O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ
170 views
01 May 2012 - 16:04

Аҳмад Лутфий Қозончи

* * *

Бадр жангида яраланганлар орасида Ҳазрати Умарнинг куёви Хунайс ибн Хузофа ҳам бор эди. Ҳеч бир муолажа ва дори-дармон унинг тузалиб кетишига сабаб бўлолмади ва Хунайс Аллоҳ ҳузурига йўл олди. Унинг хотини Хафса эса, бева қолди.
Одатга кўра, Хафса тўрт ойу ўн кун идда ўтирди. Муддат битгач, Ҳазрати Умар дўсти Абу Бакрни бир чеккага тортди:
— Менга қаранг, Абу Бакр, куёвим Хунайс вафот этганидан хабарингиз бор. Хафса тул қолган, уни турмушга бериш ниятим бор эди. Уни жуфти халолликка қабул қилмайсизми?
Улар орасидаги самимият хавас қилгулик даражада эди. Куёв-қайнота муносабатлари бу самимиятни янада чуқурлаштирарди. Энди Ҳазрати Абу Бакрнинг рози ёки норози эканини билиш қолган эди. Бироқ у зот на ҳа, деди, на йўқ. Худди ҳеч нарса эшитмагандек нари кетди. Икки оғиз жавобни истамаган Абу Бакрдан Ҳазрати Умар бир оз ранжиди.
Бир муддат ўтгач, Ҳазрати Умар худди шу таклифни Ҳазрати Усмонга билдирди. У киши:
— Шу кунларда уйланиш ниятим йўқ, — деди.

Ҳолбуки, ҳазрати Усмоннинг завжаси Руқийя яқинда вафот этган, уйланиш нияти борлиги кундек равшан эди. Бу инсонларга ўзи нима бўлган, нега таклифни рад этяптилар? Ҳазрати Умар, яхшиси бориб, Расулуллоҳга бор гапни айтмоқчи бўлди. Ва Пайғамбаримизга бўлган воқеани тўкиб солди. Шунда вазият умуман бошқача кўриниш олди:
— Хафа бўлма, Умар. Буюк Аллоҳ қизингга Усмондан афзалроқ жуфт беражак, сенга, Усмондан афзал куёв насиб қилажак.

Бу сўзлар Ҳазрати Умарга кўкдаги ойни олишдек туюлди. Бир оз вақт ўтгач, ичида қуёш порлагандек бўлди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Ҳафсага уйланиш ниятлари борлигини билдирмоқда эдилар. Ҳазрати Умар ҳам «йўқ» дея олмадилар. Чунки бундай шарафдан юз ўгириш ахмоқликдан ўзга нарса эмасди. Энди уйга бориб хушхабарни етказиш, Абу Бакр ва Усмонни топиб, бу таклифни рад этганлари учун қайта-қайта миннатдорлик билдириш қолган эди, холос. Ҳазрати Умарнинг қувончлари ичларига сиғмай кетди ва беихтиёр қуйидаги оятни эслади: «Сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сизлар учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз».(Бақара сураси, 216-оят)
Бу воқеа барчага маълум бўлганидан бир кун кейин Ҳазрати Абу Бакр Умарни топиб шундай деди:

— Умар, балки ўша куни таклифингизга на «ҳа», на “йўқ” деганимдан ранжигандирсиз. Сал аввалроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда шундай ният борлигини билганим ва мен билан бу борада маслаҳатлашганлари учун ўша куни жавоб бермаган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниятларидан қайтсалар, рози бўлардим. Лекин у зотнинг сирларини очишни истамадим (Ибн Абдулбар, «Истиоб»; Ибн Ҳажар Асқалоний, «Исоба»).
Орадан бир қанча муддат ўтиб, Расулуллоҳ Ҳафсани бир талоқ қилдилар. Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қайнота бўлганида кейинчалик қувонган бўлса, бу воқеадан сўнг шунчалик хафа бўлди ва бошидан тупроқ сочиб: «Онанг сени йўқотсин, Ҳаттобнинг ўғли, бундан кейин нима бўлса, кўраверасан», деб йиғлади.
Лекин ўша қувончли кунлар яна қайтди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келтирган илоҳий амрдан кейин Хафса онамиз яна Пайғамбаримиз никоҳларига кирдилар (Ибн Ҳажар, «Исоба»).

* * *

Ухуд жангига кетиш олдидан Ҳазрати Умар акаси Зайд ибн Ҳаттобни ёнига чақириб, совутини унга берди.
— Буни нима қиламан, Умар?
— Анув совутдан яхшироқ шуни кия қол.
— Ўзинг-чи?
— Мен сеникини кияман.
Зайднинг юзларида ёш пайдо бўлди. Кўнгли кўтарилди. Укаси берган совутни олиб кийди:
— Кўнглинг тўлдими, укажон?
— Ҳа.
— Миннатдорман. Аллоҳ рози бўлсин.
Бир оздан сўнг Зайд совутни ечиб, укасига узатди:
— Ол. Ўзинг кий.
— Нега, ака?
— Сендаги менга бўлган туйғулар менда ҳам бор. Мен ҳам сени жонимдан ортиқ кўраман. Сен менга раво кўрганингни мен ҳам сенга раво кўраман (Ибн Саъд, «Табақот»).
Сўнгра Зайд совутини кийиб, ҳануз унинг совутини кийишдан умидвор кўз тикиб турган Умарга ака сифатида амр берди:
— Қани, кий совутингни!
Ака-ука ана шундай ажойиб кайфиятда жангга киришдилар.

