халтани ғанимат молидан ташқари ҳисоблаб, халифа номларига юборайлик, — деди.
— Жуда соз!
Вакил Мадинага етиб келганида, Ҳазрати Умар дастурхон бошида эдилар. У киши тик турганча, хизматкори Йарфога: “Гўшт олиб кел!” дея амр берардилар. Қўлларида эса асо. Вакил уни биринчи бор кўрганида чўпонга ўхшатиб юборди. Ҳазрати Умар янги меҳмонни кўриб: “Қани ўтиринг!” дея дастурхонга таклиф қилдилар. Меҳмон ҳам ўтириб, тотина бошлади. Овқатдан кейин дастурхон атрофидагилар тарқала бошлашди. Ҳазрати Умар ҳам уйларига йўл олдилар. Ҳалиги одам Ҳазрати Умарга эргашди.
— Кирсам майлими, мўминлар амири?
— Марҳамат.
Ҳазрати Умар бу одамнинг ҳануз кимлигини танимаган эдилар. Икковлари ўтиришди. Ҳазрати Умар меҳмонга ичи чивиққа тўлдирилган, ҳар бир оддий оилада мавжуд ёстиқни узатдилар, сўнг.
— Умму Гулсум! Бизга овқат бер! — дедилар.
Завжалари озгина зайтун мойи, нон ва туз келтирди. Ҳазрати Умар келтирилган нарсаларни дастурхонга қўяр эканлар, ичкарига қараб дедилар:
— Хотин, дастурхонга келмайсанми?
— У ерда бегона одам ўтирибди, шекилли?
— Ҳа, мусофир бор.
— Жаъфарнинг ўғли Талҳа хотинларига тузукроқ кийим-бош олиб беришган. Бегонанинг олдига чнкишимни истасангиз, сиз ҳам менга олиб беринг.
— Сенга Али ибн Абу Толибнинг қизи, халифа Умар ибн Ҳаттобнинг хотини деган ном камлик киляптими?
— Булар кўпчилик олдига чиқишимга камлик қилади.
Ҳазрати Умар унга жавоб бермай, мусофирга юзландилар:
— Дастурхонга каранг, меҳмон! У шу аҳволидан рози бўлганида яхшироқ емак берган бўларди.
Дарҳақиқат, элчи ўзи одатда ейдиган емиши Амирул мўмининникидан яхшироқ эканининг гувоҳи бўлди.
Овқатдан кейин Ҳазрати Умарнинг амрларига биноан ичимлик келтиришди. Унга ичимлик ҳам ёқмади, лекин у Ҳазрати Умарнинг ейиш-ичишдаги одобларига ҳайрон қолди. Еб-ичиб бўлишгач, Ҳазрати Умар дастурхонга “Едириб-ичирган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” дея дуо қилдилар. Ҳазрати Умар дуони ҳам, ўзгача бир ихлос билан айтди. Холбуки, вакилга овқат ҳам ичимлик ҳам ёқмаган эди. У халифанинг дастурхони анча тўкин бўлса керак деб ўйлаб хато қилган эди.
Энди у ўзини Ҳазрати Умарга танитиш пайти келган эди. У ўзини Сария ибн Зунайм юборганини айтиб, ғалаба қозонганларининг хушхабарини етказди.
Ҳазрати Умар:
— Мен сизларга тоққа қараб юришни буюрган эдим, — дедилар.
— Ҳа, биз эшитдик ва ўша тарафга юрдик. Акс ҳолда бизни муқаррар ўлим кутиб турган эди.
Кейин вакил жавоҳирларни чиқариб, уларнинг тақсимга киритилмаганини, барчанинг рози-ризолиги билан лашкардан ҳадя эканини айтди.
Бироқ Ҳазрати Умар унамадилар:
— Дарҳол олиб бориб, Сарияга топшир буларни. Сотиб, тақсимлайверсин.
Вакилнинг чарчаган туяси олиниб, ўрнига бақувват туя берилди. Бу орада вакилга Ҳазрати Умарнинг хутба пайтида: “Сария, тоққа юр!” деганлари ҳақида саволлар бериб, қониқтирадиган жавоб олдилар.
* * *
Шундан сўнг Кирмон, Сижистон, Қандаҳор ва Мукрон фатҳ қилинди. Мукрон ҳақида хабар етиб келгач, Ҳазрати Умар қўмондон Ҳакам ибн Амр билан Сухайлга: “Ҳаракатни тўхтатинг! У ёғига ҳеч ким бир қадам ҳам жилмасин!” деб буйруқ бердилар.
Бир ҳаж хотираси
Ҳазрати Умар ҳар йили ҳажга борардилар. Шу баҳона одамларни бир жойда кўрар, муаммо ва шикоятларини тинглар эдилар. Ҳаж мавсумида барча волий ва ҳокимлар ҳам Маккага етиб келишлари лозим эди. Бу ҳар бир ҳаж мавсумига тегишли буйруқ эди.
Ҳар сафар махсус одамлар ҳожилар орасида юриб, баланд овозда:
— Амирул мўминин шикоятларингизни тингламоқчи, деб адолат ўрнатилиши учун одамларни халифанинг ҳузурларига чорлашарди.
Ҳазрати Умар бир куни тўпланган одамларга қарата шундай дедилар:
— Эй инсонлар! Мен одамларимни сизларга яхшилик ва савобга йўл кўрсатсинлар, ҳақ-ҳуқуқларингизни ҳимоя килсинлар, деб юборганман. Сизларни урсинлар, ҳуқуқларингизни поймол қилсинлар ёки ўлдирсинлар, деб юборганим йўқ. Орангизда волийидан шикояти борлар чиқиб гапирсин, талабини қондирамиз.
Бир одам олдинга чиқди:
— Сиз юборган волий ноҳақдан юз қамчи урди.
Ҳазрати Умар волийга юзландилар:
— Демак, сен уни юз дарра урдириб, савалатдинг. Сабаб?
Волий индаёлмай қолди. Шикоятчи ҳақ бўлиб чиқди. Ҳазрати Умар қўлларидаги асони унга узатдилар:
— Ҳаққингни ол!
Ҳазрати Умарнинг гапларида ҳазил аломатлари кўринмасди. Буни Амр ибн Ос жуда яхши тушунарди. Ўғли бир қибтийни уриб, Мисрдан Мадинага чақирилган, қилган иши учун жавоб берган эди. Устига-устак Амр ўғли қандай жазоланганлигининг гувоҳи бўлган эди. Бу сафар ҳам шундай бўлиши турган гап. У Ҳазрати Умарнинг олдларига чиқди:
— Мўминлар амири, волийларингизга бу муомала оғир келади. Ундан ташқари сиздан кейин ҳам бу одат тусига кириши мумкин.
Ҳазрати Умар Амрнинг гапига эътибор бермадилар:
— Мен Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзларидан қасос олишга амр берганларига гувоҳ бўлганман. Бир волий учун бошқача чора қўллолмайман, — дедилар. Ҳалиги одамга бошла, деган ишларини қилдилар.
Амр ишни шундай қолдиришни истамади.
— Хўп, биз бу одамни рози қилсак ва у ҳаққидан воз кечса, унга нима дейсиз?
— У ўзи рози бўлиб, ҳаққидан кечса, майли.
Амрга шунинг ўзи кифоя эди. У даъвогарга яқинлашди.
— Ҳар бир қамчи учун қанча пул хоҳлайсан?
“Савдо” икки юз динор билан битди. Даъвогар Ҳазрати Умарнинг олдларига келиб:
— Ҳаққимни олдим, мўминлар амири, — деди.
* * *
Тавоф пайтида Ҳазрати Умар бир аёлнинг ноласини эшитиб қолдилар. У: “Аёллар борки, лабларига муздек сув тутилади, кўзларидан қувонч порлайди. Аёллар борки, унга балчиқ сув беришади. Агар у Аллоҳдан қўрқмаганида, уйидан қочиб кетарди, дерди.
Ҳазрати Умар ёнларидаги одамга:
— Шу аёлни кетидан кузатиб юр. Тавоф қилиб бўлгач, ёнимга олиб кел, — дедилар.
Бир оздан кейин аёл Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига келди.
— Тавоф қилаётиб шеър айтаётганингни эшитдим. Дуо қилиш керакмасми ўша пайт?
— Сиз ҳақсиз, мўминлар амири. Бу Аллоҳнинг уйидир, дуо қилиш лозим. Лекин инсонни гапиртирадиган унинг дарди-ку, бундан кўз юмиб бўлмайди.
Ҳазрати Умар янглишмаган эди. Бу аёл шеърни кайфу сафо учун эмас, дарду аламдан айтган экан.
— Оиланг борми?
— Ҳа, бор.
— Эрингнинг исми нима?
Аёл эрининг исмини ва кабиласини номини айтди.
— Ҳажга бирга келганмисизлар?
— Ҳа.
Ҳазрати Умар ёнидагиларга караб, унинг эрини топиб келишни буюрдилар.
Бир оз ўтиб, эри ҳам келди. Ҳазрати Умар у билан гаплашаётганларида, оғзидан бадбўй ҳид келарди. Аёлнинг нима демоқчилигини англаб етдилар.
— Сенга таклифим бор. Агар бу аёлни талоқ қилсанг, беш юз дирҳам берамиз. “Йўқ” десанг, бу аёлнинг оҳи бошингга етади — дедилар.
Ҳазрати Умар эркакка беш юз дирҳам беришни буюрдилар. Аёл хурсандчиликдан кулиб: “Аллоҳ сиздан рози бўлсин мўминлар амир!” – деди.
