Аҳмад Лутфий Қозончи
* * *
Энг кўп маош Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Аббосга тайинланди – йилига ўн икки минг дирҳам. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига ўн минг дирҳамдан. Факат Жувайрия ва Сафияга олти минг тайинланди.
— Нега бизни бошқалардан ажратяпсиз. Ахир улар ўн мингдан олишяпти-ку!
— Чунки сизлар чўриликдан никоҳлангансиз.
—Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу масалада барчамизни тенг кўрардилар. Сиз ҳам шу тенгликни тан олинг.
Ҳазрати Умар рози бўлди ва уларнинг йиллик маошлари ўн минггача оширилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бу иккови гўзаллик борасида бошқаларни ортда қолдирарди. Бир пайтлар малика бўлган хонимлар тақдир тақозоси билан асир тушиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирилган эди. Пайғамбардан бўлган таклифни ортиқча ўйланишсиз қабул қилиб, аввал мусулмон бўлдилар, кейинчалик мўминлар онаси деган юксак шарафга эришдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ҳеч қачон асири сифатида қарамаганлар.
Ҳазрат Али ўзларига тайинланган саккиз минг дирҳамга рози бўлди. Рози бўлмасликка ҳаққи бор эди. Бинобарин, Исломга, Расулуллоҳга хизмат қилиш борасида факат Ҳазрати Умаргина у кишидан устун келиши мумкин эди, лекин мол-дунёга рағбат қилмаслиги ва ҳалимлиги эътироз билдиришга йўл қўймади.
* * *
— Нима сабабдан менга кундошларимдан кўп маош тайинланди?
— Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сизга меҳрлари бўлакча эди.
— Тўғри, лекин бу масалада улардан фарқланишни истамайман.
Шундай қилиб, Ҳазрати Оишага тақдим қилинган ортиқча икки минг дирҳам қайтариб олинди.
* * *
Мўминлар онаси Зайнаб бинти Жахш келтирилган пулларга қараб:
— Дўстларим буни мендан яхшироқ тарқатармидилар, — деди.
— Бу тарқатишга эмас, балки сизнинг йиллик маошингиз.
— Раҳмат.
Пулни олиб келган одам қайтиб кетгандан кейин Зайнаб қўшни аёлни чақирди. Пулнинг устига рўмол ташлади ва пулдан бир ҳовуч олишни буюрди.
— Буни фалончига олиб бор. Тўхта, яна бир ҳовуч ол.
Келтирилган пуллар бир соат ўтар-ўтмас, тарқатиб бўлинди.
Орада сарсон бўлган бояги аёл:
— Бунда менинг ҳам ҳаққим бор, мўминлар онаси. Пул эса, тугаяпти, — деди.
— Сен ҳақсан, рўмолни ол.
Рўмол остидага пул саналганда, бор-йўғи саксон беш дирҳам чиқди.
— Шуларни олақол.
Сўнгра қўлларини кўтариб дуо қилди:
— Аллоҳим, Умар берган бу пуллар келаси йили менга тегмасин!
Ҳолбуки, Зайнаб онамиз бунақа дуо қилишга мажбур эмасди. Кўп мол-мулк билан яшасам, улар мени ўзгартиради, деб ўйладими? Ёки дунё ҳаёти машаққатларига бардош беришга тоқати тугаганмиди? Мўминлар оналарига нисбатан Ҳазрати Умарда ёмонлик қилиш нияти бўлиши мумкин эмасди. Ҳазрати Зайнаб нега бундай қилгани бизга қоронғу.
Бир нарса аниқки, Зайнаб сахийлик билан ном чиқарган эди. У ҳамма нарсани охиратга олиб кетиш учун маошини камида ўн баробар қилиб қайтарадиган Буюк Парвардигор йўлида ниёз қилган эди.
* * *
Сафвон ибн Умаййа келтирилган маошни кўриб, янглишишган бўлса керак, деб ўйлади.
— Янги низомга кўра, сизга шу миқдорда маош тайинланди.
— Ҳамма шунча оладими?
— Йўқ, кимдир кўпроқ олади, кимдир камроқ.
— Ундай бўлса, мен бу пулларни олмайман. Қурайшда мендан обрўлироқ инсон бор эканми?!
Сухайл ибн Амр ва Ҳорис ибн Ҳишомлар ҳам юқоридагидек сабабни рўкач қилиб, қабул этишдан бош тортишди ва халифанинг ҳузурига киришди.
— Биздан ҳам кўпроқ маош олаётганлар бор экан, деб эшитдик, эй амирул мўминин. Ахир биз кимларнингдир ортида қолиб кетсак, қандоқ бўлади?
Ҳазрати Умар, мен сизлардан ҳам кам оламан, демади.
— Биз маошни насл-насабга қараб белгилаганимиз йўқ. Шундай бўлганида, энг кўпини сизлар олардингиз. Биз Исломни қачон қабул этгани ва қилган хизматларини кўпроқ ҳисобга олдик.
Бошқа шунга ўхшаш эътироз билдирилганда: «Мен Расулуллоҳга қарши жанг қилганлар билан у кишининг ёнида елкама-елка турганларни тенглаштиролмайман», дея жавоб қайтарди. Ҳазрати Умарнинг бу жавобига улар эътироз билдиролмай, изларига қайтиб кетишди.
Бадр жанги иштирокчиларига беш минг, уларнинг завжаларига эса беш юз дирҳамдан тайинланди. Икки қария ва икки ўспирин Бадрда қатнашмаган бўлса-да, ўша маошни оладиган бўлди. Улар Салмон Форсий билан Абу Зарр, Ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайнлар эди.
Ҳудайбия қатнашчилари ва Ҳабашистонга сафар қилган муҳожирларга тўрт ярим минг, аёлларга тўрт юз эллик дирҳам белгиланди.
Ҳазрати Абу Бакр бошчилигида диндан қайтганларга қарши курашганларга уч минг, аёлларига уч юз дирҳам, Ярмук ва Қодисия жанглари иштирокчиларига икки минг, уларнинг аёлларига икки юз дирҳам белгиланди. Ушбу жангларда жонбозлик кўрсатганларга эса икки ярим минг дирҳам маош тайинланди.
«Қодисия ва Ярмукда катнашганлар билан Бадр иштирокчилари баробар ола қолсинлар, эй мўминлар амири», дейишганда, «Йўқ, бунақа қилмаймиз», дея жавоб берди. Қолганлар минг, уларнинг аёллари юз дирҳамдан олди. Болалар эса уч юз дирҳамлик бўлди. Факат эмизикли чақалокларгагина пул ажратилмади. Сўнгра Ҳазрати Умарнинг фармонларига биноан, Мадинадаги олтмиш нафар фақир одам чақирилди. Улар олдиларига қўйилган икки замбил хурмони бир зумда еб битирдилар. Бу билан бир камбағал кишининг ойлик таоми миқдори маълум бўлди. Уларнинг ҳар бирига ҳар ой икки замбил хурмо бериладиган бўлди.
* * *
Мукофот миқдорини белгилашда қандайдир хусусиятлар эътиборга олингани бир қанча кўнгилсизликларга ҳам сабаб бўлди. Зеро, ҳар қандай инсонда нафс деган бало бўлади. Халифага эътироз билдирганлардан бири ўғли Абдуллоҳ эди.
— Отажон, менга уч минг дирҳам тегди, Усомага эса тўрт минг. Ҳолбуки, менинг отам унинг отасидан кам эмас. Ўзим ҳам Усомадан устунроқ бўлсам керак. Ахир, сафарларда ундан кўпроқ қатнашганман.
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усомани сендан кўпроқ яхши кўрардилар. Унинг отаси ҳам у зотга сенинг отангдан кўра маҳбуброқ эди.
Ҳазрати Умарнинг бу гаплари тўғри, дейишга ҳақлимизми? Расулуллоҳдан: «Энг севганингиз ким?» дея сўрашганида у зот аввал Абу Бакрни, кейин Умарни тилга олганлар. Исломга хизмат борасида, Ҳазрати Умар билан Усоманинг отаси Зайдни киёслашнинг ўзи тўғри бўлмас. Лекин Ҳазрати Умар ўғлига «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Зайддан кўра кўпроқ яхши кўрганлар», дея олмасди. Бу билан буюк зот ўта камтарлик қилди.
Абдуллоҳ агар халифанинг ўғли бўлмаганида, балки Усома билан баробар маблағ оларди. Чунки у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан шу қадар кўп бирга бўлганки, бундай одамлар жуда кам эди. Абдуллоҳнинг бундан кейинги ҳаётига назар соладиган бўлсак ҳам, у отасининг илм ва адолат борасида ишларини уммати муҳаммадияга етказишда беқиёс хизмат қилганини кўрамиз. Расулуллоҳнинг суннатларига амал қилиш ва уни билишда Абдуллоҳнинг олдига тушадиганлар жуда оз. Бу жиҳатдан Абдуллоҳ ибн Умар Усомадан бир эмас, икки бор устун эди. Шу воқеадан кейин яна эллик беш йил ҳаёт кечирган у зоти шариф мол-дунёга ортиқча эътибор бермай яшади.