* * *

Жанг олдидан Расулуллоҳ камончиларга:
— Душманни олдимизга солиб қувганимизни, улардан қолган ўлжани қўлга киритганимизни кўрганингизда ҳам, мендан рухсатсиз жойингиздан жилманг! Душман бизни мағлуб қилганини, ўликларимизни қушлар чўқишни бошлаганини кўрсангиз ҳам, жойингиздан жилманг! — дедилар.

Лекин қўмондоннинг буйруғига қулоқ солмай, эгаллаб турган ўринларини тарк этган ўқчилар ўзларининг аҳмоқона ҳаракатлари билан деярли қўлга киритилган ғалабани мушрикларга тортиқ қилиб юбордилар. Бундан эса мусулмон қўшини қаттиқ саросимага тушди. Баъзилар: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлган бўлсалар, ҳаммаси тамом бўлибди», деб жанг майдонини тарк эта бошлади. Ҳазрати Умар, акаси Зайд ва яна бир қанча саҳобалар эса: «Модомики, Расулуллоҳ ўлган эканлар, қиличларимиз сингунча, ўзимиз шаҳид бўлгунча жанг қилиб, у зотга етишамиз», дейишди. Бироқ бир оз вақтдан сўнг Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тирик эканларидан хабар топгач, ёнларидан жой олди.

Жанг кутилмаган натижа билан тугади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига бўйсунмаган баъзи мусулмонлар бир умрга ёддан чиқмайдиган, деярли қўлга киритилган ғалаба ўрнига келган мағлубиятга сабабчи бўлдилар.
Абу Суфённинг «Яшавор, Ҳубал, энг олий сенсан, Ҳубал», деб қичқиришлари бошқа мўминлар каби Ҳазрати Умарнинг ҳам юракларига наштардек ботди. Кейинроқ Абу Суфён:

— Орангизда Муҳаммад борми? Орангизда Абу Бакр борми? Орангизда Умар борми? — деб қийқирди. Жавоб бўлмагач, «Демак, ҳаммаси ўлибди», деган эди, бу сўз Ҳазрати Умарнинг сабр косасини тўлдирди:
— Ҳой, хадеб валдирайверма! Ҳаммамиз соппа-соғмиз, шу ердамиз, — деб жавоб қайтарди.
Кейин бир йилдан кейин Бадрда учрашишга келишиб олинди.

* * *

Ҳазрати Умар жохилият даврида ичкилик ичмаган, десак ёлғон бўлади. Лекин ичкиликнинг одамга зарари, айниқса, инсонийликни йўқотишга сабаб бўлишини тушуниб, ҳаром қилинмасидан олдин ташлаган эди. Ақлли инсон ичганларнинг аҳволини кўриб, «ичганимда мен ҳам шундай бўлиб крламан», деб хулоса чиқариши керак. Афсуски, ичкиликка муккасидан кетганлар кўп эди. Худди шу гапларни қиморга нисбатан ҳам айтса бўларди. Ёмонлиги бир-биридан кам бўлмаган бу икки бало инсоният тарихида қанча уйларни хароб қилиб, беҳисоб оилаларни заволга олиб борган.

Энг ачинарлиси, шуларни билиб туриб ҳам бу бемаъниликдан қайтмаслик эди. Ҳазрати Умар бир куни Расулуллоҳга шу ҳақда сўз очиб, ичкилик ва қиморнинг нега ман этилмаётганини сўради. Бироқ Ҳазрати Умарни қаттиқ ўйлантираётган бу муаммо Расулуллоҳни ҳам ундан кам ташвишга солмаётган эди. У зот бу ҳақда Аллоҳдан ваҳий келишини кутаётган эдилар. Қайси ҳукм қачон келиши эса ёлғиз Парвардигоргагина аён. Ниҳоят, Расулуллоҳ Ҳазрати Умарнинг шу мавзуда саволларига жавоб бердилар.

Яъни, бу ҳақда ваҳий тушган эди: «Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Бунда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир» (Бақара сураси, 219-оят).
Ҳазрати Умар эса, аниқроқ ва равшанроқ ҳукм истарди. Зеро, бу оятни ўқиганлар орасидан «фойдаси ҳам бор эканми, демак, ичсак бўлаверар экан», дейдиган мусулмонлар, албатта, топиларди. Ҳазрати Умар бу иллатни тубдан йўқ қилувчи ҳукмни кутарди. Бир зиёфатда мўминлар яна ичкилик ичишди. Намоз пайти келганда имомликка ўтган Ҳазрати Али Кофирун сурасини тўғри ўқий олмади. Ҳолбуки, у киши хушёр пайтида бундай бўлмаслиги аниқ эди. Бу воқеа дарҳол Пайғамбаримизга етказилди. Шундан кейин яна бир оят нозил бўлди: «Эй мўминлар, то гапираётган гапларингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар» (Нисо сураси, 43-оят).

Лекин бу ниҳоя эмасди. Чунки хуфтонни ўқиб бўлиб, бомдодга қадар кайфичоғлик қилиш мумкин эди. Шундай ишратбозлик йиғилишлардан бирида муҳожир ва ансорлар ўртасида биродарлик руҳига зид шеърлар ўқилди. Натижа оғиз-бурунларнинг қонаши билан якун топди. Воқеадан хабар топган Ҳазрати Умар Расулуллоҳ олдиларига келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Аллоҳим, дардимизга даво бўладиган аниқ ва равшан ҳукм юбор», деб дуо қилдилар. (Қуртубий тафсири)
Аллоҳ ҳукмни кечиктирмади: Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам навбатдаги ваҳий келди: «Эй мўминлар, ароқ, қимор, тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз! Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос. Энди тўхтарсизлар!» (Моида сураси, 90—91-оятлар)
Ҳазрати Умар: «Ўзингга шукр, Ўзингга шукр», деб, қувончларини яшира олмади.