* * *
Ҳазрати Умар бир гуруҳ одамларни кўрдилар. Афтидан, улар қаердандир ейишга бирор нарса келишини кутаётган эдилар.
— Кимсизлар? Бу ерда нима қиляпсизлар? — деб сўрадилар Ҳазрати Умар.
Улардан бири:
— Бу ерда Қуръон ўқиймиз. Биз таваккул қилган бандалармиз. Аллоҳнинг берганига рози бўлиб, шукр қиламиз, — деди.
У бу гапи билан Ҳазрати Умардан олқиш олмоқчи эди. Аксинча, Ҳазрати Умар унинг гапидан ғазабландилар:
— Сизлар Аллоҳга таваккул қилган одамга ўхшамайсизлар. Аксинча, бошқача тааккул қилган (берсанг, ейман, урсанг, ўламан дейдиган) одамсизлар. Сизлар нон эмас, калтак ейишни истайсизлар, — дедилар ва ҳар доим ёнларида юрадиган асолари билан уларнинг гарданига туширдилар.
Сўнгра:
— Ҳеч қачон ризқингизни изламай туриб, “Аллоҳим, ризқимни бер, – дея дуо қилманглар. Осмондан олтин ё кумуш ёғиб қолмайди. Аллоҳ кимгадир бошқага берганидан кўпроқ беради. Нима Аллоҳнинг: “Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу-рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилинглар, шояд нажот топурсизлар”, деганини эшитмаганмисизлар?
Боягилардан хрч бири эътироз билдиролмади. Зеро, қаршиларида турган инсон давлат раҳбаригина эмас, балки исломни энг яхши тушунган одам ҳам эди. На хайдаб юбора оладилар, на илм жиҳатдан ундан устун эдилар. “Демак, таваккулни танбаллик деб нотўғри тушунибмиз-да”, деб ўйлашди улар.
Энг ачинарлиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам вафотларидан ҳали кўп ўтмай, мана шунака ботил фикрлар пайдо бўла бошлаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси ишни аввал яхшилаб ўйлаб олмай туриб, таваккул йўлини тутдилар? Ахир Қуръонни Аллоҳнинг ўзи асрашини билатуриб, одамларга ёдлатиб, керак бўлса, ёздириб қўймаганмидилар? Бадрда ғалаба ваъда қилинганига қарамай, душманни ер тишлатиш учун қўлдан келган ҳар қанча тадбирни қўлламаганмидилар? Исломнинг қиёматга қадар туришни билсалар-да, ҳаётнинг турли тиканли йўлларида азоб-уқубатларига бардош бермаганмидилар?
Энди манави одамлар бир чеккага ўтириб олиб, “олма пиш, оғзимга туш”, дейишни таваккул дейишяпти. Валлоҳу аълам, келажакда ҳали яна нималар юз беради?
Ҳазрати Умар:
— Эй Қуръон ўқиганлар, сизлар ризқингизни ўзингиз изланг. Одамларга юк бўлманг, — деб гапларини тугатдилар.
Буларни гапирар экан, Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эсладилар: “Энг яхшиларингиз дунёсини ўйлаб, охиратини бир чеккага сурмаган, охиратини деб, дунёсидан воз кечмаганларингиздир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу муборак сўзлари Бухорий, Муслим ва бошқа ҳадис китобларида ишонарли санадлар орқали ривоят қилиниб, Каломуллоҳдаги амрларга уйғундир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда кўп марта: “Аллоҳим, бизга дунёда ҳам энг яхшисини, охиратда ҳам энг яхшисини бер. Бизни жаҳаннам азобидан ўзинг сақла”, дуо қилмаганмидилар?!
* * *
Ҳаж тугагач, Ҳазрати Умар волийларни тўплаб, шундай дедилар:
— Маълумки, мен сизларни борган ўлкаларингиз аҳолисига зулм киласиз, уларни ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум этасиз, ҳе йўқ, бе йўқ, кўнгилларига озор етказасиз, арзимас хатолари учун қамайсиз, деб юбормаганман. Сизлар яхшилик ва фазилат пешқадамлари бўлишингиз лозим. Ҳақдорларнинг ҳақларини кечиктирмай беринглар. Уларни ҳайдаманглар. Ҳайдасанглар, уриб таналарини оғритган, шахсияти ва обрў-эътиборини оёқости қилган бўласизлар. Уларни кўп мақтаб ҳам юборманглар. Йўқса, талтайиб кетишади. Ана ундан кейин эркаликлари орқасидан келиб чиқадиган фитналарнинг олдини ололмай қоласизлар. Эшикларингиз улар учун очиқ бўлсин. Олдингизга келиб, дардларини, шикоятларини бемалол айтсинлар. Шунақа қилмасангиз, кучлилар заифларни эзади, сизлар эса бундан бехабар қоласизлар. Одамларни бир-биридан устун куйиб, айирманглар. Акс ҳолда, бир қисмининг ҳуқуқларини паймол этиб, адолатсизлик қилган бўласизлар.
Лаёқатсиз ва заиф кишиларни, қўрқоқларни жангга юборманглар. Жангда мағлубиятга сабабчи бўласизлар. Энди юртларингизга боринглар.
Абу Саид Мақбурий хотираларини шундай эслайди: “Мен бир қул эдим. Хўжайиним билан маълум миқдордаги пул эвазига озод бўлишни келишиб олдим. Яна қарзимни тўлагунча ҳар қурбон ҳайитида қўй ҳам бериб туришим керак эди. Қўлимга етарлича пул тушиб, уни ҳожамга олиб бордим. Лекин у қабул қилмади, бўлиб-бўлиб тўлашимни айтди. Ҳеч нарса демай, Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига бордим ва вазиятни тушунтирдим. Йарфани чақирдилар.
— Манави пулни Байтулмолга топшир, — дедилар ва менга ўгирилдилар:
— Хожанг истаган пайт келиб, пулини олиб кетсин. Истаса, бўлиб-бўлиб, истаса, ҳаммасини бирдан. Сен эса озодсан.
Бир йилдан кейин молимнинг закотини олиб келдим.
— Байтулмолдан пул олдингми? — дедилар.
— Йўқ.
— Унда буни олиб кетавер, — дедилар Ҳазрати Умар. Шу тариқа олиб келган закотим билан олишим керак бўлган маошга ҳисобладилар. (“Ибн Саъд, Табақот”).
Холид ибн Валид
Довюрак қўмондон, кураги ерга тегмаган паҳламон Сайфуллоҳ — Холид ибн Валид ажал шабадасига йўлиқди.
Жоҳилиятда ҳам, Исломни қабул қилгандан кейин ҳам мағлубият нималигини билмаган Холид ибн Валид фоний дунё билан видолашиб, Аллоҳ ҳузурига йўл олди.
Унинг онаси, Жаъфар ибн Абу Толибнинг хотини Асмо, Ҳамзанинг хотини Лубоба, Аббос ибн Абдулмутталибнинг хотини Лубобатул Кубро ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мухтарамлари Маймуна бир оиланинг кизлари эдилар. Яъни, Маймуна онамиз Холидга хола бўлади.
Холид ибн Валид ҳижрий саккизинчи йили сафар ойининг бошларида Исломга кирган эди. Мусулмонлар сафидаги илк жанги мутъада мислсиз қаҳрамонлик кўрсатди. Ўшанда Холиднинг қўлида тўққизта қилич синди. Мадинада саҳобаларга жангдаги вазиятни гапириб ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳаларнинг кетма-кет шаҳид кетганларини айтатуриб: “Энди туғни Аллоҳнинг қиличларидан бири олди”, деб, бундан буён Холид “Сайфуллоҳ — Аллоҳнинг қиличи”, деб сифатланишини маълум қилган эдилар.
Жуда иқтидорли бўлиш билан бирга, раҳбарларига эҳтиром кўрсатишни, фитна-фасоддан узоқ бўлишни ҳам биладиган Холид бош қўмондонликдан бўшатилганида қўшин олдида чиқиш қилиб:
— Сизларга умматнинг амини қўмондон этиб тайинланди, — деган эди.
Истаса қўлидан кўп иш келарди. Лекин у Абу Убайданинг қўл остида Ислом ва мусулмонларга хизмат қилишни катта шараф деб билди. Кечагина амрига мунтазир бўлиб турган Абу Убайданинг ёнида қўл қовуштириб туриш унга малол келмади.
Вафотига яқин кунларда кўзлари ёшланадиган бўлиб қолди.
— Ўлимдан қўрқаяпсанми, Абу Сулаймон, — деб сўрашди.
— Йўқ, — деди у. — Шунча жанг кўрдим, шаҳид бўлишни орзу қилардим. Баданимда қилич тегмаган, ўқ кирмаган, найза яламаган жой қолмади. Энди қўрқоқларнинг кўчасида байрам бўлади, чунки ортиқ Холидни кўришмайди. Холид мол-мулкини қуйидагича тақсимлади:
— Менинг бир отим ва қуролим бор. Отни уста чавандозга, қуролимни яхши фойдалана оладиган одамларга вақф қиламан. Бу ишни Умар ибн Ҳаттоб менинг номимдан қилсин.
Кураги ерга тегмаган моҳир жангчи ажал домига осонлик билан тушди. Холиднинг муборак руҳи Аллоҳ сари сафар қиларкан, Химс шаҳридан тахминан икки фарсах узоқликдаги қишлоқ замини азиз инсоннинг жасадини бағрига олди.