* * *
— Мана бу йигитга минг дирҳам кўп берингиз!
Бу йигит Умму Салама онамизнинг ўғли Умар эди. У аслида икки минг олиши лозим эди. Бундан Хабар топган Муҳаммад Ибн Абдуллоҳ ибн Жахш Ҳазрати Умарнинг олдига келди.
— Отамиз унинг отасидан баъзи сифатлари билан устунроқ эди-ку!
— Сенга отангнинг ҳурмати учун икки минг берилди, унга ҳам. Лекин у Умму Саламанинг ўғли. Агар сенинг ҳам Умму Саламадек онанг бўлганида эди, сен ҳам уч минг дирҳам олган бўлардинг. («Китобул хараж»)
* * *
Ўша кунларда яна бир қизиқ воқеа содир бўлди. Ҳаётлик чоғидаёқ жаннатга кириши хушхабари берилган Абу Талха ибн Убайдуллоҳ, иниси Усмоннинг мукофот пулини эшитиб, чидаб туролмади.
— Яхши бўлмапти, мўминлар амири!
— Нима яхши бўлмапти?
— Сиз Анаснинг ўғли Назрга икки минг дирҳам берибсиз. У тенги йигит эса, саккиз юз олибди.
— Абу Талха, сен ўзингча ҳақсан. Лекин сенга бир нарсани айтиб берай. Ухудда Назрнинг отаси Анасга дуч келдим, у мендан: «Расулуллоҳнинг аҳволлари калай?» деб сўради. «Ме-нимча, шаҳид бўлдилар», дея жавоб бердим. У шу заҳоти қиличининг қинини синдириб: «Пайғамбар ўлса ҳам, уни юборган Аллоҳ ўлмайди», деганча олдинга отилди. Айни ўша пайт Усмоннинг отаси қўйларини боқиб юрган эди. Бундан ўзинг ҳам хабардорсан. Қани айт-чи, шунда ҳам уларни тенг кўрайми?
Талханинг берадиган жавоби йўқ эди. («Китобул хараж»)
* * *
Ҳазрати Умарга маош тайинлаш навбати келганида, яқинлари билан маслаҳат қилди. Улар:
— Ўзингиз ва оилангиз эхтиёжларидан келиб чиқиб, одатий ўлчовда, исроф ва хасислик бўлмайдиган даражада бўлиши керак,— дейишди.
Бу ерда иш виждонга хавола эди. Чунки нимага эхтиёж бор-йўқлигини Ҳазрати Умарнинг ўзи биларди. У кишига ортиқча маблағсиз, лекин ўзи ва оиласи учун кераклиги таклиф этилди. Халифага бу сўз ёқиб: «Абу Толибнинг ўғли тўғри гапирди», деди. («Тарихи Табарий»)
* * *
Ҳазрати Умар пулни тарқатаркан, қуйидагича йўл тутди: ҳар бир қабилага ташриф буюриб, ҳар бир эркак ва аёлга пул маблағини шахсан ўзи топширар, кейин бошқа қабила вақиллари олдига йўл олар эди. Ҳаётининг сўнгида Ҳазрати Умарда бошқача, кейинги йилгача яшасам, киши бошига тўрт минг дирҳам бераман, деган фикр туғилди. Лекин бу ният ниятлигича қолиб кетди.
Тунги қоровулчилик
Мадинага тижоратчилар карвони келиб, шаҳар ташқарисидаги намозгоҳда тўхтади. Савдогарлар тунни шу ерда ўтказиб, эрталаб шаҳарга кирмоқчи эди. Ҳазрати Умар Абдурраҳмон ибн Авфни топиб, тижоратчиларни қўриқлашда ҳамроҳлик қилишини сўради. Икки дўст чиқиб, намозгоҳга келишди ва уйқудаги тижоратчиларга пойлоқчилик қила бошлашди. Соатлаб йўл босиб, чарчоқдан ҳеч нарсани сезмай дам олаётган бу одамларнинг қаерданлиги ҳам номаълум эди. Ҳазрати Умар ва у кишининг ҳамроҳи карвон атрофини айланиб юраркан, яқин уйларнинг биридан юракни ўртаган бола йиғиси эшитилди. Икки ҳамроҳ чидолмай, ўша хонадонга йўл олишди. Эшикни бир аёл очди.
— Қизим, Аллоҳдан қўрқмайсанми, бу болага қара! Одамнинг юрак-бағрини ўртаб юборди-ку унинг йиғиси!
Сўнг у ердан қайтиб келиб, қоровулчиликни давом эттиришди. Лекин чақалоқ ҳамон йиғлар эди. Кеча ярмидан ўтганда Ҳазрати Умар тағин ўша уйга борди. Эшикни яна ўша аёл очди. Халифа аввалги танбеҳини такрорлаб, изига қайтди. Тонг ёришар пайтда яна ўша тарафдан йиғи товуши кела бошлади. Бола тинмай биғилларди. Ҳазрати Умар бу сафар қаттиқроқ танбеҳ бермоқчи бўлди.
— Жуда бемеҳр она экансан. Нега бу бола эрталабгача йиғлаб чиқди. Сабаби борми?
Аёл уйқусизликдан чарчаган эди. У ҳам бола йиғисидан хурсанд эмасди, албатта.
— Эй Аллоҳнинг бандаси, нима қилай, ахир… Овқат едирсам, емаса. Қорни тўймасдан ухлолмаса. Нима қилишни билмай бошим қотди. Мен ҳам жигарбандимнинг хадеб йиғлайверишини истамайман.
Аёлнинг тун бўйи ухламагани аниқ эди. Бир бегона киши сиқиладию, ўзи сиқилмайдими? Ахир, ўзи эмасми уни дунёга келтириб, тунларни бедор ўтказаётган? Аёл бутун умр ўз фарзандининг қувончу ғамига шерик бўлишга тайёр эди.
— Боланг неча ешда?
— Ҳали ёшга тўлмаган?
Жавобдан Ҳазрати Умарнинг жаҳли чиқди. Кескин охангда:
— Қанақа аёлсан ўзи? Нега уни сутдан чиқаряпсан? Аллоҳдан қўрқмайсанми?
— Сутдан чиқармагунча Умар нафақа бермайди, бошқа иложим йўқ. Ўзимизнинг қорнимиз тўймаяпти-ку! Ортиқча бир-икки танга олиш учун уни сутдан чиқаришга қарор қилдим.
Ҳазрати Умар устидан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Аёлнинг гаплари бошига мушт бўлиб тушган эди. Ҳазрати Умарнинг юраги фақат шу кеча ўртанган бўлса, аёл буни ҳар куни бошдан кечирарди. «Кўй, кизим, уни сутдан чиқарма. Мен амирул мўминин Умарман дея олмади. Бунга уят деган туйғу йўл қўймади.
— Чакалоқни эмизавер-чи, бир чораси топилади, иншаАллоҳ — деб чиқиб кетди.
Аёлга дакки бериш мақсадида кирган Ҳазрати Умар ўзи ундан яхшигина дакки эшитган эди. Худо билади, нафақа олиш мақсадида сутдан кесилган яна қанча бола дод-фарёд қиляпти? Канчаси ўзи еёлмайдиган таомга мажбур қилиняпти?
Бомдод намозини ўқиётганда ортдагилар халифа нега йиғлаётганини англай олишмади. Фақатгина «Онанг сени йўқотгур Умар, яна қанча мусулмон қорни тўймай, кабрга кирган экан-а?» деб пичирлаб қўйгани кулоқларга чалинди.
Кейин жарчиларга Мадина кўчаларига чиқиб, болаларни сутдан чиқаришга шошилмасликни, уларга ҳам нафака тайинланажагини билдиришни буюрди. Қолган шаҳарларга ҳам мактуб йўлланиб, юқоридаги гаплар халққа маълум қилинди.
Ўша кеча эшикни очган аёл келган одам амирул мўминин Умар эканини билганмикан? Буниси бизга қоронғу. Лекин эшитган эълонлари билан ўша тун ташриф буюрган одамнинг «бир чораси топилиб қолар», деган гапи ўртасида қандайдир боғликлик мавжудлигини сезгандир. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)
Ўша аёлга ҳам, у сабаб шундай савобли ишни бошлаб берган буюк халифага ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!
Шом тарафдаги аҳвол
Химс шаҳри халқи бутун қиш қамалда қолгач, Дамашқ шартларига кўнишга мажбур бўлди.
Сўнгра Абу Убайда Холид ибн Валидни Киннасринга жўнатди. Сайфуллоҳ у ердан ғалаба билан қайтди. Ҳазрати Умар фатҳ ҳақида хабарларни эшитганида: «Аллоҳ Абу Бакрни раҳматига олсин. Одамларни мендан яхшироқ билар экан. Худо хақки, мен Холиддан шубҳаланганим ёки лойиқ кўрмаганимдан эмас, балки одамлар Аллоҳ ёрдамидан кўра, кўпроқ унга ишониб қолмасинлар, деб вазифасидан олган эдим», деди.