* * *

Бани Мустаълиқ ғазотидан қайтаётганда онамиз Оишага қилинган тухматдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ хафа бўлдилар. Бу ҳақда ҳабиби мухтарамнинг муборак кўзлари Жаброил айҳиссаломга интизор эди. Ваҳий келгунча, энг яқин кишиларидан Оиша хақларидаги фикрларини сўраб чиқдилар. Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саволларига савол билан жавоб қайтарди:
— Сизга Оишани лойиқ кўрган ким, Расулуллоҳ?

— Аллоҳ таоло.
— Яхши. Унда Буюк Аллоҳ келажакда шундай ифлос ишга қўлга урадиган аёлни сизга лойиқ кўради, деб ўйлайсизми?
Буюк Умарнинг заковати ушбу мантиқий гапларидан ҳам кўриниб турибди. Ҳазрати Умар осмонга қараб: «Аллоҳим, Сен бешак нуқсонсиз Зотсан. Бу катта туҳматдир», деди. (Халабий, «Инсанул уйун»)
Ҳазрати Умарнинг бу гаплари бир-икки кундан кейин тушган ваҳийда ҳам аксини топган эди: «Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу катта бўҳтон-ку!» десангизлар бўлмасмиди?!» (Нур сураси, 16-оят)

* * *

Ҳудайбия сафарига Каъбани тавоф этиш мақсадида чиқилган эди. Лекин маккаликлар бунга рози бўлмай, аксинча, бутунлай қарши эканликларини маълум қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жанг қилиш учун келишмаганини ва мақсадларини баён қилиш учун Маккага Ҳазрати Умарни жўнатмоқчи бўлдилар. Ҳазрати Умар Маккада душманлари кўплиги ва Адий қабиласидан ҳеч ким ҳимоясига олмоқчимаслигини айтиб, Усмонни жўнатишни таклиф қилди.

Кейинчалик Маккадан Ҳазрати Усмон ўлдирилди, деган хабар келгач, ўша ердагиларнинг барчаси Пайғамбаримизга байъат қилдилар. Сўнгги нафасгача Расулуллоҳга содиқ қолмоқчи бўлган минг тўрт юз кишининг қўлини тутиб, байъатни қабул қилиш соатлаб вақтни оларди. Табиийки, бундай ҳаракатдан Расулуллоҳнинг муборак қўллари толиқиб қоларди. Шунинг учун Ҳазрати Умар биринчилар қаторида байъат қилиб, Расулуллоҳнинг қўлларига тиргак бўлди.

Қурайшликлар билан олиб борилаётган музокаралар келишув билан тугади. Бу келишувдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақсадлари ўзаро ҳужум қилмаслик шартномасини имзолаш ва маккаликлардан бўладиган хавфни мумкин қадар камайтиришга эришиш эди. Чунки Мадина Макка мушриклари билан Хайбар яхудийлари ўртасидаги нозик жой эди. Улар ўзаро келишгудай бўлсалар, Мадинани босиб олишлари ҳеч гап эмасди. Расулуллоҳ, эса, бу мақсадни амалга ошириш учун қурайшликларга бир оз ён босгандек кўринсалар-да, аслида ундай эмас эди. Масалан, маккаликлар бу йил Каъбани тавоф этишга қарши бўлдилар. Бу унча аҳамиятли эмасди. Зеро, мўминлар Аллоҳнинг ризосини, ажру савобни истасалар, Парвардигор буни уларга беришига шубҳа йўқ эди.

Улар Мадинадан умрани ният қилиб чиққан бўлсалар-да, маккаликларнинг бунга қаршилиги туфайли ортга қайтдилар. Қайтар эканлар, Расулуллоҳдан «Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликни топгай. Ким уйидан Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сари муҳожир бўлиб чиқиб, сўнг (шу йўлда) унга ўлим етса, муҳаққақки, унинг ажри — мукофоти Аллоҳнинг зиммасига тушар. Аллоҳ, мағфиратли, мехрибон бўлган Зотдир», (Нисо сураси, 100-оят) оятини такрор-такрор эшитардилар.

Шартнома матни битилаётганда, мушриклар «Муҳаммад расулуллоҳ» деб ёзилишига ҳам қарши чиқишди. «Сени пайғамбар эканингни қабул қилганимизда қарши чиқмасдик», дейишди. Расулуллоҳ ҳам: «Муҳаммад Расулуллоҳ бўлишимга ҳалақит қилмайди», деб, исмларини улар истагандек ёздирдилар.

Шу лаҳзаларда мушриклар устун келаётгандек кўринса-да, аслида устунлик Расулуллоҳ тарафларида эди. Бунақанги ҳаяжонли вазиятни Ҳазрати Умар тушунмади. Ортга қайтаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб:
— Сиз Аллоҳнинг пайғамбаримасмисиз? — деди.
— Ҳа, мен Аллоҳ расулиман.
— Бизнинг динимиз хақ, уларники ботил эмасми?
— Худди шундай.
— Унда нега устунликни уларга бериб қўйяпмиз?
— Мен Роббимнинг буюрганини бажараман.
— Байтуллоҳни тавоф қиламиз демабмидингиз?
— Айтган эдим.
— Нега тавоф қилмай, ортга қайтяпмиз?
— Сенга шу йил тавоф қиламиз, деганмидим?
— Йўқ.
— Эй Умар, ҳали сизлардан кимдир сочини олдириб, кимдир қисқартириб, Каъбани тавоф этажаксиз.
Ҳазрати Умар нари кетди. Йўлда кетиб бораркан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қизиққонлик қилиб қўйганини тушуниб, ичдан эзилди. Ўзи ҳақида оят тушиб қолишидан қўрқди. Ниҳоят, ортдан келган овоз устидан бир пақир сув қуйгандек бўлди:
— Қаердасан, Умар? Сени Расулуллоҳ чақиряптилар.