Холиднинг ўлими ҳақидаги хабар Мадинага етиб келгач, қариндошларидан бўлган аёллар унинг уйига тўпланиб, аза очди. Бу ҳақда Ҳазрати Умарга етказилганда, у киши:
— Ёқа йиртмай, сочларини юлмай йиғлашсин, — дедилар. (Ибн Касир, “Ал-бидоя”)
Усайд ибн Ҳузайр
Ҳижратнинг 20-йили шаъбон ойида Мадина аҳли ғуссага тушди. Ботини зоҳиридан пок, зоҳири ботинидан гўзал бир инсон энди ёруғ дунёда яшамайди.
Абу Ҳурайранинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган уч жумлалик гаплари шу инсонга тегишли эди. Адаб ва фазилат соҳиби бўлган Жанобимиз шундай деган эдилар: Абу Бакр қандоқ яхши одам, Умар ибн Ҳаттоб қандоқ яхши одам, Усайд ибн Хузайр қандоқ яхши одам” (Ибн Саъд, «Табақот»).
Бунақанги гап ҳар ким ҳақида ҳам гапирилмайди. Айниқса, тиллари ботил гапни талаффуз қилмайдиган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировни аслидагидан кўтариб ё камситиб гапиришлари умуман мумкин эмас. Усайднинг Ҳазрати Абу Бакр ва Умарлар билан биргаликда тилга олиниши унинг юқори мақом соҳиби эканидан даракдир.
Қачон, қаердан ва қандай кучда эсиши номаълум бўлган ажал ели бу сафар Усайднинг эшигини Қоқиб: “Қани, Пайғамбар дастурхонига марҳамат”, дея ўлим шарбатини тутди. Усайд чорасиз шарбатни сипқориб, ҳар ким бир кун келиб қўшиладиган карвон аъзосига айланди.
Ўзидан кейин яхши хотиралар қолдирган Усайд иймони бут ҳолда: “Ўлим шарбатини тотиб, Аллоҳ ҳузурига қўрқмай йўл оламиз”, дея ҳаёт билан видолашди. Шу тариқа умрининг сўнгги йигирма икки йилини иймон ва ислом йўлида сарфлаган яна бир азиз инсон Мадина аҳолиси рўйхатидан ўчирилиб, Бақиъ қабристони аҳлига бориб қўшилди.
Усайд хат-саводли, яхши суза оладиган, булардан ташқари, моҳир мерган ҳам эди. Араблар бу уч малака соҳибини “етук” деб атарди. Лекин Усайд ўзининг мард ва жасурлиги, фидокор ва самимийлиги билан ҳурмат қозонган эди. Унинг бу етуклиги наригиларидан афзалроқ эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали Маккада эканликларида Мадинадагиларга Исломни ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайрни юборган эдилар. Аммо у қилаётган ишлар Усайдга ёқмади. У Мусъабни Мадинадан ҳайдаб чиқариш мақсадида найзасини кўтариб, унинг олдига келди: “Ҳали оқу қорани танимайдиган ёшларимизни йўлдан урмасдан, яхшиликча шаҳримиздан кет”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам усулларини яхши ўрганган Мусъаб унга қуйидагича жавоб қилди:
— Беш-ўн дақиқа ёнимизда ўтириб, суҳбатимизга қулоқ, сол. Ёқмаса, истагингни бажо келтираман.
Мусъабнинг овозидаги самимият ва ширинсуханлик Усайдни ўтириб эшитишга ундади. Унинг сўзларини бир оз тинглаб, тиловат қилинган Қуръондан мумдек эриган Усайд кўп ўйланмай бир қарорга келди
— Шу динга кириш учун нима қилишим керак?
Мусъабни ҳайдаб солиш учун келган, аммо унинг хушхулқлиги туфайли гўёки уйқудан уйғонгандек бўлган Усайд қалбида куфрнинг тош қотган парчалари эриди, куфр ва ширк ботқоғидан чароғон олам томон қадам ташлади.
Усайд, аслида, Мадинада яшайдиган Авс қабиласининг бошлиғи эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан иккинчи марта Ақобада учрашган мўминлар орасида ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танлаган ўн икки нақибнинг (вакил) бири Усайд эди.
Усайд Бадр жангида қатнаша олмади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бадрдан қайтаётганларида пешвоз чиқди: “Расулуллоҳ! Мен жанг бўлишидан бехабар қолибман. Билганимда жангга мен ҳам борардим”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўғри гапирдинг”, деб, унинг ичию таши бир хил холис мўминлигини эътироф қилган эдилар.
Бундан кейин Усайд жанглардан қолиб кетмаслик учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жой олиб, у зотдан бир қадам ҳам нари жилмади. Ухуд жангида кўпчилик бир тарафга ёпирилганда, ҳатто жанг майдонини тарк этганда, Усайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида туриб, у кишини ҳимоя қилган оз сонли кишилардан бир эди. (Ибн Саъд «Табақот»)
Агар Ислом тарихида фақат яхши хотиралар қолдирган инсонларнинг рўйхати тузиб чикилса, Усайд бу рўйхатнинг илк қаторларидан жой олиши шубҳасиз.
Вафот этганида, ювмоқчи бўлганлар унинг баданида жуда кўп яра изларини кўришди. Бу яралар ўғрилик, каллакесарлик, йўлтўсарлик ёхуд иззат-нафс сабабидан орттирилмаган эди. Уларнинг ҳар бири Аллоҳнинг номи устун бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Исломни мудофаа қилиш каби энг шарафли йўлда душман тарафидан қолдирилган эди.
Худо билади, қайси яра қайси мушрикнинг қиличи ёки найзасининг нишонаси экан. Ўша зарбалар Усайдни яралаш учун эмас, балки ўлдириб, маҳв этиш мақсадида урилган эди. Танадаги яраларнинг еттитаси Ухуд жангида орттирилган эди. Эртага бу яралар Илоҳий Маҳкамада тилга кириб, ҳар он унинг Аллоҳ йўлида қурбон бўлишга тайёр ҳолда яшаганига гувоҳлик беради. Агар гуноҳкор банданинг қўл-оёқлари, териси қилган номаъқулчиликларига шоҳидлик берса, Усайд ибн Хузайр ва унга ўхшаганларда бунинг акси бўлади.
Ювиш ва кафанлаш ишлари ниҳоясига етгач, Усайднинг жасади иккита тахта устига қўйилди. Шу дам Ҳазрати Умар келдилар:
— Уни елкамга қўйинглар.
— Ўзимиз олиб борамиз, мўминлар амири!
— Йўқ. Ўзим кўтариб боришни истайман. Қани, бўлақолинглар!
Одамлар келиб: “Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ” дея, Усайднинг жасадини Ҳазрати Умарнинг елкаларига ортишди. Абдул Ашхал аҳлининг кўз ёшлари имом Умарнинг елкаларида қайтмас сафарга чиққан азиз йўловчи учун тўкилди. Ортда аччиқ ва ширин хотиралар қолди. Усайд бу кун кетаётган эса-да, умрбод Абдул Ашхал халқининг қалбида яшайди. Зеро, у умр бўйи қурол кучи билан эмас, мардлиги ва фозиллиги билан Авснинг каттаси бўлди. Шундай инсоннинг орадан кетиши кўзларни намлаб, кўнгилларга титроқ солди.
— Чарчагандирсиз, мўминлар амири, изн берсангиз, биз ҳам кўтарайлик.
— Йўқ,. Чарчасам ҳам, ўзим кўтараман.
Ҳазрати Умарнинг бундай йўл тутишлари Усайдга бўлган ҳурмат ва муҳаббатдан эди. Қуёш тиғида қадрдон дўстини елкасида кўтариб йўлга тушган Форуқнинг соқоллари тер ва кўз ёшларидан ҳўл бўлди.
Орқадан келаётганлар йўқлиги ҳали анча вақтгача билинадиган Усайдга Аллоҳнинг раҳматини сўрар эканлар, кўзларидан дув-дув ёш тўкилар эди.
“Усайд”нинг маъноси “кичкина арслон”, дегани. Лекин мусулмонлар буюк арслондан ажралишаётганини билиб туришарди. Бақиъ қабристонига кетаётганлар кўз ўнгида бир неча йил аввалги ширин хотиралар гавдаланди. Ўшанда икки дўст — бири шу онда абадий оламга йўл олмоқда — масжидга келиб, шом намозини ўқиб бўлиб: “Хуфтонни ҳам Расулуллоҳ билан ўқиб кета қолайлик”, дейишди.
Хуфтондан кейин бир оз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан суҳбат қурган бу икки бахтиёр кимса тун қоронғусида уйлари томон йўлга тушишди. Йўлда биттасининг қўлидаги асодан нур таралиб, йўлни ёрита бошлади. Худди шамчироққа ўхшаб! Манзилга яқинлашиб, икки дўст ўз уйи томон йўл олишгач, нур ҳам иккига бўлиниб, манзилларига етиб олишгунча сўнмади. Буюк Қудрат Соҳибининг икроми бўлган бу воқеа Аббод ва Усайднинг хотираларида бир умр муҳрланиб қолди.
Одамлар Усайднинг шундай деганини эслайдилар: “Мен Қуръонни тинглаб ёки ўқиб, ундан ҳосил бўлган ажиб завқ билан яшашни истайман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба ўқиётганларида ундан ҳосил бўлган ажиб туйғуларим билан яшашни истайман. Мен бир жаноза ортидан юргандаги орзиқиш туйғуси билан яшашни истайман”.