Мусулмонларнинг кетма-кет ғалаба қозониши Рум императори Ҳирақл орзуларини чиппакка чиқарди. Ўша йили Байтул Мақдисни зиёрат қилиб қайтаркан, баланд тепаликка чиқди. Атрофни маҳзун нигоҳлари билан узоқ кузатди ва беихтиёр: «Хайр, Сурия! Энди бу ерга келишга умид йўқ», деди. Ҳиракл ортга қайтди. Қизиқ, бир пайтлар унга мактуб жўнатиб, пайғамбарлигини тан олишини айтган инсоннинг таклифини қабул қилмаганидан афсусландимикан? Ё ортга қайтиб «иймон келтирдим» деёлмасмиди? Иймон келтирганида давлати ҳам ўзига қоларди-ку! Факат уни ўз хоҳишига эмас, Аллоҳ ҳукмларига биноан бошқарарди.
Ҳиракл Сурия билан хайрлашиб тўғри қилди, зеро, бир оз муддат кейин бу тупроққа истаса ҳам қадам боса олмайди.
* * *
Ҳазрати Умар мактуб орқали Амр ибн Осга Иля (Қуддус) тарафга қараб юришни буюрди. Амр дарҳол йўлга чиқди. Қўшиннинг ўнг тарафига ўғли Абдуллоҳни, чап қанотга Жунода ибн Тамимни қўйди. Қўшин таркибида машҳур Ярмук жанги қўмондонларидан бири Шураҳбил ибн Ҳасана ҳам бор эди.
Лашкар Рамлага етиб келди. Ушбу қалъа доно ва тажрибали Артобун бошчилигидаги Рум аскарлари томонидан кўриқланарди. Амр вазиятни марказга баён қилди. Жавоб мактубида: «Рум Артобунига қарши мусулмон Артобунини (яъни, Амр ибн Осни) юбордим. Нима бўлишини кўрайлик-чи!» деб ёзилган эди.
Амр лашкарни иккига бўлиб, бир қисмини Иляга жўнатди, иккинчисини Рамлада келдирди. Бу орада мадад кучлари ҳам етиб келди. Улар ҳам иккига бўлинди. Ҳазрати Умар Муовияга Қайсария томон юришни, у ёкдан Қуддусга ҳаракатланишни буюриб, Амрнинг ишларини енгиллаштирди. Қуддус томонидан келадиган кучларни Амр, Қайсариядан келадиган кучларни Муовия бошқарадиган бўлди. Амр Артобунга бир неча бор элчи жўнатди. Натижа бўлмагач, ўзи элчи бўлиб боришга карор қилди. Мақсад қалъа ичига кириб, унинг заиф томонларини билиб олиш эди. Қалъага кириб, Артобун ҳузурида, кўмондонимизнинг истаклари, дея ўз фикрларини сўйлади. Артобун ақлли ва доно инсон бўлгани сабабли бу элчининг олдингиларидан фарқи борлигини фаҳмлади, ҳатто Амр шу бўлиши керак, деган карорга келди. Агар уни қалъадан чиқармай, шу ернинг ўзида ўлдириб кўя қолса, иш битар эди. У аёнларидан бирини чақириб, қулоғига нималарнидир пичирлади. Аён чиқиб кетди. Ўзига бир тузоқ тайёрланаётганини сезган Амр юмшоқроқ гаплар гапирди. Унинг гаплари мезбон фикрларига уйғун чиқди. Кетар чоғида Амр шундай деди:
— Бир-биримизни эшитдик. Менимча, сиз билан келиша оламиз. Лекин мен ўн кишидан бириман, холос.
— Ким у ўн киши?
— Бу ўн киши лашкарнинг асосий одамларидир. Лашкарбоши шу ўн киши билан маслаҳатлашиб, қарор чиқаради. Чунки бизни бу вазифага халифа тайинлаган ва лашкарбоши бизнинг тавсияларимизни инобатга олиши шарт. Рухсат берсангиз, мен қолган тўққиз шеригимниям чақириб келай. Иймоним комилки, ҳар икки тарафни ҳам қониқтирадиган келишувга эриша оламиз.
Артобун янглишмаганига амин бўлди. Бу одам олдин келганларга мутлақо ўхшамасди. Агар ўша ўн киши келса, иш осонлашади. Энг камида улардан фойдаланиб қолади, агар истаса, ўлдириб юборади.
— Яхши бўларди, — деди у. — Бу битим икки қўшин ўртасида қон тўкилишининг олдини олади.
Артобун аёнини чақириб, нималардир деб, чиқариб юборди. Амр энди енгил нафас олди.
Кетиш учун қўзғаларкан, Артобун:
— Сени шерикларинг билан кутаман, — деди.
Амр: «Эртага шу ерда бўламиз», деб қалъадан чиқди.
Эртасига эрталаб Амр қалъага етиб келди. Лекин қолган тўққиз нафар шериклари билан эмас, балки бутун лашкар билан келди. Қалъа минорасидан туриб қўшинни бошқараётган Амрни кўрган Артобун хато қилмаганини англади. Лекин ғишт қолипдан кўчган эди. Амр уни жуда чиройли усулда лакқиллатди.
Бундан хабар топган Ҳазрати Умар беихтиёр: «Амр жуда уддабурон-да!» деб қўйди. («Тарихи Табарий»)
Воқеаларнинг кейинги ривожи мусулмонларнинг кулгусига сабаб бўлди. Румликларнинг ишонган тоғи Артобун Қуддусга қараб қочди.
* * *
Ҳазрати Умар Абу Убайдадан мактуб олди. Мактубда Ҳазрати Умар Қуддусга таклиф этилган эди. Қуддус аҳли таслим бўлганини ва шаҳар калитларини Амирул мўминга топширмоқчи эканини, шартномага шахсан ўзи имзо чекишини хоҳлаётган эди. Ҳазрати Умар бу таклифни қабул қилиб, Мадинани Ҳазрати Алининг қўлига топширди. Ҳазрати Али бу карорга норозилик билдириб, насронийларга бунчалик эътибор берилмаслигини айтди. Лекин Хдзрати Умар йўлга отланди. («Тарихи Табарий»)
Ҳазрати Али бу хатти-ҳаракатлари билан ўзининг буюк инсон эканини исботлади. Юксак мақом ва мавқеъ эгаси бўлишига қарамай, адолатга содиқлигини яна қандай йўл билан исботлаш мумкин? У зот самимийлик ва вафодорликда тенги йўқ эди. Кези келганда ҳақ ва адолат олдида бош эгарди. Ўзига раво кўрмаган нарсани бошқага ҳам раво кўрмасди. Болалигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларида бўлган Ҳазрати Али хали одамнинг юзини ерга қаратадиган, бошқаларни камситадиган бирон ишга қўл урмаган эди. Ҳолбуки, Ҳазрати Умарнинг қарорини кўллаб-қувватласа, бўларди. Чунки халифа сафар давомида бирон бало-қазога йўлиқса, қайсидир маънода, у кишининг ўрнига ўтириши учун йўл очиларди. Лекин бетакрор фазилатлар соҳиби бўлган Ҳазрати Али бундай ўйларни хаёлига ҳам келтирмади…
Ҳазрати Умар қўмондонларга хабар бериб, маълум кунда Жобия деган жойда кутиб олишларини буюрди. У киши узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтиб, Жобияга етиб келганида, ҳали ҳеч бир қўмондон кўринмас эди. Биринчи бўлиб, Язид ибн Абу Суфён келди. Кейин бирин-кетин Абу Убайда билан Холид ибн Валид етиб келишди. Уларни кўриб, Ҳазрати Умар чидаб туролмади. Учови ҳам башанг кийиниб олишган эди. Халифа ердан тош олиб, уларга отди:
— Қачон бунчалик ўзгара келдингиз. Қорнингиз тўя бошлаганига энди икки йил бўлди. Валлоҳи, шу ишни икки юз кишига бош бўлиб қилганингизда, ўрнингизга бошқа одам тайинлардим.
Улар, бу ерда амирлик ва лашкар бизнинг ихтиёримизда, ошириб юборяпсиз, десалар бўларди. Лекин ундай демадилар. Одоб сақлаб, узр сўрадилар:
— Амирул мўминин, эгнимиздаги кийим бир парда, холос. Устимиз ўзгарган бўлса-да, қалбимиз ўзгармаган. Қуролларимиз эгнимизда.
Бу жавоб Ҳазрати Умарни ҳовуридан туширди. Сўнгра ўтириб, суҳбатлашди. Суҳбат асносида қўмондонлар бирдан қуролга ёпишиб қолишди.
Ҳазрати Умар:
— Тинчликми? Нима бўлди? — деди.
— Кимдир келяпти, тайёр туриш керак.