— Онанг сендан айрилсин, Умар. Тилингни тиёлмадинг, бошингга бало орттирдинг.
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чеҳраларида табассум жилва қиларди. Ўлимга ҳукм қилинган айбсиз одамнинг тирик қолганида бўладиган қандайдир ажиб ҳислар чулғаб олди. Енгил қадамлар билан бориб, у зотга салом берди. Сўнг Расулуллоҳнинг ўзларидан «дунёнинг барча неъматларига ҳам алишилмайдиган» Фатҳ сурасини эшитди.

Хақиқий ғалаба деб шу шартнома назарда тутилаётган эди. Қурайшликлар, бу сафар марра бизники, деб қувончлари ичларига сиғмай Маккага қайтарканлар, мусулмонларга гўё мағлубдек ортга қайтаётганларида буюк фатҳнинг хушхабари келган эди. Фатҳнинг нималиги сал кейинрок, маълум бўлади. Шу кунга қадар ўн беш чақиримлик жойдагина тарқалган Ислом тўрт йил сўнгра милёнлаб километрларга чўзилган ҳудудларда ўз ҳукмини ўтказади. Мўминлар хушламаган, мушрикларга жуда муҳим кўринган шартнома бандлари эса, қуёшда эриган қордек йўқ бўлиб кетади.

* * *

Ҳудайбиядан қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол Хайбарга отландилар. Маккаликларнинг ҳужум қилмасликлари аниқ эди. Хайбар жанги бир неча кун давом этди. Жангнинг олтинчи куни оқшомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
— Эртага туғни бир инсонга бераман. У инсон Аллоҳни ва Унинг Расулини севади. Аллоҳ унинг қўли билан фатҳ, этади.
Бошқалар қатори Ҳазрати Умар ҳам бундан ҳаяжонга тушди. Тонггача шу ҳақда ўйлаб чиқди. Танланадиган инсон битта бўлади. Бомдод намозидан кейин бошқалар каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаршиларига чўкди. Туғни олиш иштиёқи Ҳазрати Умарни «мен бу ердаман» дейишга мажбур этди. Бироқ моддий манфаати йўқ, лекин дунё хазиналаридан аълороқ бу вазифа Ҳазрати Алига топширилди.

Ҳижратнинг еттинчи йилида Исломга кирган Амр ибн Ос кўп ўтмай уч юз кишилик қўшинга бош бўлиб, йўлга чиқди. Кейинчалик яна уч юз кишилик ёрдам кучларини олиб, Зотуссалосил тарафга кетган Ҳазрати Амр сафардан ғалаба билан қайтди. У киши учун муҳими қўшин сафидан Ҳазрати Абу Бакр, Умар, Абу Убайда каби илк мусулмонларнинг ҳам борлиги эди. Бунақанги танланган инсонларга қўмондонлик қилиш оддий вазифа эмасди. Кейин жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан таассуротларни эшитиш мақсадида:
— Энг суюкли инсон ким сизга, эй Расулуллоҳ? — деб сўради.

«Билмайсанми, Амр, албатта, сен-да», дейишларини кутган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса:
— Оишани севаман, — дедилар.
— Эркаклардан кимни яхши кўришингизни билмоқчийдим.
— Оишанинг отасини яхши кўраман.
— Кейин-чи?
— Умарни.
Ҳазрати Амр бу саволни яна бир неча бор такрорлаб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кимларни яхши кўришларини билиб олди. Лекин кутилган жавобни ололмади. Фақат Ҳазрати Амр бу севги занжирида кимлар борлигини ҳеч кимга айтмади ва ушбу сирни ўзи билан қабрга олиб кетди. (Ибн Касир, «Сийар»)

* * *

Бир куни Ҳазрати Умар жаҳли чиқиб, аёлига қўпол муомала қилди. Аёли эса бунга жавоб қайтарди. Бундай ишнинг бўлиши мумкин эмасди. Умардек одамга бир заифанинг гап қайтариши қизиқ туюлди ва аёлидан бунинг сабабини сўради:
— Қизинг ҳам Расулуллоҳнинг бошқа аёллари каби у зот билан баҳслашиб қолади. Бир-бирларидан аразлаган кунлари ҳам бўлган, — деб жавоб берди Ҳазрати Умарнинг аёли.
Бундан донг қотган Ҳазрати Умар дарҳол қизининг олдига бориб, шу гап рост-ёлғонлигини сўради. Ҳафса онамиз:
— Ҳа, баҳслашганмиз, ҳатто хафалашган кунларимиз ҳам бўлган, — деди.
— Бу ишни қилдинг — тамом бўлдинг. Аллоҳ Расулининг ғазаби — Аллоҳнинг ғазаби, Аллоҳнинг ғазаби — банданинг ҳалокати эканини билмайсанми?! Расулуллоҳ билан асло тортиша кўрма! Бирор нарсани тусасанг, менга айт, мен қиламан. Кундошинг Оиша сендан гўзалроқ ва суюклироқ экани сени ранжитмасин. У шундай қилса ҳам, сен бундай қилма, — деб қизига танбеҳ берди. («Сунани Термизий»)

* * *

Кунларнинг бирида форс иттифоқчиларидан бўлган Бакр қабиласи мусулмонларнинг иттифоқчиларидан бўлган Хузофа қабиласига ҳужум қилди. Бу ҳужумда қурайшликлар иттифоқчиларига қурол-аслаҳадан ёрдам бериш билан чекланмай, баъзилари ҳужумда қатнашишди ҳам. Бироқ қилиб қўйган ишлари қандай оқибат билан тугашини кечроқ тушунишди. Шартномани янгилаш мақсадида улар Мадинага Абу Суфённи жўнатишди.
Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ҳазрати Абу Бакрни қидириб топа олмагач, Ҳазрати Умарнинг олдига келиб, у зотдан ёрдам сўради Ҳазрати Умар эса:
— Шуни яхши билгинки, Абу Суфён, дунёда ёнимда туришга чумолидан бошқа жонзот қолмаган тақдирда ҳам мен сизларга қарши курашни давом эттираман, — деб жавоб қайтарди.
Абу Суфён тарвузи кўлтиғидан тушганча, Маккага қайтиб кетди.