Бу орзу-ниятлар самимий эди. Усайд ҳар доим ҳам шу ҳис-туйғулар билан яшолмаса-да, шундай яшашга ҳаракат қиларди.
Усайд кетганларнинг охиргиси эмасди. Бугун унинг ортида қолганлар эртага у босган изларни босадилар. Бир нарса аниқ эдики, иймон ва кўнгил кишиси энди орада йўқ. Унинг каби бўлиш яна бирон кимга насиб қилармикан?
Жамоат шу туйғулар ичида қабристонга кириб борди. Ҳазрати Умар ҳар қадамида ажру савобга ноил бўлган шунча йўлдан кейин дўстининг жасадини елкасидан туширди. Ўзлари жанозага имомлик қилдилар. Ниҳоят Усайднинг муборак вужуди лаҳадга қўйилиб, ҳозир бўлган малакларга топширилди.
Усайднинг тўрт минг дирҳамлик қарзи бор эди. Ерларини сотиб қарзини тўлашмоқчи бўлишди. Бундан хабар топган Ҳазрати Умар унамадилар:
— Дўстимнинг аҳли оиласини ночор ҳолда ташлаб қўймайман.
Ердан олинган ҳосил сотилиб, минг дирҳам келиб тушди. Ҳазрати Умар қарз берганларни чақириб, ҳар йили минг дирҳамдан тўлаб боришини таклиф этдилар. Улар рози бўлишди. Шу тариқа тўрт йил мобайнида қарзлар тўланиб бўлди. (“Табақот”)
Аллоҳим, сен Усайдга раҳматинг билан муомала қилишингга шубҳа йўқ. Лекин уни жонидан ортиқ кўрганлар, ортидан кўз ёш тўкиб, қалби орзиқанлар бор… Ўшаларни ҳам чексиз раҳматингдан бенасиб қолдирма! Омин!
Абу Суфён ибн Ҳорис
Ҳижрий 20-санада Абдулмутталиб авлодининг кўз ёши тинмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта амакилари Ҳориснинг ўғли Абу Суфён ҳам омонатини топширди.
У Макка фатҳидан бир неча кун аввал ислом душманларининг олдинги сафида туриб фаолият кўрсатган ва шеърлар битиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаттиқ озор берган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўша фатҳга қадар икки кишидан ранжиган эдилар. Улардан бири Қурайшнинг раиси бўлса, бошқаси амакиваччалари эди. Шу даражада ранжиган эдиларки, Маккага яқинлашганларида:
— Эй Аллоҳнинг расули, Абу Суфён ва Абдуллоҳ ибн Умаййа Исломга киришди. Сизнинг зиёратингизга келиб, кечирим сўрашмоқчи, — дейишганда рози бўлмай, келишларига рухсат бермаган эдилар.
Шунда Умму Салама онамиз орага тушиб:
— Ахир улар сизнинг қариндошларингиз. Кечирақолинг, — деганларида, Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Улардек қариндошларим йўқ, — деб жавоб қилдилар.
Ҳаётларида ҳали ҳеч кимга нисбатан бундай демаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан улардан қай даражада хафа эканликларини ошкор қилган эдилар.
Бироқ Умму Салама онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Абдуллоҳ ибн Умаййа билан Абу Суфённи кечиришга кўндирдилар.
Шундан кейин чин мусулмон бўлишга ҳаракат қилган Абу Суфён Ҳунайнда катта жасорат кўрсатди. У Ислом қўшини пароканда бўлган пайтда отларини душман қўшини томон сурган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан жой олган икки инсоннинг бири эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч кимга қилмагани совуқ муомалаларинг айнан Абу Суфёнга қилганларининг жиддий сабаби бор эди. Ваҳий келмасдан аввал ўрталарида яқин қариндошлик-дўстлик ришталари бор эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги дин ҳақида оғиз очганларидан кейин ишонган тоғлари ашаддий душманлик қилишга ўтди. У тез-тез Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминларни мазах қилиб ҳажвий шеърлар битарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан шу даражада тўйган эдиларки, ҳатто масжидда курси қўйдириб, Абу Суфёнга жавоб ёзган Хассон ибн Собитни чақириб: “Сўйла, Ҳассон. Жаброили амин сен билан биргадир”, дея уни қўллаб-қувватлаган дамлари ҳам бўлган.
Абу Суфён Бадр жангида тирик қолиб, Маккага биринчилардан бўлиб қочган эди. Жанг тафсилотларини эшитиш учун таёғига таяниб келган Абу Лаҳаб жияни Абу Суфённинг гапларини эшитиб паришон бўлди: “Амакижон, Худо ҳаққи, биз улар билан урушганимиз йўқ. Шундоқ ортимизга ўгирилдигу қочиб қолдик. Улар баъзиларимизни ўлдириб, баъзиларимизни асир олишди. Уларнинг ортида қандайдир от минган, қанотли жонзотлар бор эди. Нималигини билолганим йўқ. Уларга етиб олиш, куч синашиш, ҳатто улардан қочиб қолишнинг ҳам имкони йўқ эди”.
Абу Суфён ҳаётининг сўнгги ўн икки йилини исломиятда яшади. Пайғамбаримизнинг: “Ислом аввалги гуноҳларни кетказади”, деган гаплари худди Абу Суфён учун айтилгандек эди. У Исломни қабул қилгунча, кўп одамнинг бошига ит азобини солди. Лекин мусулмон бўлгач, хавас қилгудек умр кечирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вг салламнинг: “Ҳамза қолдирган бўшлиқни тўлдирасан, деган умиддаман”, деганлари аввалги ака-укачилик ҳаётини бошланишидан дарак эди.
Хандақ жангини кўрганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳазрати Алига қилич тутказиб, Амр ибн Абду Вадга қарши чиқарарканлар: “Аллоҳим, Бадрда Убайдани, Ухудда Ҳамзани олдинг. Алини менга бахшида эт”, деганларини яхши эслашади. Дуода номи зикр қилинган Убайда Абу Суфённинг иниси эди. Абу Суфён мусулмон бўлиб, Убайданинг соғинчини кетказиб, аламни бартараф қилди.
Умрининг сўнгги йилида ҳаж қилган Абу Суфён эхромдан чиқаётганда соч олдираркан, бирдан сергак тортди. Бошидан каттагина эт парчаси кесилиб кетган эди. Яхшигина қон йўқотган Абу Суфён ҳаждан қайтгач, тўшакка михланди. Ниҳоят, бир куни ортидагиларни армонда қолдириб, охират оламига рихлат қилди. Бундан тўрт ойча аввал иниси Навфал ҳам вафот этиб, Абдулмутталиб хонадонини мотамга кўмган эди.
Сафиййа бинти Абдулмутталиб
Ўлим куни, унинг вақти ва жойи ҳеч кимга маълум эмас. Одамлар бир куни Зубайр ибн Аввомнинг кўзларидан оқиб, соқолини юваётган ёшларини кўриб ҳайратда қолдилар. Шу пайтгача қанчадан-қанча қонли муҳорабаларда қатнашган, ҳаётини кўп маротаба жон бозорига олиб чиққан бу жасур инсонни нима йиғлатди экан?
— Тинчликми, Зубайр? Нима бўлди? .
— Онам… Онам энди йўқ. Аллоҳнинг раҳматига қовушди. Ҳазрати Сафиййа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари ичида ягона иймон келтиргани эди. Бунга шубҳа йўқ. Баъзи ривоятларга кўра, Арва ва Отиқа исмли аммалари ҳам мусулмон бўлишган.
Ислом тарихида илк маротаба жангда эркак душманни ўлдирган аёл ҳикоямиз қаҳрамони Сафиййа бўлади. Хандақ жангида аёллар ўтирган уй атрофида яширинча айланиб юрган яҳудий унинг қиличи остида боши кесилган эди.
Ҳазрати Сафиййа бир пайтлар Абу Суфённинг укаси Ҳорис билан турмуш қурган, ундан кейин Аввом ибн Хувайлидга теккан, Ислом тарихида ўзига хос ном қолдирган ва ҳаётлик чоғидаёқ жаннат муждасини олган Зубайр ибн Аввом шу турмушдан дунёга келган эди.
Абдулмутталиб авлодларидан бўлган Муқаввим, Ҳажл ва шаҳидлар сардори Ҳазрати Ҳамза билан Сафиййа бир онадан дунёга келишган. Оналарининг исми Хола бинти Вуҳайб ибн Абдуманнофдир.
Ҳижратнинг йигирманчи йилида етмиш уч ёшида вафот этган Сафиййа розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тенгдош бўлса керак. Пайғамбаримизнинг баъзан “Сафиййа”, баъзан “Аммажон”, дея мурожаат қилишлари фикримизга далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аммаларини жуда яхши кўрганларига шубҳа йўқ.
Ювиб кафанланган Ҳазрати Сафиййа кўпгина саҳобаларни бағрига олган Бақиъ қабристонига келтирилди. У кираверишдан чапга эллик қадам юргандан сўнг, деворнинг шундоқ ёнгинасига дафн этилди (раҳматуллоҳу алайҳо ва авлодиҳо).
Билол ибн Абу Рабоҳ
Ҳижратнинг 20-йили Ҳазрати Билол учун бошқача, мўминлар учун бошқача сана бўлади. Чунки у оғриб қолиб, ҳаётдан умидини узган эди. Энди Билолга йиғлашдан ўзга чора йўқ.
— Ўлимдан шунчалар қўрқасизми, Билол?