Ҳазрати Умар ортга ўгирилиб, оломонни кўрди. Кўлларидаги яланғоч қиличдан ҳар нарсани кутса бўларди. Бинобарин, халифа шу ердалигидан хабар топган тўда ёмон ниятда келиши ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Шунга қарамай, Ҳазрати Умар:
— Улар омонлик сўраб келяпти. Истаган нарсаларини беринг, — деди.
Кўнгли тинчимаган қўмондонлар қилич билан оломонга яқинлашдилар.
— Кимсизлар? Нима мақсадда келдингиз?
— Биз қуддусликлармиз. Қуддус аҳлидан вакил бўлиб келяпмиз. Шартнома тузиш ниятида эдик, — деб Артобуннинг Амр ибн Осдан қочиб Қуддусга келгани, лекин халқ унга ишонч билдирмагани туфайли Мисрга кетганини айтдилар. Халифа қуддусликлар жанг қилмасдан таслим бўлганидан хурсанд бўлди ва Муовия ибн Абу Суфёнга юзланиб:
— Кани ёз! — деди.
Муовия қўлига қалам-қоғоз олиб, амирул мўминнинг ҳар бир сўзини қайд эта бошлади: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу келишув Аллоҳнинг бандаси ва мўминлар амири Умарнинг Иля (Қуддус) аҳлига берган омонлик белгисидир. Умар Иля халқига, мол-мулкларига, черковларига, хочларига, соғ ва касалларига, шу ерлик бошқа миллат вақилларига омонлик беради. Черковларига биров кирмайди ва бузмайди, улар торайтирилмайди, ҳовлисига дахл қилинмайди, мулкига кўз олайтирилмайди. Уларга ибодатларини адо этишда зўрлик қилинмайди, ҳеч ким зарар кўрмайди. Иля аҳолиси ёнига бундан буён яҳудийлар келиб жойлашмайди. Иля аҳли бошқа шаҳарликлар каби жизя тўлайди. Ўзлари истасалар, ажнабийларни шаҳардан чиқариб юборишлари мумкин.
Қуддуслик бўлмаган ҳар бир киши шаҳардан чиқиб, борадиган жойигача боргунча жонига, молига омонлик берилади. Мусулмонлар бу омонликни тан олишлари ва унга риоя қилишлари лозим. Ажнабий бўлатуриб, шаҳарда қолишни ихтиёр қилганлар ҳам ерлик аҳоли сингари омонлик олади, фақат улар ҳам жизя тўлайди. Иля аҳолисидан бўлганлар румликлар билан кетмоқчи бўлса, ибодатхоналарини бўшатиб, хочларини олиб кетишлари мумкин. Уларга ҳам омонлик берилади ва мўминлар ҳимоясида бўладилар. Ажнабийлар истасалар, Иля халқи билан қоладилар ва улар бўйсунган қоидаларга риоя қиладилар. Истаган одам румликлар билан чиқиб кетавериши мумкин. Иляда қариндоши борлар шаҳардан ташқарида қолиб кетган бўлсалар, ичкарига киришга ҳақлари бор. Ҳосил йиғиб олинмагунча жизя талаб қилинмайди. Иля аҳли жизяни тўлаганларидан кейин Аллоҳ Пайғамбар, халифалар ва мўминлар билан ўзаро келишган ҳисобланади.
Имзо: Умар ибн Ҳаттоб
Гувоҳлар: 1. Холид ибн Валид.
2. Амр ибн Ос.
3. Абдураҳмон ибн Авф.
4. Муовия ибн Абу Суфён».
Қуддусликларга берилган шартнома матни шулардан иборат эди. Одамлар Ҳазрати Умар билан ўтириб, шартнома бандлари устида тортишиб, баҳслашмадилар ҳам. Лекин шартнома жуда яхши имкониятлар тақдим қилган эди. Масиҳийлар давлати — Қуддус аҳлига мана шундай эркинлик берилади, деб ҳеч ким ўйламаган эди. Сўнгра Ҳазрати Умар улар олдига ўз талабларини ҳам қўйди: мусофир мусулмонларни уч кун меҳмон қилиш, шу ердан ўтиб кетаётганларга йўл кўрсатиш, мусулмонлар душманига ёрдам бермаслик, жиноятчи ё айбдорни ким бўлишидан қатьий назар, ҳимоя остига олмаслик. Ушбу талаблар шартномани тан олган барча ғайридинларга тегишли эди. (Абу Юсуф, «Китобул хараж»)
Ҳазрати Умар Қуддус ҳокимига юзланиб: «Манави кийимни ювиб, тикиб беринглар», деди. Ҳоким халифанинг қўлидан ямоқ солиш керак бўлган кўйлакни олиб, кийиб туриш учун бошқа кийим берди. Ҳазрати Умар кўйлаги келтирилгач, эгнидаги вақтинча кийиб турган либосини эгасига қайтарди.
Энди Қуддусга кириш керак эди.
— Яхшироқ отга минсангиз бўларди, румликларга салобатлироқ кўринардингиз.
Ҳазрати Умар бунга унамади:
— Аллоҳ бизни Ислом билан азиз қилди. У берган шарафдан ортиғини истамаймиз, бу ҳақда ўйламаймиз ҳам.
Байтул Мақдисга киришга бошқа халақит берадиган нарса қолмаган эди. Ҳазрати Умар отига миниб, аста шаҳар томон одимлади. Бир пайт отнинг тўсатдан ҳуркиши у кишини хушёр торттирди ва пастга тушишга мажбур қилди. Отнинг туёғи кўчиб кетган, энди унга миниб бўлмас эди.
Ҳазрати Умарга бошқа эгарли от келтиришди.
Илк маратоба эгарли уловга минаётган амирул мўмининга отнинг солланиб қадам олиши ёқмади. Яна бошқа от келтиришди. Ҳазрати Умар ўзининг оти устидаги наматни шу отга солиб, кейин минди.
Иля халқи узоқдан башанг кийинган, зотдор отлар миниб олган қўмондонлар орасида баланд бўйли, салобатли одамни ҳам кўрди. Бошқалардан фарқли ўлароқ, бу инсон одми кийимда эди. Ваҳолангки, Иля халқи орасида ҳам бунақа кийим киядиган инсонлар бор эди. Ёндаги қўмондонларнинг у кишига эҳтиром билан муомала қилишлари ва одоб сақлаб туришларини айтмаса, бу одам ҳақида ўшаларнинг хизматчиси бўлса керак, деган фикр уйғониши табиий эди.
киши ростдан ҳам хизматчи эди. Бошқа хизматчилардан фарқли ўлароқ, хизмат қилишни ўзига шараф деб биларди. Фақат қандайдир одам ё оила ёхуд шаҳарнинг эмас, Ислом дунёсининг хизматчиси эди. У Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бир миллатнинг раҳбари унга хизмат қилган инсондир» («Кашфул хафо»), деган сўзларига амал қиларди. Кутиб олишга чиққанларнинг нигоҳларида «Наҳот шу одам амирул мўминин бўлса? Кўзларимга ишонмайман», деган маънони ўқиб турган бўлса-да, заррача кибр-ҳавога берилмади. Кўринишидан ғолиб давлат раҳбарига ҳам ўхшамасди.
Ҳазрати Умар шаҳарга кириб, масжидга етганида кечаси эди. Бу ажойиб воқеа бўлди. Сабаби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўн олти ярим йил аввал бу муборак масжидга ярим тунда ташриф буюрган эдилар. Энди Ҳазрати Умар — Расулуллоҳнинг суйган издоши бу юртда Ислом аҳкомларини қарор топтириш арафасида. У зот дарров намоз ўқиб олди. Бомдод вақти киргач, азон айтилди ва одил халифа имомлигида намоз ўқилди. Биринчи ракъатда Сод сурасини қироат қилди. Бу сурада Довуд алайҳиссалом ҳақларида оятлар бор эди. Кейинги ракъатда Исро сурасининг илк оятларини ўқиди. Бу оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу масжидга келишлари хақида эди. («Тарихи Табарий»)
Намоздан кейин Ҳазрати Умар отининг оёғидаги ярани даволашга киришди. Узоқлардан эшитилган «Отбоқар халифа» деган гапларга парво ҳам қилмади.
Одил раҳбар насронийларнинг эътиқодига ҳурмат юзасидан бирор марта ҳам черковга кирмади, насроний аёл берган сув билан таҳорат олиб, рўмол устида намоз ўқиди. Кейин ахлатхона ҳолига келиб қолган Қуббаттус-саҳрони тозалаб чиқди. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларнинг шу масжидга хизматчи бўлишга ва уни озода тутишга буюрилганларини Қуръон орқали биларди. Шу кундан этиборан бу жой «Масжиди Умар» деб аталиб, кейинчалик Абдулмалик ибн Марвон даврида муҳташам масжид ҳолига келтирилди.
Фаластинда икки волий келдирилди: Алқама ибн Ҳаким Рамлада, Алқама ибн Мужаззаз Қуддусда. Уларга халқни шартномага амал қилган ҳолда бошқариш буюрилди.