* * *

Ушбу воқеадан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳига тайёргарлик кўра бошладилар. Вазиятни фаҳмлаган Хотиб ибн Балтаъа Маккага кетаётган отарчи хотиндан мактуб бериб, дуч келган маккаликка беришини илтимос қилди ва хизмат ҳаққи учун ўн динор тутқазди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссалом келтирган хабари туфайли Али, Микдод ва Зубайрни аёлнинг кетидан жўнатдилар ва уни қаерда учратишни ҳам айтиб бердилар. Аёлдан хатни олиб келиш керак эди. Агар бермаса, ўлдириларди.

Уч ҳамроҳ бориб хатни олиб келди ва Расулуллоҳнинг қўлларига топширди.
Хотиб эса чақирилиб, нега бундай қилгани сўралди. У қурайший эмаслиги, Маккада қолган оиласи ва молини ҳимоя қиладиган одам йўқлиги туфайли уларни шу йўл билан ҳимояга олмоқчи бўлганини айтди. Ҳазрати Умар сакраб турди:
— Рухсат этинг, Расулуллоҳ калласини олай.
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хотибнинг рост гапирганини ва Бадр ахлидан бўлгани сабабли Аллоҳ учун кечирганини айтдилар.

* * *

Маккага жуда яқин қолганда, Марруззаҳрон деган жойда охирги марта дам берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ким топганини тўплаб, олов ёқишни буюрдилар. Ёқилган ўтиннинг тутуни кўкни тутди. Нималар бўлаётганини билиш мақсадида келган Абу Суфённи икки ҳамроҳи билан тутиб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос уларни ҳимоясига олди. Уларни Ҳазрати Умар ҳам кўрди ва фурсатни қўлдан чиқармай, жазолаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан рухсат олиш мақсадида у зотнинг чодирларига шошилди. Айни шу пайтда Аббос ҳам ўша ёққа от сурди. Икковлари ҳам чодирга бир вақтда кириб бордилар.

— Ё Расулуллоҳ Абу Суфён ҳозир бизнинг қўлимизда, рухсат этинг, калласини олай, — деди Ҳазрати Умар.
Аббос эса:
— Мен уни ҳимоямга олдим, — деди. Сўнг Умарга юзланиб, гапни бошқа ёққа бурди: — Ўзингни бос, Умар. Агар Абу Суфён сенинг қабилангдан бўлганида уни ўлдиришга бу қадар шошилмасдинг. Сенга маълумки, бу одам Абдуманноф авлодидан.

Абдуманноф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бобокалонлари эди. Аббос бу билан, сен Абу Суфённи пайғамбарнинг қариндоши бўлгани учун ўлдирмоқчисан, демоқчийди. Ҳазрати Умарда эса, табиийки, бундай ният умуман йўқ эди. У киши фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган йўлдан юриб, у зот кўрсатган мақсадга интиладиган оқкўнгил инсон эди. Бу гапларни Ҳазрати Умарга айтмоқчи бўлган одам, у кишини яхши билмаслиги керак эди. Ҳазрати Умар эса, гапни чўзиб ўтирмади, фақат:
— Сен ҳам ўзингни босиб ол, Аббос. Худо ҳаққи, отам Ҳаттоб Исломни қабул қилганида ҳам сен Исломни қабул қилганингда қувонганимдек хурсанд бўлмасдим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наздларида сенинг Исломга киришинг Ҳаттобнинг Исломга киришидан кўпроқ орзу қилинган эди, — деди.
Бу гаплар хақ эди. Тушунган одамга шу жавоб ҳам етарли эди. Боядан бери жон-жаҳди билан дўстини ҳимоя қилаётган Аббос мақсадига эришиб, Абу Суфённи ҳимоясига олди.

* * *

Макка фатҳидан кейин аёллардан байъатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан Ҳазрати Умар қабул қилди.

* * *

Бир кун Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
— Изн беринг, Маккага бориб, умра қилиб келай, — деди.
Расулуллоҳ рухсат бердилар. Лекин Ҳазрати Умар кетар-кетмас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини чақирдилар:
— Дуоларингда бизни ҳам ёд эт, эй биродарим. Бизни унутма дедилар.
Бу гаплар Ҳазрати Умарни эритиб юборди. Йўл давомида ажиб ҳисларга чулғаниб кетди. Хурсандчиликлари шу даражада эдики, дунёнинг бутун неъматлари бу сўзларга тенг келолмас эди (Ибн Саъд, «Табақот»).
Умрадан қайтгунигача кўнгли шу қувончга тўлиб юрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзлари кулоклари остида жаранглаб тураверди. Дуо қиларкан, бор ихлос ва самимият билан Аллоҳдан сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу илтимослари Ҳазрати Умарга бўлган муҳаббат ва ҳурмат нишонаси эди.