— Йўқ! Бундай фикрни асло хаёлингизга келтирманг. Мен ҳаётим тугаб бораётгани учун эмас, дўстларим дийдорига мушарраф бўлиш севинчи туфайли йиғлаяпман. Ахир неча йилдан бери айрилиқда бўлган севганим ёнига кетяпман.
Ҳа, у иймон келтирганидан бери ошиб борган муҳаббат боғлаб турган Саййидул анбиё соллаллоҳу алайҳи ва саллам истиқболи умиди билан обидийда қилмоқда эди.
Ҳазрати Билолнинг кўзига Расулуллоҳ вафотларидан кейин дунё қоронғу кўриниб қолган эди. Мадинани тарк этиб, Шом тарафга жиҳод қилгани кетмоқчи, лекин Абу Бакр рухсат бермаганлари учун пойтахтда қолган эди. Билол ўн йиллик айрилиқдан сўнг, ниҳоят, висол онлари ҳам етиб келганини ҳис қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни унга: “Тушимда жаннатга кирибман, у ерда сенинг оёқ кийимларинг товушини эшитдим”, деган эдилар. Ҳазрати Билол кўпроқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу гапларини эсларди: “Инсон севгани билан бирга бўлади”.
Билол Аллоҳни севарди. Аллоҳ учун Расулуллоҳни севарди. Ҳеч бир севги Аллоҳ ва Расулининг севгисидан устун келмаган. Бошқа ҳар қандай севги ёки нафрати доимо Аллоҳ ва Расулининг севгисига йўл берган. Билол ўн йил давом этган ҳижронда бир кун ҳам севгилисини унутмади. Бошини ёстиққа қўйганда ҳам у билан бирга бўлар, уйқудан уйғонганда ҳам ақлига биринчи бўлиб келадиган унинг тимсоли эди. Мана шу хаёллар ва севги туфайли тушларида ҳам фақат у зотни кўрарди. Бир суҳбатда Пайғамбаримиз ҳақларида сўз бораркан: “Бирор кеча йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушларимда кўрмасам”, деган эди Билол. Шундай экан, ўлим у учун севимли кишисига етиштирадиган хайрли йўл эди. Тез орада ўлим фариштаси келиб, унинг жонини олади ва Саййидул анбиё ҳузурига олиб боради. Ниҳоят, кутилган дамлар келди. Унинг муборак жасади яхши-ёмон одамларни бағрига олган “Бобуссағир” ёнидаги қабристонга кўмилди.
Хотиралар
Бир куни Салама бозор айланиб юрган эди. Бозорчилар жойларини тозаламай кетганларидан тартибсиз бир аҳволда эди. Шу пайт бозорга кириб келган Ҳазрати Умар Саламанинг у ерда юрганини кўриб, қўлидаги асони у томон кўтардилар ва: “Манави ерни тозалаб қўй”, дедилар. Асо Саламага тегмади, фақат кийимини ялаб ўтди.
Саламанинг фикрича, бу ишни буюриш учун Ҳазрати Умар қўл кўтаришлари шарт эмасди. Шунчаки “Қил! ” деганларида ҳам бажону дил қилиб қўярди. У бозорни тозалаб, кейин кетди.
Орадан бир йил ўтиб, ўша воқеа Саламанинг ёдидан кўтарилди. Бир куни у Ҳазрати Умарни кўриб қолди:
— Бу йил ҳаж қилиш ниятинг борми, Салама?
— Ҳа, мўминлар амири, бу йил Байтуллоҳни зиёрат қилишни дилимга тукканман.
— Унда мен билан юр!
Ҳазрати Умар Саламани уйларига бошлаб келдилар ва қўлига олти юз дирҳамлик ҳамён тутқаздилар.
— Буни ҳажнинг ҳаражатларига сарфларсан, — дедилар Ҳазрати Умар, — яна шуни ҳам билиб қўйки, бу пул ўтган йили сени урганим учун.
— Мўминлар амири, нима ҳақида гапираётганингизни эслолмадим.
— Мен эса унунтганим йўқ. («Тарихи Табарий»)
* * *
Абу Сулаймон исмли бир одам шундай деган эди: “Мадинага кириб, дуч келган эшикдан ичкарига кирдим. Қарасам, Умар эски-туски кийимларни кийиб олиб, туяларга ем берарди. («Тарихи Табарий»)
* * *
Ҳазрати Умар Утба ибн Абу Суфённи Кинона қабиласига закот йиғиб келишга юбордилар. Утба қайтиб келгач, тушган молларни топширди.
— Манавилар-чи, Утба?
— Кетаётганимда тижорат мақсадида озгина маблағ олиб кетган эдим. Ўша ерда тижорат қилиб, шуларни ишлаб топдим.
Утбанинг гапи Ҳазрати Умарга ёқмади.
— Бунақа вазифани бажаришга кетаётиб, ўз молингни бирга олиб кетсанг, яхши бўлмайди, — дедилар ва молларни Байтулмолга қўшиб юбордилар.
Орадан вақт ўтиб, Ҳазрати Усмон даврларида шу мавзуда гап очилганда, у киши Абу Суфёнга:
— Умарнинг Утбадан олган мол-мулкини, истасанг, қайтариб бераман, — дедилар. Абу Суфён бунга унамади:
— Сен ўзингдан аввал ўтган сафдошингга қарама-қарши иш қилсанг, одамларнинг сен ҳақингдаги фикрлари ўзгаради. Бу яхши эмас. Иложи борича, ўзингдан аввалгилардан фарқли йўл тутма. Чунки сендан кейингилар сендан фарқли иш қилишади.
* * *
Алпқомат кўринишга эга бўлган Ҳазрати Умар Мадина кўчаларини айланиб юрган эдилар. Йўлда ўйнаётган болалар у кишини кўриб, жуфтакни ростлашди. Фақат бир бола қочмай, жойида тураверди. Ҳазрати Умар довюрак болакайнинг ёнига келиб, нега қочмаганини сўрадилар:
— Айб иш қилмаганман, қолаверса, йўл ҳам сиз ўтолмайдиган даражада тор эмас, — дея жавоб берди болакай.
Ҳазрати Умар унинг жавобидан хурсанд бўлдилар. Аста бошини силаб, сўрадилар:
— Кимнинг ўғлисан, исминг нима?
— Зубайр ибн Аввомнинг ўғли Абдуллоҳман.
* * *
Ҳазрати Умар нутқларининг бирида шундай деганлар:
— Кучли бўлиш бугуннинг ишини бугун қилиб, эртага қолдирмасликдир. Ишончли одам бўлиш учун эса, ботинни зоҳир билан бир қилиш керак. Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳдан қўрқиш Унинг таъқиқларига бўйсуниш билан бўлади. Ким художўй бўлса, Аллоҳнинг паноҳидадир.
Аллоҳнинг китобини ўрганинглар, таниласизлар. Ўрганганингизга амал қилинглар, Қуръон аҳлидан бўласизлар.
* * *
Ақлли инсон яхшиликни ёмонликдан ажрата олган одам эмас. Ҳақиқий ақл соҳиби, иккита ёмон ишдан қайси бирининг зарари кўпроқ эканини билолган одамдир.
* * *
Дининг бўлса, ҳурматинг бор, дегани. Ақлинг бўлса, ўзлигинг ва насабинг бор, дегани. Яхши хулқинг бўлса, мурувватинг бор, демак. Булар йўқ бўлса, эшакдан ҳам ёмон, дегани.
* * *
Зиёратларига келган бир одамга:
— Қавмингни каттаси ким? — деб савол бердилар.
— Мен.
— Бекорларни айтибсан, агар ҳақиқатда каттаси бўлганингда, ҳозир “мен” демаган бўлардинг.
* * *
Уч нарса дўстингга бўлган муҳаббатингни унинг юрагига янада яқин қилади. Ундан олдин салом беришинг, ўзи яхши кўрган исм ёки лақаби билан чақиришинг, йиғилишларда унга жой олиб қўйишинг.
* * *
Бир куни Ҳазрати Умар шоир Набиға Жаъдийнинг олдига бордилар. У анча қариб қолган эди.
— Шеърларингиздан бир ўқиб берсангиз.
Набиға ўқиб берди.
— Шу шеърлар сизникими?
— Ҳа, меники.
— Мен Хаттобнинг туяларини ўтлатиб юрганимда бу шеърларни қанча такрорлаганимни билсайдингиз.
Тили кесилган шоир
Ҳазрати Умар бир куни шоир Хутайъани ҳузурларига чақиртирдилар. Бу одамга тилни тийишни ўргатиб қўйиш керак эди. У шеър ёзиб, мусулмонларнинг устидан куларди. Ҳазрати Умар эса бундан кўз юма олмасдилар.
Хутайъа қўрқиб келган жойидан кулиб чиқиб кетди. Қўлида уч ярим минг дирҳамлик пул ҳам бор эди. Эвазига ҳеч кимнинг иззат-нафси ва номусига тил теккизмайди, мусулмонларни ранжитадиган гап айтмайди. Агар у халифа ҳузурида берган сўзида турмаса, бошқа чора кўрилиши маълум қилинган эди.
— Эшит Хутайъа, мен бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Аззага омонлик берганларини кўрганман. Лекин у ваъдасига вафо қилмай, иккинчи марта қўлга тушганида ва тилини тийиб юришини айтганида, Расулуллоҳ унга шундай деган эдилар: “Йўқ, Абу Азза, энди юзингни Каъбага суриб, яна Муҳаммадни алдадим деёлмайсан. Чунки мусулмон бир илонни икки марта босмайди”. Ҳа, Хутайъа, агар бу пул жим қилолмаса, Хаттобнинг ўғли чакагингни ўчиришнинг бошқа йўлларини ҳам билади”.