Барча ишларни битиргач, Ҳазрати Умар отига миниб, дўстларн ҳамроҳлигида Мадинага равона бўлди. Халифа келаётганда ҳам, қайтаётганда ҳам буюк Парвардигор мададини ҳис қилиб турди. Йўлда тўхталган шаҳар ва қишлоқларда кутиб олиш маросимларича, зиёфат ва дастурхон ёзишларга рухсат бермади. Фақатгана халталаридаги хурмодан ер, мешдан сув ичиб, шукр қилиб борар эди. Иссиқда дам олинди, вақтида намоз ўқилди, кўп Куръон тиловат кнлинди. Шундай қилиб, Ҳазрати Умарнинг Шомга сафари икки ойдан ошиқроқ давом этди.
Сурия деярли бутунлай фатҳ этилди. Энди бу ерларни ғозийлар ўртасида тақсимлаш қолган эди, холос. Кўпчилик ҳар кимга маълум миқдорда ер ажратилиши тарафдори эди. Абу Убайданинг фикри бошқачароқ бўлди. Бундан ташқари, у аввал бу борада Ҳазрати Умардан маслаҳат сўраб, унинг амрига кўра иш юритишни афзар билди.
Ҳазрати Умар саҳобаларни тўплаб, уларнинг фикрларини сўради. Баъзилар Суриядагилар каби йўл тутишни маъқул эканини билдирди. Аммо Умар рози бўлмади.
— Агар у ерларки ерлик халқ билан мусулмонларга бўлиб берсак, биздан кейингиларга ҳеч нарса қолмайди. Бугун у ерларга эгалик қилганлар аҳолини ҳам қул қилиб олади. Кейин уларнинг авлодлари ҳам қулга айланади. Бунга эса, мен йўл қўймайман. Абу Убайда уларга жизя, мол-мулкига хирож солсин. Мусулмонлар адолатсизлик қилиб зарар етказмасинлар. Зиммийларга шартномага мувофиқ муомала қилинсин.
Шундан кейин Исломни қабул қилмаганларга йилда бир маротаба шаҳар ташқарисида «хоч чиқариш ойини» нишонлашга изн берилди. Лекин бу байрам-маросимларни шаҳар ичида ва масжидларда ўтказиш тақиқланди.
Химс шаҳри
Ҳазрати Умар Мадинага қайтганлардан кейин Абу Убайда билан Холиб ибн Валид Химс шаҳрини қамал қилдилар. Химсликлар жанг қилишни истамай, қоя ичига бекинди. Сал аввал Химсга Ҳирақлнинг элчиси келган эди. Рум амири уларга таслим бўлмасликни маслаҳат берди: «Араблар туя этини еб, сутини ичиб юрган ялангоёқ, одамлар тўдасидир. Улар билан совуқ тушганда урушинглар, бунга чидолмайдилар».
Химсликлар унинг маслаҳатига қулоқ солиб, кишгача кутишди. Ҳаво қаттиқ совиганда, қалъадан чиқиб жанг ҳам қилишди.
Мусулмонлар шу пайтгача бунақанги совуқни кўрмаган эдилар. Аллоҳ уларга сабр бериб, охиригача чидадилар.
Аҳволни кўрган химслик бир мўйсафид шаҳар катталарининг олдига чиқди.
— Мана, киш ҳам ўтди, умидларимиз сўнди. Сулҳ тузишингиз учун яна қандай воқеалар содир бўлиши керак?
Улар чол билан роса тортишишди.
— Менга қаранглар. Булар илоҳий ёрдам оладиган қавмга ўхшайди. Ҳар ҳолда ҳамма нарсани йўқотиб, сўнг асир тушгандан кўра, ўлпон тўлаб тинч яшаган маъқул. Караб туринглар, менинг айтганларим бўлади. Хор бўлиб, ҳурматингизни йўқотмасдан олдин сулҳга рози бўлинглар.
Дарҳол чолнинг оғзига уришди:
— Яхшиликча бу ердан кет. Бир чеккада турсанг, шу сенга яхшироқ.
— Ўзи бирон нарсани билмасанг. Ҳарб ишини биладиганларга қўйиб бер.
Мўйсафид индамади. Лекин охирги кунлардаги воқеалар унинг айтганлари тўғри чиқишидан дарак берарди. Жанг қилишни «яхши биладиган» инсонларнинг ичига ғулғула тушиб қолди ва мўйсафиднинг айтганлари тўғри эканини англашди. Энг мақбул йўл сулҳ тузиш эди. Ҳоким элчи орқали сулҳга рози эканини билдирди, мол-мулклар ва уйларга тегмасликларини илтимос қилди.
Қуддусликлар билан имзолаган айни шартнома химсликлар билан ҳам имзоланди. Унга кўра бой ҳам, камбағал ҳам имкониятидан келиб чиқиб, ўлпон тўлайдиган, бундан ташқари, ердан олинадиган ҳосилга қараб солиқ олинадиган бўлди. Мусулмонлар эса шаҳарни ташқи ҳужумлардан ҳимоя қилишни, ичкарисида тинчлик-хотиржамлик ва хавфсизлик ишларини таъминлашни бўйинларига олдилар.
Йиғилган ўлпон бешга бўлинди. Ибн Масъуд бу хушхабарни маълум қилиш ва ўлжанинг тегишли қисмини етказиш мақсадида Мадинага йўл олди. Кейин Иордания ва бошқа жойлар ҳам шу таҳлит забт этилди.
Сурияга лашкар бош қўмондони сифатида жўнатилган Абу Убайда ибн Жарроҳни кўрганлар уни шу лавозим эгаси, деб ҳаёлларига ҳам келтирмасди. Яшайдиган уйи, киядиган кийими, қўлидаги қуроли ва миниб олган улови оддий одамникидан фарқ қилмасди.
У кишига:
— Сиз амирул мўминин тарафидан тайинланган волий ва лашкарбошисиз. Шунинг учун дурустроқ кийинсангиз бўларди, — дейишди.
Шу пайтгача халқ волийларнинг қимматбаҳо, ипакдан тикилган жиякли кийимлар кийиб юришига кўникиб қолган эди. Ҳатто баъзилари миниб олган уловларининг ёпинчиқларини ҳам махсус буюртма асосида тиктирарди. Ана ўша ёпинчиқлар ҳам Абу Убайданинг кийимидан бир неча баробар киммат турарди. Агар у киши оддий халқ билан ёнма-ён турса, ким волий эканини ажратиб олиш мушкул эди. Шунга қарамай, Абу Убайда уларнинг гапларига унамади:
— Мен Расулуллоҳ ҳаётлик чоғларида кийган кийимимни ўзгартирмоқчи эмасман.
У киши ҳақида: «Бу одам уммати муҳаммадиянинг аминидир», дейишарди. Абу Убайда Парвардигорнинг «Энг яхши либос такво либосидир», деган каломида айтилган маънавий либос соҳиби эдики, уни бутун дунё матоҳига алишмасди. У кишининг фикрлаш тарзи, муомаласи, инсонларга бўлган мухаббати, ҳақ ва адолатга содиқлиги, Аллоҳга ишончи, эътиқоди ва севгиси ўзгача қиёфада эди. Тушунганлар учун у кишининг эгнидаги жуббадан афзал кийим йўқ эди.
* * *
Холид ибн Валид Киннасрага йўл олди. Йўлда Минас бошчилигидаги лашкарга дуч келди. У Ҳираклдан кейин румликларнинг энг қудратли лашкарбошиси эди. Ходирда юз берган олишув Холид ибн Валиднинг Минасни ўлдириши билан тугади. Рум лашкари эса қочди. Одатдагидек, кўлга киритилган ўлжанинг бешдан бири Мадинага жўнатилди…
Одамлар Ҳазрати Умарнинг шундай деганига гувоҳ бўлдилар:
— Холид ўз куч-қуввати билан амирлик ва қўмондонлик даражасига эришди. Аллоҳ Абу Бакрни раҳмат қилсин, у инсонларни мендан яхши биларди. Мен Холидга бўлган ишончсизлик туфайли уни вазифасидан озод қилганим йўқ эди. Одамлар уни улуғлаб юборадилар, ғалабага етаклаган Аллоҳ бўлатуриб, Холид зафар қозонди, деб ўйлаб қоладилар, деб қўрқдим…
Холид ибн Валид йўлда давом этиб, Киннасрага етиб келди ва шаҳарга элчи жўнатди. Элчи қалъа қўмондонига:
— Осмонда бўлсанг ҳам, Аллоҳ бизни сизларга етказади ёки сизларни пастга тушириб ёнимизга келтириб кўяди. Биздан қочиб кутуламиз, деб ҳаёлингизга ҳам келтирманг. Яхшилаб ўйлаб, жавоб беринг.
Бу гаплар шунчаки қўрқитиш учун айтилмаётганини кўмондонлар яхши англаб турарди, зеро, атрофда содир бўлаётган воқеалардан улар ҳам бохабар эдилар. Катта куч ва қудратга эга бўлган бу лашкарга манаман деган давлат қўшинлари бас келолмади-ку, киннасраликларга йўл бўлсин. Одамлар ўлиб, хотинлари тул қолиб, болалар етим бўлиб, кейин рақибга таслим бўлгандан кўра, Қуддус ва Химс аҳли каби сулҳ шартномасини тузиш мақбулроқ эди. Элчига карор етказилди ва ўртада шартнома тузилди.