* * *

Бир кун кечаси кимдир Ҳазрати Умарнинг эшигини тақиллатди ва Расулуллоҳ барча аёлларининг жавобларини берганларини айтиб кетди. Ўша тун жуда ёмон ўтди. Бомдод намозини ўқиб бўлиб, Умар тўппа-тўғри масжидга борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерда кўринмадилар. Масжидга совуқ жимжитлик ва маҳзунлик чўккан эди. Кейин қизининг олдига бориб, у билан гаплашди. Сал олдинроқ: «Расулуллоҳ сенинг жавобингни беролмасалар, менинг юзим учун эсинг йиғ!» деганларни яна эслатди. Ҳазрати Ҳафсанинг қўлидан эса, шу дамда йиғлашдан бошқа иш келмасди. Талоқ қилинган қилинмаганини аниқ билмас ҳам эди. Бошқа аёлларнинг аҳволида шундай эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжид ортида «Машруба» номли боғда эдилар. У зот ҳеч ким билан кўришишни истамасдилар. Ҳазрати Умар уч бора киришга ҳаракат қилиб кўрдилар, лекин рухсат тегмади. Охири баланд овозда:
— Расулуллоҳ мен Ҳафсанинг гуноҳини сўраб келганим йўқ. Агар амр этсангиз, шу заҳотиёқ калласини оламан, — деди.
Шундан кейингина ичкарига киришга рухсат берилди.

Боғдаги манзара унчалик хунук эмасди. Хурмо пўсти билан тўлдирилган тери ёстиқ бўйрали тўшак, яхши ошланмаган битта тери, бир ховуч арпа — мана шулар боғ ичида яратилган шароит эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баданларида бўйранинг излари қолган. Ўзи оламларга раҳнамо қилиб юборилган инсон бўлсалар-у, бунақанги содда ҳаёт тарзи…
Ҳазрати Умар ўзларини тута олмай, йиғлай бошлади.
— Нега йиғлаяпсан, Умар?
— Эй Аллоҳнинг Расули, Кисро, Қайсарлар дунё неъматидан бахраманд бўлиб яшаса-ю, сиз бу ҳолда яшасангиз. Бўйра баданингизга ботиб кетибди, яхшироқ жой ҳозирлайлик.
— Менинг дунёга бўлган қизиқишим, эй Ҳаттобнинг ўғли, дарахт соясида бир оз дам олиб, кейин йўлида давом этган инсонники кабидир.

— Аёлларингизнинг жавобини бердингизми, ё Расулуллоҳ?
— Йўқ. Улардан бир ой узоқроқ юрмоқчиман.
Бу жавоб Ҳазрати Умарнинг кўнглини тинчлантирди. Бир ойдан кейин Ахзоб сурасини 28—34-оятлари инди. Бу оятлар, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига тегишли эди. Шу билан муддат тугаб, яна фараҳли кунлар бошланди.

* * *

Табук ғазотида шундай воқеа юз берди: қўшин ичида уч-тўрт киши бир туяни сўймоқчи бўлишаётган эди. Буни Ҳазрати Умар кўриб, нега ундай қилаётганларини сўради:
— Очликдан, — деб жавоб қилишди.
— Бир оз кутиб туринглар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди ва миниладиган ҳайвонларнинг сўйилавериши Мадинага қайтаётганда анча қийинчилик туғдиришини айтди, сўнг:
— Айтинг, ҳамма бор егулигини ўртага қўйсин, Расулуллоҳ кейин баракали бўлиши учун дуо қилинг, — деди. Ҳазрати Умарнинг бу таклифи қабул килинди.
Бутун қўшиндаги егулик жуда оз эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олдилар, сўнг икки ракъат намоз ўқиб, дуо қилдилар. Дуодан кейин егуликларни халталарга солишни буюрдилар. Ҳақиқатан ҳам, ўртадаги дастурхондан олинаётган хурмоларга барака кирди, тўлдирилмаган қоп қолмади. Бу ҳол мўминларнинг кўнглига ўзгача ҳузур бағишлади.

* * *

Табукдан қайтилгач, кунларнинг бирида Мадинада ўлим шабадаси эсди. Мунофиқлар раиси бўлган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳаётдан кўз юмди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига чин мусулмон бўлган ўғли Абдулло келиб, у кишининг изорларини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларинн отасига кафан қилиб, азоб енгиллашишидан умидвор эди.
Расулуллоҳ жанозага ҳозирлик кўраётган бир пайтда, Ҳазрати Умар Ибн Салулнинг қилган ишларини бирма-бир эслатиб, намоз ўқишга халақит қилмоқчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунақа масалаларда ихтиёр ўзларида эканини айтсалар, Ҳазрати Умар Ибн Салул ҳақида янги-янги воқеаларни айтиб, намоз ўқишдан қайтаришга уринар эди. У киши шу даражада қизишиб кетдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўкрагидан итариб, тинч қўйишини сўрадилар ва жаноза намозни ўқидилар.

Энди навбат уни дафн этишга келган эди. Расулуллоҳ қабр бошида туриб, уни дуо қилдилар. Қабрга тупроқ тортиларкан, Ҳазрати Умар қизишиб кетганини англади. Ибн Салул ҳақида айтганлари тўғри бўлмаганини тушунди. Ҳазрати Умар шуларни ўйлаётган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий кела бошлади. Атрофни ҳаяжон чулғади. Ҳазрати Умар Расулуллоҳга озор бергани учун ваҳий сўнгида танбеҳ олиши мумкинлигини ўйлаб, ҳадиксиради. Ваҳий тушиб бўлгач, Расулуллоҳ уни ўқиб бердилар: «Улардан бирортаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг! Чунки улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига кофир бўлдилар ва итоатсиз ҳолларида ўлдилар. Сизни уларнинг мол-дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли бу дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида жонлари чиқишини истайди, холос» (Тавба сураси, 84-85-оятлар).