Ҳазрати Умарнинг қатъият билан айтган бу гаплари Хутайъа учун етарли бўлиши керак. У оқни қорадан ажрата оларди. Ундан кейин: “Йўқ, мен бошимни кундага қўйиб бўлса-да, бировнинг шаънига ёмон гаплар айтавераман”, деёлмас, айниқса, қўлига тутказилган уч ярим минг дирҳамдан воз кечолмасди.
У Ҳазрати Умарнинг жиддий одамлигини биларди.
* * *
Ўша замон матбуот органи ҳисобланган шоирни тийиб қўйиш тўғримиди? Миллат тилини тамсил қилган одам гапиролмаса, бу қандоқ бўлди? Бу жиҳатдан унга эркинлик бериш тўғри эмасмиди”, деган каби эътирозлар ноўриндир. Чунки Ҳазрати Умар шеърни яхши кўрардилар. У киши: “Болаларингизга шеър ўргатинг. У араб миллатининг маданий меросидир”, деганлар. Гоҳида ўзларича шеър ўқир, шоирларни чақириб, улар билан суҳбат қурар, шеърларини тинглар эдилар. Лекин “Шеър айтяпман деб, инсонларнинг иззат-нафсига теккан, адолатсиз гапларни айтган шоирлар ҳам жазосини олиши, қолаверса, уларда ҳам масъулият ҳисси бўлиши керак.
Ҳазрати Аббоснинг ўтитлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини олган Абдуллоҳ ибн Аббос ёш бўлишига карамай, ўша дуонинг баракоти билан кўпгина саҳобалардан илм бобида ўзиб кетди. У Қуръонни яхши биларди. Шу сабаб Ҳазрати Умар уни мажлисларда ёнларига ўтқазардилар.
Ўғличалик билим эгалламаган, лекин яхшигина ҳаёт тажрибасига эга бўлган Ҳазрати Аббос буни мамнуният билан қарши олса-да, ёшлари орасидаги анча фарқ бўлишига қарамай, Ҳазрати Умарнинг унга ўз тенгдошидек муомала қилишлари, баъзида савол сўраб, раъйини билишлари Абдуллоҳнинг мағрурланиб кетишига, ёшлигига бориб, эҳтирос ичида хатолик содир этиб кўйишига сабаб бўлмасмикин, деб андиша ҳам қиларди.
Ҳазрати Аббос бир куни ўғлини ёнига чорлади:
— Ўғлим, эшит, Умарнинг ҳурмат билан мажлисларда сени тўрга ўтқазаётганини кўрдим. Ақлингни йиғ! Хато қилиб қўйма! Сенга озгина панд-насиҳатим бор. Айтганларимга риоя қилишингни истайман. Умарнинг сенга айтган сирини зинҳор бировга айтма. Унинг ёнида бировнинг ғийбатини қилма. Ёлғон гапирма. Буюрганларини сўзсиз бажар. Унга хиёнат қилишни хаёлингга ҳам келтирма.
Булар Абдуллоҳга айтилган ўгитлар эса-да, Ҳазрати Умар учун ҳам яхши натижалар келтирарди.
Абдуллоҳ отасининг ўгитларига содиқ қолиб, орадан анча йил ўтиб, хотираларини айтиб бераркан, шуларни ҳам эслади. Уни тинглаган Имом Шаъбий бу ўгитларнинг ҳар бирини минг тиллодан ҳам афзал санаб, ёзиб олади.
Зар қадрини заргар билади. Абдуллоҳ ибн Аббоснинг қадрини ҳам Ҳазрати Умардек чуқур илм ва бебаҳо тажриба эгаси биларди. Зеро, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида бир коса сут ичганларини ва қолганини Ҳазрати Умарга узатганларини айтган, тушларининг таъбирини сўрашганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илмга йўйдим”, деган эдилар.
Хотиралар
Бир кеча Ҳазрати Умар Мадинани айланарканлар, бир аёлнинг йиғлаётганини эшитдилар. Аслида бу йиғи эмас, кўпрок, дод-фарёдга ўхшарди. Аёл жон аччиғида бақираётган эди. Ҳазрати Умар овоз келаётган тарафга югурдилар. Чодир олдига келиб, ичкарига бош суқдилар.
— Нима гап, қизим? Нега йиғлаяпсан?
— Кўряпсиз-ку, дард тутиб қолди. Ейиш-ичишга ҳеч нарса йўқ. Аҳволим чатоқ, оғриққа зўрға чидаяпман. Ёрдам берадиган одам ҳам йўқ.
Ҳазрати Умар кўз ёшларини тия олмадилар. Уйларига шошилдилар. Эшикдан кира солиб, аёллари Умму Гулсумга:
— Бир яхшилик қилмайсанми? Аллоҳ бунинг учун сенга ажр-савоб берди, — дея вазиятни тушунтирдилар.
— Хўп. Вақтни ўтказмай борайлик унда.
Ҳазрати Умар озгина ун ва ёғ, Умму Гулсум эса зарур ашёларни олиб, аёлнинг ёнига шошилишди. Умму Гулсум чодирга кириб кетди. Ҳазрати Умар аёлнинг эри билан ташқарида кутиб турдилар.
Бир оз ўтиб ичкаридан Умму Гулсумнинг овози эшитилди:
— Мўминлар амири, шеригингизга хушхабар беринг, ўғилли бўлди!
Хушхабарни эшитган эр севиниш ўрнига кўпроқ шошиб қолди.
— Мўминлар амири, мен сизни оддий одам деб ўйлабман, — дея қайта-қайта узр сўрар, халифага кўрсатилиши керак бўлган ҳурматни жойига қўя олмагани учун уялаётган эди. Ҳазрати Умар уни хижолатдан қутқардилар:
— Қўявер, аҳамияти йўқ.
Зотан, аҳамияти бўлганида, энг аввал ўзлари танитардилар. Кийинишда, ўзини тутишу муомалада доимо оддий инсонлар қатори бўлишга интилган Ҳазрати Умар ўзларини танитмасалар, у одам ямоқли кийим кийиб олган бу кишининг халифалигини қайдан ҳам билсин?
* * *
Ҳазрати Умар жуда эпчил одам эдилар. Масалан, бир қўллари билан отнинг қулоғини, бошқаси билан ўзларининг қулоқларини ушлаб туриб, отга мина олардилар.
* * *
Мен учун энг севимли киши хато ва нуқсонларимни айтган инсондир!
* * *
Бирор нарсадан ғазабланганларида Буюк Парвардигор эслатилса ёки “Умар, Аллоҳдан кўрқ”, дейилса, ёхуд ояти карима ўқилса, жаҳл устида қилмоқчи бўлган ишларидан тийилардилар.
* * *
Ҳазрати Умар бир куни Қуръон ўқиётган одамни кўрдилар. У киши кўзларини юмиб олиб, бутун борлиғи билан ўқиётган эди. У зот шу оятлар оҳангига чўмдилар. Шу даражада берилиб тингладиларки, гўё бутун олам бўйлаб фақат Аллоҳнинг каломи янграр эди. У одам Тур сурасини тиловат қиларди: “Парвардгорингнинг азоби, шубҳасиз, албатта воқеъ бўлгувчидир. Унинг учун бирор дафъ килувчи — тўсиқ йўқдир”. Одамлар шу тоб Ҳазрати Умарнинг ерга қулаганларини кўриб қолишди. Дарҳол уйларига олиб бориб ётқизишди. Оз вақт ўтиб, Ҳазрати Умар ўзларига келдилар, тилларида: «Инна азаба роббика лавақеъ», оятини такрорларди.
Шундан кейин ўша кунги ҳолат бир ой давом этиб, Ҳазрати Умарнинг юзларида қўрқув, даҳшат ва ҳаяжон гоҳ-гоҳида зоҳир бўлиб турди.
* * *
Ҳазрати Умарни доим уммати Муҳаммад олдидаги масъулияти ўйлантирарди. Баъзан йиғлай туриб: “Фурот қирғоғида бир туя йўқолса, Аллоҳ унинг ҳисобини Умардан талаб қилади”, дердилар. Бу шикоят эмас, масъулиятни ҳис этиб айтилган гап эди.
* * *
Ҳазрати Умар гоҳида ўзларини ҳисобга тортиб, қилган-қилмаган ишларини кўз олдларига келтирар, ҳаёт ҳисоб-китобли эканини тез-тез ўйлар эдилар. Ўша пайт ичларида нимадир чирт узилар, “Ҳаётнинг қадрига етмадим”, дея ачинар эдилар. Ердан бир сомонни олиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб, шундай дердилар:
— Қанийди, мен шу сомон ўрнида бўлсайдим, қанийди, ҳеч нарса бўлсайдим. Қанийди, онам мени дунёга келтирмасайди. Қанийди, ўзи каби номи ҳам унутилиб кетадиган оддий одам бўлсайдим…
Бу гаплар адабиёт дурдоналари эмас. Ўзини кўрсатиш учун гапираётган риёкорнинг гапи ҳам эмас. Зеро, Ҳазрати Умар буларни гапираётганларида ёнларида кимдир бор-йўқлигига қараб ўтирмасдилар. Юқоридагиларни: “Аллоҳ ҳузурида ҳисоб беришдан олдин, ўзингизга ҳисоб беринг. Амалларингиз илоҳий тарозуга қўйилмасдан олдин, уларни ўз тарозингизда тортиб кўринг. Буюк ҳисоб-китоб кунига тайёр туринг”, деган ва шуларни ҳаёт тарзига айлантирган инсон айтаётган эди.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида ҳузурларига бориб:
— Расулуллоҳ Хайбарда унумдор ерим бор. Менимча, бундан яхшироқ мулким йўқ. Шу ерни нима қилишимни маслаҳат берсангиз? Истасангиз, ернинг ўзи менга тегишли бўлиб қолаверади, ундан олинган ҳосилни Аллоҳ ризоси учун садақа қиламан. Ё бўлмаса, бутунлай садақа қилай, — деб сўраган эдилар.