Муовия ибн Абу Суфён эса, марказдан келган амрга биноан Қайсария тарафга юриб, Ғазза шаҳрини ҳам забт этди. Қайсарияда Муовиянинг ўзи волий бўлиб қолди.
Химс атрофларида
Ҳижрий 17 йили Жазира (Шимолий Ироқ) халқи мусулмонларга қарши чиқмоқчи бўлдилар. Улар бу қарорларини, аввало, Рум императори Ҳирақлга етказдилар. Вакил жўнатиб: «Бирлашиб ҳаракат қилсак, мусулмонларни бу ердан ҳайдаб чиқаришимиз мумкин», дедилар.
Кетма-кет мағлубият гирдобида қолган Ҳирақл қасос ўтида ёнарди. Ироқликлар таклифини бажону дил қабул қилди. Бундан хабардор бўлган Абу Убайда Ҳазрати Умарга одам жўнатиб, барча лашкарбошиларни тўплади ва уларга маслаҳат солди. Холид ибн Валид рақиб билан юзма-юз олишувни таклиф кдлган бўлса, қолганлар Химс калъасига кириб, Ҳазрати Умардан хабар келгунига қадар ҳимояланиб туришни маъқулладилар. Абу Убайда кўпчиликнинг фикрини қабул қилди.
Ҳазрати Умар мактубни олгани захоти Куфага нома жўнатди. Унда Қаъқа ибн Амр дарҳол йўлга чиқиб, Абу Убайда ихтиёрига етиб бориши буюрилган эди. Буйруқ бажарилиб, Қаъқа тўрт минг кишилик қўшин билан йўлга чиқди. Ўша мактубда яна Сухайл ибн Адийнинг Раққога, Абдуллоҳ ибн Утбанинг Насибий, Харрон ва Раҳо тарафларга, Валид ибн Уқбанинг эса Жазирадаги Рабия қабиласи яшайдиган жойга қараб юриши амр қилинган эди. Иёз ибн Ғанам ҳам ўша тарафга ҳаракат қилиш ҳақида буйруқ олди. Юқорида номлари зикр қилинганлар тўпланиб, жангга киришишса, Иёз ибн Ғанам қўшинга бош бўлиши керак эди.
Кейинроқ Ҳазрати Умарнинг ўзи уч минг кишилик қўшинни олиб, Сурия тарафга йўлга чиқди. Жазираликлардан қўлига қурол ушлай оладиганлари мақсадларини амалга ошириш ва асли ўзларига тегишли бўлган Химсни қайтариб олиш учун ҳаракатга тушдилар. Улар Химс атрофида турган румликларнинг ёнидан жой олдилар.
Лекин бу юриш уларга хурсандчилик олиб келмади. Чунки олинган хабарларга кўра, Куфа тарафдан келиб, тўрт йўналиш бўиича ҳаракатланаётган мусулмонлар турли шаҳарларга етиб олган эди. Химсни кайта кўлга киритмоқчи бўлган жазираликлар режалари хом ҳаёл бўлиб чиққанини тушиниб етди. Энди улар олдида Жазирадан ҳам айрилиб қолиш хавфи турарди.
Мусулмонларнинг Куфа тарафдан ҳужум қилишлари кутилмаганда содир бўлиб, ундан ғофил қолдилар. Нима қилишини билмай қолган жазираликларга бу ерларда тургандан кўра, ўз юртларини мудофаа қилиш афзалроқ эди.
Жазираликлар юртларига қайтиб кетишгач, Абу Убайда яна бир бор Холид ибн Валиддан фикрини сўради. Холид ўша жавобини такрорларди. Бош қўмондон бу сафар Холиднинг фикрини инобатга олди.
Абу Убайда хазинабонни чақириб, Химс аҳолисидан йиғиб олинган жизяни борича келтиришни буюрди. Шаҳар катталари ва дин пешворларини ҳузурларига чорлади ва жазираликларнинг рум аскарлари билан иттифоқчилик қилаётганларини айтиб берди, сўнг:
— Уруш давом этаркан, сизни ҳимоя қила олмаймиз. Бундай шароитда сизлардан олган солиқларимиз ҳалол бўлмайди. Биз шаҳарни тарк этяпмиз. Сизлар эса, берган солиқларингизни санаб олинглар, тўлиқ эканига ишончингиз комил бўлсин.
Қўмондоннинг сўзлари одамларни ҳайратга солди. Кечагина «оч араблар» дейилаётган инсонларни бундай адолатли ишга ундаган янги динлари бўлса керак. Бугунгача ҳеч ерда тўланган солиқ қайтариб берилмаган. Бу одамлар ҳатто шаҳарни ёқиб, вайрон қилиб чиқиб кетсалар ҳам бўларди-ку!
Ҳақиқатан ҳам, мусулмонларнинг шаҳарликларга қилаётган муомаласи олқишга сазовор эди.
Улардан бири:
— Биз Химс аҳли сизлардан розимиз, амир. Жангда ғолиб чиқишингизни ва яна биз билан бирга бўлишингизни истаймиз. Сизлар учун дуо қилиб турамиз. Ўрнингизда улар бўлганида бу ерни хароб қилмасдан кетмасдилар, — деди.
Кейин пуллар қайтариб берилди. Мусулмонлар вақтни бой бермай, шаҳарни тарк этдилар.
Жангда яккаланиб қолган румликлар, ортиқча қаршилик кўрсатолмай, мағлуб бўлдилар. Ғалабанинг тўртинчи куни Каъқа ҳам етиб келди. Ҳазрати Умар эса, Химсдан келаётган хабарчини учратганида Жабияга етган эди. Хабарчи халифага румликлар устидан ғалаба қозонилганини ва Қаъқанинг етиб келганини айтди. Буни эшитган Ҳазрати Умар у ерларга бориш шарт эмаслигини тушуниб, ортга — Мадинага қайтди. Қайтаётганида хабарчидан мактуб жўнатиб юборди. Унда ўлжага Қаъқа ва у билан келган тўрт минг кишининг шерик бўлиши буюрилган эди. Ҳазрати Умар: «Аллоҳ Куфа халқини яхшилик билан мукофотласин. Ҳам ўзларининг ҳам бошқа шаҳарларнинг ҳимоясига шошиладилар», деди.
Қаъқа яна Куфага қайтди. Асосий қўшин эса Химсга йўл олди. Химсликлар мусулмонларни қандай қарши олишлари қизиқ эди. Лашкар шаҳарга яқинлашганда, химсликлар уларни кутиб олиш учун тайёргарлик кўриб қўйишган экан. Юзларида табассум балқиб турар, кўзларида эса, хурсандлик ва мамнунлик аломатлари зоҳир эди.
Ускўп (епископ) лашкарбоши ҳузурига келди.
— Хуш келибсиз! Биз эски шартномага кўра, яна сизнинг ҳимоянгиз остида яшашга розимиз, шунинг учун бу ерга йиғилдик. Мана бу кетаётганингизда қайтариб берган пуллар. Қандоқ бўлса, шундай турибди.
Ҳар икки тараф хурсанд эди. Айни дамда Ислом адолати ва бу адолатнинг мусулмон бўлмаган юртдаги меваларини кўриш мумкин эди.
Ўз ерларида ўзлари истагандек яшолмаётган Жазира халқи кутилмаганда Ислом лашкарларига дуч келиб қолгандан кейин иш осон кўчмаслигини англаб етди ва сулҳга рози бўлди. Шартномага кўра, сулҳга қўшилганларга уруш очилмасди. Шу тариқа Раққо ва Насибин ўлкалари бир томчи қон тўкмасдан фатҳ этилиб, чегара Ҳарронгача етиб борди. Фақат Иёз ибн Низоро ўғиллари сулҳга кўнмай, Рум тарафларга кўчиб кетди. Бундан хабар топган Ҳазрати Умар Рум императорига мактуб йўллаб, шундай деди: «Араб қабиларидан бири Румга кўчиб ўтибди, деб эшитдим. Уларни ортга қайтар, йўқса, юртимиздаги насронийларни ҳайдаб, сенинг мамлакатингга кўчиб боришларига мажбур қиламан».
Иёз қабиласидан тўрт минг киши ватанига қайтиб кетди. Қолганлари қочди. Валид ибн Уқба уларнинг Исломга киришидан бошқасини истамади. Ҳазрати Умар болаларни насроний қилиб ўстирмаслик ва Исломни қабул қилганларга дахл этмаслик шарти билангина сулҳ тузишга рухсат берди. Лекин Валиднинг қаттиққўллиги туфайли Тағлиб қабиласининг исён кўтариши мумкинлигани ўйлаб, унинг ўрнига Фурот ибн Ҳайён билан Ҳинд ибн Амрни тайинлади. (Ибн Асир, «Ал-комил».)