Оятларни ўқиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерни тарк этдилар. Ҳазрати Умар эса, енгил тин олди ва кўнглига раҳмат нури ёғилди. У кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари ва мунофиқларга қарши нафратлари сабаб қилган юқоридаги ҳаракатлари Аллоҳ томонидан оқланган эди.
Лекин Ҳазрати Умар бу оятлар тушгач, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдларига бориб ҳеч қачон: «Сизга айтган эдим, унамадингиз», демайди.

Шу ерда бир нарсани айтиб ўтишни лозим деб топдик. Расулуллоҳнинг ҳаётларини ўрганиш Ҳазрати Умарнинг ҳаётларини ўрганиш демакдир. Чунки Исломни қабул қилганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин икки дўстидан бирига айланиб, умрининг ўн етти йилини оламларга раҳмат бўлиб келган Ҳазрати Пайғамбар билан ҳам нафас ўтказди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлимлари хабарини эшитиб даҳшат ичра «Расулуллоҳни ўлган деган одамларни ўлдираман», дегани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларига бағишланган «Саодат асри қиссалари» китобида баён этилди. Ҳазрати Абу Бакр даврларидаги ҳаёти эса, у зотга бағишланган «Илк ва буюк халифа Ҳазрати Абу Бакр» деган китобдан ўрин олган. Уларни такрорламай, асарнинг кейинги қисмини Ҳазрати Абу Бакрнинг вафотларидан бошласак.

Ҳазрати Абу Бакрнинг охирги кунлари

Мадинадан келган буйруққа биноан Холид ибн Валид Ироқни Мусаннога қолдириб, Шомга кетди. Ярмук жангида қўшинга бош қўмондонлик қилиши керак эди.

Ўлимга тик қарайдиган ва иқтидорли қўмондон саналган Мусанно Форс ҳукмдори Шаҳрирондан мактуб олди. Унда: «Товуқ ва чўчқабоқар ҳамда Форснинг энг қонхўр одамлари қўшинга қўшиб жўнатилган», дея битилган эди ва Шаҳрирон бу билан энди бу ишга мен аралашиб ўтирмайман, буни уларга қолдирдим, демоқчи эди.
Мусанно ҳам унга жавобан: «Ишингни товуқ ва чўчқабоқарларга қолдирган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин», деб ёзди ва Аллоҳнинг изни билан уларни ҳам ер билан яксон қилишини айтди.

Бу жавоб Форс шоҳининг тишларини ғижирлатиб юборди. Унинг жазосини бериб, янги чиққан диннинг ёйилиши олдини олиш лозим эди. У қўшинни тўплашни буюриб, унга Жазовайҳ исмли одамни қўмондон қилиб тайинлади ва: «Шу ишни битиришни сенга топширдим», деди. Жазовайҳ йўлга чиқиб, Бобил атрофларида Мусаннонинг қўшини билан тўқнаш келди.

Форс қўшини ғалаба қозонишга шубҳа қилмасди. Лекин уларни аламли мағлубият кутаётганини билмасдилар. Жангда форслар енгилиб, қоча бошлади. Мусулмонлар уларни Мадоин шаҳригача қувиб бордилар.
Мусанно ғалаба хушхабари билан бирга ўлжанинг бешдан бирини Мадинага юборди. Ўзи халифанинг буйруғини кутди. Лекин ҳеч бир хабар келмагач, ўрнига Башир ал-Насосияни вакил қилиб қолдириб, қисқа йўллардан Мадинага етиб олди. У ерда Ҳазрати Абу Бакр охирги лаҳзаларни яшаётган эди. Узоқ гаплашишнинг имкони бўлмади. Шунинг учун қисқа қилиб, душманнинг аҳволини тушунтирди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлимларидан кейин диндан қайтганлар тавба қилиб келсалар, уларни кечириш керакми-йўқми, шуни сўради. Ҳазрати Абу Бакр ижобий жавоб берди.

Кейин Ҳазрати Абу Бакр янги раҳбар Ҳазрати Умарни ёнига чақирди:
— Бугун куним битганга ўхшайди. Ўлганимдан кейин кеч тушишини кутмай, одамларни йиғиб, Мусаннога қўшиб, у ёққа юбор. Ҳеч бир мусибат сизларни Раббингиз амри ва Пайғамбарингиз васиятларини амалга оширишдан чалғитмасин. Расулуллоҳ вафот қилганларида мен нималар қилганимга ўзинг гувоҳ бўлдинг. Ҳолбуки, инсонларга бундай мусибат аввал бўлмаган эди. Кейин Ироқдан Шомга кетиб, у ерда ғалаба қозонганларни яна Ироққа қайтар. Чунки улар Ироқ ерлари ва у ернинг халқини яхши биладилар, — деб васият қилди.
Ҳазрати Абу Бакр ўша кеча вафот этди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)
13 ҳижрий йили жумадул охир ойининг 22-кунида дафн қилинди.

Ҳазрати Умар эса, ўша куниёқ Абу Убайда ибн Жарроҳга ушбу мазмунда хат ёзди: «Аллоҳни сев! Фақат Угина боқий, қолган барча нарса фонийдир. Бизни залолатдан чиқариб, хидоятга йўллаган ҳам Удир. Сени Холид ибн Валиднинг қўшинига бош қўмондон этиб тайинлайман. Дарҳол ишга кириш. Ўлжа кетидан қувиб, мусулмонларнинг ҳаётини хавф остига қўйма. Йўлларини яхши билмайдиган жойингга қўшинни жойлаштирма. Аллоҳ сени мен билан, мени сен билан имтиҳон қилажак. Дунёдан юз ўгир, кўнглингни дунё дардига мубтало қилма. Сендан олдин кўпларни ҳалокатга олиб борган дунёнинг дарди сени ҳам шу кўйга солмасин».