Ҳазрати Умар ўша ерларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига биноан бошқа бировга сотмаслик, ҳадя қилмаслик, фарзандларига мерос қолдирмаслик шарти билан садақа қилдилар. Бунга “вақф” дейилади. Ердан тушган даромад мискинларга, Ҳазрати Умарнинг қариндошларига, қулларни озод қилишга, мусофирларга ва умуман Аллоҳнинг йўлида сарфланадиган бўлди.
Бу ерга қараб турадиган одам ўзлаштириши мумкин эмас, аммо ҳосилидан ейишига, меҳмонга келганлар олдига қўйишига ижозат бор эди.
Шу тариқа Ҳазрати Умар тарихда илк вақф қилган инсон сифатида ҳам қоладиган бўлдилар. У киши бошлаб берган бу йўлни юз йиллар мобайнида яна минглаб инсонлар ҳам босиб ўтиб, инсоний ва исломий фикрлар ўз соҳибини малакларга хос гўзалликларга ноил қилишини исботлаб беришади.
* * *
Ҳазрати Умар бир куни ҳажжомни чақиртирдилар. Бошларидан қон олдирмоқчи эдилар. Ҳажжом ишни энди бошламоқчи ҳам эдики, Ҳазрати Умар аксириб юбордилар ва пичоқ бошларини кесиб кетди. Ҳажжом қўрқанидан учиб тушди. Лекин Ҳазрати Умар унга қирқ дирҳам бериб, жўнатиб юбордилар.
* * *
Ҳазрати Умар имомликка ўтганларида ортларида Қуръонни яхши биладиган биттаси бўлишини истардилар. Мабодо, ўқиётган оятларида тўхтаб қолсалар ёки бир оятни тугагунча ўқиёлмасалар, ортларидаги инсон луқма ташлаб, ёдга солиб қўярди.
Баъзан “ат-тахиййот”дан кейин ўрниларидан туришни унутсалар, ортларидаги одамнинг ишораси билан турардилар, гоҳида сажда қилишни унутсалар, ишора билан саждага кетардилар.
* * *
Бир куни суҳбатда дўстларига:
— Худо хоҳласа, яшаб турсам, бир йилимни бошқа одамлар орасида ўтказаман. Инсонларда Мадинагача олиб келолмайдиган муаммолари бўлса керак, деб ўйлайман. Менимча, улар волийларга етказсалар-да, волийлар менга айтишмайди. Икки ой Шомда тураман, одамлар дардини тинглайман. Сўнгра Жазирага (Фурот ва Дажланинг юқори қисми) бориб, у ерда ҳам икки ой туриб келаман. Кейин Миср, Баҳрайн, Куфа, Басрага ҳам бориб, икки ойдан туриб келаман, одамлар билан мулоқот киламан. Валлоҳи, бу мен учун жуда яхши, баракали йўл бўлади, — дедилар.
У киши яна одамларнинг маошини жамиятдаги ўрни ёки иймон келтирган-келтирмаганига қараб эмас, қандай инсон эканига қараб тайин қилишни режалаштирган эдилар. Афсуски, бу орзуларининг рўёбга чиқишига бир сабаб халақит бериб қолди…
* * *
Ҳазрати Умар ҳузурларига келтирилган ўғрининг қўлини кесишни буюрдилар. Ўғри ҳам ўзини ҳимоя қилишнинг бошқа йўлига ўтди:
— Қўлимни кесишга ҳаққингиз йўқ, Мен қадар (тақдир) қурбониман, ахир. Ўша қадар мени ўғирлик қилишга мажбур этди.
Ҳазрати Умар хотиржамгина:
— Албатта! Бизни ҳам қўлингни кесишга мажбур қилган ўша қадардир, — дея жавоб қилдилар.
* * *
Ҳазрати Умар бир одамни асолари билан урганларида у беихтиёр:
— Қусай! Қаердасан, келсанг-чи! — деб бақириб юборди.
Бу жоҳилият бақириши эди. Унинг ёнида турган Абу Суфён:
— Эй болам, бир пайтлар шунақа бақирсанг, чақирган одамларинг келарди… — деди.
У бу гапи билан ўша кунларни устун қўяётгандек эди. Ҳазрати Умар уни:
— Ўчир! Отасиз қолгур! — дея тўхтатдилар. Абу Суфён оғзини юмди ва қўлини лабларига босиб, “Мана, ёпдим”, дегандек ишора қилди.
* * *
Ҳазрати Умар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар гувоҳи бўла бошладилар. Бир аёл иддаси тугамай, турмушга чиқибди.
Аёлнинг исми Тулайҳо Асадиййа эди. Эри Рушайд уни талоқ қилганидан кейин шаръан ўтиши керак бўлган муддатни кутиб ўтирмай, бошқасига эрга тегди. Ваҳоланки, у ажрашган эридан ҳомила бор-йўқлигини аниқлаши, бўлса, бола туғилгунча кутиши лозим эди. Ҳазрати Умар:
— Икковини ҳам олиб келинг, — дедилар. Тулайҳо билан эри олиб келинди.
— Турмуш қурдингларми?
— Ҳа.
Аёлга ўгирилдилар:
— Сен уч поклик муддати тугагунча кутишинг керак. Шу вақт ичида бошқасининг никоҳига кириш у ёқда турсин, ўзаро келишиб ҳам қўёлмайсан. Нега бундай қилдинг?
Аёл жавоб бермади. Эркакдан ҳам тайинли гап чиқмади. Чиқиши ҳам мумкин эмасди.
— Никоҳингизни бекор қиламан. Маҳрга берилган молнии Байтулмолга оламан. Жазо тариқасида бундан буён бир-бирингиз билан турмуш қуролмаслигингизни айтиб қўяй. Бораверинглар.
Уларнинг ўзаро турмуш қуролмасликлари Ҳазрати Умарнинг шахсий фикрлари эди. Аслида улар қайта турмуш қуришлари мумкин.
* * *
Бир куни Ҳазрати Умар масжидда жамоат билан суҳбатлашиб ўтирган эдилар, нохуш товушдан хушёр тортдилар. Кимдир ўзи истамаган ҳолда таҳоратини синдириб қўйган эди. Ҳазрати Умар гапларида давом этдилар. Лекин таҳорати синган киши турмагач:
— Ўша ишни қилган одам бориб, таҳорат олиб келсин, — дедилар.
У одам барибир турмади. Шу орада Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий вазиятни ўнгламоқчи бўлди:
— Ҳаммамизга таҳорат олишни буюра қолинг.
Ҳазрати Умар унинг ақлли ва беозор фикрига қойил қолдилар:
— Тўғри гапирдинг, Жарир, — дедилар. — Мен сени жоҳилият даврида ҳам, Исломни қабул қилганингдан кейин ҳам доимо мулойим инсон деб биламан.
Кейин жамоатга юзландилар:
— Кани, туринглар, ҳаммамиз таҳорат оламиз.
* * *
Кун қизигандан кизиди. Араблар “самум” деб атайдиган шамол эсарди. Бу шамол арабларнинг юрагини олиб қўйган эди.
Шундай кунларнинг бирида Ҳазрати Усмон жуда муҳим иш билан сафарга отландилар. Туяларига миниб, орқаларига қулларини мингаштирдилар ва йўлга тушдилар.
Закотга берилган туялар сақланадиган жойга етганларида, туя йўрғалатиб кетаётган одамни кўрдилар. Одам бошини яхшилаб танғиб олган эди. Шамол ва жазирамага қарамай, жон-жаҳди билан ҳаракат қилар, у ёқ-бу ёққа югуриб, ташқарида қолиб кетган туяларни ичкарига олиб киришга уринарди.
— Қизиқ… Бу одам ким?
Ҳазрати Усмоннинг саволлари жавобсиз қолди. Хожаси танимаган одамни қули қайдан билсин? Бир оз юрганларидан кейин таниб қолишди: Амирул мўминин Умар-ку! Ҳазрати Усмон ҳайрат билан қараб туриб, ич-ичларидан тан бердилар ва: “Қойил! Мана бу инсонни баҳодир, эпчил деса бўлади”, деб юбордилар.
Ҳазрати Умар бир чеккада тин оладиган, мажбур бўлмагунча ташқарига чиқмайдиган шу дамда соя-салқинда дам олиб ўтирсалар, нима бўларди? Ким нима дея оларди у кишига?!
У кишини бу ишни қилишга ундаган нарса Виждон эди. Зеро, мўминлардан олинган, яна мўминлар учун хизмат қилиши кўзда тутилган ушбу туялар нобуд бўлса, мўминлар зарар кўрарди. Аллоҳ эса мўминларнинг бошига тушган кулфатларнинг ҳисобини Умардан талаб қилади.