* * *
Ҳазрати Умар Саъд ибн Абу Ваққосга хат жўнатиб, Холид ибн Урфут ё Ҳошим ибн Утба ёки Утба ибн Ғазвондан бирини бош қилиб, Жазира ва бошқа ерларга юборишни буюрди.
Ҳошим Саъднинг жияни эди, лекин қўмондон Иёз ибн Ғанам бўлди. Қўшин йўлга чиқди. Сафда Басра волийи Абу Мусо ва Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўғли Умар ҳам бор эди. Умар бош қўмондоннинг ўғли эканига қарамай, оддий аскар эди.
Саъд Ҳазрати Умарга ёзган жавоб хатида: «Амирул мўминин, Иёзни қўмондонликка интилгани учун энг охири тилга олган экансиз. Лекин мен уни бошлиқ қилиб тайинладим», деб ёзди.
Иёз аввал Раҳога, кейин Ҳарронга етиб олди. Абу Мусони Насибинга жўнатди. Ўзи Дорсони забт этди. Кейинчалик Ислом давлати Иёзнинг саъй-ҳаракатлари билан Мардин, Битлис, Арзинжон ва уларнинг атрофлари эвазига кенгайди. Сўнгра Усмон ибн Абул Ос бошлиқ бир гуруҳ аскарларни Арманистонга йўллади. Икки ўртадаги тўқнашувдан кейин арманлар сулҳ тузишни таклиф қилишди. Усмон рози бўлди. Келишувга кўра ҳар оиладан йилига бир динор ўлпон олинадиган бўлди. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»)
Арманлар билан бўлган жангда Сафвон ибн Муаттал шаҳид кетди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)
Сафвоннинг мусулмонлар орасида ўзига яраша обрў-эътибори бор эди. Мурайси ғазотидан қайтишаётганда Оиша онамизни ухлаган ҳолда учратиб, одамларга етказган, натижада мунофиқларнинг гап-сўзига кишан бўлган эди. Нур сурасидаги 10-оят шу воқеага бағишланиб, Оиша онамизнинг ҳам, Сафвоннинг ҳам покизаликлари исботланди. Ачинарлиси, мунофиқлар уюштирган бу фитнага баъзи мусулмонлар ҳам қўшилиб қолди. Сафвон ўша куни жуда хунук туҳматга дучор бўлган. Лекин унинг иффат ва номусига Аллоҳнинг ўзи гувоҳлик берди. Шундай инсоннинг арман тупроғида шаҳид кетишини ким ҳам ўйлабди дейсиз?
* * *
Бир куни Холид ибн Валид ҳаммомга кирмоқчи бўлди. Озгина шароб олиб, унга туз кўшди. Кейин унга сув қўшиб, баданини ишқалаб ювди.
Одамлар хабар топганидан кейин бу иш овоза бўлиб кетди, ҳатто Мадинага ҳам етиб борди. Ҳазрати Умар дарҳол мактуб ёзди: «Менга маълум бўлишича, баданингни шароб билан ювибсан. Аллоҳ шаробдан умуман фойдаланишни тақиқлаган. Сен ҳам бунга риоя қил!»
Холид ҳам халифага жавоб хати ёзиб, шундай деди: «Шаробни туз қўшиб ўлдирдим. Ундан фойдаланганимда шароб бўлмай қолган эди. Бор-йўғи ювиниш учун сув эди, холос».
Ҳазрати Умарга унинг жавоби ёқмади: «Ўзи Муғиранинг ўғиллари қўрс ва қўпол табиатли одамлардир. Аллоҳ бу табиатингизни ўзгартирмасдан ўлдирмасин», деб ёзиб юборди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)
Ҳазрати Умарнинг ўзи ҳам қўпол эди. Мусулмонлар олдида қилган илк маърузаларида ҳам, мен қўпол одамман, деб бошлаб, мўминларга юмшоқроқ бўлишни сўраб дуо қилган эди.
Холидга билдирилган тилаклари ҳам яхши эди. Лекин Холиднинг шароб ичмаслигини ҳам биларди. Зотан, айнан шу Сайфуллоҳ бир пайтлар одамлар шароб ичишига майллари кучайгани, унга берилаётган жазо енгиллиги, шунинг учун жазонинг кучайтирилишини тавсия қилган эди.
Холид ибн Валид бир урушда Иёз ибн Ғанам билан қатнашиб, катта ўлжани кўлга киритди. Ўз ҳиссаси ҳам анчагина эди. Шундан бир қисмини одамларга ҳадя қилди. Улар орасида Ҳазрати Абу Бакрнинг куёви Ашъас ибн Қайс ҳам бор эди. Холид унга тўрт минг дирҳам берди.
Орадан бир неча ой ўтди. Бир куни Абу Убайда пойтахтдан келган хатни ўқиётиб, бирдан ранги ўзгарди. Ўрнидан сакраб турди. Мактубда Ҳазрати Умар шундай ёзган эди: «Холиднинг салласини ечиб ол. Ашъасга берган пулни қаердан олганини айтмагунча берма. Пулни ўз молидан берганми ё ғаниматданми? Агар ғаниматдан берган бўлса, қилган хиёнатини ўз тили билан тан олган бўлади. Агар молидан берган бўлса, исрофгарчиликка йўл кўйган бўлади. Ҳар икки ҳолда ҳам уни вазифасидан бўшат».
Абу Убайда буни Холиддек одамга нисбатан қандай қилиб амалга оширади?! У икки ўт орасида қолди. Холиднинг бошидан саллани ечиб олиш уни пастга уриш, очиқчасига хақорат қилиш билан баробар эди. Ҳаётини Ислом равнақи учун бахш этган ва бу йўлда мисли кўрилмаган ғалабаларга эришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Сайфуллоҳ» деган эътирофларига сазовор бўлган инсонга бундай қилиб бўлмас эди. Шу билан бирга бошқа йўл ҳам йўқ. Бу ишни ёпди-ёпди қилишнинг-да иложи йўқ. Чунки Ҳазрати Умар ўзи буюрган ишни шундоқ ташлаб қўймай, албатта, ҳисоботини талаб қилади. Шу сабаб, аввал, Холидга хат юборди. Холид келгандан Кеиин мактубни олиб келган одам ўрнидан туриб, баланд овозда ўқиб берди ва Холидга ўгирилди:
— Ашъасга берган пулларни қаердан олган эдинг?
Холид жавоб бермади. Абу Убайда эса, мум тишлагандеқ, тек турарди. Энди Ҳазрати Билол ўрнидан турди:
— Мўминлар амири шундай қилишни буюради, — деб саллани ечиб олди. Холид эса қаршилик қилмади. Кейин Ҳазрати Билол саллани чуваб, у кишининг қўлларини боғлаб, ўша саволни қайта сўради. Холид бу сафар жавоб берди.
—Уни ўз маошимдан берган эдим.
Ҳазрати Билол:
— Биз волийларимизга қулоқ соламиз, бошлиқларимиз хизматини қиламиз, — деб саллани яна Холиднинг бошига ўраб қўйди.
Бу ҳолатлар жараёнида Холид сассиз, қимирламай турди. Агар истаса, Билолни бир уриб ағдариши ёки бир зарда билан қимирламайдиган қилиб қўйиши мумкин эди. Лекин у зот буйруқ беришни билиш билан бирга, буйруққа бўйсунишни биларди.
Абу Убайда эса, сени вазифангдан олдим, деёлмади, деёлмасди ҳам.
Бу ишлардан хабар топган Ҳазрати Умар мактуб ёзиб, Холидни Мадинага чақириб олди.
Сайфуллоҳ мактубни олгач, Киннасрага қайтди ва у ерда қуролдош дўстлари билан хайрлашди. Кейин Мадинага йўл олди. Шу тариқа Холид ибн Валиднинг қўмондонлик фаолияти ниҳоясига етди. Даставвал, Ҳазрати Абу Бакр вафотидан кейин бош қўмондонликдан олинган эди, кейинчалик Абу Убайданинг кўл остида оддий қўмондонликдан ҳам озод этилди.
Холид йўл-йўлакай Химсга кириб, дўстлари билан кўришди. Мадинага етиб келгач, Ҳазрати Умарни топди:
— Сиздан мусулмонларга шикоят қилдим. Худо ҳаққи, менга яхши муомала қилмадингиз, — деди.
— Ўша бойликни қаердан олдинг?
— Ғаниматдан. Олтмиш мингдан ошса, ошгани сизники.
Ҳазрати Умар унинг мол-мулкини ҳисоблатди: саксон минг дирҳамга тенг бўлди. Йигирма мингини Байтуллоҳга олди. Кейин:
— Холид, Худо ҳаққи, сен мен учун қадрли инсонсан. Сени яхши кўраман, — деди.
Олтмиш минг ёки саксон минг дирҳам Холиддек қўмондон учун кўп эмас эди. Тасарруфидаги мол-мулк қозонилган ғалабаларда қўлга киритилган ўлжалар олдида ҳеч вақо эмасди. Оддий аскар ҳам шунча бойлик тўплай оларди.