Шу тариқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Сайфуллоҳ» деб лақаб берган Ҳазрати Холиднинг мансаби қуйироқ бўладиган бўлди. Ҳазрати Холид бош қўмондонликка тайинланган Убайда ибн Жарроҳга яхши маслаҳатгўй ва ёрдамчи бўлди. Кечагина қўл остида бўлган одам буйруқ бериб турган шароитда Аллоҳ ризоси учун хизматни давом эттириш ҳамманинг ҳам қўлидан келмасди.

Авваллари ҳам Ҳазрати Умар Ҳазрати Абу Бакрга мурожаат қилиб, Холидни вазифасидан бўшатишни сўраган, ҳатто Молик ибн Нувайранинг ўлдирилишидан кейин жазолашни ҳам талаб қилган эди.
Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида Исломни қабул қилган Молик кейинчалик пайғамбарликни даъво қилган хотинга ишқи тушиб қолиб, унинг кетидан юрт кезиб келди ва охири айбини тушуниб тавба қилди. Холид ибн Валид эса унинг тавба қилганидан бехабар эди. Ахир Ҳазрати Холид ҳам инсон эди, хатога йўл қўйиши мумкин эди. Лекин ҳар қандай қусур билан ёнма-ён бир фазилат ҳам бўлишини ёддан чиқармаслик керак. Бошқа тарафдан қараганда, Ҳазрати Умар уни вазифасидан бўшатилишига анчадан бери ҳаракат қилиб юрарди. Энди ҳокимият у кишининг қўлига ўтгач, ишдан бўшатмаган тақдирида ҳам, Абу Бакр даврида унинг ишдан бўшатилиши тарафдори эдинг, энди нега ундай қилмаяпсан?» дейдиганлар топилар эди.

Аммо қайси тарафдан қаралганда ҳам, Ислом тарихидаги мислсиз бу қўмондоннинг ишдан олиниши тўғри иш эмасди. Унинг ишдан олиниши учун бу қадар шошилиш керак эмасди. (Шу ўринда муаллифнинг мазкур фикрларига озгина изоҳ лозим кўринади. Аҳмад Лутфий Қозончи ҳазратларининг хулосасини ҳурмат қилган ҳолда тарих китобларида Холид ибн Валиднинг вазифасидан олинишига доир келтирилган ижобий сабаблардан бирини айтиб ўтамиз. Ўша пайтда қозонаётган ғалабалари туфайли Холид розийаллоҳу анҳуга одамларнинг тобора ихлоси ошиб борар, муваффақиятлар унинг номи билангина боғланиб қолаётган эди. Бир кун келиб, бу нарса ҳалқ ичида нохуш ҳолатларни юзага чиқариши ҳам мумкин эди. Ҳазрати Умар ана шу хавфнинг олдини олдилар. Дарҳақиқат, Ҳазрати Холиддан кейин ҳам Ислом қўшини ғалабалар қозонишда давом этди. – Муҳаррир)

* * *

Ҳазрати Абу Бакр тупроққа қўйилган кунлари Мадина бошқа бир ўлим хабаридан даҳшатга тушди: Расулуллоҳга яқин саҳобалардан бири Арқам ибн Абу Арқам вафот этди.

Арқам Каломуллоҳда «ас-сабиқунал аввалун», яъни, иймон ва фазилат йўлида сафнинг энг аввалида турувчилардан, деб мақталган инсонлардан бири эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурайшликларнинг тинимсиз озор ва тазйиқларидан тўйиб, Сафо тепалигидаги Арқамнинг уйига қўниб ўтган ва у ерда бир неча йиллар истиқомат қилган эдилар. Арқамнинг уйи Исломнинг бешиги эди. Жуда кўп мусулмонлар, шу жумладан, Ҳазрати Умар ҳам у зотнинг уйида мусулмон бўлган. Мушриклар учун «Доруннадва» бўлган бўлса, мўминлар учун «Дорул Арқам» мавжуд эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда кўп хизматлари сингган ана шундай улуғ инсон дорул бақога рихлат қилди. У киши уйини минг таҳликага қўйиб, Аллоҳ ризоси учун иймон уйига айлантирган эди. Энди Аллоҳ ҳам уни абадий неъматлар билан сийлайди.

Арқамни Бақиъ қабристонига дафн қилишди. Йиғлаган кўзлар хануз қуримаган. Агар ер ўзига кўмилган инсонларга қараб ранг олсайди, Бақиъ қабристони энг нурли ҳолатда бўларди. Умматнинг энг афзаллари, инсонларнинг энг шарафлилари, Аллоҳ йўлида жон берганларнинг пешқадамлари шу мозор бағрига дафн этилган бўлиб, Бақиъ тупроғи уларнинг муборак ва азиз вужудларидан бир нур булоғига айланган эди. Исрофил алайҳиссалом сурини чалганида энг кўп иззат-икромга лойиқ кўриладиган инсонлар бошларидан Бақиънинг тупроғини қоқиб, ўрниларидан тураётган одамлар бўлади.

Дунёда қолган сўнгги мусулмонда ҳам уларга нисбатан миннатдорлик ва шукроналик ҳисси бўлмоғи лозим. Зеро, Ислом дини улар фидо қилган жон ва қон туфайлигина оёққа турди, уларнинг илми билан бугунга қадар етиб келди. Бу тупроққа қиёматгача туну кун илоҳий раҳмат ёғилиб турса, бу Аллоҳ йўлида тўкилган қон ва У учун фидо қилинган жон туфайлидир.
Аллоҳ уларни севган, уларга кўнгил берган инсонларни қиёмат куни ўша зотлар билан бирга тирилтирсин!

давоми бор.