Ҳазрати Умар яна ўша виждон амри билан ёнларига бир шерик олиб, Мадинага келтирилган туя ва қўйларнинг ёши, рангини дафтарга қайд этиб қўярдилар. Бир куни Ҳазрати Усмон билан Ҳазрати Алини ёнларига олиб, закотга берилган моллар турган жойга бордилар. Ҳазрати Умарнинг ўзлари туяларнинг оғзини очиб текширар, тишларини санаб, дўстларига уларнинг ёшини айтар, Ҳазрати Али билан Ҳазрати Усмон ёзиб боришар эди. Шу дам Ҳазрати Али Қуръонда келган Шуайб алайҳиссаломнинг қизлари айтган бир жумлани эслаб, “Эй ота, уни (чорваларингни боқишга) ёллагин. Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир” (Қасас сураси. 26-оят), оятини ўқидилар ва Ҳазрати Умарга ишора қилдилар.
* * *
Ҳафс ибн Абу Ос Ҳазрати Умарни кўргани келди. Дастурхон ёзилди, лекин Ҳафс ўтирмади:
— Нега бизнинг таомимизни емаяпсан, Ҳафс?
— Ростини айтишга изн беринг, амирул мўминин. Сизнинг овқатингиз бемаза ва тўйими йўқ, Томоғимдан зўрға ўтади. Ваҳоланки, менинг ейдиганим уйимда тайёр турибди. Ҳар ҳолда мазаси бор, еса бўлади. Бир оздан кейин уйимга бориб, ўша овқатни ейман.
Ҳазрати Умар Ҳафсга қўйни сўйиб, мазали кабоб тайёрлаш учун барча қилинадиган ишларни айтиб:
— Сен шу қўйдан жайроннинг қонидек қип-қизил кабоб тайёрлашни билмайди деб ўйлайсанми, Ҳафс. Бунга имкониятим етмайдими? Ҳа, мен буларни биламан. Агар охиратдаги неъматларнинг камайишидан қўрқмаганимда, сизлардек яшардим, — дедилар.
* * *
Бир куни Рабиъ ибн Зиёд Ҳорисий Ҳазрати Умарнинг олдларига ҳисобот бергани келди. Унга ҳам Ҳазрати Умарнинг дастурхонлари ёқади. Зеро, у киши кундалик ейдиган нарсаларни ўртага қўйган эдилар.
— Мўминлар амири, сиз яхши ямоққа, башанг кийинишга, учқур уловга энг лойиқ инсонсиз, — деди.
Рабиъ ҳақ эди. Бу уммат орасида ҳозир қайси тарафдан қаралса ҳам, унинг ўрнини тўлдира оладиган одам йўқ. Бу асҳоби киром томонидан ҳеч бир баҳс-мунозарасиз қабул қилинган ҳақиқат эди.
— Раҳмат, Рабиъ! Ҳақ гапни айтдинг!
Эҳтимол, Рабиъ шунақа гапни кутгандир. Бироқ Ҳазрати Умар доимо ёнларида олиб юрадиган асолари билан Рабиъни тушириб қолдилар.
— Бу гапни Аллоҳ ризоси учун айтяпсан, деб ўйламайман. Менга хушомад қилиб, мендан фойдаланмоқчисан, холос. Сени ақлли инсон деб ўйлардим. Афсус! Мен билан одамлар нимага ўхшайди, биласанми?
— Йўк, билмайман.
— Сафарга чиққан бир гуруҳ одамларни тасаввур қил. Улар ўртага пул ташлаб, емиш олдилар ва ичларида ўзлари ишонган одамга ўша емишни сақлаш учун топширдилар. Энди ўша одам емишнинг яхшисини ўзига олиб, ёқмаганини шерикларига қолдирса, тўғри иш қилган бўладими?
— Йўқ, албатта.
— Волийларим ва халқимга нисбатан менинг аҳволим ҳам худди шундай.
* * *
Ҳазрати Умар дарё-денгизни хушламасдилар. У киши Мадина ва ўзга юртларда турган қўшинлар ўртасида сув бўлмаслигини истардилар. Миср волийи Амр ибн Осга мактуб ёзиб, денгиз ҳақида маълумот сўраганларида, қуйидаги жавобни олдилар:
“Шох устидаги чумолини тасаввур қилинг. Шох синса, чумоли ўлади”. Амр шох деганда кемани, чумоли билан кемадагиларни назарда тутган ва кема чўккудек бўлса, қутулиб бўлмаслигини айтмоқчи эди. Буни ўқиган Ҳазрати Умар денгиз сафарларини ёқтирмай қолган, “Аллоҳ мусулмонларни денгизга чикармаганим учун сўроқка тутмас”, дер эдилар.
* * *
Тунда Мадинани айланар эканлар, бир аёлнинг гаплари Ҳазрати Умарнинг диққатини тортди: “Бир пиёла шароб ёки Наср ибн Ҳажжож билан бир кеча бўлишнинг наҳот иложи бўлмаса”, деган маънода шеър ўқирди у.
Ҳазрати Умар бомдод намозини ўқиб бўлиб, дарҳол Наср ибн Ҳажжож кимлигини билиб, ҳузурларига олиб келишни буюрдилар. Бир оздан кейин кириб келган одам Ҳазрати Умарнинг ҳайратланишларига сабабчи бўлди.
— Наср ибн Ҳажжож сенмисан?
— Ҳа. Шундоқ.
— Қайси қабиладансан?
— Бани Сулаймдан.
Ҳазрати Умар ёнидагиларга қараб, унинг сочини калта қилишни буюрдилар. Унинг пешоналари очилиб, келишган барно йигитга айланди. Кейин бошига салла кийгизишни буюрдилар Амр бажарилди. Наср янаям очилиб кетди. Худо билади, у шундай ҳусни билан яна қанча аёлнинг хушини олиб, тунни бедор ўтказишга мажбур қилади?
— Мен турган шаҳарда сенинг яшашга ҳаққинг йўқ, Ибн Ҳажжож!
Насрга етарлича пул ва мол-мулк бериб, Мадинани тарк этишни ва Басрага кетишни буюрдилар.
* * *
Яна бир тун Ҳазрати Умар одатларига кўра, шаҳар айланардилар. Бир неча аёллар йиғилиб олишиб, суҳбатлашаётган эди.
Шу орада улардан бирининг: “Мадинада энг барно эркак ким?’ дейиши Ҳазрати Умарни жойларида таққа тўхтатди. Кетмай жавобни кута бошладилар.
“Абу Зиъб бўлса керак”, деди бошқа аёл.
Ҳазрати Умар унинг жавобини эшитиб, тез-тез юриб кетдилар. Эртасига Абу Зиъб қидириб топилди ва ҳузурларига келтирилди. У ҳақиқатдан ҳам келишган эркак эди.
— Қайси қабиладансан?
— Бани Сулаймдан.
— Абу Зиъб (эркак бўри) сенмисан?
— Ҳа. Менман.
— Валлоҳи, сен ростдан ҳам аёллар учун бўри экансан. Ҳазрати Умар бу гапни икки-уч марта такрорладилар, сўнг сўзларида давом этдилар:
— Худо ҳаққи, мен турган шаҳарда турмайсан.
— Мўминлар амири, Мадинани тарк этишим шартми?
— Шарт!
— Унда мени амакиваччамнинг ёнига юборинг.
— Амакиваччанг ким?
— Наср ибн Ҳажжож.
Унга йўл ҳаражатлари берилиб, Басрага жўнатилди.
* * *
Ҳазрати Умарнинг авваллари ақл-заковати ва нутқига қойил қолган, Басра волийи Абу Мусо Ашъарийга: “Фикрларидан фойдаланиб, муҳим ишларда у билан маслаҳатлаш”, деганлари Зиёд ҳақида фикрлари ўзгарган эди. Абу Мусога ёзган бир мактубларида Зиёдни вазифасидан озод қилишни буюрдилар.
Охирги йилларда ҳаётидан қониқиш ҳосил қилган Зиёд Ҳазрати Умарнинг мактубини ўқиб ўзини йўқотиб қўйди. Ҳолбуки, Мадинага борганда у зотнинг олқишига сазовор бўлган эди. Бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор эди унинг назарида.
Зиёд йўлга чиқди. Бир неча кунлик азоб-уқубатли сафардан кейин Мадинага етиб келиб, амирул мўмининнинг ҳузурига кирди.
— Мўминлар амири, мени бўшатибсиз деб эшитдим.
— Ҳа, Зиёд, шундай қилдим.
— Нега? Эплай олмаганим учунми ёки хиёнат сабаблими?
— Икковиям эмас. Сен жуда ақлли инсонсан. Шу ақлинг халқ бошига бало келтирмасин, деб андиша қилдим. Бўшатишимнинг асл сабаб шу.
Зиёд индамай чиқиб кетди. Йиллар давомида қутулолмаган хорлик унинг устига келган эди.
Ҳолбуки, холис ва ҳалол меҳнат қилиб, Басра халқи ва расмийларига сидқидилдан хизмат этди. Энди эса, бунга жавоб тариқасида, бор-йўғи ақли-заковати келтириши мумкин бўлган кулфат баҳона вазифасидан озод қилинди.
Қизиқ, Ҳазрати Умарни бу фикрга ундаган Зиёднинг Муғийра ибн Шўъба ҳақидаги асоссиз фикримиди? Акалари қасам ичиб гувоҳлик берган воқеаларга Муғийра оддий гаплар билан уларнинг гувоҳлигини чиппакка чиқарган эди. Балки у кишига Аллоҳ тарафидан Зиёднинг келгуси ҳаёти ҳақида қандайдир илҳом берилгандир. Яхшигина тажриба соҳиби Ҳазрати Умарда олдиндан сеза олиш қувватлари бўлгани ҳам бор гап.
давоми бор.