Ҳазрати Умар волийларга мактуб жўнатди. Унда: «Мен Холидни ундан жаҳлим чиққани ёки хиёнат қилгани учун вазифасидан олганим йўқ. Фақат инсонлар уни жуда улуғлаб, ғалабаларини унинг номи билан боғлайдиган бўлиб келдилар. Мен ғалабани аслида Аллоҳ азза ва жалла беришини одамлар билишсин ва фитна чиқмасин учун бу ишни қилдим», дейилган эди. Кейин Холиддан олган йигирма минг дирҳам эвазига мол берди. Шу билан холасининг ўғли кўнглини овлаган бўлди.
* * *
Иёз ибн Ғанам Абу Убайданинг яқин қариндоши эди. Эришган муваффақиятлари ҳисобига олиниб, Химс волийи этиб тайинланди.
Адолатнинг ажойиб намунаси
Мақсадга етишиш йўлида шошилинч ҳаракат қилган қўшин хатоликларга йўл қўйиши мумкин. Ислом қўшини ҳам юришини давом эттираркан, экинзор узра ўтиб кетганини билмай қолди.
Бир мўмин билиб туриб бошқасининг молини олмайди, зарар етказмайди. Кўли билан, тили билан бировга озор бериш мўминнинг иши эмас. Лекин мусулмонлар ўзлари истамаган ҳолда бировга зарар келтириб қўйган эдилар,
Экинзор эгаси ҳам, ҳа, майли, билмасдан содир бўлди, дея олмас эди. Зотан, тирикчилиги шу далага боғлиқ одам бу воқеани шундай келдириши учун ўзига тўқ бўлиши керак эди. Аксинча, ҳаққини талаб қилишга ҳаққи бор эди.
Дала эгаси Мадинага йўл олди. Шаҳарга етиб келгач, халифа ҳузурига кириб бўлган воқеани айтиб берди. Уни диққат билан тинглаган Ҳазрати Умар, қўшин далангни атайин пайҳон қилдими ёки жангга ўз вақтида етиб олмоқчимиди? деб сўраб ўтирмади. Сўраса ҳам бўларди. Ахир, лашкар дала эгасининг ҳам тинчлигини таъминлади-ку.
— Даладан қанча ҳосил олмоқчи эдинг?
— Ўн минг дирҳамлик.
— Унда биз ўша ўн минг дирҳамни тўлаб берамиз. Ҳазрати Умар шу заҳоти сўзининг устидан чиқди. Дехқоннинг кўзларида акс этган ҳайрат туйғусидан ичидан нималар кечаётганини фаҳмлаш мумкин эди. Бу билан ҳосилни йиғиб-териб олиш машаққатидан қутилди, уни бозорга олиб боришга ҳам ҳожат қолмади. Йўлида олдини тўсиб, меҳнат қилмай олган пулларни чиқар, дейдиган одам учрамаслигига ишониб, уйига отланди.
Бир пайтлар Румга қочиб, Ҳазрати Умарнинг аралашуви сабаб юртларига қайтган Тағлиб қабиласи вакиллари халифа зиёратига келишди. Уларнинг мақсади ўзаро шартнома тузиш эди. Дарвоқе, бу қабила ортга қайтгач, бош кўтармасинлар, деб, Валид ибн Утба уларнинг волийларини алмаштирган ва қаттиқ туришни тайинлаган эди.
— Бошқа мусулмонларга берилган ҳақ-ҳуқуқлар сизлардан мусулмон бўлганларга ҳам берилади. Мусулмон бўлмаганлар жизя тўлашади. Уларни ҳимоямизга оламиз. Бошқа нарса таклиф қилолмайман, — деди Ҳазрати Умар.
— Сиз бизга яхши шароит яратиб бермас экансиз, шуни ёдда тутингки, чегарада яшайдиганларимиз Рум ва бошқа давлатлар тарафга ўтиб кетиши мумкин. Биз эса, бундай бўлишини истамаймиз, — деб олиб келган совға-саломларини ўртага қўйдилар. Лекин ҳадялар рад этилди. Бир оз ўйлаб турган Ҳазрати Умар:
— Мусулмон бера оладиган закот миқдорида ҳам жизя бера олмайсизларми? — деди. Бу яхши таклиф эди.
— Бунга қодирмиз.
— Ҳа, яна бир шарт: янги туғилган болаларингизни насроний қилиб тарбияламайсизлар.
Тағлиб вакиллари бу таклифни қабул қилиб, изларига қайтишди.
Абу Марям Ҳанафий
Ҳазрати Умар Абу Марям Ҳанафийни ҳаяжон ичра, қўлларини кўксига қўйиб кутиб олди. Унинг келишини, кўзига кўз уриштиришни жуда хоҳлаган эди. Бу инсон алпкелбат Умарнинг хўнг-хўнг йиғлашига кўп сабабчи бўлган.
Пайғамбарликни даъво қилиб чиққан Мусайлама билан бўлган жангда бу одам Ислом туғини кўтарган Зайд ибн Хаттобни шаҳид қилган эди. Ҳазрати Умар бундан қаттиқ қайғуга тушган, ҳатто ўғли Абдуллоҳни «Амакинг шаҳид кетди, сен қайси юз билан кўзимга кўриняпсан?» деб койиб ҳам берган эди.
Одамлар тез-тез Ҳазрати Умарнинг йиғлаганини кўриб қолишарди. Сабабини сўраганларида, Яман тарафга ишора қилиб: «Шу ёқдан шамол эсса, Зайднинг ҳиди келади», дерди. (Ибн Абду Раббиҳ, «Ал-икдул фарид»)
Бир куни шоир Мутаммим ибн Нувайр билан суҳбат асносида: «Агар оддийроқ бўлса ҳам, шеър ёза олганимда, Зайдга атаб кўп шеърлар битардим», деб юборди. (Ибн Асир, «Ал-комил»)
Энди эса, қаршисида севимли ва бир умр унутолмайдиган акасининг қотили турар эди. Ҳазрати Умарнинг энг кучга кирган пайти, аканинг қасосини олиш мумкин. Истаса, бурда-бурда қилиб, суякларини итларнинг олдига ташлаш ҳам қўлидан келади. Бироқ Ҳазрати Умар бундай қилолмайди. Чунки Абу Марям шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлган. Мусулмон бўлганидан кейин олдинги ишлари муҳокама қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам амакилари Ҳазрати Ҳамзанинг қотили Вахшийни жазоламаган, қизлари Зайнабнинг ҳомиласини туширган ва кўп йиллар мобайнида дард чекиб яшаши, ҳатто ўлимига сабаб бўлган Хаббор ибн Асвадни иймон келтирганидан кейин ўлдирмаган эдилар. Ваҳоланки, сал олдин уни қатл қилишга буюрган эдилар. Ҳазрати Умар ҳам шундай шароитда Абу Марямни ўлдиролмасди. Бу шариат қонунларини ўрнатгандан кейин, яна жоҳилиятта қайтиш бўларди. Шунинг учун:
— Сени кўришни истамайман, — деди, холос.
Бунга нима ҳам деб жавоб бериш мумкин? Абу Марям ҳеч нарса дея олмади. Ҳазрати Умардан қучоқ очиб кутиб олишини ва: «Кел, ўтир, сен акамни шаҳидлик мартабасига етказгансан. Акамга қилган яхшилигингни қандай қайтарай?» деб пешонасидан ўпиб кўйишини кутмаган, табиий.
— Амирул мўминин, сизга ёқмасам, мўминлар ҳуқуқидан фойдалана олмайманми?
— Ҳа, мўминларга берилган ҳуқуқ сенга ҳам берилади. Уларга юкланган вазифа сенга ҳам вазифа бўлади.
— Унда, менга шунинг ўзи етади.
Бу иш ҳам Ҳазрати Умарнинг адолатидан нишона эди. Бўлмаса, Абу Марямнинг бошини олишга кўп вақт кетмасди.
Вақт ўтиши билан у Басра қозилигига тайинланди. Бу эса, Ҳазрати Умарнинг икки карра адолатига, ишни устасига топширишига ёрқин мисолдир.
Зайд ибн Ҳаттоб Ҳазрати Умарнинг ота бир акаси эди. У киши баланд бўйли, бақувват одам бўлиб, Ҳазрати Умардан олдин иймон келтирган. Зайд Бадрдан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан барча ғазотларда қатнашган.
Зайд ибн Ҳаттобдан фақат Вадо хутбаси ривоят қилинган, холос. Ҳолбуки, у киши Ҳазрати Умардан аввалроқ Исломни қабул қилган эди. Балки бошқалар билмайдиган нарсалардан хабардор эди. Аммо, афсуслар бўлсинки, Зайд ва бошқа у каби қанчадан-қанча саҳобалар ўзлари билган нарсани қрғозга туширмай, бу фоний дунёни тарк этишган.
Ҳазрати Умар то вафотига қадар Зайднинг қайғусида юрди.
давоми бор.